Маҳмуд Йўлдошев: Миллий руҳимиз, ўзбекнинг тийнати қачон ўзгаради?

 

Маҳмуд-Йўлдошев
 “Биз Италияни яратдик, энди итанлянларни яратишимиз керак.”
“Мы создали Италию, теперь мы должны создать итальянцев.”
“Факат махлуқларда табиятан сиёсатга бефарқлик бўлади”.
Афлатун.
Афина демократиясида, қуллар сиёсатга алоқасиз, таъқиқда бўлганлар.
Курашган, таслим бўлгандан кўра камроқ ютқизади.

 

Бугун, ҳар биримиз шу давлатнинг, миллатнинг жонкуяри сифатида яқин ўтмишимизга қараб чорак асрлик янги тарихимиз ҳақида нима ҳам дея оламиз? Наҳотки, биз, айниқса ўзини зиёлилар атовчи миллатнинг катта бир табақаси, миллатимиз тақдири ҳақида ўйлаганда, ҳар куни орамизда кўтариладиган майда тортишувлар доирасида фикр юритишдан нари ўтолмасак. Наҳотки, айблашга қолганда фақат ўша собиқ империя айбдору, бугуннинг дардини ҳал қилишда кимнингдир ёки фалончининг кўзи билан қараб океан нарисидаги ё берисидаги америкачиликни ёки собиқларни айблашдан нари ўтолмаймиз.
Демак, масалага ўз дардимиз нуқтайи назаридан ва ўз кўзимиз билан қарашни тиклаш вақти келганлигини англашимиз ва фақат шундагина ўзбек миллий руҳини тўғри тушуниб унинг аламли дардларини мантиқий нуқталарга таяниб ҳал қилишга киришамиз.
Албатта, бу муаммолар тўғрисида ўйлаётганлар: улар хоҳ партиялар, хоҳ алоҳида ташаббускор гуруҳлар, жамоат ташкилотлари, қолаверса бу ҳақда ўйлаб ўз оромига ташвиш орттириб юрганлар борми, деган савол туғулади. Ишонч билан айтиш мумкинки, албатта бор. Миллатнинг зийрак вакиллари ҳар доим ҳам мана шу миллат дарди билан яшаб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Чунки улар миллатнинг кечаги аҳволини яхши билади, бугунини чуқур тушунади, эртаси учун уларнинг диллари безовта, ташвишлари бор ва доим қайғуришади.
Масала муҳокамасининг бошида айтиш керакки, ҳозирги кунда икки зиёли йиғилган жойда кўтариладиган саволлар ҳали ҳамон уч ва ундан ортиқ киши йиғилганда кўтарилмайди. Биз ички “аждаримиздан”, (аслини олганда ўтган аср тарихимиздаги 37 даҳшатли йиллардан) ўзимизни ўзимиздан қўрқитиб қўйган, очиғини айтганда майда чақимчи ва чақимчиликдан қутула олмаяпмиз. Яқин, узоқ ўтмишда ўтган, тарихимизнинг қонли саҳифаларини ҳали ҳамон булғаб турган, қўли елкасигача қон сотқинларимизни сотқин, бир сўз, бир жумла билан “даҳога” айланган даҳоларимизни даҳо кўтариб, сотқинларини сотқин деб, даҳоларни даҳо деб айта олмаяпмиз. Ҳақиқатнинг юзига, халқнинг муаммоларига зиёли вакиллар томонидан тик қараш, кимнингдир, кимларнингдир манфаатлари учун уларни хаспўшламаслик, миллат ва халқ учун, унинг келажакка дадил қадам қўйиши учун ҳамма даврда ҳам ўта зарур хусусиятлардан бири бўлганлигини унутаётганга, илғай олмаётганга ўхшаймиз.
Тарихдан маълумки, ҳақиқатни инкор қилган, ҳақиқатни кўришдан қўрққан ва ўша ҳақиқатга қараб дадил юришни бошламаган халқ эртанги ёрқин ҳаёт, кун учун катта умид билан дадил оёққа тура олмайди. Ҳаёт жанг, курашмаган таслим бўлади, курашгандан эса таслим бўлган кўпроқ йўқотади.
Бугунги кунда ҳам, қисман, юқорида айтиб ўтилган сабабларга кўра, ватан ҳақида сўз юритилиб турган жойда бирор камчиликни кўрсатиб дадилроқ фикр айтсанг ўша даврадагиларнинг ё кўзи олаяди ё муҳокамани бошқа томонга буришга уринади, ҳатто “қўйинглар, уят уят гаплардан гапирайлик”, деб уялмасдан ўзини олиб қочувчилар кўпайиб кетади.
Ана энди душман излаб кўрайлик, асл душман бирор хатонгни баҳоли қудрат, ўз тушунчаси доирасида айтган кишими ёки хатонгни хаспўшлаб сени мақтаган кишими. Менимча, халқнинг ўзлик сари қадам қўйишида энг даҳшатли душмани ўз ичингда туриб ўз дардингни кўрмасликка оладиган киши ва сен бу дардлардан гап очсанг, сени душманга чиқарувчидан хавфлироқ кимса йўқ. Мадомики бундай шахслар маълум лавозимларда бўлсалар, халқ учун ташқи душманнинг кўп ҳолларда кераги ҳам бўлмай қолади.
Ҳар ҳолда, “тўкилган тишларнинг талқинини чиройли қилиб айта олган аччиқ ҳақиқатнинг” яхши эканлигини кўпчилик тасдиқлайди, инкор қилмайди. Аммо, бир вақтлар халқнинг иродаси паймол қилиниб, унинг ўз тийнати учун кураш хусусияти пасайиб кетган бўлса, кўпчилик учун амалда буни кимдир юқоридан айтиши керакдай бўлаверади, юқоридан айтилишини кутадиганлар кўпайиб кетади ва сен ва менинг муаммоларимни фақат ўшалар билишига ишонмаса ҳам, ўшаларнинг ҳаракатини кутиб, ўзини доно санаган ҳолида ботқоқда яшайверади.
Менимча, бу миллий руҳимизга сингиб кетган энг салбий хусусиятлар, нуқсонлар, унсурлар, кечаги ҳаётимизнинг тобелик, руҳимизга ўрнашиб кетган қуллик белгиларидан. Ўйлайманки, улардан секин аста қутулиш пайти етиб келди. Акс ҳолда биз миллийликни, миллатни, Мустақил Ўзбекистон халқи руҳини тиклаш катта кўчасига чиқа олмасдан жуда муҳим имкониятни, яъни қимматли вақтни бой берамиз.
Агар биз жаҳон ҳамжамияти қаторида яшашни истасак, эртанги кунда “игил”, “ишил” “идил” лар ва бошқа шуларга ўхшаш балою баттарлар даврасида қолиб кетишни хоҳламасак, хоҳлаймизми, йўқми дунёдаги халқлар синггари демократик қонунлар доирасида яшашни, демократик давлат қуришни давом этдираётган давлатлар қаторида туриб яшашга интилишимиз ва фақат улар орасидан ўзимизга жой қидиришимиз керак. Акс ҳолда тарихнинг бирор пучмоғида, кимнингдир оғзига қараб ғимирлаб кун кўришдан нари ўтолмаймиз. Яна охирги ҳисобдаги йўқотишимиз нархи курашимиз нархидан қимматга тушаверади.
Бугунги кунда ўзбеклар ўзини жаҳоннинг қайси даврасида кўрмоқда ва кўришни хоҳлайди? Бу ўта катта савол ва жиддий тортишувларга сабаб бўладиган масала эканлигини тушунган ҳолда уни четлаб ўтишнинг ўзи ҳам юқоридаги елка қисиб муаммони муҳокама қилмасдан (ҳал қилишдан) қочишга ўхшаб қолади.
