Журналист Ички ишлар вазирига очиқ хат ёзди

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Жамиятимиз равнақи йўлида ҳамкорлик зарур» сарлавҳаси билан самарқандлик кекса журналист Тошпўлат Раҳматуллаевдан ИИВ раҳбари Абдусалом Азизов номига очиқ хат эълон қилинди. Очиқ хатда кўрсатиб ўтилган вазиятларга ҳар бир журналист мубтало бўлиши мумкинлигидан, уни ўз сайтимизда эълон қилишга, мутасаддиларни мушоҳадага чорлашга қарор қилдик.

«Ҳурматли Абдусалом Абдумавлянович!

Ички ишлар органи ходимлари меҳнати давлат ва жамият учун қанчалик зарур эканлигидан, улар фаолиятидаги қийинчиликлардан озми-кўпми хабардорман. Худди шундай жамият ва давлат келажаги ва ривожу равнақи учун журналист фаолияти ҳам муҳим саналади. Журналист давлат ва жамиятни боғлаб турувчи ҳалқадир, у аҳолининг хабардорлигини ошириш йўлида заҳмат чекади ва шу орқали одамларни онгли равишда фаоллик кўрсатишга ундайди.

Агар оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари ишига сунъий тўсиқ қўйиладиган бўлса, у ҳолда улар ўзларининг масъулиятли ишларини бажара олишмайди. Бундан журналистлардан кўра жамият кўпроқ зарар кўради. Шу нуқтаи назардан ўзим билан бўлиб ўтган воқеани таҳлил қилиб кўрайлик.

2017 йил 1 август эрталаб тест синовларининг бошланиши ҳақида репортаж тайёрлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалининг янги биносига бордим. Ундан аввал йўл-йўлакай СамМИ абитуриентлари имтиҳон топшираётган лицей ёнидан ўтаётиб, вазият билан танишдим ва суратлар олдим. ТАТУ биноси олдида бўлган воқеа тафсилотлари ҳақида ёзганларим Интернет тармоғидамавжуд.

Фақат шуни уқтирмоқчи эдимки, у ердаги подполковник унвонидаги зобит юзлаб кишилар кўз ўнгида содир бўлаётган ҳолатни суратга олишга, ахборот йиғишимга, демакки, журналистик фаолиятни олиб боришимизга тўсқинлик қилди.

Ушбу очиқ хатни ёзишимдан мақсад — Сизга бўлган воқеанинг тафсилотини баён қилишдан иборат эмас. Бу хабар кенг тарқалди ва Сиз ёки мутасаддилар уни ўрганиб, бирор-бир қонуний хулоса чиқарасизлар, деб уйлайман. Шунингдек, подполковникнинг хатти-ҳаракатига прокуратура органлари ҳам мавжуд қонунчилигимиз асосида баҳо берар. Бу ерда эътиборингизни ички ишлар органлари билан оммавий ахборот воситаларининг яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш нақадар муҳимлиги ва бу масала айни кунларда долзарблик касб этаётганлигига қаратмоқчи эдим.

Ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти билан боғлиқ мавзулар доимо аҳолида қизиқиш уйғотиб келган. Шундан фойдаланиб, ички ишлар органлари ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириши зарур. Бу ҳамкорлик ички ишлар органи олдида турган қатор вазифаларни ҳал қилишда ёрдам бериши кундек равшан. Айниқса, жамоатчилик ўртасида ички ишлар органларининг ижобий имижини шакллантиришда, соҳа ходимларининг обрў-эътиборини оширишда ОАВ кўп иш қилиши мумкин. Журналист ўз чиқишлари орқали соҳа ва унинг ходимлари ишини кенг оммага тарғиб қилади ва улар атрофида жамоатчилик фикрини шакллантиришга ёрдам беради.

Ички ишлар органлари ходими ўзининг вазифасини сифатли бажариши учун муайян даражада жамоатчилик ишончига сазовор бўлмоғи зарур. Бунинг учун ички ишлар органлари фаолиятини мунтазам ёритиб бориш талаб этилади. Ўз навбатида, кўпгина ҳолларда ички ишлар органи ходимлари журналистлар ўз профессионал вазифаларини бажариши жараёнида уларнинг хавфсизлигига кўз-қулоқ бўлиб туришади.

ОАВ билан ҳар томонлама кенг ҳамкорликни йўлга қўйилиши алоҳида шахс ёки бутун мамлакатнинг информацион хавфсизлигини таъминлаш воситаларидан бири ҳисобланади. Журналистларнинг чиқишлари орқали аҳоли ўзига керакли ахборотни олади ва шу асосда алоҳида шахслар, ижтимоий гуруҳлар ва бутун жамиятнинг кайфияти, қарашлари, жамоатчилик фикри, бўлаётган жараёнларга муносабати шаклланади.

