Бўтакўз (Тўртинчи боб)

Ҳаётимизда баъзи ўзгаришлар бўлиб ўтди. Уруғлик ташиш учун бизга қўш оти билан арава беришди. Яна бир киши ҳам келди. Энди сув ташувчи учун ҳам анча енгиллик туғилган эди. Садабек билан Эсиркепнинг тракторларини экишга тайинлашди, биз эса Абубакир билан ер ҳайдашда эдик.


Яна бир жуда муҳим янгилик бўлди.
Бундан бир неча кун аввал, тушки овқатдан кейин аравада далага кетаётганимизда, мен булоқ бўйида сақмончи қизни кўриб қолдим. Аравадан сакраб тушдим.
Аравакаш отларни тўхтатмоқчи бўлганди-ю, лекин Абубакир қўймади:
— Ҳайдайвер, йўлингдан қолма, — деб буюрди у норози оҳангда.
Мен қиз томонга югурдим, қўйларини ўз ҳолига қўйиб у ҳам менга пешвоз келаверди. Мен ёнига етмасдан тўхтадим, чунки иш бошлагунча ўша жойда бўлиш учун аравага етиб олишим керак эди.
— Салом! — деб қичқирдим узокдан.
— Салом! — деб жавоб берди қиз ҳам. Жойида тўхтаб қолди.
Уни кўриб жуда қувониб кетдим, лекин ҳадеганда бирон гап айтишга журъат этолмай турдим.
— Аравангиз қани, нега кўринмай кетдингиз? Ҳозир қаердасиз? — деб сўради қиз.
— Мен ҳозир трактордаман! — деб қичқирдим ғурур билан. — Биз ҳу-ув анави даладамиз! Кечирасиз, мен жуда шошиляпман.
— Чопинг, чопинг! — деб қўлини силкитиб қолди у менга.
Араванинг кетидан югура кетдим. Орқамга бир қайрилиб қараб қўйдим. Қиз ҳалиги жойда орқамдан қараб турарди. Арава тўхтамай кетиб борарди. Қизнинг қўл силкиб хайрлашиб қолганидан, бунинг устига, баҳор чоғи кенг саҳро қўйнида елиб бораётганимдан ўзимни бениҳоя бахтиёр ҳис этдим…
Эртаси куни у биз ишлаётган ерда пайдо бўлиб қолди. Яқингинадаги тепанинг устида қўй-қўзиларни боқиб юрарди. Лоақал бирор дақиқага бўлса ҳам унинг олдига бирам боргим келардики, лекин бу Абубакир деганингиз менга рухсат берармиди. Бунақа ишлар унинг қўлидан келмайди. Бу ҳакда мен ундан илтимос ҳам қилмадим.
Келгуси гал, қиз яна тепаликда пайдо бўлганида Абубакир билан биз тириллаб турган трактор ёнида эдик. Абубакир моторнинг қаеринидир текшираётганди.
— Нега бу қизча тез-тез келадиган бўлиб қолди? — деб сўради у.
— Билмадим.
— Оти нима унинг?
— Билмайман.
— Эҳ, академик, — деб ерга тупурди у. Кейин қиз томонга қараб қўйди. — Ўзиям ажойиб нарса кўринади.
Мен унга ғазаб билан қарадим.
— Бор, ўрнингга ўтир! — деб бақириб берди у. Биз ишга тушиб кетдик.
Бу орада қиз тепаликда ўтлаб юрган қўй-қўзиларни биз ишлаётган жойдан юз метрча нарироқдаги очиқ майдонга ҳайдаб тушди. Қани энди унинг олдига чопиб борсам-у, суҳбатлашиб, пешанасига тушган жингала сочларига тикилиб бирпас ўтирсам…
Трактор тўсатдан тўхтаб қолди. Абубакир кабинадан бошини чиқариб:
— Ричагни боғла! Бу ёққа кел! — деб қичқирди. Мен плуг устидан тушиб, ҳайрон бўлган ҳолда унинг олдига келдим. У одатда иш пайтида мени кабинага яқинлаштирмасди.

