Баҳодир Чориевнинг сайловолди дастури

01Етса Молим, етмаса Жоним
фидо бўлсин Халқим учун!

Ўзбекистон Конституцияси ва қонун­ларини оёқ ости қилиб, 25 йилдан буён мамлакатни яккаҳокимлик, зўравонлик, адолатсизлик билан бошқараётган Ис­лом Каримов сиёсий соҳаларда етарли ислоҳотлар ўтказмади. Асли коммунистик партия махсули бўлган Каримов тилида демократия деб, дилида эса коммунистик бошқарув услубларига содиқ қолди, халқни алдаб, зулм ва қатағон сиёсати ўтказиб келди. Оқибатда Ўзбекистон халқи бугун ҳар соҳада таназзулга учради. Мамлакат муаммолар гирдобида қолди.

Биз эса, диктатор Каримовдан фарқли ўлароқ, жонажон мамлакатимизда барча соҳада адолат ва қонун устиворлигини ўрнатамиз. Матбуот, сўз ва эъ­тиқод эркинлиги, инсонларнинг барча ҳуқуқлари Конституция тарафидан тўла кафолатланишига ва амал қилинишига ва Демократияни мамлакатда тўлиқ йўлга қўйилишга эришамиз.

АСОСИЙ МАҚСАДЛАРИМИЗ:

  • ДАВЛАТ ПРЕЗИДЕНТ ЯККАҲОКИМЛИГИДАН ЧИҚАРИЛИБ, ПАРЛАМЕНТ БОШҚАРУВИГА ЎТАДИ;
  • МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ ПРЕЗИДЕНТ ИХТИЁРИДАН ЧИҚАДИ ВА ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИГА ЎТКАЗИЛАДИ;
  • ҚЎШНИ ДАВЛАТЛАР БИЛАН ЎЗАРО МАСАЛАЛАР ФАҚАТ МУЛОҚОТ ВА МУЗОКАРАЛАР ЙЎЛИ БИЛАН ҲАЛ ЭТИЛАДИ;
  • ЕРГА ЭГАЛИК БАРЧАГА ТЕНГ ТАҚСИМЛАНАДИ ВА БИР УМРГА БЕРИЛАДИ;
  • «СЎМ» БЕКОР ҚИЛИНАДИ ВА ЯНГИ ВАЛЮТА АМАЛГА КИРИТИЛАДИ;
  • ХОРИЖДАГИ ЎЗБЕКЛАР, ДИНИЙ ВА ДУНЁВИЙ МУХОЛИФАТ ВАТАНГА ҚАЙТАДИ;
  • ДУНЁДАГИ ҲАР БИР ЎЗБЕК ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТИ ҲИМОЯСИГА ОЛИНАДИ.

***

ИЧКИ СИЁСАТДА

Парламент бошқарувига ўтилади

Ўзбекистонда Конституция, қонунлар ва  адолат устиворлигини ўрнатамиз. Давлат тизимини Президент бошқарувидан чиқариб, Парламент бошқарувига ўтказамиз.

Мамлакатда барча туман, шаҳар ва вилоят ҳокимлари сайланишини йўлга қўямиз.

Ички Ишлар Вазирлигида тубдан ислоҳот ўтказамиз, Милиция номи Полицияга ўзгартирилади, ҳамда “Полиция ҳақида қонун”нинг қабул қилинади.

Диний ва сиёсий айбловлар билан жавобгарликка тортилган фуқароларнинг ишлари қайта кўриб чиқилади, ва ноҳақ қамалган фуқароларнинг барчаси тамоман оқланади, озодликка чиқарилади ва уларга компенсация тўланади.

Фуқароларни ноҳақ қамаш, қийноққа солиш ёки ўлдиришда айбдор ИИВ ходимлари халқ ва қонун олдида жиноий жавобгарликка тортилади.

МХХ Президент ихтиёридан чиқарилади

МХХни шахсан Президентга бўйсунишдан чиқариб, Парламен назоратига ўтказамиз. «МХХ ҳақида Қонун» қабул қиламиз, МХХ фаолиятини тўлиқ қонун доирасида бўлишига эришамиз.
Фуқароларни ноҳақ қамаш, қийноққа солиш ёки ўлдиришда айбдор МХХ ходимлари ҳам халқ ва қонун олдида жиноий жавобгарликка тортилади.

МХХ ва ИИБ жиноятларига шерик бўлган айғоқчилар рўйхати эълон қилинади.

МХХга ёлланган шахслар ва уларнинг фитналарига доир махфий архивлар очилади ва матбуотда чоп этилади.
Бу чоралар, жумладан, Суд ва Прокуратура органларининг ходимлари ва фаолиятига ҳам тааллуқлидир.

