“Адабиёт ясалмайди, яратилади” (Носир Фозил)

nosir_fozilМенинг таваллуд топган йилларим мамлакатимиз тарихининг энг алғов-далғовли кезларига тўғ­ри келди. Яъни, 1929 йили камина ёруғ дунёга келган даврда қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш тадбири авж олган экан. Ундан буёғи очарчилик (1930-33), мамлакатни ёт унсурлардан тозалаш баҳонасида қама-қама (1937-38), Иккинчи жаҳон уруши (1941-45) йиллари…

  Бундан кейинги даврларда ҳам одамларимизнинг кундалик ҳаёти анча йилларгача вайроналигича қолаверди. Урушдан чарчаб чиққан мамлакатни қайта тиклаш, (1950) тағин мамлакатни ёт унсурлардан тозалаш баҳонасида миллатимизнинг гули ҳисобланмиш зиёлиларни қатағон қилишди. Мана шу суронли давр­ларга қараб, бизнинг болалигимиз қандай кечганини тасаввур қилсангиз бўлади.

Мен туғилган Кориз қишлоғи шундоққина Туркистон шаҳрининг биқингинасида. Қишлоғимиз шаҳарга, бозорга яқин бўлгани учун одамларини “бозорликлар” деб аташади. Мен ўн ёшга тўлганимда, яъни 1932-33 йиллари қишлоғимизнинг ярим аҳолисини илгарилари чорвамиз ёйиладиган ёйилма жойга кўчириб, колхозлаштирилди. Жумладан, бизнинг оиламиз ўша яйдоқ далалар бағрига кўчиб ўтди. Ўша пайтдан бошлаб менинг болалигим шаҳардан йигирма чақиримлар узоқдаги бийдай далада кечди. Бошланғич таълимни ҳам шу ерда олдим.

Биз кўчиб ўтган Ёйилма деган қишлоқдаги 70-80 чоғли хонадон аҳли чорва билан шуғулланарди. У пайтларда одамлар ўқиш-ёзишга ҳавас қўйишдан ҳам кўпроқ қорин қайғуси билан қаттиқ боғланган эди. Қишлоғимизда фақат битта – Қаҳҳор деган одамда патефон бўлиб, салгина бўлса-да диллардан ғамларни қувиб, сени узоқларга олиб кета оларди. Бироқ китобхонлик туйғуси кучли эди. Одамлар ўқиш-ёзишни деярли билмасалар-да, менга ўхшаган 7-8 ёшдан мактабга бориб, шариллатиб ўқишни қойиллатадиган болаларга кечалари халқ достонлари – “Гўрўғли” туркумидан “Ҳасанхон”, “Равшанхон”, “Авазхон” достонларини такрор ва такрор ўқитишдан, сел бўлиб тинглашдан чарчашмасди. Кейинчалик англадимки, улар шу достонларда ушалмаган армонларини кўришар, улар билан бирга туғилиб, бирга яшаб, ғам-ҳасратларини унутишар экан. Адабиётнинг кучини қаранг-а!

Ўқиган мактабим худди кечагидай кўз ўнгимда. Қишлоқ четидаги қўрғон, бир томони сомонхона, бир четида дўконча, бир ёнида сомон тўкиладиган кунгай жой. Худди шу ерда тенгқурларим билан офтобрўяда, сомонлар устида ўтириб, илк сабоқни чиқардим. Биринчи ўқитувчим, амаким Поччахон Қудратов ҳамма синфларга бир ўзи дарс берарди. У пайтларда ҳамма учун – 1-4-синфгача битта ўқитувчи ажратилар эди. Қурби етганлар шаҳарга – ўқишни давом эттиришга кетар, етмаганлар далада, оилада қолишарди.

Бобом мени Туркистон шаҳридаги мактабга жойлади. Бу мактаб шўролар ҳукумати томонидан миллатчи деб айбланган, уй-жойи мусодара қилинган, Туркистоннинг маърифатли бойларидан бири – Саидносирбойнинг уйи бўлиб, у биринчилардан бўлиб рус тилида таҳсил олган, биринчи ўзбек олимаси сифатида кимё фанига муҳим ҳисса қўшган, кимё дарслиги ёзган, Ойбекдек забардаст ўзбек адиби билан умргузаронлик қилган Зарифа Саидносированинг болалиги, ёшлиги кечган уй эди. Аммо шаҳарда ўқишнинг ўзи бўлмас эди. Биз ўқиймиз деб қишлоқдан чиққан беш-олти нафар боладан охири бир ўзим қолдим. У пайтларда ётоқхона йўқ, уч чақирим жойдан яёв қатнаймиз. Қишнинг совуғи, ёзнинг иссиғи, шамол, ёмғирлар билан олишиб бўлса ҳам ортга қайтмадим. Шу ерда мактабни тугатдим. Адабиётга, ижодга бўлган ихлос, иштиёқим шу ерда кучли муҳаббатга айланди. Робия опа Иброҳимова деган адабиёт ўқитувчимизни эҳтиром билан эслайман.