— Ўтир, — деди ўз ўрнини менга бўшатиб. — Ҳайдашни ўрган!
Мен анграйиб қолдим. Буни ундан сира кутмаган эдим. Абубакирга нима бўлди, наҳотки у мени ёқтириб қолган бўлса? Нима бўлса ҳам, ўйлаб ўтирмай, буйруғини бажаришга шайландим.
— Педални бос. Улагични бура, ҳа, шундай. Энди педални секин бўшат. Ричагларни маҳкам тут.
Трактор гуруллаб жойидан қўзғалди. Сўнгра мол қўраси ёнбошидаги ерни ҳайдай бошладик. Севинганимдан теримга сиғмай кетдим. Мен ҳозир ҳеч нарсани ўйламасдим, оламдаги ҳамма нарсани унутгандим. Хаёлимда фақат бир нарса — тракторни маҳкам тутиш, уни бошқариш, механизмларини миридан сиригача билиб олиш орзуси ҳукмрон эди. Мен буни қачондан бери ҳавас қилиб юраман, ахир. Мана энди қудратли трактор менинг қўлларимга итоат қилиб, ғилдиракларини шақирлатиб, ерни ўпирганича олға юриб бормоқда. Шунда ўзим ҳам гўё механизмга айланганман-у, бутун диққат-эътиборим зарур ҳаракатларни бажаришга қаратилган эди.
Мол қўрасининг этагига етганда тракторни яхшигина бура бошладим. Тўғри, прицепчи бўлмаганидан бурилишда анчагина ер ҳайдаланилмай қолди. Аммо бунга ташвишланмаса ҳам бўлади: Анорхойда ер оз-мунчами!
Шу тарзда далани бир неча марта айланиб чиқдик. Энди юрагим унча ҳовлиқмай, ўзимни анча эркин ҳис қилардим.
— Қўрқма, академик! — деб бақирарди қулоғимга Абубакир. — Мен бирпасга бир ерга бориб келаман. Агар бирон нарса бўлса моторни ўчир!..
У юриб бораётган трактордан сакраб тушди-да, устидаги чангни қоқиб, сақмончи қиз томон йўл олди. Бу маҳал қиз анча ёнгинамизга келиб қолган эди. Мен шундагина Абубакирнинг ниятини сездим. Маълум бўлишича, у мени кабинага ғаразгўйлик билан ўтқазган экан.
Абубакир қизнинг ёнида туриб, у билан бамайлихотир сўзлашарди. Унга нима ташвиш… иш бўлса бажариляпти, трактор ёнида, бирон нарса бўлса дарҳол югуриб келиши мумкин.
Унинг бу ҳатти-ҳаракати менга ёқмади. Лекин шунга қарамай, ҳозир машинани бошқараётганлигимдан хурсанд эдим. Кабинада туриб қизга қўл силтаб, унга бирон илиқ гап айтишни истардим. Қани энди бу ерда Абубакир бўлмаса! У қизга нималар деяётган экан? Қиз унга нималар деб жавоб беряптийкин? Қиз унга эҳтиёт билан муомала қилса яхши бўларди.
Бир ярим соатча, то қиз қўйларини ҳайдаб кетгунга қадар тракторни ҳайдаб туришга тўғри келди. Абубакирнинг чеҳрасида унинг иши ўнгидан келганлигини билдирувчи бирон аломат сезмадим. Йўқ, унинг башарасидан бемаъни такаббурлик, ҳайвонликдан бошқа ҳеч нарсани уқиб бўлмасди.
— Жойингга бор, академик, — деб елкамга урди ва бесўнақай лабларини буриб илжайди.
Мен ҳеч нарса демай трактордан сакраб тушдим.
Бизнинг қизчамиз эртаси куни ҳам келди. Абубакир яна мени кабинада қолдирди-да, ўзи ўша томонга қараб кетди. Қиз келмаганда ҳам маъқул бўларди. Мен тракторни ташлаб кета олмайман. Лекин бефарқ ҳам қарай олмайман.
«Қандай қилиб уни огоҳлантирсам экан? — деб ўйлардим мен кабина ичидан улар томонга ташвиш билан назар ташлаб. — Унинг Абубакир билан учрашуви яхши эмас. Аммо кишиларнинг бир-бири билан сўзлашувини қандай ман этиб бўлади? Хар бир киши ким билан муомала қилаётганини ўзи яхши билиши керак…»
