Тожикистонда Ўзбекистон савдо Маркази очилди

Шимолий Тожикистоннинг маъмурий маркази бўлган Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон савдо маркази очилди. Ушбу савдо маркази шаҳар марказида, Сирдарёнинг чап соҳилида, аниқроғи, Эрон ислом республикасининг собиқ иқтисодий дафтари ўрнида иш бошлади.

Хўжанд шаҳридаги Ўзбекистон савдо марказида саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, автомобил эҳтиёт қисмлари, турли хилдаги ичимликлар, спорт кийимлари ва буюмлари, заргарлик буюмлари ва бошқа хилдаги рўзғор буюмлари сотувга қўйилган.

Ушбу марказни елиб-югуриб ташкил этган ўзбекистонлик тожир Аюбжон Фозилов савдо маркази ташкил этиш ғоясининг пайдо бўлиши хусусида шундай дейди:

Апрел ойида Тожикистонга кўргазмага келдик. Кўргазмага келган вақтимизда Тожикистон раҳбарияти бизни жудаям чиройли қилиб кутиб олишди. Уларга биз ҳозиргача миннатдорчилик билидирамиз. Шу выставкага келиб, шу халқнинг меҳмондўстлиги ёқиб, бизда шу савдо уйини ташкил қилиш режаси пайдо бўлди.

Ўзбекистон савдо марказининг ташкил этишдан мақсад ва унинг асосий иш фаолияти ҳақида суҳбатдошимиз қуйидагиларни айтди: (АУДИО)

–Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни арзон ва қисқа муддатларда халққа, ҳамда тижоратчиларга етказиш, халқни талабини ўрганган ҳолда уларга керакли маҳсулотларни етказиб бериш. Ҳозир ушбу марказимизда маҳсулотларни улгуржи (оптом) сотувини йўлга қўйдик. Бу маҳаллий тожирлар учун жуда қулай.

Ўзбекистондаги тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаммасини шу савдо уйига жалб қилдик. Ҳозирги кунда бизни савдо уйимизда юздан ортиқ ишлаб чиқарадиган заводларнинг маҳсулотлари бор. Ҳаммаси Ўзбекистон корхоналари. Шу кунларда бизлар яна юздан ортиқ ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини олиб келяпмиз. Худо хохласа бундандан режаларимиз яхши. Ҳозирги кундаги режамиз Тожикистонда ўзбек савдосини ривожлантириш. Тожикистон билан ҳамкорлик. Кейинги мақсадларимиз бизни ишлаб чиқарувчи заводларни Тожикистонга қўйишлик. Яъни қўшма корхона қилиб, ўзимизнинг заводимизни бир бўлагини шу ерда ташкил этиш.

 Ўзбекистон савдо марказининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шоқосим Шоисломов қатнашди. Ўзбекистоннинг элчиси 69 минг сўм (75 сомоний)га эркаклар кўйлаги, галстук ва камар сотиб олиб, нархлардан қониқиш ҳосил қилганлигини таъкидлади. Ташкилотчиларни нархларни қиммат қилмасликка чақирди. Шунингдек, шу куни маҳаллий аҳоли ҳам керакли буюмларни сотиб олишди…

Ушбу савдо маркази бошлиғи А.Фозилов маҳсулотлар нархи ва сифати масаласига тўхталар экан, жумладан, шундай дейди:

–Маҳсулотларимизнинг сифатига катта эътибор беряпмиз. Чунки бизни Тожикистон билан боғлиқ режаларимиз жуда ҳам катта. Маълумки, Ўзбекистон маҳсулотлари бошқа хорижий давлатлар маҳсулотларидан қолишмайди. Қолаверса, биз бу ерга энг сифатли маҳсулотларни олиб келганмиз. Нархлар ҳам анча арзон. Биздаги бир болалар машинаси бу ерда 210 сомоний турар экан, биз 88 сомоний нарх қўйдик. Биз маҳсулотларни Ўзбекистондаги корхоналардан завод нархида олиб келганмиз. Бу маҳсулотларни Ўзбекистонда ҳам шу нархларда сотишади…

Ўзбекистон савдо марказига ташриф буюрган маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам нархлар Тожикистон бозорларига нисбатан 40-50 фоизгача арзон эканлигини таъкидлашмоқда.

–Нархи наволари мақул, маҳсулотлари сифати яхши, аммо бу ерда ҳозир улгуржи сотувга қўйишибди. Дазмол, кир ювиш воситалари, адёл ва бошқа маҳсулотлар тақрибан қирқ фоиз арзон. Фақат яна бир таклиф чакана сотувга ҳам қўйишса яхши бўларди, – дейди Ўзбекистон савдо маркази очилишига ташриф буюрган маҳаллий хонимлардан бири Жамила опа Нарзиева.

Кейинги кунлар савдо марказига ташриф буюрганлар чакана савдо қилинмаслигини эшитиб, қуруқ қўл билан қайтишмоқда. Сабаби, марказ-магазин сотувчилари бу ерда фақат улгуржи савдо қилинишини айтишган.

