“Халқ душманининг қизи”

“Халқ душманининг қизи”

 

Севаргул ФИТРАТ қизи
Тўрт ёш. Ҳеч нарсани тушунмайдиган ёшда эдим. Тошкентга кўчиб келдик. Бир бўлишди. Ўша пайт отамнинг оёқларини қучоқлаб, роса йиғлаганман куни кечқурун уйимизга уч-тўртта одам бостириб киришди ва дадамни олиб кетмоқчи. Шунда отам: “Қўрқма, мен Самарқандга кетяпман, сенга майиз билан нўхот олиб келаман”, дедилар. Дадам ҳар Самарқандга борганларида менга майиз ва нўхат олиб келишлари одат бўлиб қолган эди. Ҳақиқатдан ҳам, отам уч кун деганда уйга қайтдилар. Бир куни иккаламиз гаплашиб турганимизда отам: “Қачонки мен йўқолиб қолсам, мана шу чаккамдаги белгидан топасан”, деди. Дадамнинг чап томон чакка қисмларида қошларининг ёнида кичкина тешикча бор эди. Нимадан ундай белги қолганини билмайман. Биринчи қамалишлари мана шундай эсимда қолган.
Ёдимда фақат отамнинг яхши, хушмуомала одам бўлганлиги қолган. Ижодлари тўғрисида ҳеч нарсани эслай олмайман. Баъзида туни билан нималардир ёзиб чиқарди. Бир куни “Нима учун кечқурунлари ижод қиласиз”, деб сўраганман. Дадам: “Илҳом оқшом пайти келади, ёзиб қолишим керак”, деган эди. Маҳалламизда Ил¬ҳом исмли бола бўларди. Кейин отамга “Илҳомнинг бизникига келганини ҳеч кўрмадим-ку дада?!” деганман. Вақт ўтиб тушунтириб бердилар. Отамнинг беғуборлиги шунда эдики, улар каттаю кичикка бир хил муомалада бўларди. Онам жуда ёш, чиройли, лекин саводсиз бўлган. Отам билан икковларининг ўртасидаги фарқ шунда эди. Онам тарбияда қаттиқ турарди, эркинлик бермасди. Мен эса бошқа тенгдошларим қатори кўчада ялангоёқ ўйнашни яхши кўрардим. Отам мени кўчада ўйнашни хоҳлашимни билиб, кўпинча ишдан кела солиб, қўлларига газетага ўралган сочиқни олардилар ва “Биз бир айланиб келайлик”, деб мени кўчага олиб чиқиб кетарди. Бир соатлар кўчада, тупроқда маза қилиб ўйнаб, уйга яқинлашганимизда отам қўлларидаги сочиқ билан уст-бошимни артиб, оёқ кийимимни кийгизарди ва биз худди ҳеч нарса бўлмагандек уйга кирардик.
Отам қўлидан келганча ҳаммага ёрдам берарди. Бир куни қўшнимиз Рихсивой аканинг соғ¬лиги ёмонлашиб қолди, отамнинг тиббиётдан хабари борлигини ўшанда билганман. Онамнинг айтишича, ўша пайт отам қўшнимизни ҳуқна билан даволаган экан. Ҳар куни отамнинг ишдан келишини кутиб ўтирардим. Дарвозадан кириши билан саволлар бера бошлардим. Онам эса уришарди, аммо шунда ҳам отам мен томонга ён босар эди. Уйимиз ёнида “Меҳрибонлик уйи” бўларди. Кунларнинг бирида ўша ерда яшовчи турли миллат болалари бир болани ўртага олиб, роса дўппослашди. Дадам ишдан келгач, бўлган воқеани айтиб бердим. Шунда у киши менга: “Шуни ёдингдан