Андижон ҳокими ўқитувчиларни Гулнора Каримова қурдирган шаҳарчани тозалашга ҳайдади (ВИДЕО)

  • Садриддин Ашур/Озодлик

Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти

Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 9 август кечқурунги видеоселектор йиғилишидан сўнг мактаб директорлари ва боғчалар мудирларини залда қолишга буюрган.

Бу ҳақда шу йиғилишда қатнашган мактаб директорларидан бири 9 август куни кечаси Озодликка ёзди:

“Ҳозиргина республика бўйича ўтказилган видеоселектор якунланиб, микрофонлар ўчирилгандан сўнг, шаҳар ҳокими директор ва мудирлар қолишини айтди. Ҳоким жуда ҳам қўпол тарзда бизга буйруқ бера бошлади. У эртага эрталаб соат 6.00 да Андижон шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасида жойлашган, Гулнора Каримова томонидан қурилган Болалар шаҳарчаси(Меҳрибонлик уйи) ҳудудини ободонлаштириш ҳамда тозалаш учун мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячиларини жалб этишга топшириқ берди”, деб ёзади исми сир қолишини сўраган мактаб директорларидан бири.

Унинг айтишича, айни кунларда Андижон шаҳар 10- мавзесидаги кўп қаватли уйлар атрофини тозалаётган мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячиларига бу қўшимча топшириқ бўлган:

“Шаҳар ҳокими ўз сўзининг охирида “муҳитни саситмаслик”ни, бўлаётган топшириқларни муҳокама қилмасликни буюриб, “кимда ким ҳашардан бош тортса ишдан оламан”, деб дўқлади. Аслида юқори минбарларда айтилаётган сўзлар ёлғон, Сенат аъзолари мажбурий меҳнат йўқ деб чўпчак айтяпти, ўқитувчи ва мураббийлар текин ишчи кучи, мардикор сифатида қулдек ишлатилаётганига ким ишонмаса ана келиб бизнинг аҳволимизни кўрсин. Ҳашар деган балндпарвоз чақириқлар жон-жонимиздан ўтиб кетди. Ҳашар бўлса, ҳокимнинг хотини, прокурорнинг қизи ҳам келиб кетмон чопсин. Ахир ҳамма ҳудуднинг ўз ҳомийлари ва техник ходимлари бор. Нега энди ҳамма жойни ўқитувчи тозалаб бериши керак”, деб эътироз билдиради мактаб директори.

Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти

Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти

Мажбурий ҳашарда иштирок этган ўқитувчилардан бири кўпчилик меҳнат таътилида бўлгани учун улар телефон ва СМС орқали чақириб олинганини айтади:

“Мактабимиз директори ҳамма ўқитувчи ва техник ходимларга эрталаб соат 6.00 да Бобуршоҳ кўчасидаги “Андижон” тўйхонаси олдига пақир, супурги ва кетмон билан тўпланишимиз ҳақида СМС жўнатди. Ҳамма ҳам келмади, турли мактаблардан йиғилганлар тахминан юз киши атрофида эди. Болалар шаҳарчаси атрофидаги йўл бўйида қуриб қолган хас-хашакларни кетмон билан чопдик, йиғдик, ўт қўйдик, супурдик. Тушгача ишлаб, кейин тарқалдик”, деди ўқитувчи.

Озодликнинг Андижондаги мобил мухбири 10 август куни соат 14 да Бобуршоҳ кўчасида кўча тозалаётган ўқитувчи ва боғча тарбиячиларини сурат ва видеога туширди.

Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти

Андижонлик ўқитувчилар кўча тозалаяпти

Ўқитувчилар мобил мухбирга эрталаб жуда кўп ўқитувчи ва тарбиячилар келганини, уларнинг кўпчилиги ишини тамомлаб, уйига қайтганини айтган.

“Мен борганда 11- мактабда ҳокимият йиғилиш қилаётган экан. Шунинг учун унинг атрофида ўқитувчилар кўча тозалаш билан банд эди. Улар билан гаплашсам, эрталаб жуда кўпчилик бўлганини, Гулнора Каримова детдомини атрофидаги кўчалар ўтини тозалаганини, гуллар экишганини, қуриган ўтларга ўт қўйганини айтишди. Ўқитувчиларнинг ишни тугатиб кетаётганини ҳам видеога олдим”, дейди мобил мухбир.

Андижон шаҳар халқ таълими бўлимининг мудири Муҳиддин Турғунов Озодлик билан суҳбатда ўқитувчи ва тарбиячиларнинг кўча тозалашга чиқарилганига оид саволга бундай жавоб берди:

“Менинг бундан хабарим йўқ. Мен Қирғизистондан келган меҳмонлар билан юрибман”, деди мудир.

Андижон шаҳар ҳокимлигидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳақида сўнгги олти ой давомида маҳаллий интернет нашрлари ва телевидение ҳам ҳар замон гапириб турибди.

Ўзбекистон телевидениесида ўқитувчиларнинг мажбурий ҳашарларга чиқарилиши ва мажбурий обунани танқид қилган “Бекажон” газетаси бош муҳаррири Каримберди Тўрамурод, бу чиқишидан кейин ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийси ҳам ўқитувчилар мажбурий меҳнатга чиқарилаётганини тан олган ва бундан сўнг бу ҳолатга йўл қўйилмаслигига ваъда берган эди.

https://www.ozodlik.org/a/uzbek-uqituvchi-kucha-tozalayapti/28669574.html

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Андижон ииб шаҳрихондаги ҳодиса тафсилотларини маълум қилди

Андижон вилоят ИИБ Шаҳрихонда ўғирликда гумон қилинган аёлнинг оломон қўлидан қочиб, анҳорга тушиб кетгани юзасидан изоҳ берди. Андижон вилояти ИИБ Шаҳрихон туманидаги ...

«қўполлик ва таҳдидлар». бўлажак тошкент-сити қурилиши жойида нималар бўляпти?

Халқаро ишбилармонлар маркази «Тошкент-сити» (Tashkent City) қурилиши сабаб «Ўқчи-Олмазор» мавзеидаги бузилиши керак бўлган уйларни ихтиёрий тарк этмаган аҳолини пойтахт ...

Россия ва тожикистон «мусулмонларни қайта тарбиялаётган» хитойни қўллаб-қувватлади

БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашида Хитой томонидан Шинжон-Уйғур автоном ҳудудида олиб борилаётган ишлар кўриб чиқилди. Хитой ҳукумати ушбу ҳудудда ўзгача сиёсат юритмоқда ва ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400