Хориждаги ўзбеклар ватанга қайтиши ва ҳокимиятга келишига замин ҳозирланади

Каримовнинг қатағон сиёсати сабабли Ўзбекистондан хижрат этган мухолифат вакилларининг ватанимизга қайтишлари учун ҳуқуқий замин яратилади. Уларга қарши очилган сохта жиноят ва қидирув ишлари бекор қилинади. Уларнинг Ўзбекистон ижтимоий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари учун шароитлар таъминланади.

Диний жамоалар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Каримов режими улар билан мулоқот ва музокара олиб бориш, уларни қонунлар доирасидаги, легал фаолиятга йўллаш ўрнига, қатағон ва босимлар каби янглиш ва ўта таҳликали йўлни танлади.

Бугун диний таълим олгани учун Ўзбекистон фуқаролари сайланиш ҳаққидан ҳам маҳрум этилгандир. Ваҳоланки Ўзбекистон аҳолисининг 95% ни мусулмонлар ташкил этади.

Биз ҳокимиятга келгач, диндорларнинг сайланиш ва бошқа барча конституциявий ҳуқуқлари таъминланади.

Уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаолияти қонунлар доирасида белгиланади. Диний асосларга таянган ташкилот ва сиёсий партиялар тузиш, улар номидан сайловларда қатнашиш ва ҳатто ҳокимиятга келиш мумкин бўлади.

Ҳокимиятга келадиган партия ва ташкилотлар, аҳолининг аксарият кўпчилигининг қўлловига эришган ва умумхалқ сайловларида ғолиб чиққан бўлиши керак.

Меҳнат муҳожирларининг ҳақлари давлат ҳимоясига олинади

Хориждан иш излаб кетган ўзбекларнинг (Меҳнат муҳожирларининг) умумий сони, турли ҳисобларга кўра 8-10 миллионни ташкил этади (биргина Россияда 2.2 млн.), бу миллионлар — ўзбек халқининг ишга яроқли қатламидир.
Ўзбекистон давлати хориждаги бу миллионларни ҳуқуқий, тиббий ёки бошқа турда ҳимоя қилаётгани билинмайди. Ваҳоланки хориждаги ўзбекларнинг йиллик пул жўнатмалари сўнгги пайтлар йилига 5-7 миллиард доллар бўлган, бу ялпи ички махсулотининг 10% демакдир.

Биз ҳокимиятга келгач, дунёдаги ўзбекларнинг барчасини давлат ҳимоясига оламиз. Яқин ва узоқ хориждаги катта шаҳарларда Ўзбекистон консулликлари очамиз, ва Ўзбекистон фуқароларининг барча ҳуқуқий муаммоларини қулай ва тез ҳал этиш учун барча шароитларни яратамиз.

Паспортларни янгилаш ва йўқолган ҳужжатларни тиклаш ўша консулликларнинг ўзида амалга оширилади.

Ҳарбий хизмат профессионал ва контракт асосида бўлади

Ҳарбий хизмат профессионаллар учун тўлалигича контракт асосида бўлади. Армия бугунги ривожланган давлатлар тажрибасидаги «Миллий Гвардия» каби қайта шакллантирилади. Контракт асосида хизмат қилувчи аскар ва зобитларга катта маош тўланади, ҳамда улар келажакда халқимизнинг илғор мулкдорлари сафида бўлади.

20-26 ёш орасидаги йигитларнинг барчаси, олти йил мобайнида икки ойдан, жамъи бир йил мажбурий ҳарбий хизматни ўташлари керак бўлади. Шу йўл билан аскарларимизнинг ҳарбий тайёргарлик сифати давомли ошириб борилади, ҳамда Ватан ҳимояси учун ҳарбий сафарбарлик тез амалга оширилади.

Бу сиёсий ислоҳотлардан кўзланган мақсад – Ўзбекистонни сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, илмий, технологик ва маънавий бўхрондан олиб чиқишдир. Буларни амалга ошириш билан мамлакатмизни жадал суръатлар билан ривожланиш сари бошлайди.

ТАШҚИ СИЁСАТДА

Мамлакатдаги сиёсий ҳокимиятни узурпация этган Ислам Каримов узоқни кўра билмаслиги, фақат ўзини жуда катта чоғлаб, қўшни давлатларнинг раҳбарларини менсимасдан, улар билан алоқаларни яхшилаш ўрнига, минтақавий сиёсатини ўзаро адоват ва низолар асосига қурди. Чегараларни ёпиш, виза тартибини жорий қилиш, чегара ҳудудларини миналаш, Ўзбекистоннинг ўзини ҳам бугунги кунда ўта қийин сиёсий, иқтисодий аҳволга олиб келди.