Тенгқурларим билан ўқишдан бўш пайтларимизда қўш ҳайдадик, сувчилик қилдик, ғўза чопдик, ёзги жазирамада ўроқ ўриб, хирмон янчдик. Эшак карвонлар тузиб, шаҳарга ғалла ташидик. Кейинчалик табелчилик ҳам қилдим. Хуллас, қилмаган ишим қолмади.

Тағин, бу одам ўзининг кечмишидан, болалигидан нега бунча нолийди, деб ўйламанг. Мен ҳеч ҳам нолиётганим йўқ. Тўғри, биз уруш даври фарзандлари болаликнинг барча имтиёзларидан бебаҳра ўсдик. Шу туфайли ўқишларимиз ҳам ўлда-жўлда, узуқ-юлуқ бўлди. Гўдаклигимиз ҳам, болалигимиз ҳам, ўсмирлигимиз ҳам ўша даврларнинг турмуш ташвишлари билан омухта кечди. Кўрган-билганларимиз мурғак қалбларимизда бир умрга муҳрланиб қолди. Озми-кўпми ҳаётнинг қадрига етадиган, уни эъзозлайдиган одамлар бўлиб ул­ғай­ганимиз учун ўша даврларнинг машаққатли сабоқларидан миннатдор бўлишимиз зарур. Негаки, болаликда чеккан азиятларимиз-у, кўрган-билганларимиз – ҳаммаси ёзган ва ёзилажак асарларимизга материал бўлиб хизмат қиляпти ва бундан кейин ҳам шундай бўлажак.

Отам Фозил Йўлдош ўғли ўқимаган бўлсалар ҳам уққан одам эдилар. Кўп йиллар колхозда ферма мудири, пахтачилик бригадасининг бригадири лавозимларида ишлади. Ўша пайтларда мен отамнинг бригадир бўлатуриб баъзан акушник ҳайдаб юрганларини кўриб: “Ё тавба, бригадир ҳам акушник ҳайдайдими?” деб ажабланардим. Шунда отам бунга изоҳ берардилар: “Болам, сен ҳайрон бўлма, мен Абдувойитнинг ўрнига ишлаяпман. Абдувойит эса менинг ҳисоб-китобимни тўғирлаб беради. Ўзинг биласан, менинг саводим йўқ, ўқимаганман. Ҳисоб-китобни тугатгач, акушкасини қайтариб бераман, ўзи ҳайдайверади”. Отамнинг бу гаплари ҳанузгача эсимдан чиқмайди.

Онам Жаҳонбиби Абдулла қизи эса бир умр деҳқончилигу уй юмушлари, фарзанд тарбияси билан шуғулланиб ўтдилар. Ёйилмада тўртинчи синфгача ўқиганимдан сўнг мени Йўлдош бобом Коризга олиб кетиб, шаҳар марказидаги ўрта ўзбек мактабига ўқишга берди. У киши ўқиган, обрў-эътиборли зот эдилар. Яқин-йироқ қишлоқларда биронта дов-жанжал бобомнинг иштирокисиз битимга келмаган, дейишади. Шунинг учун туркистонликлар у кишини “Йўлдош оқсоқол” деб аташар экан. Мен кўпроқ бобом билан Мастура бувимнинг тарбиясида бўлганман. “Сен Фозилнинг эмас, менинг боламсан. Мен сени ҳув анави қандак ўрикнинг тепасида туққанман”, деб эркалардилар мени Мастура бувим. Шунинг учун бўлса керак, оиламиздаги бошқа ука-сингилларимнинг исм-шарифлари Йўлдошев, меники эса Фозилов бўлиб қолган.

Энди адабиётга, ижодга бўлган иштиёқим қачондан бошлангани-ю, қандай қилиб болалар адабиётига қизиқиш пайдо бўлгани ҳақида айтсам.

