Ёрдам беринг: Кўзёшларим шодлик ёки ҳасратга дўниши сизнинг ихтиёрингизда.

Ассалому алайкум, мени танийсиз. Қанчалик танийсиз? Асосан, ижодкор деб, тўғрими? Қаерлик эканим, қаерда яшашим, қаерда ишлашим ва шу кабилар. Борингки, дардмандлигимни ҳам эшитгансиз. «Ирода Умарова дегани бор-ку, ўша, гапиролмас экан-а?» «Йўқ, эшитмайди менимча». «Йўғ-е, юролмайди дейишади-ку, ҳеч уёқ-буёққа борганини кўрмаганман-да!»

Тахминларда жон бор. Мен эшитмайман ва шу сабаб нутқим ҳам нормаль эмас… Кўришганда қачонлардир соппа-соғ, ҳар гапингизни илиб олиб бийрон жавоб қайтарадиган қизалоқ бўлганимга ишонмаслигингиз мумкин. Ўзим ҳам ишонмай кетаман гоҳида.

Ахир, у қизалоқ билан менинг ўртамизда 23 йилдан ортиқ вақт бор! Ҳа, айни 7 ёшга тўлган кунларим, айни баҳор фаслида, айни «Саводхонлик» байрамимиз куни мактабдан уйга келиб, иситмалаб ётиб қолганим ўша кунларга 23 йил бўлибди.

Ўшанда бир ҳафтача иситмам тушмай ётдим, оёқларим фалаж бўлиб қолган эди. Туман шифохонасида «грипп» ташхиси билан даволашди, аста-секин оёққа турганим сайин аста-секин эшитиш қобилиятим сусайиб бораётганини пайқашмади ё эътибор беришмади.

Яна даволатишга тушишганида кеч бўлганди – эшитмасдим.

 Даволанишлар, аппарат тақишлар – бари бефойда эди.

Охири ўша пайтда республикада энг кучли мутахассис ҳисобланган шифокорлар томонидан қўйилган «икки томонлама кохлео нервит» ташхиси билан 2-гуруҳ ногиронига айландим.

Бундан кейин қандай яшаганим маълум – шифохонама-шифохона, табибма-табиб юриш, таҳқирларга аввал кўзёши, кейинчалик сукут билан жавоб бериш, тез-тез такрорланувчи депрессия, Аллоҳдан шифодан аввал сабр тилаш…

Аллоҳ сабр ва шукр қилган бандасини ноумид қолдирмайди. Яқин йиллардан бошлаб тиббиётда «кохлеар имплант» операцияси амалга оширилаётганидан хабар топдим. Бу операция ҳақида тасодифан билдим.

Интернетда Жоан Милн исмли 40 ёшли туғма кар аёлнинг мазкур операция амалиётидан кейин эшита бошлагани ҳақида видеохабар тарқалган эди. Кохлеар имплант ҳақида кенгроқ маълумот олиш учун манбаларни ўргандим, мутахассисларга мурожаат қилдим.

Мутахассислиги бўйича тан олинган шифокорлар текширувидан ўтиб, «двусторонния глухота» ташхиси билан имплант операцияга тавсия олдим. Ҳиндистон ва Россиялик мутахассислар ҳам буни маъқуллашди.

Туғма кар эмаслигим, қийналсам-да гапира олишим, МРТ таҳлиллари – барчаси операция фойдасига эди. Аммо имплант аппарат ва операция харажати ўйлантириб қўйди. Бу анча йирик сумма бўлиб, ўзимизнинг қурбимиз етмайди…

Тегишли ташкилотларга, одамларга мурожаат қилдим, қанча остоналарда сарғайдим,  лекин… натижаси бўлганида бу гапларни ёзиб ўтирмасдим!

Ахир, тузалишимнинг имкони бор-ку? Ахир, жиддий эътибор беришлари учун оғир касал бўлишим шартми? Туғма кар бўлсам ҳам майли эди, одам овози нималигини билмай, соғинмай яшайверсам…

Соғинганман, соғинаяпман! Ота-онамнинг овозини танигим, жигарларимнинг овозларини эслагим, умр йўлдошимнинг, боламнинг, дўстларимнинг овозларини илк бор эшитиш бахтини туйгим келаяпти! Имкон дараги чиққанидан бери йигирма йиллик соғинч уч йилга жамланиб қолгандай, жуда соғиндим!!!

Бу мурожаатномани 3,5 йилдан бери ёзаман… Лекин эътиборингизга ҳавола этишда тўхталиб қоламан – андиша, ҳадик, ғурур, хўрлик туйғулари… Энг ёмони – «бундан ҳам натижа бўлмаса нима қиламан?» деган савол. Чунки бу – бандасининг воситасида кутганим охирги чора. Майли, ишонманг, мен бу хатни йиғлаб ёзаяпман. Кўзёшларим шодлик ёки ҳасратга дўниши сизнинг ихтиёрингизда.

ЁРДАМИНГИЗГА МУҲТОЖМАН! Ёрдам беринг. Илтимос, ачинманг, шубҳаланманг, қўлингиздан келса ёрдам беринг ёки ўқимагандай ўтиб кетинг. Постимни улашишингиз ёки «Ҳа, уни танийман, ростдан шундай» дея гувоҳликка ўтишингиз ҳам ёрдам менга.

Буёғи имкониятингизга, меҳрингизга, иймонингизга ҳавола. Энди менга барибир… Ҳозир, ҳозир журъатим чекинмай туриб «Enter»ни босаман…

Ирода Умарова.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ароқ дўконлари ўғил-қизларингизнинг мактабларига яқинлашади, катта-катта супермаркетларда ҳам ароқ сотилади

Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини таълим, спорт ва диний муассасалардан тўғри чизиқ бўйича 200 метрдан ортиқ радиусда (ҳозирда бу масофа 500 метрни ташкил этади) ...

Қорақалпоғистонда орган ҳодимлари ва халқ орасида қурбонлар борлиги маълум бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашув ўтказди. Президент ўзбекистонликлар ва Жўқорғи Кенгес ...

Боҳодир чориев мухолифатми ёки тадбиркорми?!

Боҳодир Чориевнинг Ўзбекистонга қайтиши ўзбек халқига нечоғли муҳим?!!! “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Раҳбари Боҳодир Хон Туркистон Боҳодир Чориев янаям тўлиқроқ ...