Ўзбекистон бугунги кунда дунёдаги энг ёпиқ давлатларнинг бири ҳисобланади. Географик жойлашуви жиҳатидан дунёдаги 33 анклав давлатлар рўйхатига киради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон қўшни давлатлар билан чегараларни очиши, турли соҳаларда улар билан интеграцияга киришиши шарт эди.
Афсуски ҳозиргача Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ҳам жуда абгор ҳолатда.

Биз, аввалом бор қўшни давлатлар билан ҳар томонлама интеграцияга киришамиз, ўзаро сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга эришамиз.

Минтақавий масалаларни ўзимиз ҳал этамиз

Қўшни давлатлар билан чегараларни очиш, барча соҳада қўшнилар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўямиз. Роғун ва Қамбар-Ата ГЭСларининг қурилишини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз ҳамда ушбу корхоналарни ўзаро иқтисодий манфаатда ишлатамиз. Афғонистоннинг янги хукумати билан ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатамиз.

Халқаро ҳамжамият билан сиёсий ва иқтисодий алоқалар ҳамда кўп векторли сиёсатни йўлга қўямиз. Дунё ҳамжамияти олдида қабул қилган мажбуриятлар ва имзолаган барча ҳужжатларга тўлиқ риоя қилинишига эришамиз.

Лотин алифбомизни такомиллаштириб, уни қардош туркий тиллар учун умумий алифбо ўлароқ қўлланилишига киришамиз.

Биз барча давлатлар билан кўп векторли сиёсатни йўлга қўямиз, энг аввало қўшни давлатлар билан тенг манфаатли алоқаларни йўлга қўмиз.

ИҚТИСОДИЙ СОҲАДА

Асли советча режалажтириш бўйича иқтисод соҳасида ўқиган диктатор Ислом Каримов мамлакатимиз Ўзбекистон иқтисодини ҳам советча режалаштириш орқали бошқариб келмоқда. Унинг билимсизлиги, иқтисодни билмаслиги мамлакатимиз ва халқимизга жуда катта зарарлар келтирди. Совет ҳукуматининг тугаши арафасида Болтиқбўйи давлатлари ўз ихтиёридаги совет пулларидан тезроқ қутулиш мақсадида Совет давлатидан жуда кўп миқдорда метал маҳсулотларини сотиб ола бошлади. Бизнинг ахмоқ диктаторимиз эса, совет пулидан тезроқ қутулиб, ўз пулини тезда муомалага киритиш ўрнига Ўзбекистон давлатининг мустақил пулини ишлаб чиқаришни жуда ортга суриб юборди. Чиқарганда ҳам бошида пул-купон чиқариб халқни яна-да қийин иқтисодий аҳволда қолдирди. Аҳоли камбағаллаша бошлади.

Каримов ҳукумати миллий валютани фақат 1994 йилдагина муомалага чиқарди. Бошида 6 ўзбек сўми  1 АҚШ доллари нисбатида белгиланган бўлса, бугунги кунда 1 АҚШ долларини олиш учун 4000 (тўрт минг) сўмдан зиёд керак.

Мамлакатда эркин валюта айирбошлаш йўқ.

Биржаларда деярли савдо-сотиқ ўтказилмайди, биржа савдолари ўтганда ҳам жуда кулгили, кам миқдорда савдо амалиётлари бўлиб ўтади. Конвертацияга йўл очилмаган.

Солиқ ва божхона ставкалари жуда баланд.

Мамлакатда электр, газ, сув, йўллар, канализация ва ишлаб чиқариш учун бошқа хомашё таъминотлари жуда катта муаммо бўлиб қолмоқда.

Коррупция даражаси жуда баландлаб кетган.

Аҳолининг деярли 70% ишсиз, оила боқиш учун бошқа давлатларда қийин шароитларда юрибди.

Совет давридан қолган корхоналарнинг деярли барчаси касодга учраган. Мамлакатда ҳозиргача пахта, ғалла мажбурий режа асосида йиғиштирилади. Халқнинг иқтисодий турмуш даражаси жуда ёмонлашган. Совет даврида ўртаҳол бўлган ўзбекистонликлар бугунги кунда қашшоқ ва камбағалларга айланганлар. Мамлакатда тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтилмаган.

Биз келажакда халқимизнинг,  ўлкамиз ривожига қаратилган улкан лойиҳамизни танлаши, қўллаши асосида, мавжуд зўравонлик, порахўрлик, адолатсизлик устига қурилган Каримов диктатурасига баҳам бериб, ўрнига оммавий мулкдорликка асосланган давлат қурамиз. Чунки фақат мулкдоргина мустақил, ўз ҳаёт йўлини ўзи белгиловчи, мустахкам оила қурувчи етук шахс бўла олади, буни бугун ривожланган давлатлар,  АҚШ, Канада, Германия, Франция, Англия, Италия, Испания, Япония, Швеция, Швейцария, Жанубий Корея, Туркия ва бошқа қатор мамлакатлар мисолида кўриб турибмиз.

