Тожик тадбиркорлари Москвадаги мажмуада чиққан ёнғиндан миллионлаб зарар кўрди (видео)

 

Москвадаги «Синдика» савдо мажмуасида юз берган ёнғин оқибатида ўнлаб тожик тадбиркорлари ҳам катта миқдорда зарар кўрди. Бу ҳақда РТ меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлигининг РФдаги ваколатхонаси 9 октябрь куни маълум қилди.

Тадбиркорларнинг ўзларининг айтишича, гап бир неча ўн миллион рубл ҳақида кетмоқда.

Тожикистонлик тадбиркор Муҳаммадрасул Холовнинг айтишича, ёнғин оқибатида Тожикистоннинг 50дан ортиқ фуқаросига тегишли маҳсулотлар бутунлай ёниб кетган. Унинг сўзларига қараганда, шахсан ўзи ёнғин туфайли 2,5 млн. рублни йўқотган. «Менга маълум бўлишича, бошқа ҳамюртларим кўрган зарар 20 миллиондан 45 миллион рублгача етган», – дейди тадбиркор.

Бошқа бир тожик тадбиркори Худойдод Жумаев ўзининг амакиваччаси билан 24 миллион рубл миқдорида зарар кўрган. “Бизнинг маҳсулотлар суғурта қилинган, шу сабабли бозор раҳбарияти кўрилганбарча зарарни қоплашига умид қиламиз», – дейди тадбиркор.

Тожикистонлик Умид Холматовнинг айтишича, ёнғиндан сўнг ҳаммол ва бошқа ишларни бажариб келган ўнлаб тожикистонлик муҳожирлар ишсиз қолди.

Москванинг Строгино туманида жойлашган “Синдика” савдо мажмуаси ёки қурилиш бозори якшанба куни эрталаб ёниб кетди. Ёнғин ўчоғи 55 минг квадрат метрни қамраб олди. Мажмуанинг айрим қисми қулаб тушди. Бинода бўлганларнинг ҳаммаси эвакуация қилинди. Маълумотларга кўра уч киши жароҳат олди.

Аудиолар