Канализация муаммоси ечими маданий тараққиёт кафили

Канализация муаммоси ечими маданий тараққиёт кафили

 

1998 йил 19 октябрь куни Парижда очилган ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг 155-сессияси асосий мавзуси “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 50 йиллиги, эсламоқ бурчи ва хушёрлик зарурати – қулликдан инсон қадр-қимматининг тикланиши сари” деб белгиланган эди. Мазкур сессияда дунёвий маданият равнақига бағишланган учта ҳужжат қабул қилинган.

Биринчи ҳужжат БМТ учун мўлжалланган дунёвий маданият ҳақидаги жамланма маъруза, иккинчиси “Дунёвий маданият йўлида” деб номланган соҳалараро лойиҳанинг баҳоланиши ҳақида. Улар Париждаги йиғилишда қабул қилинган. Учинчи ҳужжат эса Ўзбекистон томонидан таклиф қилинган “Дунёвий маданият ва ЮНЕСКОнинг аъзо мамлакатларидаги фаолияти” деб номланган қарор лойиҳаси бўлиб, ушбу лойиҳа 1998 йил 6 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия Кенгаши 155-сессиясининг якуний йиғилишида қабул қилинган.

Биз мақоламизни ЮНЕСКО Ижроий Кенгашининг 155-сессиясида Ўзбекистон томонидан таклиф қилинган қарор лойиҳасидан беҳудага бошламадик. Айни кунларда мазкур ҳужжат қабул қилинганига 19 йил бўлди. 19 йил давомида ушбу ҳужжатга биноан Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар рўй берди? Дунёвий маданият қарор топдими? Дунё цивилизациялашаётган бир пайтда Ўзбекистон қай йўсинда маданийлашмоқда ва цивилизациялашмоқда? Саволлар кетидан савол туғилаверади. Бу каби саволларга жавобни маҳаллий оммавий ахборот воситаларимизнинг “чиройли” таҳлил ва шарҳларидан эмас, балки реал ҳаётдан олсак, у ҳолда юртимизда дунёвий маданиятни қарор топтиришга доир аҳвол ниҳоятда аянчли экани маълум бўлади. Аниқроғи, Ўзбекистонда айнан мана шу ҳужжат – Ўзбекистон ҳукумати, марҳум президент томонидан таклиф қилинган лойиҳа қабул қилингандан кейин аҳвол янада оғирлашгани, дунёвий маданиятни қарор топтиришда қатор сусткашликлар авж нуқтага чиққани аёнлашади. Бундай сусткашликларни барча жабҳаларда, жумладан, кундалик турмуш тарзимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган канализация масалаларида ҳам кўриш мумкин.

Ушбу масала нафақат вилоят, туман марказларига қарашли бўлган катта-кичик шаҳарларда, балки пойтахтимизда ҳам 25 йилдан буён ўз ечимини тополмаётган долзарб муаммолигича қолмоқда. Айни кунларда Тошкентда канализация ўрнатилмаган мавзелар, даҳалар, маҳаллалар, кўчалар, аҳоли пунктларини шаҳарга қарашли деярли барча туманлардан топиш мумкин. Айниқса, Сирғали туманида жойлашган ва шу кунгача канализациясиз қолаётган бир неча маҳаллалар, жумладан, “Эркин”, “Ўзгариш”, “Нўғайқўрғон” маҳаллаларининг аҳволи ниҳоятда аянчли. Ушбу маҳаллалар пойтахтда “энг сассиқ туман” номи билан “донг” таратган. Ҳақиқатанан ҳам мазкур аҳоли пунктларида кунлар исиган апрель ойидан то октябрь ойигача яшаш анча қийин бўлиб қолади. Чунки атмосферани хожатхоналардан чиқадиган ҳид тамомила забт этади.