Маълумки, мақсадлар, айниқса миллат келажаги ҳақида гап кетганда буюк мақсадлар олдимизда турмас экан, ҳар қандай иқтисодий ва бошқа майда реформаларнинг ўзи кераксиз, натижа бермайдиган, берса ҳам ҳеч кимга керак бўлмайдиган, бугунги куннинг ташвишларинигина ёпишга ҳаракат қилинган майнавозчиликка айланиб қолади. Чунки фақат иқтисодий ўзгаришлар билан шахс ва жамият онгини ўзгартириб, шакллантириб ва энг зарури маънавий марраларга, ёрқин ҳаётга етаклаб бўлмайди. Бунинг учун эса давлатнинг, халқнинг асосий ҳужжатлари бўлмиш, дастурларида мақсад аниқ ёритилиши ва у халқ оммаси онгига аниқ мисол ва далиллар ёрдамида сингдирилиши шарт. Психологлар тили билан айтганда, онгли инсонда мақсадсиз ҳаракат бўлмайди. Мақсад эса ҳар кунлик кўникмалар, одатлар ва қонунлар доирасидаги ҳаракатларга айланиши шарт. Мақсадсиз ҳаракат фақат, бу ҳам шартли равишда, онгсиз жонзотларгагина хосдир, уларгина кунлик овқати доирасидаги шартли рефлекслар билан яшайди.
Биз ўзимизни қаерда кўраяпмиз. Оврупо демократларининг орасидами? Туркий оламдами? Ислом оламидами? Албатта бу саволларнинг ҳаммаси фақат ва фақат мафкуравий ва маънавий оламни кўзда тутилган ҳолда қўйилганлиги кўриниб турипти. Бу саволга иқтисод, иқлим ва бошқа турли кўринишлари кирмаган ҳолда ҳам биз ўзимизни бу саволлар доирасида қаерда кўраётганимизни жиддий тортишувларсиз аниқлашнинг имкони йўқ.
Аммо, муаммонинг муҳокамаси бошланганданоқ кимлардир, албатта демократия бизнинг “ўзимизники бўлиши керак”, деб чиқади. Нимагадир, бугунги кунда, ҳали ҳамон Европа демократиясидан ҳам, туркий оламдан ҳам нари туришни яхши кўрамиз. Давлатимиз кўп миллатли ва кўп конфессияли бўлишига қарамасдан юз фоиз ҳаммамиз демократларга, нодемократларга, мусулмонларга, ҳатто кофирларга ва бошқа фалончиларга чиқамиз ва ҳоказо ва ҳоказо.
Очиқ айтиш керак, фақат ўзбек (Ўзбекистон бўлса ҳам майли эди) миллий рангидаги демократиянинг бўлишининг ўзи мумкин эмас ва бўлмайди ҳам. Жаҳон ҳамжамияти орасида ҳали замон тил ва миллат тушунчалари ва улар билан боғлиқ муаммолар бор экан, биз ўзимизни, масалан, туркий оламдан нари тута олмаслигимиз ҳам аниқ. Исломга келсак, бу тушунча 21 асрда бошқа динлар қаторида фақатгина дин эканлиги ва дин замонавий ҳар бир давлатда эса алоҳида шахснинг ички ва ўта шахсий эътиқодигина эканлигини ва бу масала жаҳондаги кўплаб давлатларда худди шундай ҳал қилинганлигини, қилинаётганлигини тан олишимиз керак. Ахир ватанимизда бошқа дин вакиллари ҳам яшайди ва яшаб келган, қолаверса туркийлар тарихда ва бугун фақатгина исломга эътиқод қилганлар эмас. Биз туркийларнинг орамизда мусулмонлар, буддавийлар, тангричилар, христианлар, таврот ва инжилга эътиқод қилувчилар ва бошқа қанча қанча дин вакиллари яшайди, яшаб келган ва бобо тарихимиз буни катта-катта рақам ва далиллар билан тасдиқлайди. Турк олами ўз тарихида динларга нисбатан энг толерант олам бўлган ва шундай саналган ва буни унутмаслик ва энг зарур томони, бу хусусиятни ўз миллий тийнатимизда тиклашимиз керак.
Шундай экан, бирон бир муҳокама бошланганда, суҳбат бошиданоқ масаланинг моҳиятига етмасдан туриб бирор бир фикр айтганни “қилич” кўтариб чопишни одат қилмасликни, тарихий хулқимиздаги толерантлик хусусиятларимизни тиклашимиз, зарур ҳолларда уларнинг замонавий кўринишини қабул қилишимиз бугуннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиши керак. Бизда эса айнан мана шундай ё қилич кўтариб чопамиз ё энг одат тусига кириб қолган бир ҳолат, “бу масалаларга қўшилмай туринг, юқоридагилар билади”дан нари ўтолмаймиз. Шу мисол ва фикрлар кўрсатадики, халқимиз ижтимоий ва айниқса сиёсий жиҳатдан энг нофаол фуқароларга айланган ва у ўзининг уйғонишини, уйғониш азобини бошидан кечираяпти. Бу вазиятда зиёлиларимизнинг роли унутилмас ҳолдир.
Янги ўсиб келаётган “баркамол авлод”, унинг фикри ва орзулари ҳақида ҳали бирон жўяли сўз айтиш қийиндир. Аммо, бизнинг: юқори ва ҳатто ўрта авлод масаланинг муҳокамасидан қочишга энг устаси фарангга айланиб бўлганини инобатга олсак, ушбу келажак авлоддан “Қуш уясида кўрганини қилади” ақидасидаги натижадан бошқасини кутмаса ҳам бўлади.
Биздаги ҳолат шундаки, ҳамма муаммо ёки ўзи ўзидан ечилади ёки “бу муаммоларни фақат юқорида фалончилар ечадига” ўрганиб қолганмиз. Маълумки, бу албатта узоқ йиллар ўз мустақиллигимиз ўз қўлимизда бўлмаганлиги туфайли, руҳимизга ташқаридан сингдирилган, “сизлар учун биз ўйлаймиз” иборасининг оқибатидир.
Айтиш лозимки, оғирликни елкага олиш ҳам мардликнинг бир тури.
Бугунги Мустақиллик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда келгуси авлодга очиқ, равон, “Озод ва обод ватан” қолдириш ҳам керакку. Ким айта олади, энг охирги бор матбуотда мана шу “Озод ва обод ватан” мавзусида ва бу қурувчилар хусусиятларини шакллантириш йўналишида ким, қайси партия ёки жамоат ташкилотларининг вакили ва қандай жиддийроқ муаммони кўтариб чиқа олди. Мисоллар келтирилса хурсанд бўлиб матбуотни синчковлик ва узлуксиз кузата олмаганимни тан олардим.
Биз ўзбеклар бугунги кунда ҳатто катта-катта йиғилишларда ҳам майда-майда муаммолар атрофида, бачкана фикрдаги одмаларнинг тортишувлари доирасида суҳбат қилишдан нари ўтолмаяпмиз. (Бунга мисол қилиб телевидениямиздаги эртадан кечгача муҳокамаларга сабаб бўлаётган оиладаги қайнона ва келин мавзусини кўрсатган бўлардим.) Гўёки бошқа жиддийроқ мавзулар йўқдай. Шунинг учун кўп ҳолларда ҳатто тарихий хусусиятимизда бўлган “ҳалол, ҳаром” тушунчаларини ҳам унутиб қўйиш даражасигача бориб қолаяпмиз.
Оддийгина иккита мисол келтираман. Ҳаммамиз зарурат учун таксиларга чиқамиз. Мана шу “таксичидан”: “лицензиянгиз борми”, деб сўраб кўринг, у сизни машинасидан итариб тушириб ҳайдайди. Сизнинг, “давлат ижозатисиз топаётган пулингиз ҳаром”, десангиз, “мен меҳнат қилиб топаяпман, бу қанақасига ҳаром бўлиши мумкин”, деб сизни кофиру ёлғончига, туҳматчига чиқаради. Иккинчи мисол, каттагина даврада ўзининг айтишича мактаб раҳбарларидан бири бўлмиш шахс қандай қилиб у болалари билан ёз давомида қўшни фермернинг даласидан сомон йиққанини ва ҳар куни комбайчига икки “баклашка” пиво бериб икки халтадан дон олганини ва ёз давомида 1,5 тонна ғалла тўплаганини баралла айтиб берди. Атрофдагилар бу фожеанинг моҳиятига ё тушунмади ёки биз шу даражада ботқоққа ботиб бўлганмиз, бунинг очиқ ўғрилик эканлигини англамаяпмиз. Даҳшатлиси, буни марифатчи айтаяпти ва марифатчи бу ишни амалда қилмоқда. Яна ҳам даҳшатли томони шундаки, унинг ёнида ўз ёш фарзандлари бор, улар бунга шерик ва шунга ўрганаяпти. Қандай бўлганда ҳам бу мисоллар бизнинг бугунданоқ бонг уриб, енг шимариб зудлик билан миллий руҳиятимизни, миллий тийнатимизни тиклашга киришишимиз зарурлигини кўрсатади.