чиқарма, яхши-ёмон миллат йўқ, у бечорани урган болалар яхши иш қилишмаган”, деганди. Эртаси куни уйимиздан Сталиннинг овози ёзилган ва яна бир бошқа пластинкани “Меҳрибонлик уйи”га совға қилдилар. Кейин дўппосланган болани ёнларига чақириб олиб, “Ҳозир шу ердаги болалар сендан кечирим сўрашади”, дедилару, жавобни кутмасдан чиқиб кетдилар. Вақт ўтгач англаганманки, отам ўша пайт болалар учун педагогик усулни қўллаган экан. Ўшанда болалар кечирим сўрашиб, бошқа пластинкадаги қўшиққа бирга рақсга тушишган экан.
Қишлоғимнинг кўчасида ўйнаб юраман,
Қишлоғимнинг кўчасини яхши кўраман…
Бир вақт отам уйда дарс берадиган бўлди. Кейинчалик онамдан билсам, ўша пайтлар отам уй қамоғида бўлган экан.
Иккинчи қамалишлари энди мактабга қадам қўйган пайтларимга тўғри келган, жуда ваҳимали бўлган, ҳалигача кўз олдимда. Ярим кечаси аллақандай кимсалар уйимиз деворларидан ошиб киришди ва ҳеч нарсага тегмай отамнинг ўзини олиб кетишди. Ўшанда ҳам отам: “Қўрқма, қайтиб келаман” дедилару, шу билан қайтмадилар… Битта ёпинчиқ билан кетганди ўшанда. Октябр ойида онам билан мени ҳам “Қумлоқ” деган тарафларга, бир бойнинг уйига олиб кетишди. У ерга борганимиздан кейин онам билан мени ажратиб, мени болалар овқатланиб турган бир хонага киргизишди. Болаларнинг кўпи таниш эди. Бу бегона жой — болалар уйи эмасди. Чунки болалар уйида кўчага чиқиш мумкин. У ерда эса бизни деразадан кўчага қарашга қўйишмас эди. Анча пайтгача бу ернинг қамоқхона эканлигини билмаганман. Кейинчалик катта қизларнинг “Онамиз қамоқда, ерда ётишади”, деган гапларидан билиб олганман. Эсимда қолгани шу эдики, ўн беш кунда бир марта бизни ҳаммомга олиб боришарди. Ҳаммомнинг ёнидан қумлоқ сув оқиб ўтарди (Ўша жойни уч-тўрт йил аввал бориб кўриб келдим). Ҳеч қаерга чиқмасак ҳам, бу жойнинг одамлари яхши эди. Қўрқувдан кечқурунлари йиғлаб чиқардим. Бир куни иккинчи қаватда ётадиган Шура исм¬ли тарбиячининг ёнига бордим ва “Шура хола, бизнинг ота-онамиз қамоқхонада, аҳволи ёмон” дедим. У қўлимдан ушлади ва “Вой болам, совуқ ебсан-ку”, деб қучоғига тортди. Ўша кеч унинг қучоғида ухлаб қолибман. Шу, шу Шура хола ҳеч ёдимдан чиқмайди.
Институтда ўқиб юрган пайтларим менда савол туғиларди: “Отам миллатчи бўлса, болалар уйидаги ўша болани ҳимоя қилмасдилар-ку?!” Шундан кейин отамнинг номини оқлаш фикри бутун вужудимни қамраб олди. Ҳар йили Сталиннинг туғилган кунига хат юборардим. Хатимда отамнинг ишини қайта кўриб чиқишни сўрардим. Охирги йил бувимнинг номидан ёздим. Бу сафаргисида ўша жойга боришга рухсат берилсин, деб мурожаат қилганман. Бу хатимга “Кўриб чиқилмоқда”, деган жавоб олдим…

