VOA: “Ўзбекистонда коррупцияга қарши реал кураш қачон бошланади?”

gkarimova-avakyan
Гулнора Каримова ва Гаяне Авакян

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигига кўра, коррупцияга қарши кескин кураш кетмоқда. Қай мартаба эгаси бўлмасин, айбдор шахс қонун олдида жавоб беради, дейди расмийлар. Бироқ тергов ва суд ҳақида халққа ахборот берилмайди.

Сўнгги икки йил ичида авж олган кампания марказида президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унинг атрофидаги одамлар турибди. Каримованинг маъшуқи Рустам Мадумаров ва яқин дугонаси Гаяне Авакян уюшган жиноятчилик ва молиявий товламачиликда айбланиб судланди. Мадумаров 10 йилга, Авакян эса 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Айрим манбаларга кўра, амнистия сабаб бу жазо муддатлари ҳозирда қисқартирилган бўлиши мумкин.

Юлғичликка қарши йирик ишлардан бири 2013 йилда президент рафиқаси Татьяна Каримованинг жияни Акбарали Абдуллаевга қарши очилган. 30 ёшли Абдуллаев Фарғона ва Навоий вилоятларида олиб борган ноқонуний бизнес фаолиятида 800 миллион доллар ўмарган, дейилади тергов хулосаларида.

Расмий ҳужжатларда қайд этилишича, Абдуллаев нефть, гўшт, ёғ ҳамда цемент бизнесида йирик ўғрилик ва қўпорувчилик ишлари қилгани аниқланган. Унинг қаторида яна 60 га яқин одам судланган.

Бироқ Абдуллаев ва унинг шерикларига қандай жазо берилгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Жараённи яқиндан кузатаётган мутахассислар ҳам бу ҳақда билмайди. Президентнинг оиласи билан алоқадор бизнеслар бўйича изланган экспертлар дейдики, Абдуллаев жуда кўп ҳолларда ўзини уларнинг вакили деб кўрсатган.

Кўплаб ҳужжатлар буни исботлайди, дейди Европада текширувлар олиб борган журналистлар. Тошкентда уй қамоғида ўтиргани тахмин қилинаётган Гулнора Каримова ватандаги жиноий текширувларга алоқадор шахс деб баён қилинган, бироқ унга расман айблов қўйилмаган.

Яқинда эълон қилинган журналистик текширув натижалари шундан далолат берадики, Гулнора Каримова хорижий уяли алоқа бизнесларини Ўзбекистонга киритиш учун улардан 1 миллиард долларга яқин пора олган. АҚШ ҳукумати ўз терговида аниқлашича, Швеция ва Финландиянинг “TeliaSonera” (Ucell), Голландиянинг “VimpelCom” (Beeline) ва Россиянинг “МТS” (2012 йилгача МТS, ҳозирда UMS) компаниялари Ўзбекистон расмийларига катта миқдорда пора берган. Бу пулларни фақат президент қизи емагани аниқ, дейди Тошкентдаги манбалар.

Халқаро майдонда тобора жадаллашаётган текширувлар оқибатида, дейди инглиз мутахассис Дейвид Луис, бугун Ўзбекистонда коррупция кўлами ҳақида яхшироқ тасаввурга эгамиз.

Биринчидан, дейди Британиянинг Эксетер университети профессори, коррупция Ўзбекистонда сиёсий характерга эга. Иккинчидан, бутун тизим коррупцияга асослангани учун унга қарши курашиш деярли мумкин эмасдек туюлади. Учинчи мураккаб жиҳати, бу юлғич система эндиликда халқаро майдонга ҳам сизиб чиққан, дейди Луис, Ғарбда фош этилаётган ишларга ишора қилиб.

Ўзбекистонда пора – сиёсий қурол, ҳар қандай ишни битириш учун таъсир воситаси, дея тушунтиради профессор.

Қарорлар расмий ҳукумат ниқоби остида норасмий равишда қилинади. Бу шунчалик чуқур илдиз отиб кетган одатки, юлғичлик ва пора нақадар оғир жиноятлар экани унутилган. Ўзбекистонда реал сиёсат ана шу муҳитда олиб борилади, расмий шаклда эмас, дейди мутахассис.

Ўзбекистон бир қарашда барқарор муҳитдек кўринади, бироқ уни тебратаётган жиноий элементлар, маҳаллий-сиёсий-бизнес кучлар орасидаги мувозанат бузилса, аҳвол қандай кечади? Гулнора Каримовага қарши кампания ортида ҳам шундай кучларни кўриш мумкин, дейди Луис, яъни ўта коррупциялашган майдонда ички кураш кетмоқда. Жамиятнинг қолган аъзоларига бу курашдан бирор наф йўқ. Ўнлаб, юзлаб одамларни судлаш ва қамаш билан тузум табиати ўзгариб қолмайди. Ошкораликдан дарак йўқ.

Хўш, жамият бу ҳолатдан чиқиши ёки чиқа бошлаши учун нима қилмоқ зарур?

Эксперт сиёсий ирода керак дейди. Энг юқорида ўтирганлар мана шу ўта коррупциялашган ҳолатдан қутулишга қарор қилмоғи керак. Бу дегани сиёсий ислоҳотлар бошлайсиз, реал реформалар. Лекин бу жараённи ким бошқаради, ахир реал ислоҳотлар ҳокимиятда ўтирганларнинг тагига сув қуйиши мумкин. Мана шу чигалликдан чиқиб кетиш ҳар бир жамият олдидаги энг оғир вазифа, дейди Луис, чунки бу машаққатларни бошдан кечирмаган халқни топиш қийин.

Коррупцияга қарши курашда қонун устуворлиги ва мустақил адлия, эркин журналистика ва ахборот воситалари, эркин ва мустақил фуқаро жамияти ва халқаро мониторинг органларининг роли буюк. Ўзбекистонда буларнинг бирортаси мавжуд ёки улар томон ҳаракат бор дейиш қийин.

Пахта соҳаси қандай юритилишини текширган одам бу сектор ҳам бошдан оёқ коррупциялашганини кўради, дейди Жефф Голдстайн, Очиқ жамият жамғармасида етакчи мухассис. Бу ташкилот оқ олтин, юлғичлик ва мажбурий меҳнат масаласи ҳақида таҳлилнома чоп этган. Пахтадан тушган миллионлаб доллар даромад жуда кичик доирага тегади, дейди Голстайн. Ер ва уруғдан тортиб, пахта терими, заводлар ва савдо – бутун жараён қўпорувчиликка асосланган. Мажбурий ва арзон меҳнат эвазига йиғиладиган маҳсулот миллий бойлик дея қайд этилсада, унинг жуда кичик қисми пахтакорлар ва меҳнаткашлар ҳамёнига боради, дейди Голдстайн. Адолат талаб қилсангиз, душмансиз, овозингизни ўчиришади.

Март ойи бошида Вашингтонда Очиқ жамият жамғармасида ўтган тадбирда гапирган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Миракмал Ниёзматов таҳлилича, республикада адвокатлик қилиш ва ҳуқуқ ҳимояси нафақат назорат остида балки кишанланган.

Бу борадаги ислоҳотлар жадал деб бонг уриш билан система янгиланмаяпти. Аксинча, кундан-кунга карахтлашиб бормоқда. Қонунлар изчил ўрганилганида адлия мустақиллиги эмас, уни тобора чеклашга уринилаётгани сезилади.

Судлар – прокуратура қўлида ўйинчоқ. Масалан, суддан олдин кимнидир ҳибсда сақлаш учун талаблар аслида юқори бўлиши керак, лекин Ўзбекистонда судлар прокуратура бу ҳақда сўраганида, камдан-кам ҳолларда йўқ дейди. Майли, ҳибсда қолсин, деган ҳужжатга дарров имзо чекилади. 2008 йилдаги текширув шуни кўрсатганки, мамлакат бўйлаб 16 минг 610 ҳолатнинг фақат 248 тасида судлар айбланувчи ҳибсда сақланмаслигини буюрган.

Ниёзматов мустақил адлияга эришишда таълим ва малаканинг роли беқиёс дейди. Унинг фикрича, жамият халқаро тажриба билан танишиб, ўзаро муҳокама қилиши, одамлар қонун ва ҳуқуқни ҳурмат қилишни ўрганиши керак. Фуқаро жамияти ва матбуот бу жараёнда етакчилик қилсин десак, уларга реал эркинлик бериш керак.

Жамият ишончи ошгани сари ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлар ҳам ўз бўйнига улкан вазифалар юкланганини ҳис этиб, қаттиқроқ ишлай бошлайди, дейди мутахассислар. Ахборотни чеклаш билан ўта коррупциялашган тузум ўз ҳаётини узайтиришга ҳаракат қилади. Лекин бу жараён қанча давом этиши мумкин?

amerikaovozi.com

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Фермерларга ҳар гектар ери учун 40 килодан “темир солиғи” солинди

  Ўзбекистон бўйлаб фермерлар зиммасига жорий йил биринчи чораги учун металлолом топшириш вазифаси юклатилди. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган фермерларга кўра, улардан ...

Ўзбекистонда доллар курси 6,14 сўмга қимматлади

Марказий банк 16 июлдан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади. Унга кўра, 1 АҚШ доллари 6,14 сўмга ошиб, 8584,50 сўмга етди. 1 евро курси эса 45,52 ...