Қачон бирон бир улкан масала кўтарилиб унинг муҳокамаси ташкил қилинди, қачон бир ўзбеклар дунёсига арзигулик “мегапроект” кўтарилди ва бу муҳокамада кимлар нима дея олди. Ҳатто эртадан кечгача теле ва радио каналларини ғужғон қилган оила муаммосини ҳам бугунги дунё миқёсидаги оила муаммолари билан кўтара олдикми? Нима, бизда бу муаммолар ҳал қилиб қўйилганми ёки улар бизда йўғу, бизни бу муаммолар четлаб ўтадими?
Яна ўша ўша, икки киши бўлсак бу муаммоларни ҳам дунё миқёсидаги кўринишларда муҳокама қилишга уринамиз ва ёнимизга бир киши келиб қўшилдими, дарҳол гапни ё бошқа томонга бурамиз ёки ҳозиргина айтиб турган фикримизнинг 180 градус тескарисини айтиб оғиз кўпиртиришни бошлаймиз. Айтайлик, трансвестит ва бошқа бирон нуқсонли психологик муаммоси бор шахслар бутун давлатимизда умуман йўқдай иш тутамиз.
Тўғри, тан олиш керак, бир вақтлари фақатгина қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, аниқроғи пахта етиштирувчи уларнинг тили билан айтганда “боқиманда”, “хлопкораб” қолоқ бир республика даражасидан аллақачон чиқиб, нисбий солиштирганда охирги йиллар иқтисоди жиҳатдан олганда анчагина бақувватлашиб қолдик. Бу йўналишдаги баъзи ютуқларимизни кўрганлар ва кўра олмаганлар ҳам йўқ эмас. Аммо, маънавий йўналишда, Ўзбекистон ва ўзбекнинг дунёдаги ўрнини, мавқесини мустаҳкамлашда нимага эришдик ва нималар қилаяпмиз? Бу саволларга жавобни яна ҳам ўша юқоридан кутамизми, биз ўзимизчи. Бир савияси унчалик юқори бўлмаган, аммо дадил саволни қўя олган қўшиқда айтилгандай “сен ўзинг нима қилдинг…”, деган саволга қай тарзда жавоб бера оламиз? Ё фақат эртаю кеч “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз…” деб жар солишдан, аммо амалда кўплардан ҳали кам эканлигимизни кўра олмаслик даражасидан нари ўтмаймизми? Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди, кам бўлмаслик учун эса ҳар куни Гётенинг айтганидай “Ҳаёт учун жангга кириш керак”. Онгли равишда ҳаёт учун жанг қилиб турган кишигина ютдирмайди.
Бир вақтлар адабиётда, ижод муаммолари муҳокамаси эркин ижодкорлар орасида анчагина уринишлар билан бошланган эди, аммо улар ҳам аниқ сабабларга кўра сўнди, маънавиятда ҳам худди шундай, ижтимоий оламдаку ачинарли ҳолатга тушиб бораяпмиз. Ижтимоий масалада энг кучли фикрлайдиган миллатлардан биримиз, ахир ижтимоий фалсафа, ижтимоий психологиянинг отаси Форобий бўлишига қарамасадан бу йўналишда дадил фикрлар эмас, ҳатто дунёдаги айтилган фикрларни ҳам Ўзбекистон доирасига олиб киришдан қочсак қочамиз, олиб кирмаймиз. Дадиллик, масалани Ўзбекистон қиёфасида, давлатимиз манфаати доирасида кўришга иштиёқ, аслида ирода йўқ. Гўёки бу муаммоларнинг ҳаммасини кимдир, қачондир биз учун ечиб беради.
Биз ўзимиздан олдин ўтган адабий, фалсафий ва бошқа йўналишдаги титанларимизнинг фикрларини, орзуларини бир қадар ҳаётга тадбиқ қилиб бўлдик, аммо ўзимиз, бугунги ҳаёт талабларидан келиб чиққан ҳолда эртамизнинг замини нимада бўлишини ва нималар бугунги кунда ўта долзарб масалаларга айланиб улгурганини, келажак авлодга кўрсата олаяпмизми. Миллатимиз, давлатимиз, халқимиз, ёшларимиз ва бошқа турли табақаларимизни бирлаштирувчи миллий, 21 аср манзарасига арзигулик давлат дастуримиз, ҳозирги замон тили билан айтганда бирлаштирувчи проектимиз борми? Ёки улар ўзларининг ҳаётларини ўзлари қуриб олади, бу ҳақда катталар бирор фикр билдириб қоладилар, деб яшаб бошимизни яшириб кўзимизни бошқалардан пана қилиб ўтиб кетаверамизми? Ахир бундай позиция миллатни боши берк кўчага киритиб, ёшларни эртанги кунга русча қилиб айтганда “без руля и ветрил” қолдириш эмасми?
Айтиш лозимки, мустақиллик ғояси ва кейинчалик мустақилликнинг кириб келиши миллатимиз, давлатимиз ва халқимиз учун ўз бурчини бажариб бўлди. Энди шу мустақил давлатга мос руҳдаги миллатимизни, халқимизни тиклаш, дадил қилиб айтганда яратиш пайти аллақачон келди. Биз ўтган асрнинг 90 йиллардаги ғоясизлик, охирги юз ва ундан ортиқ қарамлик, ҳуқуқсизлик поғонасини аллақачон босиб ўтдик. Энди ҳаётимизни, тараққиётимизни, келажакка интилишимизни, яшаш тарзимизни бундай давом этдириб бўлмайди. Ҳатто Конституциямизнинг қаторларидан жой олган (..Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас….) жумлалардаги ғоясизликка барҳам бериш пайти етиб келди. Бу ишлар зудлик билан ҳал қилинмаса, энг бўлмаганда уларнинг ечими қидирилиши бошланмаса эртага кеч бўлади.
Кечагина, ғоясизликнинг ўзи оммавий ғоя эди, очкўзлик ва очкўзликни тўйдириш бутун кўпчиликга энг катта амалий машғулот бўлиб хизмат қилди. Мана, шукроналар бўлсинки, сал кўзи тўйганлар ҳам чиқиб, энди давлат миқёсида турган муаммо ва фикрларга уларнинг ҳам кўзи туша бошлади. Шукроналар бўлсинки, ҳар ҳолда ҳаракат бор, деса бўлади.
Эркинликнинг илк даврларида хусусий мулк, хусусийчилик кўпчиликнинг кўзига ёғдай ёпишди, аммо миллат, халқ, давлат тушунчаси хусусий тушунчадан юқори туриб умумий тушунчага бориб тақалишини зиёлилар англаб турган бўлса ҳам уларнинг маълум маънода айтиш ва бошқаларга амал қилдиришга имконлари йўқ эди. Улар баъзи ҳоллардагина фақат маслаҳат бера олди. Аммо, ўша пайтлар зиёлиларнинг айтганларини тушунадиганлар кам эди. Тушунадиганлари бўлганда ҳам, масаланинг ҳал бўлиши учун вақт ҳали етиб келмаганини билганлар ҳам бор эди. Мана, айнан шуларнинг бугунги кунда миллий ва умумий муаммоларга кўзлари тушиб, ақл фаросатлари етиб келмоқда. Улар энди кимнингдир, қайси бир камхаржли зиёлининг китобини чиқаришга, кимнингдир ночор аҳволини сал кўтариб қўйишга, бирор жойда ҳаммом ёки спорт майдончаси қуришга, бирор ақли расо йигитнинг ўқишига шароит яратиб беришга вақт ва имконлари ошганлигидан бу ишларга қўл уриб, илож топмоқда. Аммо, бу ҳаракатлар оммавий, ташкилланган тартибда умумий йўналишга, халқ тийнатини шакллантириш даражасига кўтарилмаяпти. Хусусиятимизга сингиб кетган “ўзибўларчилик” эса салбий оқибатларга қараб етаклаётганини сезмай қолаяпмиз. Бундай дейишимга бир мисол келтириб фикримни тасдиқламоқчиман.