Мазкур масала юзасидан марказ бошлиғи Аюбжон Фозилов шундай дейди:

 –Яқин кунларда оддий халқ учун маҳсулотларнинг чакана савдосини ҳам йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Биз келтирган маҳсулотларни Тожикистон бозорида халққа арзон нархда сотилишини таъминлаш режасини ўйлаяпмиз. Айтайлик, бир комиссия ташкил этсак. Улар маҳаллий тожирларнинг биздан олган маҳсулотларни бозорда сотиш нархини назорат қилса. Агар маҳаллий тожирлардан қайси бири биз белгилаб берган нархлардан қиммат сотса, уунга нисбатан жазо қўлланади яъни у киши билан ҳамкорлик давом эттирилмайди. Бизни асосий мақсадимиз, халққа арзон ва сифатли маҳсулотларни етказиб бериш.

Тожикистонда Ўзбекистоннинг 100 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарини бирлаштирган савдо марказининг очилиши тожикистонлик тожирларга катта қулайлик яратмоқда. Чунки улар истаган маҳсулотини истаганича ҳажмда божхона ва йўл чиқимларисиз тез фурсатда сотиб олишлари мумкин.

Тожикистонда Ўзбекистон савдо марказини ташкил этилишига икки давлат Ҳукуматларининг муносабати масаласида суҳбатдошимиз шундай дейди:

–Савдо марказини ташкил этиш ғояси билан Ўзбекистон ҳукуматига чиққанимда, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев жуда яхши қабул қилдилар ва жуда катта эркинликлар яратиб бердилар. Барча корхона ва заводларни манзилларини бериб, бизга ўз маҳсулотларини етказиб беришларига катта ёрдам бердилар. Тожикистон Ҳукумати ҳам жуда яхши қабул қилди. Бизга керакли барча имкониятларни яратиб беришди. Хўжанд шаҳри Ҳокими ҳам жуда яхши қабул қилиб, бизга барча керакли шароитларни яратиб бердилар. Ҳар иккала Ҳукумат раҳбарлари ва вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Халқ қандай қабул қилганини уларнинг савдо марказимизга келгандаги ҳолатлари ифодалаб турибди. Ҳатто баъзилари бизни қувонч кўз-ёшлари билан қарши олишди, -дейди савдо маркази бошлиғи.

Хўжанд шаҳридаги Ўзбекистон савдо маркази илгари узоқ йиллар давомида Эрон Ислом давлати иқтисодий дафтари фаолият юритган бинода иш бошлади. Шунинг учун ҳам баъзи сиёсий шарҳловчилар Тожикистон Эронни Ўзбекистон билан алмаштирди. Тожикистон ўз мустақиллигининг аввалги йилларидан бошлаб ўтган йилгача Эрон билан яқин муносабатда бўлиб, Ўзбекистон билан чап бўлиб келган эди, энди аксинча, Ўзбекистон билан яхши бўлиб, Эрон билан чап бўлди, дейишмоқда.

Аммо баъзи кузатувчилар Тожикистоннинг Ўзбекистон билан муносабатларининг яхшиланиши Тожикистоннинг Эрон билан муносабатларига боғлиқ эмас, балки Ўзбекистонда давлат раҳбари алмашганига боғлиқ эканлигини таъкидлашмоқда. Шунингдек, Тожикистон Ҳукумати расмийлари ҳам Тожикистон ва Ўзбекистон орасидаги савдо алоқалари охирги бир йил ичида 6 маротаба ўсиб, 70 миллион АҚШ долларига етганлигини, яъни Ўзбекистон билан савдо алоқаларининг қисқа фурсат ичида кескин ўсганини қўшни давлат теппасига янги шахслар келиши натижасида икки мамлакат орасидаги муносабатлар яхшиланганига боғлашмоқда.

Ўзбекистон савдо марказининг собиқ Эрон иқтисодий дафтари ўрнида ташкил этилиши эса, соф тасодиф эканлигини айтишмоқда Хўжанд шаҳар маъмурияти масъуллари.

Муаллиф: Соҳиб Назар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Аросатда қолаётган тадбиркор

Ҳозирги кунда "Тадбиркор - элга мададкор", "Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади" деган ва бошқа сон-саноқсиз сўзлар бот-бот қулоғимизга чалиниб туради. ...

Бош кўтаргани учун “боши кесилган” тадбиркорлар

Бу бозордан ҳар куни давлатга қарийб 15 миллиард сўм топшириларди, бугун эса ҳеч вақо… 1,5 минг нафардан ортиқ одам меҳнат қилиб, оиласини боқарди, бугун эса улар иш излаш ...

Коррупция илдизи йўқотилмаса, инвесторларни мамлакатдан узоқлаштиради

Яқин вақтга қадар бир неча ўн йиллик давомида Ўзбекистон дунёдаги энг ёпиқ ва ўз-ўзини изоляция қилган давлатлардан бири эди. Ўзбекистон - жадал ривожланувчи хусусий секторни ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400