Дунё шодликлари йиғилса бутун, дўстлар дийдоридан бўлолмас устун

        “Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари” тадбири юзасидан мулоҳазалар

1998 йилнинг ноябрь ойи кунлари эди. Мен пойтахтдан  Қашқадарёга ота-онамни кўриш учун борган кезларим… Бир неча кун ўтиб, қаттиқ шамоллаш туфайли шифохонага тушиб қолдим. Шифохона муҳитида яшаш осон эмас, ҳар бир ўтадиган кун жуда зерикарли, вақт эса имиллайди, тағинам менга оила аъзоларимдан кимнингдир “қараб” туришига рухсат этилган.

Қўшни палата, коридордаги овозларга қулоқ тутаман. Нималардандир ўзимга овунч излайман.

Шундай кунларнинг бирида ёнимда синглим эди. У навбатдаги мени овқатлантириш учун тайёргарлик кўрар экан, идиш-товоқларни тозалаб чайқаб келиш учун хонадан чиқиб, коридорда анча ушланиб қолди. Қулоғимга синглимнинг тожик лаҳжасида ёқимли сўзлаётган аёл ва унинг болалари билан суҳбати эшитиларди.

Палатага таъсирчан қиёфада кириб келган синглим қўшни палатадагилар Тожикистондан қочиб келган тожик фуқаролари эканлигини, уларнинг юртида ҳозир мусибатли кунлар авж олиб кетганидан улар Ўзбекистонга қочиб ўтишга мажбур бўлишгани, бунинг устига эри ва болалари йўлдаги азоб-уқубатлар сабаб касалликка чалинишгани туфайли шу шифохонага келиб қолишгани ҳақида менга гапириб берди.

Иккаламизда ҳам “мусофирларимиз”га ачиниш баробарида уларга қўлимиздан келганча ёрдам бериш истаги пайдо бўлган эди.

Чунки улар жуда ночор аҳволда эдилар.  Зудлик билан озиқ-овқатларимиздан узатдик. Шифокорлардан уларнинг соғлиғи ҳақида сўраб турдик.

Дори –дармон ва озиқ-овқатлардан  уйимиздагиларга кўпроқ тайинлар эдик. Отам мендан хабар олгани деярли ҳар куни келар эдилар. Бир куни қариндош – уруғлар ҳам бир пайтда келиб қолишди.

Биз уларга  қўшни палатадаги тожиклар ва Тожикистонда юз бераётган воқеалар ҳақида эшитганларимиз асосида гапириб бердик. Тожикистондан қочиб келаётган қочоқлар яна бошқа кўплаб эканлигини қариндошларимиз ҳам таъкидлашди.

Айримлари бошпанасизликдан қийналишаётган эмиш, ижарага уй топилса, аёллари тилла тақинчоқ ва бошқа қимматбаҳо буюмлари бўлса ҳам бериб юборишаётганмиш.

Бу гапларни эшитган отам, “бўш турган ҳовлимиз бор, уйсиз юрган тожикларни учратсанглар, менга юборинглар, ҳеч нарсалари керакмас, шундоқ бериб юбораман” дедилар.

Шифокоримдан тожик қўшни аёлнинг палатамизга киришига рухсат беришини илтимос қилдим, шифокор менинг зерикарли кунларимдаги жуда ажойиб ҳамсуҳбатим, худди дўстимдек яқиним бўлиб қолган эди.

Ушбу инсон ҳам ҳар куни ишга келгунча, мусофир мижозларига уйидан нимадир олиб келар эди. Зеро, у узоқроқ қишлоқдан қатнаб ишлар, маоши гоҳида у ойдан бу ойга етмай қолиши ҳақида ҳам  гапириб қоларди.

Тожик аёл Тожикистонда юз бераётган қонли ва оловли фожеалар ҳақида гапириб бераркан, кўзларига ёш олиб, ўзбеклар ва Ўзбекистонни тинмай дуо қилар, Тожикистонга ҳам худодан тинчлик сўрарди…

Машъум кунлар ниҳоят ортда қолди, Тожикистон халқи яна дориломон кунларга етди. Мен юқоридагиларни нега эсладим. Чунки ўзбек ва тожик халқи азалдан бир бирига дўсту биродар, аллақачонлардан бўён қардош, қариндош. Бир-бирининг бошига оғир кун тушса, ҳеч қачон қараб турмайди, ҳеч қачон бефарқ бўлолмайди.

Бугун Ўзбекистон ўзгача файз ва таровот оғушида. Чунки пойтахтга тожик дўстлар ташриф буюришган. Қисқаси, Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари.

Тадбир ва тантаналарда тожик тили, тожик куй ва қўшиқлари янграмоқда, рақслари томошабинларни хушнуд этмоқда. Мен туркнинг қадим уруғи  Қўнғирот элиданман.