Ҳар куни Ўзбекистон бўйлаб, ҳатто биргина Тошкентда неча юзлаб тўйлар ўтади. Бу тўйларда “янгича” чиққан диний йўналишдаги “амри маъруф”ларни олайлик. Бу тадбирларда қанчадан қанча диндорлар ваз қилмоқда. Бунга сарфланган вақт соатлару уларда қатнашган одамлар сонини ҳеч ким ҳисоблаб кўрдими? Йўқ. Бу тадбирлар аҳолимиз катта бир қисмининг ўзлари моҳиятини тушунмаган ҳолда динийлашиб кетишига ва охир оқибат бир куни давлатимизда клерикализмнинг кучайишига олиб келишини тушуниб етаяпмизми? Бир оддий этнопсихолог сифатида бу амалларнинг охир оқибати унчалик ижобий натижаларга олиб келмаслигини айтиш мумкин. Бу фикрлар халқимиз онгидаги диний эътиқод ва бевосита диндорларга қарши фикр эмаслигини таъкидлаш жоиз.
Айтиш керакки, юқорида келтирилган амаллар жуда оз ва энг ачинарлиси булар ҳали эндигина кўзга тушаётган моддий заруратлар, уларни бартараф қилиш учун эса моддий имконимиз анча кучайди ва афсуски маънавий муаммолар ечимини излаш борасида вақт эса анчагина ўтиб бўлди ва орқамиздан ўз даврида ечилмаган муаммолар ечим талаб қилиб шиддат билан қувиб келаяпти. Аммо, бу камчиликларнинг кўпчилиги, кўп ҳолларда тезгина ечими топиладиган моддий камчиликлар. Улар албатта тузалиши ва тузатилиши керак. Аминманки, тезда тузалиб ўз ечимларини топиб ҳам кетади.
Аммо, олдимизда турган маънавий муаммолар қанчалик кичик бўлмасин улар эртанги кунда жуда катта хато ва қийинчиликларга олиб келишини айтиб ўтиш мумкин. Каттароқ муаммоларнинг оқибатларини айтиб ўтирмасак ҳам бўлади. Биргина адабий тилимизга эътиборсизлик бутун миллатимизнинг якдиллигига, жипслигига, жипслашувига раҳна солувчи факторга айланиб кетиши мумкин ва бунинг унсурлари кўрина бошлади ҳам. Бу муаммолар ҳаммаси кейинчалик биргалашиб миллатимизни боши берк кўчаларга олиб кириб қўйиши мумкин. Ҳар қандай тил ўз шевалари билан бой бўлишига қарамасдан, ягона адабий тил атрофида миллат бирикмасдан халқ бирикмайди. Шу жойнинг ўзида айтиш мумкинки, ягона миллий тил атрофида бирикмаган миллат бирлиги, жипслиги мавҳум бўлиб қолаверади ва парчаланиш томон ҳаракатда эканлигини англамаслик даражасига бориб қолади.
Ўта қиммат машиналар олиш, данғиллама уйлар қуриш ва бир кунлик тўй деб ҳатто “эрдан чиқиш”лар пайти, менимча бир қадар босиб ўтилди. Олдинга бир қараб, орқага ҳам қараб олишлар ва қараётганлар етилиб келаяпти. Бу қувонарли ҳол. Айни мана шу ҳолатни сезган, унинг ўта муҳимлигини англаган ҳолда зиёлиларимизнинг жиддий ва салмоқли фикри ва сўзлари бугунги кунда жуда зарурлиги сезилиб қолаяпти.
Шунга қарамасдан биз ўзбек зиёлилари ҳали ҳам миллий жипслик, давлатимиз фаравонлигини таъминловчи миллий ғояни яратиш, унинг атрофида бирикишни амал қилиб олиш борасида жиддий кураш йўлига ўтганимиз йўқ. Бу ўринда ҳали “чириган зиёлилар” ўз сўзини айтадиган вақт, гўёки ҳали ҳам унчалик етиб келмагандай иш тутмоқдамиз.
Кўпчиликнинг хаёлида бугуннинг долзарб маънавий муаммолари, ҳамма нарса ўз ўзидан, энг бўлмаганда еттинчи асрда дунёга келган ислом дини доирасида ҳал бўлиб кетадигандай. Савол туғилади: чучварани хом санамаяпмизми, дўппини ёнга олиб ўй сурадиган пайт ўтиб кетмаяптими, энг бўлмаганда шундай пайт етиб келганлигини сезмаётганга ўхшаймиз, демак, агар сезмаётган бўлсак дардимиз анча оғир эканлигини тан олишимиз керак.
Афлотун айтганидай сиёсатдан четда юриш бу махлуқларга хос хусусият. Мустақил давлатимизнинг онгли фуқаролари бўла туриб ижтимоий ва сиёсий, айниқса маънавий жараёнга аралашмаслик эса ўтмишдан қолган, халқимиз руҳига мажбурлаб сингдирилган, бугунги кунимизда ўта қайғули натижаларга олиб келувчи қуллик руҳиятнинг энг салбий қолдиқларидир. Зиёлиларимиз томонидан бундай ҳолатни сезмаслик халқимиз олдида жиноят билан баробар.
Бир қараганда, масалан, минглаб одамлар қатнашадиган тўйлар даври ўтаётганлигини сезиш мумкин, (тўйлар анча тартибга тушиб келаяпти, аммо уларнинг ёмон тус олаётган томонлари ҳам йўқ эмас) аммо орқамиздан келаётганлар, бугунги кунда сал тўйиниб қолган ўрта синфнинг айнан мана шу “минглар” тўйини такрорлашга ҳаракат қилаётганини кўриб туриб индамаслик, бу миллат келажаги учун жиноят эмасми? Оммавий равишдаги тўйларда тус олган “амри маърифлар” маълум маънода оммани соф эътиқодга эмас, саводсизларча, ҳатто, маълум маънода, динсизликка олиб кетмаяптими? “Икки олам сарвари…” деб бир тарихий шахсни айтишнинг ўзи ўта динсизликка олиб келмайдими? Ахир, психологлар орасида бир фикр бор, шахснинг кўр кўрона ишониши ва кўр кўрона амал қилишиданда унинг шахси ва шахсий маънавияти учун бундан ёмонроқ, салбийроқ ҳолатнинг ўзи йўқ. Бундай ҳолатда шахснинг онгли ўз фикри бўлмайди, у омманинг, оломоннинг элементигагина айланиб қолади.
Миллат ўз ички дунёсида, қолаверса давлатдаги бошқа миллат вакиллари билан, қўшни давлатлару турдош давлатлар билан жипслашмас экан ва бу жипсликка жиддий аҳамият бериб уни қадрламас экан, унинг охири вой бўлишини атайлаб айтиб ўтиш шарт ҳам эмас. Бу борада дунёдаги мисолларга келсак, Европанинг бирлиги ва бу бирликни қадрлашларини эътироф этиб таҳсин айтадиган намунадир. Европа дунёга чегара ва маънавий олами билан очилаётган бир пайтда, қайси бир давлатлар, Европадаги баъзи, ҳамма жойда ҳам учрайдиган салбий мисоллар орқали ўша дунёдан беркинишни, ўз ички қобиғига ўралишни, маънавиятсизликни илгари сураяпти. Не ҳолки, биз ҳам баъзан мана шу салбий оқимга эргашиб қолаётганимиз, ўзимиз сезмаган ҳолларда учраб турмоқда. Бунинг учун аҳолимиз орасидаги, давлатимиз ичидаги ва энг салбий томони дунё сиёсий ва ижтимоий ҳаётига, бу ҳақдаги маълумотларга лоқайдликни, Европада бўлаётган воқеаларга фақат русларнинг ёки бошқа бировларнинг бир томонлама сиёсатлашган нуқтайи назаридан келиб чиқиб ва уларнинг кўзи билангина қарашни кўрсатиш мумкин. Ўз фикримиз, ўз назаримиз қани?