Бу дегани ҳамма бирданига зодагон, бой бўлиб қолади деган гап эмас, лекин ҳар бир оддий ишчи, деҳқон, фермер, хизматчи ўз иш жойига, пулига, уй-жойига, ўз мулкига эга бўлиши, барпо этилажак мулкдорликка асосланган давлатдаги шароит орқали таъминланади.

Бу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон ташқи дунёда бугунги кундай ҳақсиз ҳуқуқсиз, ижтимоий ҳимояланмаган меҳнат муҳожирлари ҳолида эмас, аксинча, олий маълумотли, кучли билимга эга, ўз соҳасини пухта биладиган, давлат ижтимоий ҳимояси ва қонунлар ҳимоясида бўлган малакали ёшларни катта маошлар ҳисобига хорижда иш топишларига эришамиз.

Ерга эгалик халққа бир умрга берилади

Ҳозир муомаладаги “Сўм”дан бутунлай воз кечиб, янги “Турон” пул бирлиги амалга киритилади. “Турон” валютасини эркин конвертация қилинишига шароит яратилади.

Ерлар тўлиқ хусусийлаштирилади, фуқароларга қимматбаҳо қоғозлар орқали тенг тақсимлаб берилади. Ерга мулкчилик ҳуқуқи бир умрга, тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқи билан берилади.

Давлат буюртмаларига боғлиқ бўлган пахта, ғалла ва пилла етиштириш бутунлай бекор қилинади.

Солиқ ва божхона ставкаларини имкон қадар соддалаштирилади ва камайтирилади.

Иқтисодга давлатнинг аралашуви минимумга туширилади.

Янги “Буюк Ипак Йўли” лойиҳамизни бошлаймиз ва тўлиқ рўёбга чиқарамиз.

Бугунги кунда бутунлай қуриб бораётган Орол денгизини қайта тиклаш, ҳамда Орол атрофи экологиясини яхшилаш, минтақани халқаро сув йўллари билан туташтириш мақсадида Орол денгизини Каспий денгизи билан боғловчи ҳамда Сибир дарёлари ўртасида кемалар қатнай оладиган каналлар қурилишини бошлаймиз.

Ташқи дунё билан иқтисодий алоқалар кучайтириш лозим, шунинг учун сармоядорлар ва хусусан чет эл инвесторлари учун қулай шароитлар яратамиз, жумладан, кўп фуқаролик таъминланади. Капитални ҳар қандай чекловлардан озод этамиз.

Мамлакатда замон талабларига мос, янги шаҳарлараро йўллар қурамиз. Электр энергияси ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмолчига етиб боришини кафолатлайдиган даражада мазкур соҳани тўлиқ янгилаймиз.

Бу ислоҳотлар натижасида мамлакатдаги қашшоқлик ва камбағалликка бутунлай нуқта қўйилади. Хусусийлашмай қолган корхоналар тўлиқ хусусийлаштирилади. Ҳар бир шахс, ҳар бир оила МУЛКДОРЛАР сафида бўлади ва ўз мулки, бойлиги, пули, ерига эга бўлиб мамлакатда мулкдорлар сонини кўпайтиради.

МАОРИФ СОҲАСИДА

Ҳар қандай моддий йўқотишни тиклаш қийин, айниқса, маънавий йўқотишни қайта тиклаш осон кечмайди. Афсуски, диктатор Каримов даврида билимли, зиёли, маданиятли, юксак маънавиятли ўзбек халқи маънавий қашшоққа айлантирилди.
Бугунги маориф соҳасидаги чуқур инқироз бир неча ўн йиллар бизнинг ривожланишимизни орқага тортиб юборади. Ҳозирги кунда мамлакатда Маориф соҳаси тубдан издан чиқарилган. Мактаб ва коллеж битирувчиларининг аксарияти билимсиз, маънавий дунё қараши жуда саёз. Мамлакатимизда ҳамма мактаб ва коллеж ўқувчилари ҳамон мажбурий дала меҳнатига жалб қилинишини Каримов режимининг миллатимизга қилган хиёнати деб баҳолайман.

Давлат бюджетининг тақрибан ярми Маориф соҳасига ажратилади

1 ёшдан мактаб ёшигача бўлган фарзандлар болалар боғчаларида тарбияланади. Бу боғчалардаги таълим ва тиббий хизмат давлат тарафидан молиялаштирилади. Тиббий суғуртаси бўлмаган болалар 18 ёшгача давлат тарафидан суғурталанади.

Ота-оналар учун мактаб таъмири, ёки бошқа мақсадларда пул тўпланишига чек қўйилади.

