Пахтани четдан ҳашарчиларни жалб этмасдан йиғиб олиш мумкинми

Жамият 09:58 32025
Фото: Nuz.uz

Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини белгилаб берадиган соҳаларга хом-ашё сифатида хизмат қиладиган маҳсулот — пахтани териб оладиган пайт кундан кунга яқинлашиб келаётгани ва халқимиз ушбу жараённи ташкил этишда ҳақиқий ўзгаришлар бўлишини катта қизиқиш билан кутаётганига шубҳа бўлмаса керак.

Мустақиллик йиллари давомида ушбу жараённинг совет давридан қолган ёндашувлар асосида, деярли ўзгаришларсиз амалга оширилгани ҳеч кимга сир эмас. Пахта харид нархини пасайтириш йўли билан бюджет даромадларини кўпайтириш мақсадида амалга оширилган сиёсат жамиятда қанчалик катта моддий ва маънавий йўқотишлардан, экин майдонлари ҳосилдорлигини пасайиб кетиши, таълим тизими, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳаларда вужудга келган муаммолардан яққол кўзга ташланиб турибди.

Самарқанд вилоятида давлат буюртмаси асосида 220 минг тонна пахта харид қилиниши режалаштирилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, пахтага ажратиладиган экин майдонлари ҳам ўтган йилга нисбатан қисқартирилган. Шундай экан, пахтани фермер хўжаликлари четдан ҳашарчиларни жалб этмасдан туриб йиға оладими?

Бу саволга жавоб бериш учун айрим рақамларга эътибор қаратиш лозим. Каттақўрғон туманининг йиллик пахта топшириш режаси тахминан 30 минг тоннани ташкил этса, теримга лаёқатли аҳолиси 90 минг кишидан кўпроқ. Агар яхши тажрибали теримчи бир мавсумда камида 3 тонна пахта териши мумкинлигини инобатга олсак, туман раҳбарияти ушбу жараёнга 10 минг кишини, яъни 9 кишидан бир кишини жалб эта олса етарли.

Менежмент фанидан узоқ бўлган раҳбарлар туманни субвенциядан чиқариш кераклиги тўғрисида қайғуриш ўрнига Самарқанд шаҳридан катта транспорт харажатлари эвазига кунига 10–15 кило пахта тера оладиган ишчи-ходимлар ва олий ўқув юрти талабаларини жалб қилишдан нарига бормаган. Уларга бирор бир мутасадди раҳбар «нима учун далада пахта қолмаганда ҳам ҳашарчиларни ортиқча сарф-харажатларга йўл қўйиб сақлаяпсизлар?», деган саволни бермаган.

Ҳар қандай ишлаб чиқариш жараёни муайян иқтисодий ёндашувни талаб этади. Шундай қилинмаса, самарадорликка эришиб бўлмайди. Ўтган йили бир кило пахта терими учун 285 сўм тўланган. Пахта терими томорқада етиштирилган бошқа маҳсулотларни йиғиштириш, қишга тайёргарлик пайтига тўғри келади. Шунинг учун қишлоқ аҳолиси манфаатдорлиги ҳар томонлама инобатга олинмаса, теримчиларни етарли даражада жалб қилиш осон кечмайди.

Биринчидан, жорий йилда терим учун белгиланган 400 сўм пулнинг қурби муайян сабабларга кўра ўтган йилникидан кўп эмас.

Иккинчидан, профессионал теримчи биринчи теримдан кейин бу пулга қизиқмасдан ишини тўхтатиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб қуйидаги қўшимча чора тадбирларни таклиф этмоқчиман:

Терим отрядлари қаторига йигитларни жалб қилиш йўли билан аёлларни оғир юкни ташишдан озод этиш,

Иккинчи теримга керак бўлган манфаатдорликка чекланган чакана нархларда ўсимлик ёғи, ун ва кир совуни сотиш йўли билан эришиш,

Учинчи теримга профессионал теримчиларни жалб этиш амри маҳол эканлигини инобатга олиб, ушбу ишларга яқин атрофдан ҳашарчиларни, жумладан, касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар меҳнатига таяниш. Ҳар қандай ҳолатда ҳам пахта терими тазйиқ йўли билан эмас, балки моддий ва маънавий рағбатлантиришни тўғри йўлга қўйиш билан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Албатта, бундай қийинчиликлар билан оғир шароитларда пахта териш XXI асрга ярашмайдиган ҳолат. Ёшларга афсонадай туюлиши мумкин, лекин 30 йил олдин Ўзбекистонда пахта ҳосилининг тенг ярми терим машиналарида терилган ва Шарқий Европа мамлакатларига қайта ишлаш учун экспорт қилинган. Ўша анъаналарни тиклаш вақти келмадимикан? Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки агар қўл теримига сарфланаётган пуллар техника ишлаб чиқаришга йўналтирилса, яқин келажакда терим жараёнини тўлалигича механизациялашга эришиш мумкин.

Рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш — иқтисодий стратегияни таркибий қисмларидан бири эканлигини инобатга олган ҳолда кейинги мавсумларда пахта ишлаб чиқаришнинг барча циклларида туб ўзгаришлар бўлишига халқимизни ишонтириш муҳим аҳамиятга эга.

Илҳом Вафаев, иқтисодчи.
Самарқанд шаҳри.

http://kun.uz/news/2017/08/28/pahtani-cetdan-asarcilarni-zalb-etmasdan-jigib-olis-mumkinmi

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нўноқ ҳокимлар билан қаергача борамиз, жаноб президент?!

Бир пайтларда "Агар ҳаёт достон бўлса сўзи муаллим, Агар ҳаёт узук бўлса кўзи муаллим" деган ажойиб қўшиқ бўларди. Бундан ташқари, муаллимларга бағишланган сон-саноқсиз ...

Бухородаги бозорда бетон плита қулаши оқибатида 4 киши жароҳатланди

Бухоро вилоятининг Вобкент туманида қурилган бозорда бетон плита одамлар устига қулади. Бу ҳақда «Кун.уз» ёзмоқда. Қайд этилишича, бозор 27 кунда қуриб битказилган, ҳодисага ...

Самарқандда пахтага олиб кетилаётган талаба ўзини автобусдан ташлаб юборди

Самарқанд давлат университетининг ижтимоий-иқтисодиёт факультети талабаси Дилкаш Хуррамов Пастдарғом туманига пахта теримига мажбуран олиб кетилаётган пайтда автобусдан ўзини ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400