Бўтакўз (Биринчи боб)

Булокдан эндигина ярим челак сув олган ҳам эдим-ки, дашт бўйлаб кучли қийқириқ янгради:
— Ҳе-ей-ей! Академик, тумшуғингга туширама-ан!
Мен қулоғимни динг қилиб, тошдай қотиб турардим. Аслида исмим Камол, бу ерда Академик деб лақаб қўйишган эди. Ҳа, ўйлаганимдай бўлиб чиқди. Нариги томондан тракторнинг «тир-р» этган овози эшитилмасди. Тумшуғимга туширмоқчи бўлган одам ўша, Абубакир. У яна дағдаға солиб роса сўкадиган бўлди-да, ҳатто мушт кўтаришдан ҳам қайтмайдиганлардан у. Сув етказиб беришга улгура олмаяпман, тракторлар иккита, мен бўлсам якка ўзим. Шунга қарамай, манови якка от-аравада уларга сув ҳам, ёнилғи ҳам, мой ҳам, яна бошқа бало-баттарларни етказиб беришим керак. Тракторлар бўлса бу атрофда якка-ю ягона ҳисобланган булоқдан тобора узоқлашиб борарди. Улар ёнилғи цистерналари сақланадиган бирдан-бир шийпонимиздан борган сайин олислашиб кетмоқда. Шийпонни яқинроққа кўчиришга уриниб кўрдик, аммо қаёкда дейсиз, у ҳам сув билан боғлиқда. Абубакирга ўхшаганлар бўлса буни тушунишни истамайди: «Тумшуғингга соламан! — деб бақиргани-бақирган. — Менинг бу ерда оғзидан сўлаги оқиб юрган ландавур студентни деб бекорга вақт ўтказишга тоқатим йўқ», — дейди.
Мен эса у ўйлагандек студент ҳам эмасман. Ҳатто институтга киришни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Мактабни тугатишим биланоқ шу ерга — Анорхой даштига келган эдим. Бизни бу томонга юбораётганларида мажлисда ҳаммамизни, шу жумладан мени ҳам: «Қўриқ ерларни забт этувчи донгдорлар, янги ўлкаларни кашф этувчи қўрқмас ташаббускорлар!» деб аташган эди. Дастлаб шунақа эдик, энди-чи?.. Айтишга ҳам уяласан киши: «Академик». Бу лақабни менга Абубакир қўйган. Бунга ўзим айбдорман. Кўнглимдагини яшира олмайман, худди ёш боладек ўз-ўзимга гапириб, хаёлларга берилиб кетаман, кейин одамлар мендан кулиб юришади. Лекин улар бунинг учун мен эмас, мендан кўпроқ тарих ўқитувчимиз, ўлкашунос Олдиёров айбдор эканини билсалар эди… Шу ўқитувчимизнинг гапига кириб, энди роса таъзиримни еяпман…
Шу аснода, бочкани тўлдйрмасданоқ сойлик бўйлаб йўлга тушдим. Аслини айтганда, бу ерларда сира йўл бўлмаган. Бу ёлғизоёқ йўлни ҳам аравада қатнайвериб, ўзим очганман. Қорамтир, кенг дала этагида трактор турибди. Унинг кабинаси устида Абубакир ўтирибди. У ҳавода муштини ўйнатиб, ҳамон мени сўкар, гўрдан олиб, гўрга тиқарди.
Мен отга қамчи босдим. Бочкада сув чайқалиб елкамга сачрар, аммо мен буни писанд қилмай, отни баттар қамчилар эдим. Абубакир ҳозир таъзиримни берса керак. Бу ерга юборишларини ўзим илтимос қилганман. Ҳеч ким мени мажбур этгани йўқ. Бошқа йигит-қизлар Қозоғистонга, газеталарда ёзилаётган ҳақиқий қўриқ ерларга кетишган. Мен бўлсам бир ўзим Анорхой даштига келибман. Бу ерда шу йил баҳорда биринчи марта иш бошладилар. Шунда ҳам атиги иккита трактор билан ишга киришилди. Ўтган йили агроном Сорокин — у бу ерда ҳаммамизнинг бошлиғимиз ҳисобланади — бир ерга баҳори арпа экиб, синаб кўрган экан. Айтишларига қараганда, ҳосил ёмон бўлмабди. Агар иш шу зайлда давом этса, эҳтимол Анорхой даштида ем-хашак масаласини ҳал қилиш мумкин бўлиб қолар.