ОАВ ҳуқуқий билимларни тарғиб қилиш, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, нигилизм (жамиятдаги ҳар қандай принцип, норма, қонунларни менсимаслик) даражасини камайтириш орқали жиноятчиликни олдини олишда амалий ёрдам кўрсатади. Шунингдек, ички ишлар органларининг ОАВдан фойдаланган ҳолда тарқатган хабари асосида аҳолининг жиноятни фош этишда ҳисса қўшганлиги хусусидаги мисоллар оз эмас.

ОАВ ёрдамида жиноятчиликнинг олдини олишнинг муҳим йўналиши — қилинган жиноят учун жазонинг муқаррарлигини тарғиб қилишдан иборат. Чунки жиноятнинг жазосиз қолиши янги қонунбузарликларга асос бўлади.

Ички ишлар органлари ва ОАВ ҳамкорлигини қуйидаги шаклларда амалга ошириш мумкин:

а). ОАВга мунтазам равишда материаллар тақдим этиб туриш;

б). Журналистлар сўрови бўйича уларга вақтида ахборот етказиш;

в). Журналистларга интервью бериш, брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказиб туриш;

г). Ички ишлар органи ходимларининг ОАВда чиқишини йўлга қўйиш.

Самарқандда вилоят ИИБ билан журналистлар ўртасидаги ҳамкорликнинг яхши тажрибаси мавжуд. 1995 йилдан бошлаб беш йил давомида ҳар йилда икки марта ИИБ бошлиғи матбуот анжумани ўтказарди. Соҳада амалга оширилаётган ишлар мунтазам ОАВда ёритиб бориларди. Бу анъанани генерал Урайимжон Абдураимов бошлаб берган эди.

Ҳурматли Абдусалом Абдумавлянович!

Ички ишлар органлари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигининг аҳамияти ҳақида кўп гапириш, мисоллар келтириш мумкин. Ҳозирги босқичда Президентимиз талабидан келиб чиққан ҳолда, ОАВ ходимларининг ўз фаолиятини рисоладагидек бажариши, ура-урачиликдан қутилиб, ҳаққоний сўзни айтишига имкон яратилиши Сиз раҳбарлик қилаётган тизимнинг уларга бўлган муносабатига ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда. Мен билан бўлган воқеага сабабчи бўлган подполковникка ўхшаб журналистга муомала қилинадиган бўлса, аксарият касбдошлар қўрқиб, ҳеч бир ишга қўшилмасдан, лоқайдлик ва жимжитлик гирдобидан чиқолмасдан юраверишади. Бу кимга керак? Бундан кимга фойда?

Ўша подполковникнинг хатти-ҳаракатига ОАВ қонунчилигига асосланиб, қуйидагича баҳо бериш мумкин:

1. Журналистик фаолиятни олиб боришга тўсқинлик.

2. Тўплаган информацияни, яъни суратларни йўқ қилиб юбориш.

3. Шахсий мулкка дахл қилиш: фотоаппарат архивидаги суратларнинг бунга асос бўлмаган ҳолда текширилиши.

4. Милиция участкасига мажбуран олиб борилишим.

Зобитнинг яна бир қонунбузарлиги бу — ўзини таништирмаганлигидир.

«Ички ишлар органи ҳақида»ги Қонуннинг 8-моддасида «Ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этган тақдирда, ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилиши сабаби ва мақсадини маълум қилиши» шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Қонуннинг «Очиқлик ва шаффофлик принципи» деб аталган 9-моддасида ички ишлар органлири ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, давлат ва бир қатор жамоат ташкилатлари, жумладан оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширилиши таъкидланган.

Менга қаттиқ таъсир этган зобитнинг яна бир гапини келтирмоқчиман ва бу ҳақда хизмат суриштуруви доирасида аниқлик киритилишини сўрардим. У ҳатто хизмат гувоҳномамни очиб кўрмасдан: «мен сизни яхши биламан, нима ёзишингизни ва кимга хизмат қилишингизни ҳам биламан», деди. Мен кимга хизмат қиларканман? Айтсин! Барча фаолиятим очиқ, жамоатчилик кўз олдида ўтмоқда. Ёзганларимни таҳлил қилиб кўринглар. Бундан олти йил асос солган «Согдиана» блогимда 775та хабар ва мақола жойлаштирилган. Ўша таҳлил қилувчилар бир қизиқиб кўришсин-чи, олти йил учун бу озми ёки кўпми? Боз устига, маош ёки қалам ҳақи олмадим. Ахир, блог ўзимники бўлса, менга ким ҳам ҳақ берарди?