Бирликка катта эътибор бермаганлар ва бу бирликда кимнингдир бошқа бировдан каттароқлигини сур-сур қилиш қандай оқибатларга олиб келишини тарих такрор-такрор ўз тажрибасида бизга ҳам кўрсатганлигига қарамасдан бу хатонинг такрорланиши қандай салбий оқибатларга олиб келиши бизнинг тарихий хотирамизда бор. Қолаверса, бу хатони такрорлашни хоҳловчилар, психологик тил билан айтганда кўникмалар, одатлар асирлари, ўз салбий тушунчаларининг қуллари кўпайса кўпаймоқдаки камаймаяпти.
Ўзлигимизнинг илк қадамлари кунларини эслар эканмиз, бир вақтлари миллатимиз тарихида бўлган катта империялик даври ва тарихини тан олдик ва шу йўналишда қадам қўя бошладик. Аммо, бу империя ва ундан кейинги ўзбеклигимиз тарихини, билмадим, атайлаб унутишга ҳам ҳаракат қилиб келмоқдамиз. Тарихимизнинг бир саҳифасини зарварақлар, деб тан оламизда бошқа бир (бугунги кун нуқтайи назаридан олганда бизга ёқмайдиган) варағини кўрмасликка ҳаракат қиламиз.
Менимча, ўз ўтмишининг олтин қирраларию қора ўпқонларини бутунлигича эътироф этмаган халқ, тарихинининг баъзи саҳифаларини махфийлаштиришни бошлайди. Бу эса унинг ўзини баъзи ҳолларда ноқулай ҳолатга солиб у ёки бу даврада, пайтда, ҳолатда дадил гапира олмаслигига сабаб бўлади. Ёлғон, керак ва керак бўлмаган жойда тарихий ва бошқа маълумотларни сохталаштириш, ҳақиқатнинг юзига тик қарай олмаслик ҳеч вақти ижобий натижаларга олиб келмаган ва келмайди.
Ўз тарихига дадил назар ташлай олмайдиган халқ хулқида ундан қўрқиш, қандайдир бир камчиликни ҳис қилиш, ўзини тушкун сезиш, қолаверса бошқалар олдида нимадандир ҳадиксираш ҳисси жой олади. Бу тушкун кайфият билан эса порлоқ эртани, буюк келажакни яратиб, ўсиб келаётган ёш авлодга “озод ва обод” ватан қолдириб бўлмайди. Миллатнинг, давлатнинг эркин аъзолари, будунлари, тобелари, бир сўз билан айтганда фуқароларини эркин руҳда тарбиялаш, уларни ўз тарихига ҳурмат кўзи билан қарашга ўргатишдан бошлансагина бундай халқнинг, давлатнинг келажаги буюк бўлиши мумкин. Бошқа ҳолатларда халқ ҳадиксираб яшашга ўрганиб қолади.
Мана бу тушкунликлар ва бошқа юзлаб турли сабаблар эвазига биз ўзбеклар ўз келажагимиз мўлжалларини, қирраларини, ориентирларини, ёрқин манзил ва марраларни йўқотиб қўйганлигимизга анчагина бўлган ва мана шу йўқотган манзил ва марраларни бугун аниқлаб олмасак, ўз олдимизга замонавий тил билан айтганда мегопроектлар ва уларни ҳал қилиш йўналишларини қўймасак, порлоқ келажак тушунчаси нафақат ўзимизни, қолаверса, энг зарури ўсиб келаётган ёш авлодимизни ҳам жуда қийин ҳолатга солиб қўйиши турган гап.
Ғоянинг, айниқса миллий ғоянинг кичкинаси ёки каттаси бўлмайди. У ҳали амалга ошмаган, аммо ошиши керак бўлган, ошишини орзу қилувчилар томонидан шиддат ва ишонч билан қўйилган марра, нишон, бахтли келажак. У саробга айланмаслиги учун бу ҳақда аниқ марралар кунда таҳлил қилиниб, белгиланиб ва бор имкониятлардан фойдаланилган ҳолатда оммага етказилиб борилиши керак. Шундагина у миллатнинг руҳига, онгига унинг ўз ишончи, кундалик ташвиши, вазифаси сифатида сингиб боради.
Шундай экан, катта орзу томон ҳар куни дадил қадам қўймаслик, орзу орқасидан қувиб эртанги кунни яратмаслик ва бугунги кун шеваси билан айтганда майда гаплик ва майда-майда муаммолар атрофида соатлаб оғиз кўпиртириш, буни ҳам фақат икки киши бўлганда, учинчи киши келганда бошқа томонга ўтиб олишлар, бу аслида кечаги тарихимиз таъсири, руҳимиздаги эскидан қолган қуллик психологияси, холос. Қул эса, ўз қуллик психологиясидан чиқа олмай ўзига хўжа излаб яшайди ва қулай келган ҳолда ўзига янги хўжани топишга уринади. Фақат қулларгина бий, бой, шоҳ, цар дастурхонидан ким каттароқ суяк олганлигини кўз-кўз қилиб мақтанишган ва охир оқибат шу мақтов ва унвонлар оғирлиги остида қолиб бир бирининг гўштини еган. Бу ҳолат эса айнан мана шу юқорида санаб ўтилган “катта оғалару, янги-янги хўжайинларга” табақаларга керак бўлган. Ахир кишиларни, уруғларни, миллатларни бир бирига гиж гижлаб уларни қуллик руҳида сақлаб туриш, бўлиб ташлаб бошқариш доимо осон бўлган ва улар бундан моҳирона фойдаланган. Миллатимиз руҳига сингдиришмоқчи бўлинган, аслида биз туркийлар руҳида бўлмаган бу унсурларидан қутулиш вақти келди.
Биз бугунги кунда ўз амалиётимизда миллатимиз руҳига бир вақтлар турли сабабларга кўра жиддий сингиб қолган, одатлар тусига кириб кенг тарқалган салбий унсурларга чек қўя оламизми???
Ҳамма гап мана шунда. Халқимиз, миллатимиз руҳидаги баъзи салбий унсурлардан зудлик билан қутулишимиз зарурлигини тушуниб етмасак, ўзимиз учун порлоқ бўлажак ва эртани кўролмасак ва мана шу порлоқ эрта учун дадил қадам қўя олмасак, энг бўлмаганда бир қанча вақт жойимизда депсинамиз. Яна бошқа бирон фалончи босиб олмагунча ёки тарих аталмиш улуғ тушунча олдида энг қиммат тушунча бўлмиш вақтни яна бой берамиз. Бу миллатнинг порлоқ келажагини бой бериш демакдир.
Инсондаги, миллатдаги қуллик тийнати шахсни, миллатни, халқни ўз ички ғуруридан маҳрум қилади, уни майда-майда “суякчаларга”, унвону мансабларга қувонишга ўргатади ва бошқалар олдида елкасини қисиш, ўзини бошқалардан паст олиш, бошқалар билан ўзини тенг сеза олмаслик, ноҳақликнинг юзига тик қарай олмаслик каби одатларни унинг руҳида шакллантиради.