Мактаб ёшидаги болалар учун замон талабларига мос, янги қурилган ёки замонавий кўринишда таъмирланган ва илмий асосларга таянган мактабларда таълим дастури йўлга қўйилади. Ўқиш эрталаб соат 7-00 дан, кеч соат 17-00 гача давом этади. Мактабда икки маҳал иссиқ овқат, бепул транспорт, кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари учун 2 соатлик дам олиш муддати таъминланади.

Мактаблар 100% бепул бўлади, болаларнинг мактаб формаси ҳам давлат тарафидан таъминланади. Қолаверса, маориф ходимларининг маошлари кескин орттирилади, бунинг натижасида, уларнинг Мулкдорлар сафига қадам қўйиши учун катта имконият яратилади. Мактаб, ёки бошқа таълим муассасалари, қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда шу каби мактабдан ташқари юмушларга жалб этилмайди.

Машғулотлар ҳафтада 5 кунлик бўлади

Мактабгача таълим гуруҳлари, бошланғич ва ўрта умумий таълим муассасалари 5 кунлик машғулот  тартибига ўтказилади.

Бугунги глобаллашаётган дунёда ҳар соҳадаги рақобатга дош бериш учун мактаб болалари ёшлигидан ўта пухта билим эгаси бўлиши керак. Улар мактабда икки ёки ундан ортиқ тилни яхши ўзлаштириши, иқтисод, пул, бизнес соҳаларини ҳам етарлича ўрганишлари муҳимдир.

Биз мактаб болаларини иқтисодий билимларини ошириш, уларга пулнинг мақсад эмас, балки зарурий восита эканлигини тушунтириб боришимиз лозим.

Бунинг учун биз ҳозирги замон мактабларидаги 5 балли баҳолашдан қисман воз кечамиз. Мактаб остонасига қадам қўйган ҳар бир бола номига ичида $10 миқдорда пули бўлган алоҳида дебит карта очиб берилади. Бу дебит картада боланинг мактабни битиришигача ҳамма йиққан пуллари тўпланиб боради. Мактабни битиргач, бола ушбу маблағни ўз ихтиёрича сарф этиши мумкин. Ҳар бир мактаб ўқувчиси билим олишига қараб баҳоланиб борилади ва йилига $50 дан $100 гача баҳо-пул тўплаши мумкин.

Ўқувчининг билимини баҳолашда ҳозиргидек 5 балли система давом этаверади,  аммо ҳар ойнинг якуни билан ўқувчиларнинг тўплагани баллар маълум бир миқдордаги пулга айлантирилиб, ўқувчининг шахсий ҳисоб рақамига қўйиб борилади.  Ҳар чорак якуни билан ўқувчининг ҳулқи,  одоби, билими яна бир натижаланиб,  унинг ҳисоб рақамига мукофот тарзида алоҳида миқдордаги пул ҳам қўшиб борилади.

Ўқувчиларга баҳо сифатида берилаётган пуллар маориф соҳасига ажратилган бюджетдан олинади. Юқори синф ўқувчилари учун мактаб ичида ва атрофида ҳар хил ишлаб чиқариш ва турли пулли хизматларда кунига 2-4 соатдан ишлаш йўлга қўйилади. Шу билан бирга уларнинг ишлаб топган пуллари ўз номларидаги банк ҳисобларига бориб тушади. Ўқувчилар учун эса ҳар бир касб ва соҳа билан оз бўлса-да танишиш, меҳнат қилиб кўришларига имкон берилади.

Турли соҳаларда меҳнат билан таништирилган ўқувчилар келажакда ўз соҳаларини мактабнинг ўзидаёқ аниқлаштириб олишларига эътибор қилинади.

Битирувчи синф ўқувчиларига мактабнинг ўзида ўз меҳнатлари эвазига ҳалол ишлаб топган пуллари билан дунёдаги ёки Республикамиздаги фонд биржаларининг қимматбаҳо қоғозлар савдо-сотиқларига қатнашишларига рухсат берилади. Улар акцияларни сотиб олишлари, фойдаси билан сотишлари мумкин бўлади.

Бундан мақсад шуки, келажакда ҳар бир мактаб ўқувчиси қайси касбни ёки соҳани танлашидан қатъи назар, иқтисод ва бизнес соҳасини, ҳамда мактаб билимларидан ташқари камида иккита чет тилини пухта ўрганиб чиқишларига эришишдир.

Қачонки биз мактабларда оммавий равишда шу кўрсаткичларга эришсак, шундагина маориф соҳасини тўлиқ ислоҳ этдик дейишимиз мумкин.

Мактабларда жаҳон тилларини,  айниқса инглиз тилини чуқур ўрганишга шароит яратилади. АҚШ ва бошқа ривожланган мамлакатларга кўплаб талабалар жўнатилади.