Мана энди эркин ижод қилиш даври келмоқда. Президентимизга айни пайтда  ҳақиқатни тик айта оладиган, жасур журналистлар, ижодкорлар керак. Мен бундай давр келишини қанчадан бери орзу қилардим. Аммо «аҳвол қачон яхши бўлса, сўнгра ёзаман», деб кутиб ётмадим. Таҳдидларга қарамасдан, камчиликларни қаламга олдим, ўзининг шахсий манфаатидан бошқани ўйламайдиган амалдорларнинг ноқонуний ишини ошкор қилишга ҳаракат қилдим. Натижада, ўша тўралар бирлашиб, мени бадном қилишга интилди ва маълум маънода бунга эришишди ҳам. Шу сабабли, Сиздан аввалги раҳбарлар даврида мен идорангизнинг «қора рўйхати»да эдим. Ўша подполковник ҳозиргача эски замонда қолиб кетиб, эскича тасаввурлар билан яшаётгандир ва мени «яхши билиши» шундан бўлса керак.

Аммо сўнгги 7–8 ой давомида аҳвол ўзгарди. Чиқишларим асосида ёпилган кўчалар очилди, Самарқандда электр токининг ўчиб ёнишига деярли барҳам берилди, эшаклар «кушхонаси» тугатилди, иши битмай юрган бир қатор тадбиркорлар тақдири жамоатчиликка ва мутасаддиларга ошкор бўлди ва ҳоказо. Ҳатто вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси фолиятидаги камчиликларни очиқ кўрсатилган мақоламдан кейин қатор йўл белгилари алмаштирилди, янгиланди… Айтганимдек, буларнинг ҳаммасини Интернетда ўқиб олса бўлади. Шу асосда менинг кимга хизмат қилаётганлигимни билиб олиш мумкин.

Ўтган йилдан бошлаб «Новости Узбекистана» сайти билан ҳамкорликни йўлга қўйдим. Янгилик ва мақолаларим ушбу сайтга жойлаштирилиши оқибатида мамлакатимизда содир бўлаётган воқеалар билан танишаётганлар сони янада ортди.

Чиқишларим орқали вилоятда бўлаётган ўзгаришлару янгиланишлар билан дунё аҳлини таништиришга хизмат қилаётганлигимдан хурсандман. Ўша зобитингиз блогимга кирсин ва уни қайси мамлакат вакиллари ўқиётганлигини кўрсин. Умуман олганда, ким кимга хизмат қилаётганлигини Аллоҳ кўриб турибди ва бунга халқ ҳам ўз баҳосини беради. Фақат шу бугун билан яшаётган ўша зобитга ўхшаганларнинг баҳоси аслида бир чақага ҳам арзимайди.

Гапнинг очиғи, мен ушбу мактубни ёза туриб, кейинги пайтларда давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ижод аҳлини дадилликка чақирган даъватлари қулоғим остида жаранглаб турди ва бу менга қўшимча куч бағишлади. 25 январь куни Самарқанд вилоят халқ депутатлари сессиясида Бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев чиқиш қилиб, менинг элекр энергияси билан таъминлашда бўлаётган узилишлар ҳақида ёзган мақоламни тилга олиб, журналист тўғри ёзганлигини, тўғри сўзи учун уни таъқиб этмаслик кераклигини муҳтарам Президентимиз алоҳида таъкидлаганликларини уқтириб ўтган. Буни каминага сессия иштирокчиларидан бир неча киши етказган эди.

Юқоридаги фактни келтиришимдан мақсад ички ишлар органи ходимлари замон ўзгариб бораётганлигини англаб етиши, нафақат журналистлар, балки барча фуқаролар билан бўлган муносабатларида, демократик давлатларда бўлгани каби, улар фақат қонун талабларига таяниб фаолият юргизиши кераклигини эслатишдан иборат.

Ҳурматли Абдусалом Абдумавлянович!

Сизга қилган бу мурожаатимга жавоб кутарканман, подполковникнинг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилиши билан бирга ИИВ тизими ва ОАВ ўртасида манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифимга муносабат билдирилади, деб ишонаман.

Охирида ўзим ҳақимда: журналист ва блогер. Оилали, ёшим 68да.

Ҳурмат билан,

Тошпўлат Раҳматуллаев.

http://kun.uz/news/2017/08/04/zurnalist-icki-islar-vaziriga-ocik-hat-ezdi

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрондаги норозиликнинг бешинчи куни

«Эронда ижтимоий, иқтисодий аҳволларга нисбатан норозилик намойишлари бошланиб, ҳукумат бошқарувига қарши шиор билан чиққан бир қанча инсонлар вафот этган. Норозилик акцияси ...

Фарғонада тозалаш ишларига энди беморлар жалб этилди(ми)?

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда мажбурий меҳнат барҳам топаётганини эътироф этаётган бир пайтда, айримларнинг ўз вазифасини бажармай, уни ўзгаларга юклаётгани бунга соя ...

Бири прокурор ёрдамчисига яна бири прокуратура терговчисига пора бераётганда ушланди

2018 йил 12-13 октябрь кунлари Қашқадарё вилоят прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Бош ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400