Қашқадарёда геморрагик безгакдан икки киши ўлди

 


Қашқадарё вилоят, Қарши туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган 47 яшар аёл Н. Ж. ва 16 яшар ўсмир бола Д. Ў. хавфли юқумли касаллик – геморрагик безгак туфайли нобуд бўлди. Вилоятда май ойидан 18 июлга қадар кана чаққан 98 киши рўйхатга олинган.

Қашқадарё вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокорларининг маълум қилишича, кана чаққанидан кейин айни шифохонага 10 июлда келтирилган Н. Ж. 12 соат ўтиб вафот этган.

Орадан икки кун ўтиб, яъни 13 июлда Н. Ж.нинг қишлоқдоши Д. Ў. нобуд бўлган.

Исми сир қолиши шарти билан гапирган шифокорлардан бирининг айтишича, уларнинг хонободлик икки бемор ҳаётини сақлаб қолишга қилган ҳаракатлари самара бермаган.

Иккаласидаям геморрагик иситма тасдиқланди. Иккаласининг ҳам аҳволи ўта оғир эди. Ж. 12 соат турди. Ў. Д. икки ҳафтача даволадик. Роса қарадик унга. Кейин энцефалит (мия яллиғланиши) берди, нефрит (буйракнинг ишдан чиқиши) берди. Ана шундан нобуд бўлди бола,” – деди даволовчи врач.

Қашқадарё вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази мулозимининг билдиришича, ҳодиса ортидан махсус штаб ташкил қилиб, Хонобод қишлоғида текширув олиб борганлар.

Биз штаб ташкил қилдик. Яна 14 та кана чаққанни топиб, консультация қилдик. Ўн кун кузатдик. Ҳозир уларнинг ҳаммаси яхши, соғ-саломат,” деди у.

Унинг маълум қилишича, 18 июлга қадар кана чаққан жами 98 киши қайдга олинган.

Қарши тумани соғлиқни сақлаш мулозимига кўра, туман шифохонасида кана чаққан яна уч киши даволанмоқда ва улар ҳозирда шифокорлар назорати остида тутиб турилибди.

Туман мулозимларининг билдиришича, шифокорлар касаллик тарқалишининг олдини олиш учун Хонобод қишлоғига қўшни эски Муллоқувват, янги Муллоқувват, Ҳилол, Кўчкак ва Чўлибўстон қишлоқларида дезинфекция ишлари олиб борилган.

Ветеренарлар молхоналарни обработка қилди, молларни ювди, кана тўкадиган уколларни қилди. Патронаж ҳамширалар уйма-уй юриб, кана чаққан вақтда қўлга олманг, тирноқ билан ўлдирманг, деб профилактика олиб борди. Касаллик аломатлари кўринган пайтда дарҳол шифохонага мурожаат қилишни маслаҳат бердик,” – деди Қарши тумани марказий шифохонаси мулозими.

Қашқадарё вилоят давлат ветеринария бошқармаси ходими безгак канадан юққани учун улар вилоят бўйлаб жониворлар эмланаётганини айтди.

Озодлик Хонобод қишлоғилик икки киши кана чақиши оқибатида ҳалок бўлгани юзасидан изоҳ олиш мақсадида Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Расуловга боғланди.

Тўлқин Расулов изоҳ учун бошқарма биносига бориш зарурлигини айтиб, телефонини ўчириб қўйди.

Ўзбекистонда аввалги йилларда ҳам чорва моллари ва ҳашаротлардан одамларга хавфли касалликлар, хусусан, геморрагик безгак касаллиги юқиш ҳолатлари қайд қилинган.

2015 йил августида айни вилоятнинг Яккабоғ тумани Қайрағоч қишлоғида яшовчи уч киши геморрагик безгакдан ҳалок бўлганди.

2015 йил ёзида Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида яшовчи бир беморгагеморрагик безгак ташхиси қўйилганди.

2013 йилнинг август ойида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида геморрагик безгак касаллиги тарқалгани ва 10га яқин одам нобуд бўлганиҳақида Озодлик хабар берган эди.

Геморрагик безгак хавфли юқумли касаллик ҳисобланади.

Шунинг учун врачлар, агар касаллик аломатлари зуҳур этганидан кейин беморга 3-5 кун ичида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу ҳолат ўлим билан тугаши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтадилар.

Геморрагик безгак фақат тана ҳарорати кўтарилиши билангина эмас, томир уриши ва нафас олишнинг тезлашиши билан ҳам характерланади.

Геморрагик безгакка чалинган одамнинг қон босими тушиб кетади, бемор иситма, чанқоқ ва бош оғриғидан шикоят қилади.

https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-gemorragik-bezgak/28635231.html

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Идиотия

ИДИОТИЯ (юн. idioteia — нодонлик), тентаклик, телбалик — туғма олигофрениянкнт энг оғир шакли, ақл, нутқ ва тафаккурнинг мутлақ ривожланмаганлиги билан ифодаланади. Она ...

Шуҳрат ғаниев шифохонадан яктак кийган беморни ҳайдаб юборди

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўтган ҳафта бошида ўтган селектор йиғилишида сўзлаган нутқининг аудио ёзуви жамоатчиликка ошкор бўлди. Бу овоз вилоят ҳокими Шуҳрат ...

Самарқандда 24 киши овқатдан заҳарланди

Жорий йил 7 октябрь куни соат 14:10 дан 8 октябрь соат 22:00 га қадар Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 24 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, ...