Мактаб битирувчиларининг мактаб даврида ўз ҳисобларида йиғилган пуллари кўпчилик Олий ўқув юртларига тинчлик бермаслиги табиийдир, чунки Олий ўқув юртлари тўлиқ хусусийлаштирилгач, домлалар пора олиб кун кўришни эмас, аксинча билимли, иқтидорли ҳамда ўз ҳисобида кўпроқ пули бўлган абитуриентларни ўз Олий ўқув юртларида ўқишини истайди.

Албатта, бу йигит-қизлар Олий ўқув юртларини битиришлари ортидан ушбу билим масканларининг обрўси яна-да ошади, бу эса Олий ўқув юртига қизиқишнинг ортишига, ушбу Олий ўқув юртининг рейтинги, шу билан бирга, пул тўлаб ўқиш баҳосини ҳамда ушбу масканда даромаднинг кескин ошиши натижасида профессор ва домлаларнинг маошларини кескин ошишига туртки бўлади.

Шахсан мен ўз жамғармаларимдан маблағ ажратиб, ўлкамиз бўйлаб 100та замонавий компьютерлар билан жиҳозланган кутубхона очишни ният қилганман.

Маориф соҳасидаги ислоҳотларимиз мамлакатимиз ёшларини билимли, иқтидорли, маънавий дунёсини кенг қилиб тарбиялайди. Қолаверса мактабларда иқтисодий фанлардан ҳам дарс берилади, бу эса ўқувчиларни келажакда Мулкдорлар сафини кўпроқ тўлдиришига хизмат қилади.

Улар келажакда нуфузли олий уқув юртларида ўқиши, кучли билим эгалари бўлиши ортидан Ватанимиз Ўзбекистонга катта ёрдамлари тегади. Қолаверса Маориф соҳасининг барча ходимлари Мулкдор бўлишига эришиши, уларнинг ҳаётларини фаравонликка  олиб чиқиши табиий ҳол.

ТИББИЁТ СОҲАСИДА

Тиббиёт соҳаси халқимиз ҳаётидаги энг ташвишли, энг оғриқли соҳа ҳисобланади. Эсласангиз, ўтган асрнинг 80 йиллар охирига қадар Ўзбекистонда бепул ва сифатли тиббиёт тизими йўлга қўйилган эди. Бугун эса диктатор Каримовнинг 25 йиллик бошқаруви ортидан Тиббиёт соҳаси тамоман касодга учради. Кучли ва малакали шифокорлар мамлакатдан кўчиб кетган ёки иш ахтариб бошқа давлатларда ишламоқда.
Соҳага давлат тарафидан етарлича эътибор қаратилмади. Хусусийлаштириш тўлиқ олиб борилмади, қисман хусусийлаштирилган муассасаларнинг нормал фаолиятини амалга оширишга ҳам имконият берилмади.
Тиббиёт ходимлари ичида малакасизлик, порахўрлик авж олди.

Бугунги Тиббиёт муассасаларида электр ва газнинг йўқлиги, барча биноларининг таъмирга муҳтожлиги, тиббиёт ходимларининг кам маош сабабли соҳани тарк этаётгани, жойларда тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонларнинг етишмаслигиёқ соҳанинг касодга учраганидан далолатдир. Соҳа тўлиқ ислоҳотга муҳтож!

Тиббий муассасалар тўлиқ хусусийлаштирилади

Биз Тиббиёт соҳасининг тўлиқ хусусийлаштирилиши тарафдоримиз.

Бу соҳани қўллаш, хусусийлаштириш жараёнларини қонун доирасида олиб борилади.

Соҳани доим давлат диққат эътиборида тутиш, мамлакатда касалликлар профилактикаси, аҳолининг тиббий ҳимоясини кучайтириш ҳамда янги малакали ходимларни етиштириш ишлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳамда вилоят ва туман бўлимлари тарафидан олиб борилади.

Давлат ихтиёрида қолаётган Тиббиёт муассасалари, уларнинг бинолари, олий ва ўрта ўқув юртлари, шифохоналар, туғуруқхоналар, тиббиёт бўлимларининг барчаси тўлиқ хусусийлаштирилади. Хусусийлаштириш жараёнида ҳар бир Тиббиёт муассасаси пухта таъмирланиб, бугунги халқаро талабларга мос ҳолатга келтирилади ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланади. Шундан кейин Соғлиқни сақлаш Вазирлиги ушбу муассасаларни тиббиёт соҳасида ишлаётган, ушбу муассасанинг Бош шифокори, ёрдамчи шифокорлари, ҳамширалари ёки ушбу туман Тиббиёт ходимларига туман аҳолисининг Тиббиёт соҳасининг хусусийлаштириш учун ташкиллаштирилган сайлов натижалари ортидан муассасанинг янги эгаси, Мулкдори сайлаб олинади.
Бу масканлардаги янги мулкдорни аниқлаш учун альтернатив равишда камида беш ёки ундан ортиқ номзод билан шакллантирилади. Сайловлар холис ва эркин олиб борилиши учун Республика ва маҳаллий матбуотда тўлиқ ёритилиб борилади. Ушбу замонавий тиббий муассаса халқнинг ўзи сайлагани янги Мулкдорга 10 йил ичида Кредит тарзида хусусийлаштирилиб берилади. Ушбу Тиббиёт муассаси фақат Соғлиқни сақлаш Вазирлигига тўлиқ бўйсунади.

Давлат ушбу маҳаллий сайлов ортидан хусусийлашган мулкни Янги Мулкдорга Соғлиқни сақлаш Вазирлиги томонидан ажратилган иқтисодчи-бошқарувчи билан бирга топширади. Ушбу Тиббиёт муассасасини иқтисодий бошқараётган Бошқарувчи давлат томонидан берилган кредит пуллари банкларга тўлиқ қайтгунга қадар ушбу муассасада қолиб ишлайди ва хусусийлашган Тиббиёт муассасасини молиявий томонини тўлиқ назорат қилиб боради ва янги Мулкдорга қарзлари тўланиб ўтгунга қадар 10 йил давомида кўмак кўрсатиб туради. Тиббиёт муассасалари аҳолига 100% пуллик хизмат кўрсатади. Мамлакатда тиббий суғурта тўлалигича йўлга қўйилади. Суғуртаси бўлмаган ва кам таъминланган кишиларга давлат тиббий суғуртасини йўлга қўямиз.

Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ортидан хорижда ишлаб юрган малакали мутахассислар ватанимизга қайтади. Тиббиёт олий уқув юртлари хусусийлаштириши ортидан соҳада порахўрлик буткул йўқолади. Олийгоҳлар юқори малакали шифокорларни етиштириб беради.

Халқимиз сифатли тиббиёт хизматидан фойдалана олиш имкониятига эга бўлади. Аёллар, ёш болалар, қариялар, ногиронлар ва ишсизлар учун давлат томонидан тиббий хизмат ва ижтимоий муҳофаза кафолатланади.

МАДАНИЯТ СОҲАСИДА

Бир миллатни ўлдирмоқ учун, унинг тарихини, тилини, маданияти ва манаъвиятини ўлдирмоқ кифоядир. Афсуски Ислом Каримов даврида маданият соҳаси ҳам абгор аҳволга келтирилди. Соҳанинг тўлиқ давлат назоратига олиш, уни молиялаштиришни камайтириш ёки баъзиларини ёпиш, халқимиз маданиятига ҳурматсизлик ва асло тузатиб бўлмас хато деб ҳисоблаймиз.

Ўзбек эли қадимдан дунё илми, маданияти ва ривожи марказларини бунёд қилган, жамият, табиат, тиббиёт ва коинот сирларини очиб, куч адолатда, инсонни қадрлашда эканини кўрсатувчи, тараннум этувчи асарлар, рисолалар, достонлар  яратиб, умумжаҳон тараққиётига улкан хисса қўшган. Тоталитар Совет даврида ҳам халқимиз саноат, қишлоқ хўжалиги, техника, илм, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида тинмай меҳнат қилиб, Ўзбекистонни етакчи республикалар қаторига кўтарди.

Бугунги режим томонидан тугатилган ёки молиялаштирилиши камайтирилган маданият соҳасидаги барча лойиҳаларни қайта кўриб чиқамиз, уларни бюджетдан маблағлантирамиз.

Маданият соҳасидаги ислоҳотларимиз бизга ўз ўтмишимизни, бой тарихимизни ўрганиш билан бирга, миллатдошларимизни етук маънавиятли, теран билимли, мард ва тўғри сўз қилиб етиштиришимизга имкон беради. Бу соҳанинг ходимлари, жонкуярларининг халқимиз хизматига қўшаётган хизматлари беқиёс бўлади.

ИЖТИМОИЙ СОҲАДА

Бизнинг ижтимоий аҳволимиз дунёдаги энг охирги ўринлардан биридадир. Мамлакатда ёш болали оналар, нафақа ёшидагиларнинг жуда кам моддий ёрдам ва нафақа олиши, ижтимоий ҳимоядан маҳрумлиги жуда ачинарли ҳолатдир. Биз бу соҳа билан бугунги кунда Африка давлатлари билан тенглашиб қолдик.

Мамлакатда ишсизлик ҳукм сураркан, ишсизларга моддий ёрдамнинг йўқлиги, тиббий хизматнинг сифатсизлиги, ёки қимматлиги, болаларнинг ижтимоий ҳимоясизлиги, умуман халқимизни ижтимоий ёмон аҳволи диктатор Каримовнинг Конституция ва қонунларини поймол этиб, нолегитим ва нолегал ҳукмронлигининг оқибатидир.