Бувим раҳматли  “Бойсун Қўнғирот” услубида  жуда чиройли рақсга тушар эдилар. Асрлар давомида бу икки халқ дўстлигининг рамзи сифатида “Бойсун Қунғирот” рақсларида тожикча рақс элементлари, кўринишлари ҳам кузатилади.

 Бадиий адабиётдаги дўстлигимиз ҳам фахрга лойиқ. Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари ҳамда  асар асосида олинган фильм  ўзбек ижодкорлари томонидан шу қадар маҳорат билан таржима қилинганки, бунда форсий тил гўзаллиги  ўзининг бутун таровати билан турки тилда янграган. Натижада турки тил ўзининг ниҳоятда бой ва улуғворлигини намойиш этароқ,“Шоҳнома” миллионлаб ўзбекларнинг, ўзбек халқининг қалбини забт этган.

Зеро, Турон билан Эроннинг дўстлиги ва тинчлиги йўлида ўзини қурбон қилган Сиёвуш мирзо образи икки халқнинг ҳам суюкли қаҳрамонидир.

 Замонавий адабиётдан Абдулла Қаҳҳор ижодига ҳам назар ташласак. Ҳаётининг сўнгги кунларида адиб ўз соғлиғи ҳақида очиқ гапиришини сўраб хотинига мурожаат этади. Кибриёхоним иложи борича ёзувчини хафа қилмаслик учун гапни узоқ “айлантиради”.

Ҳатто дард устидаги тўшакда ётган ҳолатларида ҳам “Гапа мухтасар кунед”, (Гапни қисқа қилинг), дея жавоб қилган эканлар адиб.

Кичик ҳикоялар устаси Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри”, “Бемор”, “Даҳшат”, “Анор” каби ҳикояларини ўқиб таъсирланмаган ўқувчи камдан кам топилади.

Замонавий мусиқа санъатига келадиган бўлсак, мен ўзим Далиер Назаров санътининг, тўғрироғи сеҳрли оламининг чинакам шайдосиман.

 Бугунги Тожикистон маданияти кунларида қардош тожик халқи ўзининг турли йўналишдаги, жумладан  қўл меҳнатига доир санъат намуналари билан ҳам ташриф буюришганки, буларнинг бари беихтиёр томошабинлар қалбини лол қолдиради, қувончга тўлдиради.

Бизнес ҳамкорлик йўлидаги форум лойиҳаси ҳам тадбирга янада мукаммаллик бахш этган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, икки халқ дўстлигининг тимсоли бўлган ушбу тантана икки мамлакат мустақилликка эришганидан буён биринчи марта ўтказилиши экан.

Яқингинада юртимизда “Қирғизистон маданияти кунлари” ҳам бўлиб ўтган эди. Минтақамиздаги мамлакатлар ва миллатлар ўртасидаги бу каби дўстлик алоқалари Ўрта Осиёдаги, қолаверса  Марказий Осиёдаги халқларнинг иноқ, тотув ва аҳиллигига хизмат қилади, шубҳасиз.

Шу ўринда баъзи бир таклифларимни ҳам айтишимга ижозат этгайсизлар. Бу каби маданий тадбирлар миллий ошхона санъати неъматлари, намуналари ва жараёнлари билан ҳам бойитилса, янаям кўркамлик бахш этар эди…  Болалигимда ўзимга ёққан шеърларни деярли қўшиқдек  оҳангга солиб, гоҳ паст, гоҳ янгроқ овозда “куйлаб” юришни яхши кўрардим. Мана ўшалардан биттаси: “Ўзбек, тожик, қозоқ, рус бир бирила иноқ, дўст!..”

Эндиликда, яқин вақтлар ичида “Рус маданияти кунлари”ни ҳам орзиқиб кутиб қоламиз!

 Юртимизда, нафақат юртимизда бутун она заминимизда миллатлар, мамлакатлар ва халқлар дўстлиги шодиёналари баралла янграйверсин!..

Муаллиф: Дилфуза Орзиқулова

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туш… яъни шавкат мирзиёев қабулида (бир сахнали,бир кўринишли пеьса)

Президент қароргоҳига мени кузатиб боришар экан, ажиб ҳаяжон, алланечук лим-лим завқ, ноаниқ ҳавотирга тўла ҳайратимни сунъий визминлик билан яшираман.   Қабулхонага ...

Ўзбекистонда валюта олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби соддалаштирилди

Жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 2 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани Ўзбекистонга олиб кириш ёки Ўзбекистондан олиб чиқиб ...

Қорақалпоғистондан қарийб 12 минг киши кўчиб кетди

Қорақалпоғистон Республикасида январь-сентябрь ойларида бошқа ҳудудларга кўчиб кетганлар сони 11 минг 436 кишига етди. Бу ҳақда “Turon24” Қорақалпоғистон статистика ...