«Хорижлик ҳамкорларнинг ишончи сўнмоқда». Андижонлик машҳур тадбиркор муаммолар билан тўқнашди

 

 

Андижонлик Иброҳимжон Саидохунов ушбу вилоятдаги энг фаол тадбиркорлардан. У бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 200 га яқин кичик корхонага дастгоҳлар ва у ердаги технологияларни жорий қилган. KUN.UZ таҳририяти шу йилнинг февраль ойида ушбу инсон ҳақида мақола тақдим этганди. Орадан 7 ой ўтиб, UZMOLREKI – БЎЗФАРМ корхонаси раҳбари бўлган ушбу тадбиркор билан учрашишга қарор қилдик ва унинг ҳозирги фаолияти, муаммолари юзасидан суҳбатлашдик.

Мен учун энг муҳими – ватанпарварлик

“Ватанпарварлик биз учун аввал – инсонлардаги меҳр-саҳоват, ростгўйлик, ҳалоллик, қилаётган ишга меҳр ҳамда ишчиларимиз, халқимизга қилаётган саъй-ҳаракатларингиз. Кун-у тун бизга ўхшаш тадбиркорлар халқимиз фаровонлиги учун қўлимиздан келганча ҳисса қўшмоқдамиз”, дейди тадбиркор.

Корхонага нисбатан тергов жараёни ҳақида

“Биз танлаган касб республикамизда ҳозирча ягона. Шунинг учун баъзи бир мансабдор одамлар буни тушунмайди ёки уларнинг онги ҳали ривожланмаган. Бугунги кунда фармацевтика, косметика, мева-сабзавот, озиқ-овқат, нефть-кимё дастгоҳлари ишлаб чиқаришнинг барча турларини йўлга қўйдик. Ҳозир эски металларга қайта ишлов бериб, жуда ҳам кўп турдаги дастгоҳлар ишлаб чиқармоқдамиз. Нафақат юртимизда, балки Ҳамдўстлик давлатларида ҳам бу ҳунарни биз каби мукаммал эгаллаб, барча турдагисини ўрганиб чиқиб, татбиқ қилинаётган ҳолат ҳали йўқ. Бу жараённи юритгунча жуда ҳам катта тўсиқлардан ўтиб келаяпмиз.

Бизга эҳтиёт қисмлар келтириб берадиган корхоналарнинг баъзилар бекилиб қолди, баъзилари уларни ўз вақтида етказиб бера олмаяпти. Шу сабабдан баъзи тадбиркорлар билан шартномамиз ўз вақтида бажарилмай қолмоқда. Шунда бўладиган оддий низоларга, хўжалик судига чиқиб, ўз муросамизни ҳал қилиб оладиган ҳолатларга баъзи давлат ходимлари унумли фойдаланишни хоҳлаб, уни шу даражада чўзмоқдаки, ҳатто шикоят қилган тадбиркор ҳам бизга қўшилиб тергов органида ойлаб кутаяпти. Аслида, у хўжалик судига чиқса, бир кунда ҳал бўлади-да, бизда хато бўлса жаримасини қайтаришни ўйлаймиз.

Ҳамкорларимизнинг ишончи сўнмоқда

Бир тадбиркор дастгоҳни бизга буюртма берган, у аввал Россияга бориб, дастгоҳни сотиб оламиз, деган. У ердагилар эса, йўқ, биз Ўзбекистонда UZMOLREKI билан ишлаймиз, шулар орқали олсанглар, сизлар билан мулоқот олиб борамиз, дейишган. Сўнг улар бизга келиб, дастгоҳга буюртма берган. Биз патент орқали фаолият юритамиз, яъни қонуний равишда валютага чет элга бориб дастгоҳни сотиб олиб, нақд пулга Ўзбекистонга хусусий ҳолатда олиб кирамиз. Ҳеч қачон яширин йўллар билан дастгоҳ келтирмаганмиз. Шу ҳолатда тадбиркор шартномани уч ойда тўловини бажара олмагани учун 9 ойга чўзилиб кетмоқда. Бундай чўзилишга сабаб – бу ўша тадбиркорнинг ўз сабабларидир. Лекин Россиядаги ҳамкорлик бундан норози бўлмоқда, биз улар билан 20 йил олиб борган фаолиятимизга салбий таъсир қилмоқда. Уларнинг ўзи ҳам кейин тўхтаб қолмоқда, ишончсизлик билдирмоқда ва дастгоҳни, ҳар сафар озгина пулимиз етмай қолса ҳам кейинроқ тўлаймиз, деганда жўнатадиган тадбиркорлар ҳам 9 ойгача чўзилгандан кейин ишонмайди. Тадбиркор дастгоҳни олишдан воз кечмоқда ва Россиядан “пулимизни олиб бер”, деб мурожаат қилаяпти. Биз, майли, пулни олиб бериш мумкин-ку, фақат Россияга бориш керак, ўша дастгоҳни фақат ўша ерда сотиб олиш мумкин ёки олиб келиб, бу ерда сотиш мумкин. Шу ҳолатдагина буни ҳал қилсак бўлади, десак, у ички ишлар органларига мурожаат қилиб бормоқда. Ички ишларда эса бизни катта валютага аралаштирибсан, деяпти.