Ушбу психологик салбий комплексни инобатга олсак, бугунги кунда, ютуқларни тан олишимиз шарт ва улар ҳаётимизда кам эмас. Аммо, фақат улардан бош кўтармай маърузачилик қилиш даври ўтиб бўлди. Энди фақат тўйлардаги, аслида салбий таъсир қиладиган “амру маърифлар” билан халқни, ҳатто бир инсон тийнатини ҳам ижобий йўналишга ўзгартириб бўлмайди. Мустақиллигимизнинг чорак асрлик вақти давомида улкан имкониятларни бой берган ҳолда ўтказиб қўйганимиз сабабли дадил қадамлар, европача қилиб айтганда маънавиятда ҳам бир вақтлар Туркия тарихида Мустафо Камол Отатурк қўллаган “шок терапея”си даври етиб келди. Шу фикрларни айтиб ўтар эканман, бевосита бир бўлиб ўтган ҳодиса ёдимга тушди. Мустафа Камол Отатурк Туркияда Англиялик улкан меҳмонни қабул қилади. Ушбу маросимида бир официант катта лаганни идиш товоқлари билан қўлидан тушириб юборади. Вазиятни тушуниш мумкин. Бу официантнинг тақдирини қуллик психологиясидаги раҳбар қандай ҳал қилар эди. Буни кўпчилигимиз рангбаранг қилиб айтиб бера олишимиз мумкин. Аммо, миллатни қуллик руҳидан суғуриб олаётган Мустафа Камол Отатурк вазиятдан: “Мен бу халқни ҳамма нарсага ўргатдим, аммо бошқаларга назокат ва илтифот билан хизмат қилишга, хизматкорликка ўргата олмадим”, деган жумлалар билан вазиятдан чиқиб кетади. Ана шу сўзлардан кейин ўша официантнинг юзидаги ўлим шубҳаси белгилари эмас, яширин ғурурни сезиш, ҳис қилиш мумкин.
Бу деган сўз, маънавият тарғиботи йўналишида ўз ўрнида ҳаммамизнинг узоқ ва маънолари ғализ маърузалар тинглаш даври ўтиб бўлганлигини билдиради. Бугунги кун учун юқорида айтилган тийнатимизни тиклашда баъзи йўналишларда шиддат ва шок терапеясини қўллаш даври аллақачон етиб келганлигини кўрсатади. Бу албатта, биринчи навбатда оилада, тарбиявий масканларда бошланиши керак ҳолдир.
Ушбу жойда этнопсихология нуқтайи назаридан келиб чиқиб айтиш мумкинки, маънавиятда эволюцион йўл билан эришмоқчи бўлинган натижалар кўп ҳолларда яхши натижа бермайди. Тарихдаги бизнинг давримиз каби кескин ўзгарган пайтларда айнан шиддатли ҳаракатлар яхши натижа беради. Буни тарих саҳнасида учраган турли халқлар тарихида қўлланилган урушлардан кейинги ўзгаришлар билан тасдиқласа бўлади ва яна бир яхши бизга таниш маънавий ўзгариш намунаси, бу Туркия тарихида босиб ўтилган Мустафо Камол Отатурк тутган йўл.
Оддий мисол келтиришга тўғри келади. Ҳозир бизнинг аҳолимиз орасида 95дан то 98 фоизгача исмларимиз араб сўзларидан ташкил топган. Худди шундай аҳвол туркларда ҳам бўлган ва ушбу ҳолатни ўзгартириш, халқ руҳида ўз тилига муносабатни, миллий ғурурни тиклаш мақсадида, турк халқининг ўзлик руҳини тиклаш учун турк ёшларига туркча исм қўйишни Мустафо Камол Отатурк алоҳида буйруқ билан амалга киритган. Ахир, кулгили ҳол, қизларимиз орасида Мадина исмини учратамиз. Аммо, нимагадир мана шу қизга минг йиллик тарихга эга, ҳали Мадина шаҳри ер юзида бўлмаган бир пайтда ўз гуллаб яшнаган тарихига эга Фарғона исмини ҳеч ким бермайди. Фурқат деб исм қўямиз ва бу сўзнинг айрилиқ, ҳажрон эканлигини инобатга олмаймиз. Сирож, деб исм қўямиз, аммо бу йигитнинг исми туркий ўзбек тилимизда Чироқ, тарихимизнинг ёрқин саҳифасини ёритган Широқ эканлигини тан олмаймиз. Бу на тарихимизга, на тилимизга, на миллатимизга ҳурмат намунаси эмаслигини англаб ҳам етмаймиз.
Иқтисодий ютуқлар қанчалик катта, ҳатто буюк бўлмасин улар жамиятни, давлатни, айниқса миллатни маънавият йўналишидаги ютуқларсиз порлоқ келажак сари етаклаб кетолмайди. Миллий мафкура биргина ёки бир гуруҳ ўта доно шахснинг, олим ва маърифатчиларнинг топиндиғи, ўйлаб топган ёмбиси бўлолмайди. Миллий ғоя бутун халқнинг ўз мафкурасини, бутун жамиятнинг порлоқ келажак учун кураш онггини ўзгартиришдаги ҳамжамиятлик, ҳамжиҳатлик билан олиб бориладиган мақсади, амалий иши ва самарасидир.
Фалон буюк бобомиз шундай бўлган, фалони ундай бўлган, фалони уни қурган, буниси буни қурган, деб ҳар куни минг маротаба айтган билан жамият, айниқса миллат ва унинг ёш, ўсиб келаётган авлоди, бугунги куннинг фаол вакиллари ўзгариб қолмайди. Уларнинг ўзгариши учун ҳар кунги, ҳар кунлик амалий ва аниқ белгиланган марралар томон интилиш, ҳаракат қилиш шарт ва бусиз на порлоқ, ҳатто ёруғроқ бир эртани ҳам қуриб бўлмайди. Бу жараён ва ҳаракатни ижтимоиётда, этнопсихологияда халқ онгида, тийнатида ижобий кўникмалар орттириш дейилади.
Халқимизнинг ўз келажагига, ҳатто ўз имкониятларига ишонмаслик руҳи унинг тийнатида пайдо бўлганига анчагина бўлган. Албатта, аниқ марраларни кўрсатса ҳам бўлади. Лекин унинг илғор вакиллари руҳида ўз шахсий эркинлик қудрати ҳар доим ҳам сақланиб қолган. Бунга биргина мисол сифатида: “Мана мен келдим, Самарқанднинг Исфахондан устунлигини исботлаш учун…” ёки “Аршнинг кунгурасин устина…” оёқ қўймоқчи бўлган ва охирги улканлардан бирининг ўз ўлими олдидан қотилларининг юзига қараб “Бир човгум сув беринглар, мен руҳимни пок қилиб номозимни ўқиб олай..” деган ўзбекларни эслайлик ахир.
Шуни ҳам айтиш керакки, халқ онгида шахсий ғурур руҳини тиклашда, унинг шу халқ ҳаётида тантана қилишида фақатгина ўз эркини ўз қўлига олиш билан иш битмайди. Жамият маънавий жиҳатдан бирданига ўз ўзидан ўзгариб қолмайди. Тарихни оладиган бўлсак, биз тарихнинг у ёки бу пучмоқларида ўз эркинлигимизни, мустақиллигимизни қўлга киритган пайтларимиз ҳам бўлган. Энг охирги мисол, Қўқон мухториятинигина эслатиб ўтаман. Аммо ҳамма гап мана шундаки, биз халқ сифатида қачон ўз руҳимиз эркинлигини қўлга киритганмиз. Миллатнинг миллий руҳига эркинлик туйғуси, ўз руҳий эркинлиги онгли равишда сингмас экан, у мана шу руҳни қўлга киритмас экан у эркин бўлолмайди, кимнингдир, кимларнингдир сояси унга таъсир қилаверади, ўзига бирор шахс ёки бирор давлат рамзидаги даҳо излашдан қутула олмайди, кимлардир, қачонлардир келиб қолишидан қўрқиб яшаш руҳидан чиқмаслиги, яна руҳига чуқурроқ сингса сингадики миллат, айниқса унинг бир қатлам кўпчилиги ундан фориғ бўлолмайди.