Бироқ ҳозирча эҳтиёткорлик билан иш кўриш керак. Анорхой саратонда қақраб кетади: ҳатто тиканлар ҳам турган жойида қовжираб қолади. Эрта кузда мол-ларини шу ерга қишловга ҳайдаб келган колхозлар эса ҳали экиш-тикишни бошламай «қани кўрайлик-чи, бошқалар нима қиларкин», деб кутиб турадилар. Бу-нинг устига, биз бу ерда озмиз, бор-йўғи: икки тракторчи, икки прицепчи, ошпаз аёл, сув ташувчи, яъни мен ва агроном Сорокин. Қўриқ ерларни забт этувчилар армияси мана шулардан иборат. Ким билсин, эҳтимол бизнинг ҳақимизда ҳеч нарса билмас, биз ҳам оламда нималар бўлаётганидан бехабармиз. Гоҳо Сорокинга бирор янгилик топиб келарди. У отда яқин атрофдаги чўпонлар ҳузурига бориб, рация орқали бошқалар билан жанжаллашиб, қилинган ишлардан ҳисоб берар эди.
Гап бундай экану мен бўлсам қўриқ ерларни, чексиз даштларни кўраман деб юрибман! Дарвоқе, бунинг ҳаммасига тарих ўқитувчимиз Олдиёров сабабчи бўлди-я. Шу одам бизга Анорхой даштини боплаб таърифлаган эди: «Асрлар бўйи қўл урилмай, Қўрдай ёнбағирларидан тортиб то Балхашнинг қамишзорларигача чўзилиб кетган Анорхой дашти эрману шувоқзорлар билан безаниб, савлат тўкиб ястаниб ётибди. Афсоналарга қараганда, қадим замонларда уюр-уюр йилқилар Анорхой тепаликларида адашиб, дом-дараксиз йўқолиб кетган. Сўнг ёввойилашиб кетган отлар тўдалашиб узоқ вақтлар дайдиб юришар экан. Анорхой — ўтмишнинг тилсиз гувоҳи, даҳшатли жанглар майдони, кўчманчи саҳройи қабилаларнинг макони. Бизнинг замонамизда эса Анорхой даштлари бой ва сахий чорвадорлик ўлкасига айлантирилиши керак!..» ва ҳоказо, шунга ўхшаш сўзлар.
Ўша кезларда Анорхойни картадан кўриш қандай завқли эди: у кафтдайгина жойни эгаллаб ётарди. Энди-чи? Эрта тонгдан кечгача бу лаънати аравани у ёқдан бу ёққа тарақлатиб ҳайдаганим-ҳайдаган. Кечқурун ҳолдан тойиб, юз машаққат билан отни аранг аравадан чиқараман-да, оддига той-той қилиб боғланиб, машинада келтирилган пичандан ташлаб қўяман. Сўнг ошпазимиз Аддей нима берса ҳам еб оламан-да, ўтовга кириб мукка тушганимча тошдай қотиб ухлаб қоламан.
Дарҳақиқат, Анорхой эрман-шувоқзорлар билан безаниб, савлат тўкиб ётарди. Қани энди, вақт бўлса-ю, бу чексиз даштларни соатлаб кезиб, унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлсанг.
Ҳаммаси ҳам майли-ю, аммо бир нарсага ҳайронман: Абубакирга менинг нимам ёқмай қолди, у мени нега бунчалик ёмон кўради? Агар бу ерда мени нималар кутаётганини илгаридан билсайдим… Мен ҳар қандай табиий қийинчиликларга чидашга тайёрман. Ахир, бу ерга меҳмонга келганим йўқ-ку. Бироқ, негадир, бирга яшаб, бирга ишлашимиз лозим бўлган одамлар ҳақида сира ўйламаган эканман, ҳамма ерда ҳам одам — одам-ку деганман-да.