Бу гал қизча тезда қайтиб кетди, бундан мен беҳад хурсанд бўлдим. У қўй-қўзиларини тобора тезроқ ҳайдаб, орқасига қарамай жадал кетиб борарди. Мен ундан хаёлан узр сўраб, ўз-ўзимга дер эдим: «Кечир мени, азизим. Тез қайтиб кетиб яхши қилдинг. Биз яна дийдор кўришамиз. Иккинчи марта тракторда қолмайман, олдингга қанот боғлаб учиб бораман, ҳозирча майли, йўлингдан қолма, кокилли сулув қиз… Мен ҳатто исмингни ҳам билмайман…»
Аммо менинг келгуси учрашув ҳақидаги умидим рўёбга чиқмади. Қиз бошқа кўринмади. Уни иккимиз ҳам бир-биримизга билдирмай уч кун кутдик. Абубакир янада қаҳрлироқ ва қўполроқ бўлиб қолди. Энди менга рўйирост нафрат билан қарайдиган бўлди. Бироқ мен ҳам энди унга бўлган нафратимни яширмасдим. Унинг ўша куни бирон қўпол гап билан қизнинг иззат нафсига теккани аниқ эди. Қизни аллақандай ёвуз кучдан ҳимоя эта олмаганимдан ўзимни айбдор ҳис қилардим. Мен шундай қарорга келдим: иложи бўлса қизни топиб, у билан ҳамма нарсани юракдан самимий гаплашиб оламан.
Кўнглим ана шу учрашувни орзиқиб кутарди.
Айни ўша кунлари далада ёғингарчиликда қолдик. Ёмғир тўсатдан бошланиб, шиддат билан ёға бошлади.
Бу даштнинг дўл аралаш кучли жаласи эди. Ҳаво гулдураб, ер юзи анамана дегунча қайнаб турган пуфакли кўлмакчалар билан қопланди. Аммо Абубакир ҳамон тракторни тўхтатмас эди. У, аксинча, тракторни яна тезроқ ҳайдарди, орқасига қайрилиб ҳам қарамасди, мен бўлсам дўл аралаш жала остида шумшайиб ўтирардим.
Ҳайдалган ер қатламлари ёмғирдан кўпчиб, энди аввалгидай плуг тишларидан кўчиб тушмасди. Лой плугга, раманинг устки қисмларига, менинг оёқларимгача чиқиб кетганди. Трактор ғилдираклари ёпишқоқ лой билан тўлиб қолмаганда, Абубакир уни ҳали-бери тўхтатмасмиди ҳам.
Ниҳоят, у моторни ўчирди, кабинада ялпайганича папирос чека бошлади. Эҳтимол, у мени ҳам кабинага киритишни илтимос қилиб қолар деб ўйлаётгандир. Аммо менга энди барибир эди. Бошдан оёқ шалаббо бўлиб ивиганман. Плугдан тушмай, ёмғир остида кийимларимнинг лойини ювиб ўтиравердим. Ёмғирдан сакдайдиган бирдан-бир нарсам — айрим фикрлар ёзилган, ўқиган китобларимдан баъзи кичик парчалар кўчирилган ён дафтарчам эди. Мен уни қўнжимга тиқиб қўйдим. .
Ёмғир тўхтади, ҳаво бир зумда чарақлаб очилиб кетди. Осмон сахий баҳор селидан ювиб-таралган мусаффо ва гўзал даштнинг давомидай туюларди. Чексиз Анорхой даштлари киши кўзига поёнсиз, янада яшнаб кетгандай кўринарди. Осмон 1умбази бўйлаб Анорхой узра камалак тортилди. У оламнинг у чеккасидан бу чеккасига қадар чўзилиб, дунёдаги жамики нафис бўёқларни ўзида мужассамлаштириб, осмону фалакда турар эди. Завқ-шавқ билан чор атрофга боқдим; бепоён зумрад осмон, товланиб турган камалак, кулранг ёвшонзор даштлик! Ер юзи тезгина селгиб борар, унинг тепасида бир бургут икки қанотини қимир эткизмай баланд осмонда гир айланиб учиб борарди. Гўё унинг ўзи ва қанотлари эмас, балки ернинг оташ нафаси, унинг куйдирувчи ҳарорати бургутни шу қадар юксакликка кўтаргандай.
Шунда мен ўзимни яна бақувват ҳис этдим, руҳим янада тетиклашиб, Анорхой диёри ҳақидаги орзу-ўйларим тағин жонланиб кетди. Ҳа, энди мен шундай мавқени эгаллаган эдимки, энди ҳеч ким орзуларимнинг рўёбга чиқишига тўсқинлик қила олмасди, Анорхойнинг порлоқ келажагига бўлган ишончимни ҳеч ким сўндира олмасди. Мен шоир эмасман, бироқ баъзан шундай вақтлар ҳам бўлардики, мактаб деворий газетасида шеърларим ҳам чиқиб қоларди. Мана ҳозир ҳам этигим қўнжидан дафтарчамни оддим, хаёлимга келган лапарнамо сатрларни дарҳол қоғозга тушира бошладим:

Қўрдай тепалари ортида ётар
Қадам босилмаган Анорхой дашти.
Қишда бўронлари даҳшатли, хатар,
Ёзи оташнафас, олов таратар,
Кенг даштли Анорхой бу ўлка оти.

* * *

Истиқболи порлоқ, ишонгум унга —
Бу кун узоқ эмас, ҳа, яқин жуда!
Анорхой кучоғи тўлажак гулга!
Ёушондан асар ҳам қолмайди бунда.

Мен шеъримнинг чала, ширасиз чиққанини ўйламасдим. Кўнглимни бошқа нарса хиралаштираётган эди: бу мисралар қалбимда туғён ураётган ҳис-ҳаяжонларимнинг юздан бирини ҳам ифодалай олмайди. Орзу-истагим, қувончларимни ифода эта оладиган ноёб сўзлар қидириб бошим қотди. Аммо шу пайт биров қўлимдан дафтарчамни юлқиб олди. Мен орқамга ўгирилиб қарадим.
— Ишқий номалар тўқияпсанми! — деди Абубакир ўзини четга олиб, заҳарханда билан. — Қизчани шеър билан ўзингга ром қилмоқчимисан?..
— Бер бу ёққа, бировнинг хатини ўқиш яхши эмас! — дедим.
— Яхшими, ёмонми — сен менга ўргатма! Ўзим биламан. Яқинлашма!
— Ҳа-ҳа, ҳали шунақами! — Трактор ёнига чопиб бордим-да, ключни қўлимга олдим.
— Ҳой, ҳой! — деб дўқ урди Абубакир. — Ма, ола қол топган бисотингни. — У дафтарчамни қайтариб берди, бир оздан сўнг қаҳ-қаҳ уриб кулиб, бутун даштни бошига кўтарди. — Анорхой ўлкаси эмиш! Ҳа-ҳа-ҳа! Жуда ҳам аҳмоқсан-е, академик! Ҳақиқатан ҳам сенга ўхшаганларни бу ерга ҳайдаб келиш керак, токи дунёнинг паст-баландини билиб олинглар!.. Ўйлаб топганини қара-я: Анорхой ўлкаси эмиш! Ҳа-ҳа-ҳа! Ҳали у сенга қанақа ўлка эканлигини кўрсатиб қўяди. Бу ерда бир қиш ишлаб кўр, ўшанда бошқачароқ куйлай бошлайсан…
— Мен қолиш-қолмаслигимни сендан сўраб ўтирмайман! Менинг ғамимни емай қўя қол, ўзингни ўйла!
— Нимани ўйлар эканман? — жаҳл аралаш илжайиб менга яқинлашди Абубакир. — Менинг ўз фикрим ўзим билан, мен қаерда бўлсам ҳам ҳақимни ажратиб оламан. — У нарироққа кетмоқчи эди-ю, лекин ниманидир эслаб яна тўхтаб қолди. Менга юзма-юз келди-да, бўғиқ овоз билан шундай деди: — Сен, академик, ҳалиги қиз ҳақидаги хом хаёлларингни миянгдан чиқар, умидвор бўлма… уриб майиб қиламан!
— Буни ҳали ўйлаб кўрамиз.
— Яна такрор айтяпман, уни хаёлингга келтирма! Қизишиб кетган, бошқаларга нафрат билан қарашга ўрганиб қолган, ҳозир эс-ҳушини йўқотиб қўйган бу одамнинг аҳволига ачиндим. Унга оҳиста дедим:
— Сен кап-катта одамсан. Баъзан туппа-тузук гапларни айтасан. Аммо бундай гапларни, афтидан, тушунмасдан гапирасан шекилли! Шуни унутмагинки, ҳеч ким бировга ўйлаш, исташ, орзу қилишни ман эта олмайди. Инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам ана шу фикрлаш қобилиятига эга бўлишида.
