Ҳофиз Абдурауф Олимов билан суҳбат: “Сочда қиров, юзда кузу кўнгилда баҳор!”

Таниқли санъаткор Абдурауф Олимовнинг файзли хонадонига ташриф буюриб, қилган суҳбатимизни сиз азизларга илиндик. Ораларингизда ҳофизнинг “Бу турфа гуллар…”, “Оқ кабутар” каби ўлмас қўшиқларини севиб тинглаган ва ҳамон тинмай тинглайдиганлар бўлса ажаб эмас.

 Хўжанддан Жаббор Расуловгача автоуловда бир қадамлик йўл, аммо манзилга етгунча “Ҳофиз қандай кутиб оларкин?”, деган савол ич-этимни еб битирди. Туман марказидан бошқа уловга ўтириб, Ғўлакандозга жўнадим. Қишлоқда ҳофизнинг уйини билмайдиган одам йўқ, чоғи, ёшми қарими, қатъий назар, сўраб улгурмасингдан тайинлашга тушади… Бу “тайинлаш”ларда “Мен Абдурауф Олимовнинг ҳамқишлоғиман!”-деган ғурур ҳам йўқ эмас, албатта.

А.Олимов  хонадонини ҳамқишлоқлар беш қўлидай билишининг бошқа сабаби ҳам бор эканки, буни ҳофиз билан суҳбатимиз чоғида англадим: Абдурауф Олимов шу қишлоқда туғилиб, болалиги ҳам шу ерда ўтган.

Энг машҳур бўлган пайтлари: Хўжанддан Тошкентга, Душанбега темир қанот қушларда учиб, консертма- консерт, тўйма-тўйу саҳнама-саҳна, бош қашишга вақти бўлмай,  юрган кезларида ҳам шу ерда, туғилиб ўсган қишлоғида, ҳозирги уйида яшаган экан.

Тушундимки, ҳамқишлоқлари йигирма беш–ўттиз йилдан бери қидириб келган меҳмонларга ҳофиз хонадонини тайинлашдан чарчамайди. Фақат бугунга келиб бу қадамлар бироз сийраклашган.

Сабабки, ҳофиз бироз бемор.Умуман, ҳофиз шум тақдирнинг кўплаб зарбаларини бошидан ўтказган. Уларни мардонавор қарши олиб, бошдан ўтказишга ўтказган-у, бу зарбалар-да ҳофизнинг тақдирига ўз таъсирини ўтказмай қолмаган…

 Ҳофиз остонада кутиб олиб, ичкарига таклиф этади.

–Аввало, хонадонингизда қабул этганингиз учун раҳмат, Абдурауф ака. Сиз билан йилнинг ажойиб бир палласи, куз фаслида юз кӯришиб турибмиз. Бу фаслда юртимизниг байрамлари кӯп, ӯтган ва келаётган барча байрамлар муборак бўлсин!

 –Хуш келибсиз. Раҳмат! Мен ёшлигимдан куз фаслини яхши кўраман. Концерт дастурларимни ҳам, асосан, шу фаслда ташкил этардик…

– Энг охирги концертларингиз ҳам мухлислар хотирида хиралашиб бормоқда…

– Ҳа, тўғри айтасиз… (Ҳофизнинг юзлари ёришгандек бўлади. Назаримда, бундан йигирма-йигирма беш йил илгариги ўзининг сўзи билан айтганда, “юришлар”ини қўмсайди. Бир оз сукут қилади, сўнг дона-дона қилиб сўзлай бошлайди) – Биламан, аммо соғлиқ…

– Соғлиғингиз қандай?

Ҳозир анча тузукман. Ўтган йили бир жарроҳлик амалиёти ўтказишганди. Соғлиғим тикланиб боряпти. Аммо барибир ўзимни кўп уринтирмай, эҳтиёт қилишга мажбурман…(Ҳофизнинг юзлари бироз ғамгинлашиб, аста “уҳ” тортади. Оғриқли нуқтасига тегиб кетганим учун ўзимдан ранжийман. Атай чалғитиш учун суҳбат ўзанини ўзгартириб, ҳофизнинг ёшлигига бураман.)

– Абдурауф ака, санъат соҳасини танлашингиз ва катта санъатга кириб келишингиз ҳақида гапирсангиз?

Мактабда ўқиб юрган кезларимиз мусиқий асбобларни чалишни ўрганганман. У пайтлар волейболга ҳам қизиқишим катта, мунтазам спорт билан шуғулланардим. Мактабни битирган пайтимда спорт устаси унвонига эга бўлишимга қарамай санъатга бўлган қизиқиш устун келган эканми, мусиқа мактабини танлагандим. Тошкентга ўқишга бордим. Аммо бирданига ўқишга киролмадим. Барибир, тушкунликка тушиб  ниятимдан воз кечиб кетмаганман. Ўша ерда қолиб устозлардан касбимизнинг сир-синоатларини ўргана бошладим…

– Устозларингиз ҳақида гапирсангиз?..

Тошкентда тақдир мени Муҳаммаджон Мирзоевдек инсонга йўлиқтирди. У кишидан кўп нарсани ўргандим. Шу инсоннинг сабоғини олиб кам бўлмадим. Жуда донишманд инсон, ўз касбининг моҳир устаси, биз шогирдларга нисбатан эса талабчан эди.У кишидан бир умрга миннатдорман.

– Пишиқ-пухта қўшиқларингиз яратилиши ҳақида айтсангиз?

Мен Муҳаммаджон Мирзоевдан соҳамизнинг кўплаб нозик сирларини ўрганганман. Матн танлаш, куй басталаш… хуллас ҳаммасини. Сўнг энг яхши қўшиқларимни яратганман. Сиз айтгандай пишиқ, пухта қўшиқлар яратишимнинг яна бир сабаби борки, бу талабот. Умуман, илгари санъаткорларга ва уларнинг қўшиқларига талабот қаттиқ қўйиларди. Москва талабига жавоб берадиган қўшиқлар яратиларди. Айтайлик, бир қўшиқни ёзиб олиш жараёни. Етук мутахассислар ўтирарди, студияда. Ҳалига мусиқани чалаётганлардан ўз ишини қиёмига етказиб ижро этиш талаб қилинарди. Ҳофизга ҳам талабот қаттиқ эди. Унча-мунча қўшиқни қайтариб юборардилар. Фараз қилинг, қанча оворагарчилик, қанча чиқим қилиб янги қўшиқ яратиб борсангиз-у, қўшиғингизни қайтаришса?..

Шунинг учун ҳам санъаткор ўзининг янги яратаётган қўшиғи устида қаттиқ ишларди. Унча-мунча қўшиқ тан олинмасди. Ана шу йилларда ўзбек санъатида кўплаб яхши қўшиқлар яратилди.

– Ўз наздингизда энг омадли чиққан қўшиқларингиз қайсилар?

“Оқ кабутар”, “Бу турфа гуллар…” … қўшиқларим мухлисларга кўп хуш ёқди. Бу қўшиқлар ҳозир ҳам тўйларда мухлислар хоҳишига биноан айтилиб турар экан. Шогирдларим ҳам севиб ижро этишади бу қўшиқларни.

Бу қўшиқларни эндигина  яратиб, куйлаб юрган пайтларимда Охунжон Мадалиев, Мухриддин Холиқовлар билан жуда иноқ эдик. Борди-келди қилиб турардик.  2007 йилда ана шу ҳаётдан бевақт кўз юмган санъаткор дўстларни хотирлаб “Хотира” номли қўшиқ яратдим. Шу қўшиқни  ўзим ҳам яхши кўраман, дилимга жуда яқин.  

– “Бу турфа гуллар…” деб бошланувчи қўшиғингизни бир тўйда ҳатто беш-олти марталаб қайта-қайта айтилганлиги гувоҳи бўлганман. Назаримда, бу қўшиқни ҳеч иккиланмай ўлмас–мумтоз қўшиқлар қаторига қўшиш мумкин. Шу қўшиқнинг яратилиш тарихини газетхонлар билан ўртоқлаша оласизми?

Бу қўшиқ, айтганингиздек, мумтоз қўшиқлар қаторига қўшилиб қолди, шекилли. 

Бу қўшиқни саксон еттинчи йил ёзганмиз. Ўша пайтда санъаткорлар учун жуда ноёб бўлган, Японияда ишлаб чиқарилган бир мусиқа ускунаси сотиб олгандим. Устозлардан бастакорликнинг  нозик сир-синоатларини ўрганган, айни кучга тўлган пайтимиз. Ҳалиги мусиқа ускунасини янги олганман, руҳиятим баланд бўлган бўлса керак, шоир Восит Саъдулланинг шеърига куй басталаб шу қўшиқни яратгандим. Ўша кунларда радиодан менинг қўшиқларимни сўраб қолишди. Янги ёзилган шу қўшиғимни ҳам “Бир эшитиб кўринглар-чи”, дея бериб юбордим. Қўшиқ тез орада ўз мухлисларини топиб, машҳур бўлиб кетди.

–Етук қўшиқларингиз, умуман, ижодингиз муносиб тақдирландими?

–Ҳа, албатта. Ҳар қандай яхши қўшиқ ўзининг муносиб баҳосини олади, албатта, тақдирланади ҳам. Ҳам мухлислар томонидан,  ҳам давлату Ҳукумат томонидан.  Мени 1989 йили Тошкентда “Йилнинг энг яхши қўшиқчиси”, деб топишганди. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, ўшанда бу мукофотни менга СССР халқ артисти Бернора Қориева топширганди.

1991 йили “Тожикистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига муносиб кўришди.Тожикистон халқ артисти Ҳабибулла Абдуразоқов самимий қутлаб, бу унвонни топширганди…

Тўғрисини айтсам, режалар жуда кўп эди, аммо орада анча йиллар саҳнадан узоқлашиб қолдим. Аввал яқин инсонларимдан айрилдим. Сўнг беморлик, ундан кейин яна автоҳалокат. Айниқса, ана шу тўқсон еттинчи йилдаги автоҳалокат…  Энди тақдирнинг ишини билиб бўлмас экан. Билсанг, шу куни рулга ўтириш у ёқда турсин, кўчага ҳам чиқмайсан-ку!.. Соғлиғимни қайта тиклаш учун йиллар керак бўлди.

Шунингдек, ижодга қайтиш ҳам қийин бўлди. Аммо Худога шукр, қайта ижод этиш бахтига муяссар бўлдим…

Охирги яратган қўшиғингиз қайси?

–Муҳаммадшо Ҳайдаршо қаламига мансуб “Тожикистон” шеърига куй басталаб, бир қўшиқ яратдим. Ҳали катта давраларда ижро этганим йўқ. Шу шеърни биринчи бор ўқиганимдаёқ  жуда ёқиб қолганди. Тўрт мисра айтаман, эшитиб кўринг:

Ман ба моҳи осмонат ошиқам,

Ман роҳи остонат ошиқам.

Қуллаи кўҳи ту сарсафед бошад,

Ман ба пиру ҷавонат ошиқам…

– Ажойиб шеър. Мухлисларга қўшиқ ҳолида эшитиш қачон насиб этади?

Янги яратилган қўшиқларимни бир альбом қиляпман. Насиб бўлса, эълон қиламан. Аввал соғлиқни бироз тиклаб олай. Соғлиқ яхши бўлмаса иш унумдорлиги ҳам суст бўларкан. Илгарилари бир кунда қиладиган ишни ҳозир бир ҳафта, ҳатто бир ойда қиламан.

Соғлиқ тиклангандан кейин концерт дастурлари ташкил этиш ниятим бор. Умуман, режалар кўп. У ёқ, бу ёқдан таклифлар ҳам тушиб турибди. Қозоқистонда ҳам қўшиқларимни севиб ижро этиб юрадиган ҳофиз йигитлар бор экан. Ҳамкорликда консерт берайлик, деб  таклиф этишди. Насиб бўлса… Душанбедаги “Фрунзе” стадионида консерт бериш ниятим ҳам йўқ эмас. Хуллас, режалар, орзулар жуда кўп.

Суҳбатлардан бирида кенжа ўғлингиз ўз изингиздан бориб санъатни танлаб, мусиқа билим юртида ўқиётганлигини айтган эдингиз.

–Ҳа¸кенжа ўғлим Бобур санъатни танлади…

–Абдурауф ака, сиз устозлик мартабасидаги санъаткорсиз. Шогирдлар ҳақида гапирсангиз?

– Шогирдлар тез-тез келиб, маслаҳатлар олиб туришади. Шогирдлардан Алишер(Илмолимов-суҳбатдош)жуда ғайратли. Ҳаракати ҳам яхши.

Агар билсангиз, укам Рустам ҳам санъааткор. Ундан ҳам маслаҳатларимни аямайман. 

Баъзан тўйларга шогирдлар билан бирга борамиз. Студияда ўтириб ишлаймиз, янги яратган қўшиқларини муҳокама қиламиз.

Улар ҳам мендан ёрдамини аямайди, янги яратаётган қўшиқларимни ёзиб олишга, эскиларини қайта ишлашга кўмаклашишади. Сустроқ бўлса ҳам ижод қиляпман, соғлиқни тўлиқ тиклаб олганимдан сўнг амалга оширадиган режалар кўп…

–Режаларингиз рўёбга чиқишига тилакдошмиз!

– Раҳмат!..

Суҳбатимиз ниҳоясига етгач, қайта-қайта хайрлашамиз, гўё эски танишлардек. Ҳофиз қўярда қўймай мени остонагача кузатиб қўяди. Яна бир бор хайр-хўшлашиб, йўлга тушаман. Ҳофиз хонадонидан чиқиб, тилларанг хазонлар тӯшалган кўча бўйлаб яёв кетиб борарканман, ҳофиз сиймоси хотиримга муҳрланиб қолганлигини англайман. Энди ҳофизни қайта кўргунимча, ҳар гал уни эсга олсам бугунги кўриниши кўз олдимда гавдаланаверади. Бугунги кўриниши эса, таърифи тўрт тарафга кетиб,  Абдурауф Олимов  бўлиб танилган, ўзининг айтганидек, “Искандар Мақдуний мисол шонли юришлар”дан бош қашишга вақти бўлмайдиган даврдагидан анча ўзгарган… Бу ёғи умр ҳам ўтиб боряпти, вақт ўз ҳукмини ўтказган: сочларига қалин қиров қўниб, беморликданми, анчайин озган. Юзлари ҳам бироз сўлғин, аммо кўнгли… Қизиқ, кўнгил қаримаскан-да! Ишонинг, ҳофизнинг кўнгли ўн саккиз–йигирма яшар йигитникидек. Режалар, орзулар ҳам худди шундай… Ҳали ҳаммаси олдинда, гўё… Шу ўйлар билан кетиб борарканман, хаёлимга бир мисра келди: “Сочда қиров, юзда кузу кўнгилда баҳор…” 

Бу мисра Абдурауф Олимовнинг айни пайтдаги ҳолатини ифода этарди.

Муаллиф: Озод Ҳошимий

Аудиолар