Ҳокимлик лицензия бермаëтган Тошкентдаги 63 аптека банкротлик ëқасига келиб қолди

 


«Ягона дарча» марказига лицензияси узайтирилишини сўраб мурожаат қилган Тошкент шаҳридаги 63 та хусусий аптека эгаси¸ қонунда белгиланган муддат тугаганига қарамай¸ ўз аризасига жавоб ола олмай¸ ишсиз ўтиришга мажбур қолмоқда.

Лицензиясиз қолган аптекачиларнинг Озодликка айтишича¸ президент Мирзиëев томонидан тадбиркорлик фаолиятини расмийлаштиришни тезлаштириш ва соддалаштириш мақсадида ваколатлари кенгайтирилган“Ягона дарча” маркази¸ бундай чўзилишга идоралараро маъмурий чалкашликларни рўкач қилмоқда.

«Аптекаларга лизенция бериш 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтди. Олдинлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги берарди¸ унда муаммо бўлмаган. 1 апрелдан бошлаб лицензия бериш фактически тўхтатилди. Шаҳар ҳокимлиги 1 июлдан лизенция учун ҳужжатларни «Ягона дарча» орқали расмийлаштиришни йўлга қўйди. 6 июлдан бошлаб “Ягона дарча” ҳужжат қабул қилишни бошлади. Қонун бўйича¸ аризага 15 кун ичида жавоб берилиши керак. Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтди¸ ҳеч қандай жавоб йўқ. Бу дарчага кунига 2-3 марталаб бораяпмиз¸ “паспорт йўқ¸ ҳоким қўл қўймаган¸ йўқ”¸ дейишдан нарига ўтмаяпти”¸ деди лизенцияси тугагани боис¸ аптекасини ëпиб уйида ўтиришга мажбур қолган тадбиркорлардан бири Озодлик билан 16 август кунги суҳбатда.

“Аптекам ëпиқ қолаëтган ҳар бир кун менга миллионлаб зарар келтирмоқда”

Озодлик суҳбатлашган хусусий аптека эгаларидан бири¸ ҳокимият идораларидаги маъмурий сансалорлик ортидан¸ ўзи ва ўзига ўхшаган аптекачилар кўраëтган зарарни тасвирлашга уринди.

Банкдан кредит олганман¸ уни фоизи билан ойма-ой қайтаришим керак. Аптекам арендага олинган бинода¸ ишласа-ишламаса¸ ижара пулини тўлашим керак. Тўртта ишчим уйида ўтирипти¸ уларга ойлик бериш керак. Лекин буларнинг бирортасига пул йўқ¸ чунки аптекам қулфлоғлиқ¸ савдо йўқ¸ даромад йўқ. Бундан ташқари¸ аптеканинг ўз ички зиëнлари бор. Асосийси¸ дорилар муддати ўтиб кетади ва уларни кейин ахлатга ташлашим керак. Уже икки миллионлик дорини ташладим. Ўтаëтган ҳар бир кун бизга ниҳоятда қимматга тушмоқда¸ шунақа чўзишни давом эттиришаверса¸ бутунлай банкрот бўламан. Бундан давлат ҳам зарар кўраяпти¸ чунки солиқ ҳам¸ банкка пул ҳам тушмаяпти”¸ дейди тошкентлик тадбиркор.

“Паспорт тайëр¸ 17 августдан лицензия беришни бошлаймиз”, деган ваъда бажарилмади

16 август куни Озодлик мухбири тошкентлик хусусий аптекачилар шикоятига муносабат билдиришни сўраб¸ Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди.

Ҳокимликнинг аптекаларга лицензия бериш жараëнига бевосита алоқадор расмийси¸17 августдан бошлаб лицензияси узайтирилишини сўраб “Ягона дарча”га ҳужжат топширганларга жавоб берилишини билдирди.

Бугун (16 август – таҳр.) ниҳоят тўртта ташкилот – Тошкент шаҳар ҳокимлиги¸ Адлия вазирлиги¸ Савдо-саноат палатаси ва Ахборот технологиялари вазирлиги томонидан қўл қўйдириб¸ “Ягона дарча” марказининг аптекаларга лицензия бериш бўйича паспортини (ҳужжатлар рўйхати – таҳр.) ишлаб чиқиш тугади. Бунинг устида тўртта идоранинг ўндан ошиқ юристи ишлади¸ юзлаб қонун ва қонун ости ҳужжатлари мувофиқлаштирилди. Ҳозир президент томонидан тасдиқланган комиссия йиғилиши бўлаяпти¸ ҳоким рухсатномаларга қўл қўяди¸ эртадан лицензияси тугаган 63 та аптекага кенгашдан ўтган-ўтмагани ҳақида хабар берамиз. 25 аптека мутахассислар гуруҳи томонидан нормага мувофиқ эмас¸ деб топилиб¸ уларга лицензия бермасликка қарор қилинди¸ қолган 38 таси эртадан лицензиясини олиб¸ ишини давом эттиради”¸ деди ҳокимлик расмийси.