Бундай кўргуликлардан пойтахт марказида жойлашган, аҳоли зич яшайдиган Яшнабод туманига қарашли бўлган ҳамда жуда катта майдонни эгаллаган Шумилов шаҳарчасидаги “Боку”, “Қашқадарё”, “Мурғоб”, “Ўш” каби марказий ва ҳ.к. катта-кичик кўчаларда яшовчи аҳоли ҳамда Миробод туманига қарашли “Янгизамон”, “Сариқкўл”, “Темирйўлчи” ҳамда “Тошкент” вокзалининг орқа қисмида жойлашган бир неча маҳаллалар ҳам мустасно эмас. Ушбу ҳудуд “Дўстлик” метро бекати ва “Тошкент” метро бекатидан атиги ярим-бир километр узоқликда жойлашганлиги туфайли ёз фаслида метро бекати атрофларини ҳам қўланса ҳид истило қилади. Тарихий шаҳарларимиз бўлмиш Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Хива ва бошқа шаҳарларни зиёрат қилиш учун йўлга отланган сайёҳларни “Тошкент” вокзали атрофини чулғаб оладиган ёқимсиз ҳид ҳанг-манг аҳволга тушириб қўйиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Дунё маданийлашаётган бир пайтда мазкур маҳаллаларда 12 ой давомида тракторга уланган ўзисўрар матор ёрдамида ҳожатхоналарни тозалаб берадиган уддабурро тадбиркорларни учратиш мумкин. Албатта, ушбу тадбиркорларни ўз ҳожатхоналарини тозалатиш учун ҳар бир оила ўзига қулай бўлган куни чақиришади. Бу эса мазкур туман аҳолиси йил давомида “ўзгача” ҳиддан мосуво қолмаслигини англатади. Бу бизнинг нафақат қолоқ ва қашшоқлигимиздан, шу билан бирга, маданий турмуш тарзидан орқада қолаётганимиздан ҳам далолатдир.

Таниқли сиёсатчи, “Бирдамлик” ХДҲ раҳбари Баҳодир Хон Туркистон цивилизациядан маҳрум қолаётган давлатга инвесторлар эмас балки сайёҳлар ҳам келиши қийинлигини қуйидагича таърифлайди: “Чиқинди ва канализация масаласи замонавий дунёда техник жиҳатдан юқори даражада ечим топган бўлиши шарт. Ҳар қандай инвестор Ўзбекистонга эҳтиёткорлик билан ёндошади. Ўзбекистонда канализация ва чиқинди масаласи техник томондан ҳал қилинмаганини яхши билган чет элликнинг Ўзбекистонга инвестиция киритиши у ёқда турсин, ҳатто оддий сайёҳ бўлиб келиши ҳам даргумон”. Ушбу таърифдан канализация масаласи бошқа муаммолар каби долзарб масала экани яна бир карра англашилади. Демак, мазкур муаммони ҳал қилиш шунчаки давр талаби эмас, жамият ва маданий тараққиёт кафилидир.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Отанг — бозор, онанг — бозор, телевидение ҳам бозор!

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ОАВ соҳасида тараққиёт тезлашгандек. Хусусий ОАВнинг ривожланиши соҳани бошдан оёқ ўзгартиргандек тасаввур қолдиради. (more…)

Андижон шаҳридаги уйлардан бирида катта ёнғин чиқди

Бугун, 15 июнь куни соат 10ларда Андижон шаҳри «Ёйилма» МФЙ ҳудудида жойлашган 4 қаватли 1-уйда ёнғин ҳодисаси рўй берганлиги ҳақида “Кун.уз” сайти ёзмоқда. Олов асосан ...

Валюта айирбошлаш шоҳобчаларининг эгалари ким?

  Яқинда 5 доллар сотиб олиш учун бир қатор жиддий, сунъий тўсиқларга, аниқроғи, муаммоларга дуч келдик. Ҳа, сиз менга 5 доллар нима учун керак бўлиб қолганидан ҳайрондирсиз. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400