Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг собиқ раҳбари Нартай Дутбаевга тайинланган жазо муддати ошкор этилди, дея хабар беради Қозоғистон Республикасининг Олий суд манбасига иқтибосан Nur.kz сайти.

Нартай Дутбаев давлат сирларини очганлиги, хизмат ваколатини суистеъмол қилганлиги туфайли 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, у давлат хизматларидан умрбод четлаштирилган.
Суд Дутбаевни “генерал-лейтенант” унвони ва давлат мукофотларидан ҳам маҳрум қилган.
Худди шундай жиноят содир этганликда айбланган Раис Муратов ва нурлан Хасенларнинг ҳар бири 5 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум этилган. бундан кейин улар ҳам умрининг охиригача давлат хизматида ишлай олмайди. Ерлан Нуртаев эса давлат сирларини фош қилишда ёрдамлашгани учун 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Унга ҳам умрининг охиригача давлат ишида ишлаш тақиқланган. Ҳукм қонунан кучга кирмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий суди (Трибунал) МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари, 2007 йилда Ўзбекистон Республикасининг марҳум президенти И. Каримов томонидан “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони билан мукофотланган, 2017 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Сурхондарё вилояти бошқармасига ўтказилган 51 ёшли генерал Шуҳрат Ғуломовни ҳам давлатга етказилган бир ярим миллиард доллар миқдоридаги молиявий зарарни қоплаш шарти билан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этган.
Ўзбекистон МХХ расисининг соби ўринбосари Шуҳрат Ғуломов

Суд жараёни давомида маълум бўлишича, Шуҳрат Ғуломов пулларни Ўзбекистондан олиб чиқиш учун ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) Дубай шаҳрида яшаётган, ўзбек махсус хизматларининг нафақадаги офицери Юрий Савинковнинг хизматларидан фойдаланган. Юрий Савинков ўзининг “контора” бўйича ҳамкасбига Ғарб банкларида ҳисоблар очиш ва у ерга Ғуломовнинг пулларини ўтказишга ёрдам берган.
Бундан ташқари, Юрий Савинков Шуҳрат Ғуломовнинг қурол савдосини йўлга қўйишда қатнашган, шунингдек, Ғуломовнинг маблағлари ҳисобидан Ғарб мамлакатларида яшайдиган ўзбек мухолифати вакилларини ўлдириш ва суиқасд уюштириш учун тўловларни амалга оширган.
Мана, биз ишонган давлат арбобларининг иши. Демак, биз шу кунгача ўз келажагимиз ва хавфсизлигимизни Миллий Хавфсизлик комитети ва Миллий Хавфсизлик хизматининг сотқин, хоин, давлат мол-мулкини талон-тарож қилувчи, наркобизнес ва турли хил жиноятлар, жумладан, мухолиф фикрдагиларга суиқасд уюштириш ишлари билан шуғулланувчи касларга ишониб келган эканмиз.
Бундан кейин бундай шахслар атрофида жавлон урган “юртпарварлар”га қандай ишониш мумкин?
Бу “Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга”, деган нақлнинг нечоғли тўғри эканининг ҳаётий кўриниши эмасми?
Муаллиф: Рўзибой Азимий