Озодлик бу ваъда ижросини кузатиш мақсадида¸ аптекачилар шикоятини эълон қилишни бир кунга тўхтатиб¸ жараëн ривожини кутди.

18 август куни Озодлик қайта боғланган аризачи аптекачилар¸ 17-18 август кунлари ҳам “Ягона дарча”дан ҳеч қандай аниқ жавоб бўлмагани¸ улар эски гапни такрорлашдан нарига ўтмаëтганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийсининг 17 августдан хусусий аптекачилардан 38 таси ўз лицензиясини олиб¸ ишни бошлаши мумкин¸ аризаси қондирилмаган 25 аптека эса¸ ўз фаолиятини талаб даражасига кўтарса¸ уларга ҳам берамиз¸ деган ваъдаси ижро этилмади.

Давлат органи лицензия беришни чўзса¸ тадбиркор лицензиясиз ишлашга ҳақли – Қонун

Шавкат Мирзиëев президент сифатида қўл қўйган илк ҳужжатларидан тосўнггилари (2017 йилнинг 18 августига қадар – таҳр.)га қадар хусусий тадбиркорлик йўлидаги маъмурий тўсиқларни камайтириш¸ улар фаолиятига назорат органлари аралашувини тўхтатиш ва тадбиркорлик субъектини расмийлаштиришни соддалаштириш ва тадбиркор ҳақларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Президент тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш ҳақида кунора гапириб турган бир пайтда¸ биргина пойтахтнинг ўзида 63 та хусусий аптеканинг маъмурий лоқайдлик боис синиш ëқасига келганидан¸ Озодликка маълум бўлишича¸ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармасининг ҳам хабари бор.

“Бундай вазиятда тадбиркор ҳақларини ҳимоя қилиш мақсадида нима қилаяпсизлар”¸ деган Озодлик саволига жавоб берган бошқарма расмийси¸ “жараëннинг кузатилаëтгани¸ бундай кечикиш учун чора кўрилганини” айтди¸ аммо бу чоралар тафсилотини айтишга ваколатли эмаслигини таъкидлаш билан кифояланди.

Айни пайтда¸ бу расмий¸ лицензияси узайтирилишни сўраб¸ тегишли ҳужжатларни “Ягона дарча”га топширганидан 15 кун ўтиб ҳам жавоб ола олмаëтган аптекачиларнинг¸ ўз фаолиятини лизенциясиз давом эттиришга ҳаққи борлигини билдирди.

Улар бизга хат ëзса¸ биз ҳам уларга “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун асосида¸ жавоб берамиз. Ҳокимиятга лицензияси узайтирилишини сўраб ҳужжат топширган бўлсаю¸ қонунда белгиланган муддатда унга жавоб берилмаган бўлса¸ “бизга жавоб берилмади¸ қонунга кўра¸ фаолиятимизни бошлаймиз”¸ деган хабарномани “Ягона дарча”га бериб¸ ишларини бошлашлари мумкин. Бундай вазиятда назорат органларининг уларга лицензиянг йўқ¸ деб эътироз билдиришга ҳаққи бўлмайди¸ бизнинг хатимиз фаолиятини давом эттиришлари учун асос бўлади”¸ деди Адлия вазирлигининг Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси расмийси.

https://www.ozodlik.org/a/toshkent-apteka-dori-darmon-tadbirkorlik-mirziyoyev-qaror/28684069.html

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Марказий банк 2023 йилгача инфляцияни 5 %га туширмоқчи

Марказий банк томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш ҳамда Ҳукумат ва Марказий банкнинг иқтисодиётда нархлар ...

Ўзбекистон 205,7 миллион долларлик енгил автомобиллар импорт қилди

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-июль ойларида Ўзбекистон 205,7 миллион долларлик енгил автомобиллар импорт қилган. Spot’нинг ёзишича, ўтган йилга ...

Сурхондарёда янги цемент заводи

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида 2016 йил охирида йилига 220 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга цемент заводи ишга туширилади. Бу ҳақда “Uzbekistan ...