Сўзларим унга таъсир этдими, ҳар қалай, индамай турди. Фақат қовоғини осганча трактор олдига борди-да, бор кучи билан ручкани айлантирди, мотор дарҳол гуриллаб ўт олди. Яна иш бошлашимиз лозим эди…
Шу соатдан бутун орзуларим яна вужудимни чулғаб олди. Мен уларни курашда қўлга киритгандим, улар яна менга ҳамроҳ бўлди.
Кечқурун ҳамма ётишга тайёргарлик кўраётганда мен ўтовдан чиқиб, булоқ томон йўл олдим. Негадир ўша томон мени ўзига тортарди, ўша ерда танҳо бўлишни истардим.
Осмон гумбази юлдузларга торлик қилиб, улар уфқдан ерга томон силжиётгандай. Кўпчилиги бош устида ғуж-ғуж бўлиб, ҳозир тубсиз бўлиб кўринаётган кулча шаклидаги ҳовузча сатҳига тўпланишган эди. Улар сувда жилваланиб, ҳусни жамолларини кўз-кўз қилишарди. Уларни ҳовучлаб, лахча чўғдай қирғоққа сепиб юборгинг келади. Сувнинг шилдираб оқаётган жойида улар ҳам сув билан бирга оқиб, майда тошчаларга аралашиб, марварид доналари сингари товланарди. Сувнинг сокин, ўйчан оққан жойларида эса юлдузлар осмондаги каби порлаб турарди. Хаёлимдан шундай фикрни ўтказдим: даштдаги чашма баъзи кўнгли очиқ ва орзу-истаклар билан тўлиб-тошган, гўё бутун оламни ўзида мужассамлаштирган инсоннинг руҳий ҳолатини эслатар экан.
Мен булоқ бўйида ўтириб, тунги сокин даштни томоша қилдим, уни бутун вужудим билан ҳис этдим, хаёлан қайта тасаввур этдим. Бу ширин хаёлларимни кимга айтай, кимга изҳор этай? Изоҳлашим қийин-у, аммо сочи пешанасига тушиб турган, номи номаълум қиз менга худди ана шу одамдай туюларди. Фақат ўшагина кўнглимдагини тушуна олар, фақат ўшагина ҳис-ҳаяжонларимга шерик бўла биларди. Эҳтимол, бунинг сири бизнинг биринчи марта шу булоқ бўйида учрашганимизда ва унга Бўтакўз деб ном қўйган кезларимизда пайдо бўлгандир.
Қаерда экан ҳозир, менинг хаёлим у билан банд эканлигини билармикин? Яқинда ерни ҳайдаб бўламиз, шунда мен уни излаб топаман, бу ерга, булоқ бўйига олиб келиб, Анорхой ўлкаси ҳақида ҳикоя қилиб бераман. Шеър билан эмас, йўқ, масхара қилмасин, тағин. Анорхой чўлининг келажагини ўзимча қандай тасаввур этган бўлсам, шундайлигича сўзлаб бераман.
Бу ердан кетаётиб яна юлдузлар тўла осмонга суқланиб қарадим. Нимаики кўрсам, кўзларим қувончга тўларди. Аммо шу маҳал тепалик устида хотин кишининг аввалгидек беўхшов ва нурсиз тош ҳайкали кўринди. Назаримда, у ҳозир ҳам атрофдаги ҳамма нарсалардан бехабар, оқиб тушган нурсиз кўзини қисиб, олисларга руҳсиз боқиб турарди.
Ой ҳам чиқди, мен ҳайдалган ернинг нариги томонида секин жилиб келаётган иккита шарпани сезиб қолдим. Бу кийиклар эди. Қаёққа кетишаётганикин? Эҳтимол, сув ичгани келишаётгандир. Кийиклар ҳайдалган ернинг чеккасига келиб, нефть ва темир ҳиди анқиб турган шудгорга ўтишга журъат этолмай, таққа тўхтаб қолишди. Улар кумушранг товланган ой нурида шу бўйича қимир этмай узоқ туришди. Шохлари тарвақайлаб кетгани эркак кийик, яғрини пастроғи урғочи кийик, ойдинда иккаласининг ҳам катта-катта кўзлари ялтираб турарди. Енгил бошларини сергаклик билан юқори кўтариб, бир-бирининг пинжига кириб туришарди. Улар шу тарзда узоқ қотиб турдилар. Кийикларнинг бу туриши: даштликка нима бўлди, эски сўқмоқ йўллар қаёққа йўқолди, қандай куч бу ерлар-ни ағдар-тўнтар қилиб ташладийкин, деяётгандай эди.
Улар ҳайдалган ердан ўтишга журъат этишолмади. Орқага қайтишди, хипча белларида ойнинг кумуш шуьласи хиёл акс этиб турарди.
Улар бемалол узоқлашсин деб, яна бир оз ўтирдим. Сўнг ўтовга қайтиб келиб, қоронғида ўз жойимни пайпаслаб топдим-да, алламаҳалгача ухлаёлмай чўзилиб ётдим.
Шу пайт қулоғимга пичирлаган овоз эшитилиб қолди. Абубакир билан Қалипа бирга ётишганди. Эҳтимол, илгарилари ҳам шундай бўлгандир, бироқ мен буни билмасдим. Қалипа энтикиб йиғлар, алланарсаларни гапирар эди. Лекин мен нималигини тушуна олмадим.
— Бўлди, бас энди, етар, — деди Абубакир уйқу аралаш, — шаҳарга борсак, ҳаммасини тўғрилаймиз. Бир-икки кун ётасан-у… Бекорга қайғуришнинг нима кераги бор.
Қалипа алам билан жавоб қайтарди:
— Бунинг учун ташвишланаётганим йўқ. Ўзимдан нафратланаман, нега мен сендай бир одамни севиб қолган эканман. Нимангга учдим сенинг, ҳайронман. Кошки сен одамларга бирор яхшилик қилган бўлсанг. Нима бўлиб сенга бир итдай ёпишиб қолганимни билмайман.
— Пушаймон қилмайсан, иш тугагач, сени дарҳол олиб кетаман.
— Йўқ, пушаймон қиламан, умр бўйи пушаймон қилиб ўтаман. Лекин нима бўлса ҳам кетаман. Ёлғиз қолишни истамайман…
— Секинроқ гапирсанг-чи! Яқинроқ ёт, ҳа, аллақачоноқ шундай қилишинг керак эди, бутун ёстиқни ҳўл қилиб ташлаганингни қара.
Мен бошимни буркаб олдим. Дилимни сиёҳ қилувчи бу гапларни эшитмаслик учун тезроқ ухлаб қолгим келди.


Чингиз Айтматов

Бўтакўз (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-9

Ўша куни мана шундай ҳодиса рўй берган эди. Султонмурот қилмишига яраша оладиганини олди. Бригадир ҳам қамчи билан саваламай нима қилсин. Қанча меҳнат, ҳаракат зое кетди. ...

Чингиз айтматов:қиёмат 24-қисм

— Ҳар бир одам ўзига ўхшаган бошқа бирон одам устидан ҳокимлик қилиш учун ўлиб-тирилади. Сен бундан мустасно эмассан, Рим нойиби. Ҳаммадан ёмони ҳам шунда. Сен, ахир дунё ...

Мeҳробдан чаён-ҳарам

Янги ўрда юқорида ёзғанимиздек, ҳақиқатан шукуҳлик, хушманзара бино қилинған эдиким, унинг ҳозирги харобасидан ҳам кўрса бўлур.  Ўрда  қўрғонининг  ташқари  айланаси (тўрт  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400