“Ҳокимлар ишини қилдириб, биттаси ҳам ваъдасида турмади” (ВИДЕО)

 


———————————————————————

“Ташаббус – 2016” кўрик танлови совриндори, Андижон вилоят, Шаҳрихон туманида яшайдиган темирчи уста Баҳодирхон Абдуллаевнинг “Sizdan Telegram”га ёзишича, у Ўзбекистон Гербини ясагандан сўнг, вилоят ҳокими унинг “тадбиркорлигини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш учун шароит яратиб беришга ваъда берган”.

Лекин, ўтган вақт давомида, Андижон вилоят ҳокимлиги мулозимлари 10 сўтих ер ажратиб бериш ваъдаси билан устани ўз мақсадлари йўлида текин ишлатишган, ердан эса дарак бўлмаган.

Муштарий йўллаган мактуб:

“2016 йилнинг бошларида Ўзбекистон Давлат гербини беш нафар шогирдим билан тўрт ой ясадим. Ҳумо қушининг ҳар бир деталини, гербдаги буғдой, пахта кўсаги, тоғлар, дарёлар, ҳаттоки қушнинг тирноғигача доналаб ясаб чиқдим.

Бундан хабар топган Ҳунармандлар уюшмаси бошлиғи Давлат гербини кўрик-танловга олиб чиқишни таклиф қилди. “Ташаббус” кўрик- танловида қатнашдим, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов меҳнатимизи кўриб, “сабрингизга қойил!” деди. Газетадан келишди. Кейин Шаҳрихон туман ҳокими Одилжон Солиев ёнига чақириб, Андижон-Ўш йўлига президентимиз келади, деди ва 2 дона кўприк ва 1 дона миниатюрали чархпалак қуриб беришимини сўради. Эвазига фолиятимни кенгайтиришга, ер ажратиб беришга ваъда қилди. Афсус, айрим сабабларга кўра, президентимиз келмади, ҳоким ҳам ваъдасида
турмади.

Кейин вилоят ҳокимлигига бордим. У ерда Мусахон ака исмли шахс ишимни битириб беришга ваъда қилди. Бир шарт билан. Маҳалласига гузар қурган экан. Шу ерга девор ва дарвоза қуриб беришга келишдик. Қуриб бердим. Лекин, минг афсус, у одам ҳам мени алдади. Ҳозирги кунда Мусахон ака Хонобод шаҳрида ҳоким лавозимида ишлаяпти.

2016 йил охирида солиқдан қарз бўлдим, миниб юрган машинамни сотиб, солиқни тўладим.

Ота-онам нафақахўр, уч нафар қизим бор. Оилада катта фарзандман. 10 сотих ер оламан деб, хонавайрон бўлдим бу раҳбарларнинг дастидан. Мен ёшлигимдан тасвирий санъатга қизиқаман. Менга ҳеч ким устозлик қилмаган”.

​———————————————————————-

https://www.ozodlik.org/a/sizdan-telegram-hokim-gerb/28671543.html

Аудиолар