Шундай экан, миллат руҳида капитализмни босиб ўтмай социализм қуриб бўлмаслигини билган ҳолда бугун биз дадил дунёвий давлат қуриш тарихий онгимизни тикламасдан империя қуриш ёки бошқа бирор буюкдавлатлик орзусида яшамаслигимиз, ҳар бир маррани аниқ қўйишимиз, энг зурури жаҳон аллақачон ихтиро қилиб улгурган тарихий тажрибалардан кўз юммаслигимиз керак. “Ўзбекнинг ўз демократияси бор…, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз…” каби сохта жарангдор шиорлардан воз кечишимиз керак. Булар яхшиликка олиб келмайди. Ҳа, бизнинг ҳаётимизга кириб келадиган демократия айнан бизнинг миллий руҳимизни ўз ичига олади ва биз албатта ҳеч кимдан кам эмасмиз. Аммо, аллақачон бошқа халқлар тийнатига сингиб улгурган замонавий 21 асрга тааллуқли ва мана шу асрдагина учрайдиган маънавий ва маданий бойликлар борки, уларни ўз руҳиятимизга сингдириб олмасдан дунё ҳамжамияти қаторига кириб боролмаймиз. Бунга мисол дейсизми, марҳамат, биргина замонавий интернетдан фойдаланиш маданияти ва унинг замонавий имкониятларини халқ маорифи ва манфаати йўлида ишлатиш омилларини олайлик. Бу борада бизнинг тутган йўлимиз қандай?
Бугунги кун жаҳон амалиёти ва ҳаётий тажрибасида шундай иқтисодий ва айниқса маънавий боойликлар борки, уларни биз бугунги кун ёшларимиз руҳига ва умуман миллий тийнатимизга киритиб олмасак, улардан фойдаланиш маданиятини ўрганмасак, уларнинг кириб келишига ўз маънавий ва иқтидорий улушимизни қўшмасак, ўз асримизга мансуб бўлолмаймиз ва давлатимиз, миллатимиз тараққиётини таъмин қололмаймиз.
Бу ўринда собиқ империянинг мазмун ва ғояларидан воз кечолмайдиганлар ҳам ва капитализм қуриш тажрибасига эга бўлмаган бир халқни бирданига буюк демократия тамойиллари асосида яшашга чақираётганлар ҳам жиддий мазмунда халқимизни, давлатимизни бирор каттароқ ижобий натижага олиб келолмасликларини тушунишлари ва тан олишлари керак.
Демак, каттагина савол туғулади. Бизнинг асосий ориентир, марра ва мақсадимиз қаерда, унга қандай қадамларда етамиз ва биринчи ва кундалик босқичларимиз, қадамларимиз қандай бўлиши керак? Булар бир кишигина эмас, ҳатто бир гуруҳ кишиларгина ҳам эмас, бевосита халқимиз билан ҳамфикрликда ҳал қилинадиган жиддий мақсад ва шу ўринда ўта улкан муаммо ҳамдир.
Айтиш мумкинки, бунинг учун биринчи ўринда ҳурфикрликка ўтиб, майда мавзучиликка, сансоларликка, ўзибўларчиликка қуллик руҳи сингиб кетганлар психологиясида намоён бўладиган майда сабаблар билан бир биримизни ур йиқитдан қутулишимиз керак. Миллат, жамият, давлат фақат катта марраларга интилибгина ўз тарихий тийнатининг салбий унсурларидан тозаланиши мумкин ва бундан бошқа йўл йўқ.
Миллий психологиямизга назар солар эканмиз, биз ўзбекларнинг ҳар доим қандайдир авторитетлар ортидан борганимизни кўриш мумкин. Бундай авторитетлар тарихимизнинг ҳар хил даврида турлича рол ўйнаганини ҳам кўриш мумкин ва бу авторитет танлашда адашган пайтларимиз ҳам, боши берк кўчаларга кириб қолган даврларимиз ҳам йўқ эмас. Ҳозирги кунда ҳам биратўла ва бирданига авторитет танлашдан воз кечиш керак деган фикрда эмасман. Аммо, тарихий жараён ва даврга назар ташлар эканман, бир этнопсихолог сифатида 21 асрда бирор шахс тарихий авторитет ролини бажара оладими, олдими деган савол кўпчиликни тинмай ташвишга солади. Демак, бу авторитет бугунги кунда катта бир давлатнинг ҳаётини маънавий ва бошқа жиҳатлардан жиддий буриб, кескин ўзгартириб юборишга қодир биргина тарихий шахс бўлишининг иложи йўқ, ҳатто мумкин ҳам эмасга ўхшайди. Унда асосий ориентир нима бўлади деган саволга: бугунги кундаги ривожланган давлатлар тарихи, ривожланган давлатлар ҳаётий тажрибаси ана ўша тарихий шахс ролини ўйнай олади, деган хулосани илгари суриш мумкин. Албатта, бу ўринда ўша ўзгаришларга сабаб бўлган конкрет шахслар тажрибаси чуқур ўрганилиши ва лозим ҳолларда уларнинг аниқ қабул қилган қарорлари намуна сифатида олиниши мумкин ва шарт бўлиб қолаверади
Бу йўналишда ҳам қимматли тажриба орттирдик десак бўлади. Ёдимизда, бир пайтлар фалончилар модели асосида борамиз, деган шиор олдинга сурилди, аммо тарихий танловда бироз шошганлигимиз сезилиб қолди ва яхшиямки тезда бу ғоядан воз кечдик. Аммо бўшлиқ ҳали ҳамон бўшлиғича қолиб келмоқда. Табиат қонунига асосан маълумки, бўшлиқ ўз ҳолича узоқ турмайди, уни албатта нимадир, кимдир тезда эгаллайди. Мана шу жараённи қўлдан бой бериб қўймасак, яна биров, сохта “даҳо”, қайси бир “катта оға” елкамизга миниб олишига йўл қўймасак бўлгани.
Ҳаётда, атрофимизда, дунёда ўрнак бўладиган мисоллар ва давлатлар кўп. Фақат биз намунали ўқувчи, зукко ўрганувчи ўз тарихи ва боболарига ва замонасига муносиб авлод, бошқалар билан руҳан тенг халқ, миллат, давлат бўла олсак бўлгани.
Бу ўринда энг қалтис томон ҳам шундаки, бугунги кунда, яъни 21 аср поғонасида давлатни, жамиятни бирор алоҳида олинган дин ва бошқа бирор буюк ёки пучроқ ғоягина билан бириктириб бўлмаслиги аниқ бўлиб қолди. Мана шундай ҳолатда яна бир буюгимизнинг яхшигина бир шиори бизга таянч бўла олиши мумкин, бу ҳам бўлса “Куч адолатдадир”, демак, давлатимизни ҳуқуқий давлатлар асносида ва айнан уларнинг тажрибаси асосида қуришга интилиш катта самаралар беришини англаб етиш. Ҳа, буюгимизга бу фикр давлат қуришда бекорга катта ёрдам бермаган ва бу фикр ҳам ўша пайтдагина юзага келмаган. У ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб дадил “Мен уч иқлимни олмоқчиман ва олдим, сенинг ойни олмоқчи бўлганинг мантиқсиздир” дея олганида.
Маълумки, ундан олдинги катта тарихимиз ҳам қонун устунлиги билан таянч нуқтага эга бўлган ва у биринчи навбатда ясоқ, яъни юнон тилидан олинган ва ҳаётимиз қонунига айланган юсин, адолат сўзлари билан боғлиқдир. Шундай экан, миллатимиз тарихий қадриятлари бизга яна асқотади ва улардан замона руҳидан келиб чиққан ҳолда фойдаланишимиз лозимдир.
Айтиш керакки, ҳар қандай ғояни, маънавий ўзгаришларни ижтимоий ҳолатдан узилган ҳолда маблағсиз амалга ошириб бўлмайди ва иқтисодий ёки маънавий жиҳатида камчилиги бор, шикастли ғоя бутун бир халқни мақсад сари олиб ҳам боролмайди. Бу ўринда энг самарали ғоя, бу билимга, адолатга, тараққиётга маблағни сарфлаш.
Бу ўринда эса бугунги кунда олиб борилаётган амалий ишларимиз жиддий таҳлилга зарурат сезмоқда. Чунки жаҳонда илм ва унинг турлари ва йўналишлари кўпайиб кетган бизнинг давримизда фикр ўргатиш кечаги кун тажрибаси бўлиб қолаверади. Биз ўз фарзандларимизга, келажагимиз порлоқ бўлиши учун фикрларнигина эмас, фикрлашни ўргатишимиз керак. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳеч ким ҳеч вақти тож кийгани билан шоҳ бўлиб қолмаган, у қачонки шоҳона фикрласагина шоҳ бўлган ва халқини тараққиёт сари етаклаган. Демак, ёшларимизга бугунона, миллатона, миллиёна, қолаверса шоҳона фикрлашини ўргатишимиз, уларни аристократик руҳда тарбиялашимиз лозим. Шундагина улар бошқалар аллақачон босиб ўтган йўлни тезда босиб ўтади ва шундагина улар бугун жаҳон гаплашаётган тилда гаплаша оладиган бўлишади.
