Гап бошқа, иш бошқа: Ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда!

Фото: Иллюстратив сурат

Мен шу йил 27 июнь куни Ўзбекистон телевидениеси орқали, «Маданият ва маърифат» каналининг «Очиқ студия» кўрсатувида ўқитувчилар кўча тозалаш ишларига, пахта яганаси ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига, пахта теришга, коттежларнинг қурилишига сафарбар этилаётгани тўғрисида гапирган эдим. (Шу кўрсатувдан кейин ишдан четлаштирилдим). Бу мавзу турли ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинди. Ҳатто Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари билан телевидениеда бўлган учрашув чоғида ҳам шу масала кўтарилди.

«Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ободончилик ва дала ишларига мажбурий жалб этилиши тўғрими? Сенаторлар ва қонунчилик бунга қандай муносабат билдиради?» деган саволга Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари жавоб берди:

− Республикамизнинг турли ҳудудларида депутатлар билан ўтказилган учрашувларнинг бирортасида бирор ўқитувчи «Бугун биз кўча тозалаяпмиз», деган шикоят билан чиққани йўқ. Улар биз билан учрашувларда мажбурий меҳнат ҳақида оғиз очаётгани йўқ ва бундай ҳолат кузатилмаган.

−  Нафақат ўқитувчилар, шифокорлар, боғча тарбиячилари  ҳам кўча тозалагани чиқяпти. Буни ўзимиз ҳам кўряпмиз-ку? – деди журналист Барчиной Жўраева.

Светлана Артикова масалага нисбатан ўз муносабатини билдирди:

− Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Сиз билан биз яшайдиган ернинг юзини сиз билан биз тозаламасак, ташқаридан келган одам тозалаб берадими?

Бугун қўлимга тасодифан бир ҳужжат тушиб қолди, мутлоқо тасодифан.

Унда Самарқанд шаҳрида бўлаётган ободончилик ишлари, хусусан, трамвай йўли қурилиши ва йўл кенгайтирилиши туфайли Шоҳи Зинда ва Рўдакий кўчаларида бузилаётган уйларни бузиш, текислаш ишларига қайси ташкилотлар одам юбориши аниқ қилиб, белгилаб берилган. Ҳужжатни Самарқанд шаҳар ҳокими имзолаган.

Ҳужжатни синчиклаб ўқиб чиқинг: уй бузишга қайси мактаблар, қайси лицей ва коллежлар, қайси шифохоналар жалб этилмоқда? Шаҳар шифохонасининг ҳар бир бўлимига биттадан уй бириктирилганига эътибор беринг.

Энг қизиғи, тугатилиб кетган ташкилот — «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар бўлимига ҳам бир уй бириктирилган!

Тўғри, рўйхат аввалида ҳокимият бўлимлари ҳам кўрсатилган, амма улар кувалда кўтариб, уй бузишга боришларига негадир менинг ақлим ишонмайди!

Энди ҳужжат иловасига эътиборингизни қаратинг, уни сўзма-сўз келтираман:

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан бириктирилган масъул ходлимлар зиммасида бўлган талаблар:

– 10 кун муддат мобайнида бириктирилган уйни бузиб, бўш ер майдонини очиб бериш;

– Ҳар бир масъул раҳбар ҳар куни камида 20 нафар ишчи ходимларни бузиш ишларига жалб қилиш;

– Ишчи-ходимлар ўзлари билан иш қуроллари: (лом, белкурак, болға, кувалдо ва ҳоказолар) олиб келишини таъминлаш;

– Ишчи-ходимлар транспорт ва озиқ-овқатини таъминлаб бериш.

Экология қўмитаси раиси ўринбосарига мурожаат қилмоқчиман: «Ўқитувчилар мажбурий меҳнат ҳақида оғиз очаётгани йўқ ва бундай ҳолат кузатилмаган», деган эдингиз, кузатиб олинг!

Бу ҳужжат билан танишар эканман, менда қатор саволлар пайдо бўлди:

1. Гарчи, ўқитувчилар «оғиз очмаган бўлсалар-да», ҳар бир мактаб директори ҳар куни камида (!) 20 нафар ишчини қаердан олади? Унга транспортни қаердан тўғрилаб беради, мактабларнинг автобуси йўқ-ку? 20 та ишчининг уч маҳал овқатини 20.000 сўмдан ҳисобласангиз ҳам, БИР МИЛЛИОН ИККИ ЮЗ МИНГ СЎМни директор қаердан олади? Ўзининг ойлигидан берадими? Ўқитувчиларнинг ойлигидан ушлаб қоладими? Яна устидан ёзишади-ку? Уй бузаман деб, ишидан айрилиб, ўзининг уйи бузилади-ку?