Мен бу ерга машинада икки кунда етиб келдим. Мана бу тўрт ғилдиракли аравани ҳам мен билан бирга олиб келишди. Ўша пайтда унинг дастидан шунчалик азоб-уқубатда қолишимни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.
Ахир мен бу ерга прицепчи бўламан, деб келган эдим-ку. Бир баҳор тракторда ишлаб, уни
ўрганиб олиб, тракторчи бўлиб қоламан деган орзуда эдим. Районда ҳам менга худди шундай
дейишган. Мана пгу орзу мени Анорхойга бошлаб келган. Бу ерга келиб қарасам, прицепчилар
етарли экан, мени сув ташишга қўйишди. Бошдаёқ бу ишни рад этиб, уйга қайтиб кетишим
мумкин эди. Нега десангиз, мен ҳозиргача араванинг шотисини ҳам, бўйинтуруқни ҳам ушлаб
кўрмаган эдим. Умуман пгу кунга қадар ҳеч қаерда ишлаганим ҳам йўқ эди. Фақат
шанбаликлардагина, қанд заводида онамга кўмаклашардим. Отам фронтда ҳалок бўлган экан.
Мен уни эслай олмайман. Шунинг учун ҳам мустақил ҳаёт бошлашга қарор қилган эдим… Нима бўлса ҳам иссиғида қайтиб кетишим керак эди-я. Лекин уялдим. Бу ерга келиш олдидан мажлисда қанча дув-дув гап бўлди, ахир. Онам ҳам рози бўла қолмади; у менинг врач бўлишимни орзу қиларди. Аммо мен ўз фикримда қатъий туриб олдим, сизга ёрдам бераман, деб кўндирдим. Чўлга боришга қатъий бел боғлаб, тезроқ йўлга чиқишга ошиқардим. Энди дарров қайтиб борсам одамларнинг юзига қандай қарайман? Хуллас, аравада сув ташишга тўғри келди. Аммо бошимга тушган кулфатларнинг боиси бу эмас.
Бу ёққа келаётганимда йўл-йўлакай, машина устида тик турганимча чор атрофга суқланиб боқардим, мана, қадимий афсонавий Анорхой дашти! Машина ясси тепаликларда, эндигина яшил тусга кириб келаётган дашт юзида аранг кўзга чалиниб турган йўл бўйлаб елдек учиб борарди. Ерлар қор намидан буғланиб ётарди. Нам ҳавода бултурги томирлардан эндигина ниш уриб чиқаётган Анорхой ёвшонларининг аччиқ ҳиди димоққа урилиб турарди.
Қаршидан эсаётган шамол кенг даштликдан табиатнинг бир олам шовқинини ва соф баҳор нафасини олиб келарди. Биз уфқ сари елиб борардик, у эса олис-олисларда, майса билан қопланган тепаликлар остида орқасига тисарилиб, Анорхой даштининг кўз илғамас кенгликлари сари имлаётгандек, тобора узоқлашиб кетмокда эди. Шунда мен гўё ўзимни ўтмиш замонларнинг садоларини эшитаётгандай сездим. Ер гўё минг-минг туёқлар остида ларзага келиб гувиллайди. Саҳройи кўчманчиларнинг сон-саноқсиз отлиқ аскарлари найза ва байроқларини кўтариб океан тўлқинлари сингари даҳшатли ҳайқириқ, ғала-ғовур билан елиб югуришарди. Кўз ўнгимда даҳшатли жанг манзараси намоён бўларди. Темир жаранглаб, одамлар қий-чув кўтаришар, отлар бир-бирларини тишлаб, тспишарди. Менинг ўзим ҳам, қаердадир, мана шу қайноқ жанг ичида юрардим гўё… Аммо жанг суронлари тиниб, баҳор фасли кириши билан Анорхой даштида оқ ўтовлар ёйилиб кетар, қишлоқ устида тезак тутунлари осмонга ўрмалар, чор атрофда қўтон-қўтон қўйлар, йилқи подалари ўтлаб юрар, туя карвонлари қўнғироқларини жаранглатиб қаёқдандир келиб, қаёққадир йўл олар эди…
Паровознинг узоқ-узоқларга таралган чўзиқ овози мени ҳушимга келтирди. Ёлини ҳилпиратиб, думини ёйиб, елдек учиб бораётган пойгачи от каби, вагонлар устига тутун буруқситиб паровоз ўтиб борарди. У узокдан мепга худди шундай туюлди. Поезд борган сари кичрайиб, қора чизикдай бўлиб қолди ва ниҳоят кўздан ғойиб бўлди.