Айбсиз бўлиб чиқмоқдамиз

Мақсадимиз аслида дастгоҳни олиб келиб, аҳолини иш билан таъминлаш, лекин биз бу ерда айбдор бўлиб чиқаяпмиз. Ўша дастгоҳдан воз кечган пулни энди қандай қайтариш ҳолати келиб чиқмоқда. Россиядагилар бизнинг қолган пулимизни бер, деб у ерда улар дўқ-пўписа қилмоқда. Бу ерда эса тадбиркор пул бер, деяпти. Воситачилик қилиб, уни олиб кириб берамиз, деган биз ўртада айбдор бўлиб қолмоқдамиз ва ички ишлар ходимлари бизни пулни тўлашга мажбурлаяпти. Шунда ҳам тадбиркорга пулини қайтиб бердик, дастгоҳ эса Россияда қолиб кетмоқда. Тадбиркор ўз сармоясини олиб кетганидан кейин ички ишларга иккинчи бор шикоят қилаяпти.

Энди бизни прокуратурага чақириб, худди шу масалада бошқатдан тергов олиб бормоқда. У ерда жиноят аломати йўқ, деб ҳужжатни ёпиб, бизга рухсат беришди. 5-6 ойдан кейин эса вилоят ички ишлар бошқармаси бизни огоҳлантирмасдан шу вақтгача қурган заводларга боришиб, UZMOLREKI’дан низо бўлса, шикоят ёзиб бер, ундириб берамиз, деб 3-4тасидан ариза олиб туриб, жиноий иш очди. Бизнинг важлар кўриб чиқилганидан сўнг, охирида иккитаси қолаяпти. Улар ҳам бир қадар тушунарсиз.

Тадбиркорга нима керак?

Тадбиркорга аввал юртнинг тинчлиги, ўзи қилаётган ишига ўзганинг аралашмаслиги, халақит бермаслиги, вақтини олмаслиги керак. Агарда тадбиркорни чалғитмаса, у ўз ишини мукаммал қилишга эришади. Тадбиркорга хотиржамлик керак, деб ўйлайман. 24 йилдан бери тадбиркорлик қиламиз, бу жараёнлардан жуда кўп ўтганмиз. Шу кунгача ўзимиз шуғулланаётган нарсани МДҲ давлатларида ягона қилишга эришишимизга сабаб – курашишимиздир. Шунга мажбур бўлмоқдамиз. Мевали дарахтга тош отилади, дейишади-ку. Балки, биз қилмоқчи бўлган ишларнинг рақобатчилари бордир, эҳтимол кимдир бизга шерик бўлиб кирмоқчидир. Буни очиқ айтмайди-да, зимдан ҳаракат қилади”.

Бугунги тадбиркор эртанги юзлаб бўш иш ўрнининг, фаровон жамиятнинг гаровидир. Масала юзасидан тўғри қарор қабул қилиниб, барчаси қонуний равишда ўз ечимини топади, деб умид қиламиз. Мутасаддиларни бу ишга сидқидилдан ёндашишларини сўраб қоламиз.

http://kun.uz/news/2017/08/19/videosubat-andizonlik-masur-tadbirkor-utuk-va-mavzud-muammolarga-tuhtalib-utdi

Аудиолар