Аввало, болалик бу – беғуборлик. Болалар учун асар ёзган ва бутун умрини шунга бағишлаган адиб ҳам бу беғуборликдан бебаҳра қолмайди. Негаки, болага ёзган адибнинг ўзи бола табиатли бўлади. Яъни, ёзувчи ўзининг табиатига мос, кўнглига яқин мавзуни қаламга олади. Иккинчидан, болаларни чин дилдан севган ёзувчигина болалар адабиётига содиқ бўлиб қолади. Болалар ҳаёти кўнглидан йироқ бўлган ёзувчи ўзини мажбурлаб бир-иккита нимарса ёзган бўлади-ю, бир юмалаб катталар адабиётига ўтади-кетади. Бундайлар адабиётимизда тўлиб-тошиб ётибди. Мен уларнинг исм-шарифларини айтмасам ҳам ўқувчиларнинг ўзлари уларни аниқ-тиниқ билишади. Бунинг устига, бир умр бола табиат бўлиб юриш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бола билан гаплашганингда бола бўлиб гаплашишинг, болаларга асар ёзаётганингда бола бўлиб, яъни боланинг назари билан ёзишинг керак бўлади. Шундай қилмасанг ёзган асарингни болалар ўқимайди. Бола асарингдан ўзини топа олсагина, ҳар куни ўзи бирга ўйнаб юрган ўртоқларининг феъл-атворларию, қилиқларини кўра олсагина қизиқиб ўқийди.

Болалар адабиёти – нозик адабиёт. Боланинг биринчи адабиёти – онасининг алласи. Қолаверса, содда, равон, қувноқ, маъноли, ритмик шеърлар, халқ эртаклари, ҳикоялар, қиссалар бола учун жуда зарур. Болалар ёзувчилари ўз асарлари билан болаларни катта адабиётга бошловчи дарғалардир. Бу адабиёт – ҳурматталаб адабиёт, эъзозталаб адабиёт. Чунки болалар учун ёзилаётган ҳар бир асарда ўзинг болага айлана олмас экансан, у жонсиз танага айланади. Қаттиқроқ қилиб айтганда, бировникини олиб ёпиштирсангиз, ёпишмай туради, ямоқ бўлади. Боланинг кўнгли ҳам худди шундай. Уни синдириб бўлмайди. Унга ҳамиша эътибор даркор. Унга меҳр берсангизгина унинг кўнгли тўлиб ўсади. У – меҳрталаб. Шундагина, у муҳаббатингиз мевасига айланади, изингизни босади.

Адабиёт дарсликлари, болалар адабиёти дарсликлари алоҳида катта мавзу деб ўйлайман. Дарсликларга киритилган адибларимиз, шоирларимизнинг китоблари қўшимча адабиёт сифатида мунтазам чоп этилиб турилиши, айниқса, лотин ёзувида бериб борилиши муҳимлигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Айни кунларда худди шунга эҳтиёжимиз жуда кучли. Бунинг учун ноширлик фаолиятлари марказлашган ҳолда олиб борилса, учраётган савиясиз, пала-партиш, китоб деб аташга ҳам тил бормайдиган нохушликлардан ҳоли бўлинар эди. Адабиёт яратилади, уни “ясаб” бўлмайди. Бу том маънода, ҳам болалар, ҳам катталар адабиётига тааллуқлидир.

Мени болалар адабиётига бошлаб келган омиллардан яна бири боя айтиб ўтганимдек, болалигим билан ўсмирлигимнинг уруш йилларига тўғри келганлигидан, деб биламан.

Отам билан онам холавачча, иккаласининг ҳам бобоси битта – ўша катта бобомнинг бир қизидан отам, иккинчи қизидан онам туғилганлар. Катта бобом Туркистонда катта уламо ўтган. У кишини Турсунмуҳаммад Аълам домла аташаркан. Ғурбатий тахаллуси билан Тошкентда у кишининг тўртта шеърий тўплами чоп этилган. Тошкентлик шоирлар Камий, Хислат домла, Сидқий Хондайлиқийлар билан дўст тутиниб, борди-келди қилишиб, номалар ёзишиб, мулоқотда бўлиб турар эканлар. Менга ўша катта бобомдан нимадир ўтган бўлса ажаб эмас, деб ўйлайман.

Хуллас, 1949 йили ўрта мактабни битириб Тошкентга йўл олдим. Ўрта Осиё давлат дорилфунунининг филология куллиётига ўқишга кириб, уни 1954 йили тугатдим. Сўнг “Гулхан” журналида, “Ёш гвардия”, Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда, “Шарқ юлдузи” журналида турли лавозимларда ишладим. Адабий ходим, катта муҳаррир, бўлим мудири бўлдим, журналларда масъул котиблик вазифасида фаолият олиб бордим.