Бу аянчли аҳволдан чиқиш учун авваламбор ёлғиз оналарни давлат ёрдами ҳамда юқори маош тўланадиган соҳаларда иш топишига кўмак бериш керак. Ногиронларни жисмоний имкониятларини эътиборга олиб, уларни ҳам яхши иш ҳақи тўланадиган соҳаларга ишга жойлаштириш таъминлаш лозим.

Биз мамлакатда нафақа ва моддий ёрдам кўрсатишни қайта кўриб чиқиб, халқимизнинг моддий имкониятларини ошириш учун ислоҳотларни амалга оширамиз. Мамлакатда бизнинг ислоҳотларимиз даврида, давлатнинг одил ва оқилона сиёсати билан бирга, ўз ҳалол меҳнати натижасида, аҳоли қашшоқликдан, камбағалликдан тамоман қутулади. Биз уларни албатта Мулкдорлар сафига қўшилиши учун барча ишларни амалга оширамиз.

Биз ҳукумат бошқарувига келгач, бизнинг ижтимоий соҳадаги ислоҳотларимиз натижасида халқимизнинг ҳаёт даражаси ортади. Нафақалар орттирилади, қашшоқликка, камбағалликка юз тутган шахслар, оилалар махсус қисқа муддатли таълим масканларига бепул ўқишга жалб қилиниб, уларни иқтисодий саводхонлиги оширилиб борилади. Уларга ўқув даври якунида ўз бизнесларини очиш учун имтиёзли кредитлар берилади. Бизнес режалари тузишда кўмаклашилади, доимий маслаҳатлар бериб борилади. Ишга жойлашиш учун кўмаклашилади.

Ҳар ҳил тоифадаги ногиронлар тўлиқ иш ўринлари билан таъминланадилар.

Мамлакатимиз аҳолиси ўртасида ижтимоий тенглик ва барқарорлик йўлга қўйилади.

БОШ МАҚСАД — ЎЗБЕКИСТОНДА МУЛКДОРЛИК ТУЗУМИ!

Мен ушбу Сайловолди Дастуримда ўлкамизда амалга оширишни кўзлаганимиз ислоҳотлардан қисқача баён этдим.

Албатта сизда бу режаларга доир саволлар бўлиши табиий, сизнинг фикр ва таклифларингиз биз учун ўта муҳимдир. Шунинг учун, марҳамат, биз доим мулоқотга очиқмиз, бизга савол ва таклифларингизни йўлланг, баҳсларимизга қатнашинг, бизнинг фаолиятимизни яқиндан кузатиб боринг.

Биз сизнинг ишончингизни оқлашга ва сиз учун хизмат қилишга тайёрмиз!

Мақсадимиз – Ўзбекистон халқи эркин, бой ва фаровон яшасин. Сиёсий маҳбуслар, инсон ҳуқуқлари, адолат учун курашган, ўзгача дунёвий ёки диний фикрлагани ва тўғри, дуруст тадбиркорлиги учун қамалган маҳбуслар зудлик билан озод этилсин. Мамлакатимиз дунё давлатларининг охирги ўринларидан эмас, ўзига муносиб энг юқорилардан ўрин олсин!

Азиз ватандошлар, тадбиркорлар ва ҳунармандлар, деҳқонлар ва фермерлар, ишчилар ва ишсизлар!

Муҳтарам оталар ва оналар, акалар ва опалар, укалар ва сингиллар!

Юртимиз, миллатимиз келажаги бўлмиш ёшлар!

Бегона юртда иш излашга мажбур қолаётган миллатдошлар!

Бизни қўлланг!

Бизнинг ғоямиз — Ўзбекистонда МУЛКДОРЛИК тузумидир!

Зеро Халқимиз фақатгина МУЛКДОРЛИК тузумида фаровон ҳаёт кечиради!

Ўзбекистоннинг барча ерости ва ерусти бойликлари Ўзбекистон халқининг мулки, халқнинг ҳаққи, яъни сизнинг ҳаққингиздир.

Ҳақ эса ҳеч қачон берилмайди, балки олинади, фақат ҳақни талаб қилиш билан, унинг учун доимий ва муросасиз кураш билан олинади ҳақ.

Бас, қўрқувни, лоқайдликни, тарқоқликни бир четга улоқтиринг ва ўз ҳаққимизни бу диктатор ва жиноятчилар тўдасидан қайтариб олиш учун бошлаган курашимизга келиб қўшилинг!

Бизни қўлланг!

Ўзбекистонга МУЛКДОРЛИК тузуми!

Баҳодир ЧОРИЕВ
Ўзбекистон Президентлигига номзод
www.birdamlik.info
birdamlik@gmail.com

Дастурнинг PDF нусхаси: mulkdor.com/…/bc-dastur-2015.pdf

Бўлишинг:

Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400