Отасидан кейинги ҳаёт…
Бир куни олдимизга уч-тўртта одам келди ва “Яқин қариндошларингиз бўлса, хат ёзинглар, сизларни олиб кетишсин” де-йишди. Ҳали энди биринчи синфга қадам қўйган эмасманми, алифбони энди ўрганаётган вақтларим. Хат ёзишни билмасдим, аммо амаллаб ёздим. Хатда тоғамнинг уй адресини нотўғри ёзган эканман. Хуллас хатим етиб бормапти. Бошқаларнинг қариндошлари келишди, лекин тоғам келмаган. Кейинчалик билсам, тоғам ҳам мени қидирган эканлар ва ниҳоят топиб келдилар, келинойим билан мени уйларига олиб кетишди. Келинойим рус эди. Учта фарзанди бор оилага тўртинчи фарзанд бўлиб қўшилдим. Онам қамоқхонадан чиққунича бувим ва тоғамнинг уйларида яшадим. Орадан озгина вақт ўтиб тоғамни ҳам қамашди. Онам қамоқдан чиққанларидан кейин келинойим ва онам тикувчилик қилиб кун кўрган.

Муносабат
Маҳалла, кўча-кўйда келаётган бўлсам, отамнинг танишлари мени ва онамни кўришлари билан нариги кўчадан юришарди. Ўша замонлар фақат Ғафур Ғуломгина биздан қочмаган. Бир куни онам билан уларнинг уйига бордик. Яхши қабул қилишди, суҳбатлашиб ўтирдик. Уйга қайтганимиздан кейин онам чўнтакларига қўлларини солсалар пул чиқди. Биз буни ёрдам деб тушундик. Иккинчи марта ҳам борганимизда тағин шунақа қилишди, кейин бормай қўйдик. Онам жуда қаттиқ хафа бўлган эди. Яна Ҳалима Носирова ҳам бизга жуда яхши муносабатда бўлар эди.

“Халқ душманининг қизи”
Мактабни тугатиб, институтга ҳужжат топтириш учун борсам, “ёшингиз кичкина” дейишди. Кейин билсам, “халқ душманининг қизи”ни қабул қилмаймиз, дейишибди. У ерга қабул қилишмагандан кейин чет тиллар институтига автобиография ёзмасдан ҳужжат топширдим ва мени ўқишга қабул қилишди. Ўқиш тугагач, институт ректорининг ёрдами билан дипломим олдим. Яхши одамларнинг кўмаги билан ҳамиша қийин вазиятлардан чиқиб кета олганман.
Отам Шоназар Соҳибов деган ҳофизнинг “Қурбон ўлам” деган қўшиғини яхши кўрарди. Чўлпон, Мақсуд Шайхзода, Ғафур Ғулом, Тамарахоним, Ҳалима Носировалар уйимизга йиғинларга келиб туришарди.
Дадам томондан эсда қоларли ҳадя, бу — атайин менга деб Москвадан олиб келинган қизил резина этик бўлган. Этикни ки¬йиб, дарахтга чиқиб олардим ва ҳаммага мақтанардим. Кейинги совғалари кичкина стулча ва столча эди.
1938 йилнинг январ ойи. Қамоқда ётган ҳаммани кўчага чиқаришган. Аслида маҳбусларни кунига бир марта тоза ҳавога олиб чиқишар эди. Лекин бу сафар… Аёл маҳбуслар ва эркаклар бир пайтда чиқиб қолишган. Бунақа бўлиши мумкин эмас эди. Ўшанда отам онам билан кўришган бўлган ва мени келинойимнинг қўлида эканлигимни айтган. Шунда отам: “Ойимхон, энди бошқа кўришиш йўқ, лекин мен хурсандман” деганлар. “Хурсандман” дейишлари билан кўзларидан ёш чиқиб кетган экан. Онам эса “Энди кўришиш бўлмаса, нега хурсанд бўласиз”, деб сўраган. Камерага кирганларидан кейин Файзулла Хўжаевнинг аёли онамга “Уларни сурган қилишади” деган. Ўша совуқ кун отам ва онамнинг охирги учрашишлари бўлган…
Нилуфар МУРОДОВА
ёзиб олди

 

 

Севаргул ФИТРАТ қизиТўрт ёш. Ҳеч нарсани тушунмайдиган ёшда эдим. Тошкентга кўчиб келдик. Бир бўлишди. Ўша пайт отамнин…

Posted by Kitob Dunyosi on Sunday, May 7, 2017

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожикистонни блокада қилиб миллиардлаб доллар фойдадан қуруқ қолганимиз…

Шу пайтгача Тожикистон ҳақида, уларга 20 йил давомида виза жорий этиб, уларни блокада қилиб қўйганимиз ҳақида нима ёзган бўлсам "қон-қардошлик", "жон-қардошлик"дан келиб ...

Бугун 12 октябрь тарихидаги воқеалар

Бугун 12 октябрь — Григорий тақвими бўйича йилнинг 285- куни. Биз сизларнинг ёдингизга ушбу кунда содир бўлган баъзи тарихий воқеаларни эслатиб борамиз. 1921 йил 12 октябрь - ...

Россияда ссср қулаганидан кейинги энг йирик ҳарбий машғулотлар бошланди

11 сентябрда Россиянинг марказий ва шарқий ҳарбий округларида 1981 йилдан бери кузатилмаган кенг кўламли ҳарбий машғулотлар бошланди. Бу ҳақда Озодлик радиоси хабар қилди. ...