Бу ўринда учрайдиган психологик (аслида этнопсихологик) касалликлардан бири ҳам шундаки, фақат ўз фикр доирасида қотиб қолиш, яъни ўзини, ўз халқинигина доно санаш. Бу дарднинг биринчи поғонаси бўлса, касалликнинг иккинчи поғонаси, бу ҳақда керак ва керак эмас жойда (биз ёки мен деб) валдирайвериш, учинчи энг оғир психологик касаллик даври бу бошқаларнинг маслаҳатига қулоқ солмаслик, яъни касалликнинг апогейи.
Бугунги кун манзарасини олганда амалда анчагина натижаларга эришдик, назарий ва амалий кўргазмалар, чақириқлар, шиорлар кўп, улар ҳар бир йиғилиш давоми ва охирида қисқача айтилади, ўқилади, қарор қилинади ва шу билан гап тамом, амалда уларга қайтилмайди.
Бундай такрорланавериб сийқаси чиққан чақириқларни эртаги кун ворисларимиз, ёшларимиз жиддий қабул қилмайди, ҳатто айнан мана шу шиорлар мазмунидан баъзан имтиҳонлар топширишгача борганларида ҳам натижа самарасиз бўлиб қолаверади. Чунки, улар учун, улар томонидан бу натижалар шундай бўлиши керак бўлган ҳолатдай қабул қилинади. Тан олиш керакки бугунги ёшларимиз ўз асрининг, ўз даврининг муносиб фарзандлари, улар бизнинг тобелик психологиямизни, “иккинчи сорт инсонлар” бўлиб яшаганимизни қийинчилик билан тушунишади. Улар учун бугунги кундаги Тошкент ва унинг машиналар тўла кўчалари кино ва интернетда кўрган дунё шаҳарларидан бири холос. Улар ўзларини аллақачон жаҳон ёшлари даврасида ҳис қилишади. Улар аллақачон бошқа бир олам кишилари бўлиб улгуришди. Бу шуни кўрсатаяптики, жамият ва ҳаёт тажрибасида иқтисодий ўзгаришлар тезлашиб кетган ва айни ҳолда сиёсий ва баъзи маънавий ўзгаришлар, ақида ва тушунчалар орқада қолиб келмоқда ва бу табиий ҳол. Бу ҳолат айниқса бизнинг ҳаётий тажрибамизда, собиқ республикалар ҳаётида жиддий кўзга ташланмоқда.
Биз катталар учун ўзимиз тан олмайдиган, ҳатто баъзиларимиз тан ололмайдиган икки дунё вужудга келди. Биз катталар ўз оламимизда, теле ва радио тўлқинлар, айниқса мажлислар ва буйруқлар оламида қолиб кетаяпмиз, ёшларимиз эса ўз оламларини аллақачон кашф қилиб бўлди. Улар ижтимоий тармоқлар, интернет, умумжаҳон коммуникацион алоқалар, электрон ва аудио китоблар оламига ўтиб кетишаяпти. Улар бугун ўз оламларида интернет ва ижтимоий тармоқ имкониятлари орқали америкадаги ёки канададаги ўртоқлари билан суҳбатлашиб режалар қуришмоқда, виртуал уйлар қуриб космосдан туриб бу ақлли уйларда яшамоқда, бугун мактабга қайси ўйинчоқларини олиб боришни ёки қайси гаджет орқали уни топиш мумкинликларини муҳокама қилишади. Бизда эса баъзилар уларни дуо ва оятлар, дўқ ва пўписалар, мингйиллик ривоятлар билан “ёмон” “йўлдан урмоқчи” аслини олганда сақлаб қолмоқчи, ўз боласидан ўзининг иккинчи ёки учинчи кўчирма нусхасини яратмоқчи бўлишади. Бугунги кунда бунинг имкони йўқлигини тушунишмайди. Энди уларни йўлдан “уриш” ва “сақлаб” қолишлар йўлини тутмаслик кераклигини, ёшларимиздан ўз кўчирманусхаларимизни яратмаслигимиз кераклигини, уларни фақат дунёдаги илғор фан ва маънавий бойликларни излб ва ўшалар доирасида яшашга чорлашимизни тушуниб етмаяпмиз.
Ваҳоланки, замона имкониятларига мослашиш зарурати бу алтернативаси йўқ ҳолат. Шунда айтгинг келади, ҳой оғайни, “Ломборжини”ни “Жигули”да қувиб етиб бўлмайди. Интернетда ўтирган болага “Рига” магнитоласини олиб келиб берсангиз, мана бу ашулаларни эшитгин, ақлинг киради, деб айтсангиз у сизни тушунмайди. Айнан мана шу ҳолатда ёшларимизнинг бизни фақатгина тушунмаслиги бу вазиятнинг ўта юмшоқ кўриниши. Аксинча, биз уларни тушунмасак, тушунишни хоҳламасак улар бизни замонавий “динозаврлар” сифатида инкор қилишгача, ўз йўлларини излашларгача бориб етишини кўздан қочирмаслигимиз керак.
Буюк шарқнинг буюк фалсафаси ҳам шундаки, аждодлар ўз авлодларига бойлик қолдиришда донолик қилишган, яъни ёшларга ҳар доим илмий асарлару эртакларда ҳам пул маблағ ўрнига билим, адолатли қонунлар оламида яшайдиган давлатлар қолдиришган. Шунинг учун қонунлар асосида қурилган давлатлари узоқ умр кўрган ва шахсларга, сохта даҳоларга асослаб қурилган давлатлари эса тезда нураб қулаб кетган. Шундай экан, биз бугун ёшларимиз қандай ва қайси билимларни олди, энг қадрлиси қайси билимларни излаяпти, давлатимизда қабул қилинаётган қайси қонун бундан яна юз йилдан кейин ҳам амалда бўлади, деб қизиқишимиз керак.
Бу ўринда айни пайтда йўл қўйиб келаётган камчиликларимизни зудлик билан бартараф қилишни ўйлашимиз ва ўрганишимиз лозим. Замонавий, адолатли мезонларни ҳаётимизга тадбиқ қилишни енгиллаштиришимиз, фикр эркинлигини таъминлашимиз энг долзарб вазифаларимиз бўлиши керак. Бу борада бошланғич, ўрта, ўрта махсус ва айниқса олий таълимнинг ҳол аҳволини жиддий таҳлил қилишимиз, уларни ёшларимиз хоҳишлари томонига, замон йўналиши ва интилиши томонига бошқариб беришимиз биринчи ўриндаги вазифалардандир.
Шундагина ўзбекнинг тийнати ўз ўзлигини тезда топади. Мустақил Ўзбекистонимиз, миллатимиз, давлатимиз жаҳон ҳамжамияти қаторидан буюк боболари васиятларига мос, муносиб ўз ўрнини тезда эгаллайди.

Психология фанлари номзоди
Маҳмуд Йўлдошев

https://www.facebook.com/mahmudjurat

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Халқаро  сиёсий  майдонларда   ўзбек тилимиз  қачон  янграйди,  ёхуд  ўзбекистондаги  халқаро сиёсий  учрашувлар, тадбир  ва  анжуманларда  давлат   раҳбарларимиз  қачон  ўзбек  тилида  сўзлайдилар

(Ўзбек тили Ўзбекистоннинг Давлат Тили эканлиги ҳақидаги қонун қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишлайман) Миллий ўзлигимиз, фахр ва ифтихоримиз муҳрланган ушбу қутлуғ ва ...

Савол кўндаланг қўйилади: ҳокимият “дахлсиз объект”ми?

Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, унинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ чоралар кўришни мен ўзим учун энг муҳим ва устувор вазифа, деб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400