Жорий йилнинг икки ойида Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси пасайгани қайд этилди.
Россия Федерал божхона хизмати маълумотига кўра, 2015 йилнинг январь-февраль ойларида Қозоғистон билан товар айланмаси 22 фоизга пасайган. Ўтган йилнинг дастлабки икки ойида Россиядан Қозоғистонга экспорт ҳажми $1939,8 млн.ни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич $1544 млн.га тенг бўлди. Қозоғистондан Россияга импорт ҳажми эса $850 млн.га тенг бўлди (ўтган йилнинг январь-февралида – $1128,6 млн.).
2015 йилнинг йилнинг январь-февраль ойларида Россиянинг Ўзбекистон билан товар айланмаси ҳажми 31 фоизга пасайган. Россиядан Ўзбекистон экспорт ҳажми $302,4 млн.га (ўтган йилнинг шу даврида – $411,8 млн.), Ўзбекистондан Россияга импорт ҳажми эса $78 млн.га ($139,7 млн.) тенг бўлди.
Россиянинг Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан товар айланмаси асосан Россия экспорти билан белгиланади. Жорий йиднинг илк икки ойида Россиянинг Қирғизистонга экспорт ҳажми 12 фоизга ($292,9 млн.дан $258,8 млн.га), Тожикистонга 6 фоизга ($114,7 млн.дан $107,5 млн.га), Туркманистонга 20 фоизга ($144,3 млн.дан $116,4 млн.га) пасайган.
Федерал божхона хизмати маълумотига қараганда ўтган икки ойда Россиянинг умумий ташқи товар айланмаси ҳажми 83,9 миллиард долларга тенг бўлди. Ўтган йилнинг шу даври билан таққосланса, бу 28,8 фоизга камдир.