Биз даштда жойлашган якка-ёлғиз разъезд ёнидаги темирйўлини кесиб ўтиб, яна йўлимизда давом этдик…

* * *

Манзилга етиб келган дастлабки кунларда ўзимни осмондан тушиб қолгандай ҳис қилдим. Йўлда хаёлимни банд этган манзаралар ҳамон кўз ўнгимдан кетмасди. Дала шийпонининг яқинидаги тепалик устида қадимий ёдгорлик — хотин кишининг ҳайкали турарди. Кул ранг, қўпол йўнилган бу гранит парчаси неча асрлар мобайнида ерга чуқур ботиб, қўриқчи сингари, йироқларга боқиб турарди. Унинг ёмғир ва шамол таъсиридан лат еб, бир оз қийшайган ўнг кўзи, қорачиғи оқиб, пучайиб қолгандай, қовоқлари остидан хўмрайиб туриши кишини ваҳимага соларди. Мен унга узоқ вақт синчиклаб қараб турдим, сўнг ўтовга келиб, Сорокиндан сўрадим:
Ўртоқ агроном, сизнингча бу ерга манови ҳайкални ўрнатган ким?
Сорокин қаёққадир кетишга отланаётган эди.
— Қалмоқлар ўрнатган бўлса керак, — деди у отга мина туриб ва жўнаб кетди.
Кошки, у вақтларда мени бундай жавоблар қаноатлантира олса! Ҳали яхши танишиб улгурмаган бўлсам ҳам тракторчи ва прицепчиларга мурожаат қилдим:
— Йўқ, бу тўғри эмас. Қалмоқлар бу ерга ўн еттинчи асрда келишган. Бу қабр устидаги ҳайкал бўлса ўн иккинчи асрга мансуб. Афтидан, бу хотин ҳайкалини мўғуллар ғарбга қилган буюк ҳужум даврида ўрнатишган. Биз қирғизлар ҳам улар билан бирга Енисей соҳилларидан бу ёққа — Тяньшан ўлкаларига келиб қолганмиз. Бизгача бу ерда қипчоқ қабилалари, уларга қадар эса малла сочли, тиниқ кўзли одамлар яшаган.

Тарихни яна ҳам чуқурроқ ковлаштирардим-у, аммо трактор ёнида турган комбинезонли йигит сўзимни бўлди. Бу Абубакир эди.
— Ҳой, тирранча! — деб қовоқ остидан менга ғазабли ўқрайди у. — Жуда олим кўринасан. Қани бу ёққа кел, ўтовдан шприц билан товоқни олиб чиқ.
Мен бўлсам унга шприц билан солидолни олиб келибман.
— Эҳ, академик! — деди у менсимаган бир оҳангда тишини қисиб ва қизариб кетган кўзлари билан еб қўйгудек бўлиб. — Биз саводсизларга лекция ўқишни биласан-у, отни туядан ажратолмайсан.
Шу-шу «Академик» бўлиб қолдим. Мана мен ҳозир ўз аравам билан Абубакирга яқинлашмоқдаман, унинг жағи ҳамон тинмасди. У шудгор ичидан лойга ботиб мен томон югуриб келаётир.