Дорилфунунда ўқиб юрган кезларимда ўз курсдошларимдан икки-уч ёш улуғроқ эдим. Негаки, боя айтиб ўтганимдек, ҳам ўқиб, ҳам ишлаганим учун олий ўқув даргоҳига кечроқ келдим. Ёзиш-чизиш машқларини ҳам кечроқ бошладим. Матбуотга ҳам эллигинчи йиллардан бошлаб иштирок эта бошладим. Дастлаб танқидий мақолалар ёздим, сўнг бадиий лавҳалар, кейин эса аста-секин ҳикояларга ўтдим. Қозоқ адибларининг йирик-йирик асарларини ўзбек тилига таржима қила бошладим. Таржима соҳасидаги саъй-ҳаракатларим ижодимда ҳам таржима, ҳам тажриба ролини ўтади десам хато қилмайман. Таржима қилиш асносида, шубҳасиз, жуда кўп нарсани ўргандим.

Биринчи китобим 1959 йили “Ирмоқ” деган ном билан босилиб чиқди. Шундан сўнг кетма-кет “Оқим” (1962), “Робинзонлар” (1964), “Қуш қаноти билан” (1965), “Қор хат” (1968), “Кўклам қиссалари” (1970), “Саратон” (1975), “Кичкина деманг бизни” (1977), “Дийдор” (1979), танланган асарларимнинг икки жилдлиги (1983-84), “Шум боланинг набиралари” (1885), “Устозлар даврасида” (1988), “Болалигим – пошшолигим” (1989), “Бир отар тўппонча” (1995) каби китобларим чоп этилди. Нашр этилган китобларим ўзга тилларга таржима қилинганлари билан қўшилганда ўттизтадан ошиб кетади. Бошқа тиллардан таржима қилганларим ва ўзим ёзганларимни қўшганда етмиш бешдан кўпроқ.

Ҳа, айтгандек, мен қозоқ адибларидан Абай, Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Ғабит Мусрепов, Ғабиден Мустафин, Абдулла Тожибоев, Абдижамил Нурпеисов, Шерхон Муртазоев, Тахани Ахтанов, Қалтой Муҳаммаджонов, Қалнубек Турсунқулов, Холдорбек Найманбоев, Сайн Муродбеков кабиларнинг машҳур асарларини, булардан ташқари талайгина қирғиз, қорақалпоқ ёзувчиларининг китобларини ўзбек тилига ағдариб китобхонларга ҳадя этдим.

Камина шунинг учун ҳам бахтлиманки, ўзимга яраша ўқувчиларим бор. Жамоатчилик ва ҳукумат ардоғидан ҳам четда қолмадим – ижодий меҳнатларимни муносиб тақдирлашди. 1985 йили “Шум боланинг набиралари” деган китобим учун Ғафур Ғулом номидаги мукофотга, 1986 йили қозоқ адабиётидан қилган таржималарим учун Бейимбет Майлин номидаги мукофотга, 1990 йили “Устозлар даврасида” номли китобим учун Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлдим. 1984 йили ўзбек ва қозоқ адабий алоқаларини ривожлантиришдаги фаол иштироким учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” деган юксак унвон билан, 1994 йили эса, халқаро маданий алоқаларга қўшган ҳиссам, қозоқ адабиётининг етук асарларини мунтазам таржима қилганим ҳамда мазкур халқлар ўртасидаги дўстликни ривожлантириш борасидаги хизматларим учун Қозоғистон Президенти мукофоти билан тақдирландим.

1999 йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан, 2003 йили Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг “Алам” номли халқаро мукофоти билан, 2011 йили эса “Топдиму йўқотмадим” деган китобим учун Давлат мукофоти билан тақдирландим.

Бунчалик эътибор, бу қадар эътироф мени ўқувчиларим олдида яна ҳам бурчдор, яна ҳам келажакдан умидвор қилиб қўяди. Ўзни ўқувчилар олдида бурчдор, келажакдан умидвор ҳис этмак туйғуси ҳамиша меҳнатга чорлаб туради. Шу муқаддас туйғу йўлдошим бўлиб турар экан, камина элу юрт хизмати учун қамишдан бел боғлаб ижод қилавераман.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 7-8-сон.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-қоп йўқотдинғизми?

Султонали  мирзо "Қушбеги"  маҳалласига  келиб,  бир  дарбозага  кирди.  Қоронғи  йўлакдан юриб бориб, ички эшикни тақирлатди. Ичкаридан "Ҳозир!" деган товуш эшитилгандан ...

Рауф парфи:ассалому алайкум дорнинг оғочи

«Кунтуғмиш»дан Акиф БАҒИРга   КЎНГЛИМ ҚОРОНҒУДИР, ТЕВАРАК ТУТУН, Ёлғиз бошим узра узилар шамол, Кўзларимни ғажир аллақандай тун, Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг божи? – ...

Абдулла қодирий:ўткан кунлар

Ёзғучидан Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ...