Россияда поезд автобус билан тўқнашиб кетди, 19 ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Владимир вилоятидаги темирйўл чорраҳасида йўловчи поезди автобус билан тўқнашиб кетди. Бунинг оқибатида 19 киши, жумладан, бир бола халок бўлди. Жароҳат олган камида беш киши шифохонага ётқизилди.

Покров шаҳар маъмурияти раҳбари Вячеслав Аракеловнинг ТАССга маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари эди. Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати раҳбарининг Фейсбукка ёзишича, автобус ҳайдовчилари Қозоғистон фуқаролари бўлган. Улардан бири вафот этди.

Ҳодиса, тунда маҳалий вақт билан 3:30ларда юз берди. Москвага кетаётган автобус тақиқ сигналига қарамай темирйўлга чиқиб олган ва тўқнашув оқибатида пачақланган. Айрим йўловчилар автобусдан чиқишга улгурган ва автобусни йўлдан олишга ҳаракат қилишган, аммо бунга муваффақ бўлишмаган.

“Автобусда одамлар, улар 50га яқин эди, ухлаётган бўлган. Ҳайдовчи бақирган, 34 киши автобусдан чиқиб, уни силкита бошлаган.Улар тирик қолди, автобусда қолганлар ҳалок бўлди. Автобус мажақланиб кетди”, дейди Владимир вилояти губернаторининг матбуот котиби Рита Шляхова.

Москва темирйўли матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Санкт-Петербург-Нижний Новгород йўналишида ҳаракатланаётган поезд машинисти фавқулотда тормозни ишга солган, бироқ тўла тўҳтатишга муваффақ бўлмаган.

Аудиолар