— Бунча тошбақага ўхшаб судралмасанг! Яна қанча куттирмоқчисан?! Бўғиб ташлайман сен итваччани, она сути оғзидан кетмаган битта академик камайса камайибди-да.
Мен тракторга хомушгина яқинлашдим. Ўзимни оқлаш учун нима ҳам дея олардим? Ахир, трактор менинг айбим билан тўхтаб қолган. Хайриятки, прицепчи аёл — Қалипа менинг ёнимни олди:
— Кел энди, ўзингни бос, Абубакир! Бақириш-чақиришдан нима фойда? Уни қара, бечоранинг рангида ранг қолмабди. Шўрлик жуда қийналиб кетиб-ди — деди-да, қалтираб турган қўлларимдан челакни олиб, радиаторга сув қуя бошлади. — Бусиз ҳам жонини жабборга бериб ишлаяпти-ку. Кўряпсанми, қора терга ботиб кетибди…
— Менга нима! — жеркиб ташлади Абубакир. — Уйида ўтириб китобини ўқийверсин эди!
— Майли, бас қил энди! — Тинчитишга уринарди Қалипа. — Мунча баджаҳл бўлмасанг! Яхши эмас!
— Агар киши бунақаларнинг ҳаммасини кечираверса ўзини балога қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Планнинг бажарилишини сендан эмас, мендан сўрайдилар. Бу хумпар олим жонимни ҳалқумимга келтираётгани билан кимнинг иши бор, ахир!
Менинг олимлигим мунча дастак бўлиб қолди. Нега ҳам ўқиган эканман, қаёкдан ҳам тарихчи Олдиёровни эслай қолдим.
Мен бу ердан тезроқ қайтиб кетишга шошилардим. Ахир саҳронинг у бурчи ҳам бизга ўхшаганларга мунтазир бўлиб турибди-ку. У ерда тракторчи Садабек ишлайди. У ёши анчага бориб қолган, жиддий киши, жаҳли чиқса ҳам бақириб-чақиравермайди.
Орқамдан трактор моторининг овози эшитилди. Абубакирнинг тракторига жон кириб юриб кетди. Мен сал енгил тортиб, намиққан фуфайкада жунжи-киб турардим. Бу Абубакир мунча баджаҳл, мунча заҳар экан-а? Ҳали қари ҳам эмас, ўттиздан сал ошган. Тўғри, юзи анча хунук, ёноқ суяклари бўртиб чиққан, қўллари арслон панжасидай бақувват, аммо ўзи анча хушқомат, кўзлари бўлса важоҳатли, совуқ, сал нарсага қонга тўлади. Жони бўғзига келади. Бундай пайтларда эҳтиёт бўлмасанг, сени ғажиб ташлайди. Яқинда бир воқеа бўлди. Оқшомдан ёмғир бошланиб, тун бўйи савалаб чикди. Ивиб кетган кигиз устидан бир маромда чакиллаб оқиб тушаётган томчилар қандайдир мунгли оҳангда, кишига ниманидир шивирлагандай туюларди. Ёмғир эрта билан ҳам тинмади. Биз ўтовда ўтиравериб бекорчиликдан зерикиб кетдик. Агроном Сорокин қаергадир кетган эди — шундай кунда ҳам унинг иши бошидан ошиб-тошиб ётади. Чорвачилик учун ҳам жавобгар-да. Шу сабабли у бирор дақиқа тиним билмас, эртаю кеч умри эгарда ўтарди.
Ёмғир бир оз пасайганда Садабекнинг кичик укаси — прицепчи Эсиркеп менинг отимга минди-да, чўпонлар олдига жўнади. Алдей билан Қалипа бўлса челакларни кўтариб, булоқ бошига сувга кетишди. Ўтовда биз уч киши — Абубакир, Садабек ва мен қолдик.
Таъбимиз хира, ҳар биримиз ўз ишимиз билан банд эдик. Абубакир оёқларини узатиб ёнбошлагани-ча папирос чекарди. Садабек ўчоқ олдидаги тўқим устига ўтириб, бигиз ва мумланган пишиқ ип билан эски этигини ямарди. Мен бурчакка тиқилиб олиб китоб ўқирдим.
Ўтовнинг ичи зах. Ивиган наматдан қўй ҳиди келар, тепадан аҳён-аҳёнда чой сиёқли сув томчилар эди. Ташқарида эса ҳалқоб сув юзига шовиллаб ёмғир ёғарди.
Абубакир зерикиб эснади, қўлларини қирсиллатиб керишди, у ёқ-бу ёққа қарамай, қовоғини осганча қўлидаги папирос қолдиғини улоқтирганди, кигизнинг бир чеккасига бориб тушди. Намат тутаб, жизғанак ҳиди чиқа бошлади. Садабек папирос қолдиғини олди-да, кулга ташлади.
— Эҳтиёт бўлиш керак, — деди у чарм орасидан тупукланган мумли ипни ўтказаркан, — нима, жойингдан қўзғалолмайсанми?
— Ҳа, нима бўпти, — деб жаҳл билан бошини кўтарди Абубакир.
— Намат ёниб кетай деди.
— Оббо, матойингни қара-ю, — менсимай тир-жайди Абубакир. — Илма-тешик этигингни ямаяпсанми, ямайвер, бошқаси билан ишинг бўлмасин!
— Гап бойликда эмас. Бу ерда сен бир ўзингмас, ўз уйингда ҳам эмассан.
— Ўз уйимда эмаслигимни биламан! Уйимда бўлсам сен билан гаплашиб ҳам ўтирмас эдим.
Тушундингми, маймун башара. Худонинг қаҳрига учрамасам сургун қилингандай, сен-у сенинг хотинингга ўхшаш аҳмоқлар яшайдиган Анорхойга келиб қолармидим.
Садабек мумланган ипни куч билан силтаб тортди. Бигиз унинг қўлидан отилиб чиқиб орқасига тушди. У Абубакирга нафрат билан узоқ тикилиб турди, сўнг бир қўлида этик, бир қўлида таранг тортилган ипни ушлаганича, ғазаб билан олдинга интилди.
— Майли, сенингча, мен аҳмоқман, бу ерга ҳаммамизни боқиш учун мен билан бирга келган хотиним ҳам аҳмоқ бўлсин! — Оғир нафас олиб гапирарди у. — Бошқа ҳамма анорхойликлар ҳам, сенингча, сургун қилинган кишиларми? Нима, уларни бу ерга сен ҳайдаб келганмисан? Қани, жавоб бер, эси паст! — деб бақирди у ва ўнг қўли билан нағалли этигининг қўнжидан ушлаганча ўрнидан ирғиб турди.
Абубакир бир чеккада ётган ключга ўзини отди, калласини елкалари орасига олиб уришга ҳозирланиб турди.
Мен қўрқиб кетдим. Вазият жуда қалтис эди. Улар бир-бирини ўлдириб қўйиши ҳам ҳеч гап эмасди.
— Қўй, Абубакир! — дедим югуриб бориб. — Уни урма! Қўй, Садабек, шу билан тенглашиб ўтирма! — деб оёқлари остида ўралашиб, саросимада ялиниб-ёлвордим.
Садабек мени бир чеккага итариб юборди. Улар жангга ҳозирланган арслондек, ўтов ичида гир айланишарди. Бирдан бир-бирига ташланиб қолишди, Абуба-кирнинг қўлидаги ключ Садабекнинг боши устида ялтиллади. Аммо Садабек шу заҳоти чап бериб, иккала қўли билан ключни ушлаб қолди. Абубакир кучли эди. У ўз рақибини ерга йиқитиб остига босиб олди, икка-ласи хириллашиб, сўкишиб, юмалашганча олишиб кетишди. Мен югуриб бориб Абубакирнинг қўлидан чиқиб кетган ключга бутун гавдам билан ташландим, ниҳоят, уни олганимча ўтовдан чиқиб қочдим…
— Алдей! Қалипа! — сув олиб қайтаётган аёлларга қараб қичқира бошладим. — Тезроқ, тезроқ, улар уришишяпти, бир-бирини ўлдириб қўяди.