2. Туғруқхоналар ҳам бу ишга жалб қилинган, уларнинг 20 та ишчиси йўқ ўзи, улар 20 та ишчини қаердан олади? Уларга мардикор бозордан мардикор олиб келиб қўйишни тавсия қилишибди. 20 та мардикор 70.000 сўмдан БИР МИЛЛИОН ТЎРТ ЮЗ МИНГ СЎМ бўлади, унга овқат пулини ва транспорт пулини қўшсак, УЧ МИЛЛОН СЎМ бўлади. Туғруқхона бош врачи бунча пулни қаердан олади? Ўзи у бечоралар ақалли суюнчи пули ҳам ололмайдиган қилиб қўйилган эди-ку яқингинада? Бу уларни яна пора олишга «ундаш» эмасми?

3. Шаҳар шифохонасининг ҳар бир бўлимига 20 тадан ишчи «солиғи» ақл билан солинганми? Уларнинг айримларида бор-йўғи тўрт-беш киши ишлайди-ку? Дўхтирликни йиғиштириб қўйиб, ёппасига уй бузишга чиқишса ҳам 20 киши бўлмайди. Улар нима қилади? Касаллардан пора талаб қилмай, нима қилишлари мумкин? Ё ановича пулни бечора бўлим бошлиғи чўнтагидан берсинми?

4. Шаҳар ҳокимлигидагиларнинг тўрачилигини кўринг-ки, иш қуроли игна бўлган шифокорлардан, қоғоз-қалам бўлган ўқитувчилардан лом, белкурак, кувалдо ва ҳоказо иш қуролларини ўзлари олиб келишларини талаб қилаётганликларини шунчаки «қистириб» ўтмоқдалар! Зиёли одамларни УЙ БУЗИШга чиқарадиган мард ҳеч бўлмаса, иш қуроли билан таъминлаб қўймайдими? Уят керак эмасми?

5. Раҳбарларга микрофон тутилса, баландпарвоз гапларни қойиллатишади. «Ўқитувчилар, шифокорлар мажбурий меҳнатга жалб қилинмайди», дейишади, «Бизда бунақа ҳолатлар кузитилмаган», дейишади. Кўзларини лўқ қилиб, ёлғон гапиришади. «Сиз билан биз яшайдиган ернинг юзини сиз билан биз тозаламасак, ташқаридан келган одам тозалаб берадими?» дея ватанпарварлик қилишади, аммо қўлларига уйларидан белкурак, лом, ақалли супурги кўтариб келиб, айби ўқитувчи ё шифокор бўлган «мардикорлар» сафига асло қўшилишмайди, ор қилишади, нега?

6. Ўзбекистонда гап билан иш бир хил бўладими бирор замонда?

7. Ҳокимият дегани мутлоқ ҳокимиятми? Одамлар устидан кўнглига келганича ҳукм юритадими?

Саволлар кўп, аммо бирор киши виждон билан жавоб берадими бу саволларга?..

Тўра Мурод,

эркин ижодкор махсус Кун.уз учун

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ақш мактабида юз берган отишмада икки нафар ўсмир ҳалок бўлди, 17 нафари яраланди

Американинг Кентукки штатида 15 яшар ўсмир Бентон шаҳарчасидаги ўрта мактабдаги синфдошларига қарата ўт очди. (more…)

Наманганда яна бир прокурор ушланди

Косонсой туманининг Тагижар маҳалласида яшовчи И.М. муқаддам фирибгарлик жиноятига қўл ургани учун икки бор судланган. Бироқ бундан хулоса чиқармай, яна эски қилмишларини ...

Яккабоғ туман ҳоким ўринбосари жазоланиши керак

Куни кеча Яккабоғда экскаватор билан бинони бузишга уринган ҳоким ўринбосарини тадбиркор томонидан ёқиб юборишга уриниш акс этган видео ижтимоий тармоқларни ларзага солди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400