Аёллар челакларини ташлаб, мен томон югуришди. Биз ўтовга етиб келганимизда Садабек билан Абубакир ҳамон ерда ағанашиб ётишарди. Уст-бошлари йиртилган, юз-кўзлари қонга бўялган. Зўрға ажратиб қўйдик. Алдей эрини судраб эшикка олиб чиқиб кетмоқчи бўлди. Лекин Абубакир бир зарб билан Қалипанинг қучоғидан чиқиб кетди.
— Ҳа, маймоқ ит, сеними, ҳали тўхтаб тур!.. Сен мурдор ҳали оёғим остига йиқилиб тавба
қиласан, ўшанда Абубакирнинг кимлигини билиб оласан!
Паст бўйли, қотмадан келган Алдей унга яқин келиб, юзига тик боқиб гапира бошлади.
— Қани, тегиб кўр-чи! Кўзларингни ўйиб олайки, ўзингни ўзинг танимай қолгин!
Садабек бамайлихотир хотинининг қўлидан ушлади:

— Қўй, Алдей, садқайи гап кетсин у…
Мен бу орада ташқарига чиқиб, тўполонда отиб юборилган гайка ключини қидириб топдим-да, ўтовдан нарироқ бориб, уни тош ҳайкал ёнига кўмиб кўйдим. Ўзим бўлсам, ўтирдим-у, бирдан йиғлаб юбордим. Паст, бўғиқ йиғидан бутун вужудимни қалтироқ босган. Мени ҳеч ким кўрмас эди, ўзим ҳам қандай ҳолатга тушиб қолганимни билмас эдим. Фақат ўша тош ҳайкалгина, гўё дардимни тинглаётгандай, бўм-бўш қолган кўз чаноғи билан менга хўмрайиб боқиб турарди. Атрофда туман билан қопланган нам, сокин ва ҳорғин чўл ястаниб ётарди. Унинг кўҳна ва чуқур сукунатини бирон шарпа бузмасди, ёлғиз менгина кўз ёшларимни артар, ҳамон пиқиллаб йиғлаб ўтирардим, мен бу ерда узоқ, жуда узоқ вақт, то қош қррайгунча ўтирдим.
Ёвшонлар билан безанган чўлда ана шу зайлда яшайман… Куч-қувватим борича меҳнат қиламан. Лекин шунга қарамай, ҳамон ишим ўнгидан келмайди. Мана, ҳозир Абубакирдан яна яхшигина дакки едим. Оқибат нима бўлади — ўзим ҳам билмайман. Аммо умидсизликка тушиш ҳам ярамайди. То йиқилгунча ўз ўрнингда маҳкам турмоғинг керак.
— Қани, Серко, қимирла! Илдамроқ! Иккимиз ҳам тетик бўлайлик, ишдан қолмайлик..


Чингиз Айтматов

Бўтакўз (қисса)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – шажара

  Рауф Парфи авлодлари шажарасини тузиш бир пайтлар  энг биринчи галдаги вазифам бўлганди. Рауф ака билан ҳам бу борада кўп суҳбатлашгандик. У киши фарзандлари ва неваралари ...

От кишнаган оқшом (қисса) 77-қисм

77 Милитсия машинаси эшигимизга келганини эл билди. Биродарлар, элнинг қулоғи элликта! Eл ажабланди, эл ҳадиксиради... Дув-дув гап бўлди... Биродарлар, ёмон гап, ракетадан ...

Висол (шеър)

Аста-аста эриб боради нарсаларнинг зарралари ҳам, икки қушча бир-бирин суяр япроқларнинг ораларида... Шаббодалар олиб келади райҳонларнинг ўткир нафасин, япроқларнинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400