Қирол Артурдан кейин. Кадзуо Ишигуро нега Нобель олди? Нега ўзбек ёзувчилари ҳаливери ололмайди?

Адабиёт бўйича Нобель мукофотига британиялик ёзувчи Кадзуо Ишигуро (баъзи ресурсларда Исигуро ёзилади) сазовор бўлганидан сўнг, ҳар доимгидай, ўзбек социал медиасида “Қачон ўзбек адиби Нобель олади?” мавзуси долзарблик касб этди.

Мақола Eldar Asanovнинг “Фейсбук”даги саҳифасидан олинди

Муҳокамаларнинг мазмунини такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ — ҳар йилгидай, бу сафар ҳам “Нобель учун пишиб қолган” номзодлар тилга олинди, айни пайтда нуфузли мукофот “ҳалол” ўйналмаслигини, фақат “ватанини ёмон кўрадиганларга” берилишини, умуман, у аҳамиятсиз ва кераксизлигини уқтирганлар ҳам бўлди.

Бефойда баҳсларни четлаб ўтиб, бу гал Нобель қўмитаси жуда яхши танловни амалга оширганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Мукофот Светлана Алексиевичга ўхшаган публицистга, Боб Диланга ўхшаган рок ижрочисига эмас, классик тасаввурдаги ёзувчига топширилди. Бундан бадиий ижод ишқибозлари хурсанд бўлса арзийди.

Ишигуро — халқаро миқёсда танилган ижодкор, ўз авлодининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири. Унинг асосий бадиий мероси — ўнга яқин романи дунёнинг барча асосий тилларига таржима қилинган, шулардан учтасининг негизида Голливуд юлдузлари иштирокида фильмлар суратга олинган.

Афсуски, кузатишларимга қараганда, ўзбек китобхони инглиз адиби билан яхши таниш эмас экан. Унинг асарлари ўзбекчага таржима қилинмагани бунга сабаб бўлса керак. Агар мутахассис таржимонларда шу камчиликни тўлдириш нияти ёхуд китоб шинавандаларида унинг ижоди билан танишиш хоҳиши уйғонса, “Дафн этилган рўдапо” романидан бошлашни тавсия этган бўлар эдим.

Асар ҳам қизиқарли, содда тилда ёзилгани, ҳам жиддий мавзуни олиб чиққани билан барчага манзур бўлишига аминман.

Романда қирол Артур вафотидан кейинги Британия қаламга олинади.

Бу афсоналар даврининг тугаши, реал ҳаётнинг бошланишини рамзий ифодалайди: римликлар оролни аллақачон тарк этган, ҳали аждарлар бор, огрлар қишлоқларга ҳужум қилиб туради, Артурни кўрган рицарлардан баъзилари тирик (улардан бири сюжетда муҳим ўрин эгаллайди), лекин одамларнинг кундалик ҳаёти ниҳоятда оддий, улар барчамизга таниш маиший муаммоларга рўбарў яшайди. Бриттлар босқинчи сакслар билан тинч-тотув қўшничилик қилади, улар орасида рўй берган ҳарбий можаро унутилиб кетган.

Бош қаҳрамонлар — кекса жуфтлик Аксл ва Беатрис коммуналистик қоидалар ўрнатилган қишлоқда сокин турмуш кечиради. Коммунада тегишли тартиб ҳукмрон: ҳар бир киши муайян ишни бажариб, эвазига маълум моддий қимматликларга эга бўлади.

Барчанинг ўз ўрни, вазифаси бор. Қаҳрамонларимизнинг жамиятдаги мавқеи у қадар юқори эмас — кекса жуфтликка ҳатто шамдан фойдаланишга рухсат этилмайди.

Артур замонидан буён тепаликлар узра сийрак туман тарқалиб, қишлоқларни салладай чирмайди. Бир куни Аксл туман одамларнинг хотирасини ўчираётганини пайқаб қолади: қўшни қизалоқ ғойиб бўлади, коммуна уни қидиришга тушади, қизалоқ топилганда эса одамлар уни қидираётганини ҳам унутиб, бошқа масалалар муҳокамасига ўтиб кетганига гувоҳ бўламиз.

Аксл ҳам, Беатрис ҳам, уларнинг қўшнилари ҳам кеча, ўтган ҳафта, ўтган ой воқеаларини эслай олмайди. Узоқ йиллар муқаддам бўлиб ўтган кечмишларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Қариялар бир-бирини севади, уларнинг муносабатларни шунчалик мустаҳкамки, Аксл кампирини “маликам” деб чақиришдан чарчамайди. Лекин Акслда бу севги ўтмишдаги жанжаллар, қийноқлар ва хиёнатлар унутилиб кетгани туфайлигина сақланиб турибдимикан, деган гумон уйғонади. Боз устига, Беатрис узоқ йиллар муқаддам ўғил фарзандлари бўлганини, у қандайдир сабабга кўра қишлоқни тарк этганини хотирлаб қолади. Қариялар коммунадан рухсат олиб, фарзандини қидириб йўлга чиқади.

Йўл-йўлакай қаҳрамонлар саксларга, бриттларга, рицарларга, роҳибларга, аждарларга учрайди, сафардан кўзланган бирламчи мақсад — фарзандни топиш — иккинчи даражага тушиб қолади, улар янги ҳамроҳлари билан бирга каттароқ муаммо — ялпи хотирфаромушликнинг илдизларини излашга киришиб кетади.

Асар анчайин тушунарли тилда ёзилган, Ишигуро баёнга, ширадор диалоглар орқали қаҳрамонларнинг аҳвол руҳиясини ва феъл-атворини очиб беришга уринган, ўз шахсий кўз қарашини эса ошкор этмаган.

Бошида фэнтези жанридаги саргузашт асар алгоритмида ривожланиб борадиган (саёҳат мотивининг ўзи Толкиннинг “Ҳоббит”ига аллюзия бўлса ажабмас) воқеалар кетма-кетлиги китобнинг иккинчи қисмида долзарблик касб эта боради, ўқувчи олдига жиддий ижтимоий ва умуминсоний муаммоларни кўндаланг қўяди. Қизиқарли қаҳрамонлик романсини, Теренс Уайт ёки Томас Мэлори (Ишигуро улардан илҳомлангани шубҳасиз эса-да) дискурсини кутган ўқувчи қопқонга тушиб қолади — синчковлик билан гавдалантирилган афсона ва мифлар атмосфераси аслида пухта ўйланган метафора бўлиб чиқади.

Коллектив хотира, шахсий хотира, ўтмишнинг унутилиб кетиши ёки замонга мослаштириб талқин этилиши, тарихий ҳақиқат жамият ва алоҳида шахс тақдирига қандай таъсир ўтказиши, баъзан умумий хотира жамият ва шахс манфаатларида ҳар хил акс этиши — муаллиф китобхонни ана шундай фалсафий, руҳий ва социал масалалар устида ўйлашга мажбур қилади.

Гапнинг ўрни келганда, Ишигуронинг яна бир асарига қисқача тўхталиб ўтсам. “Мени қўйиб юборма” романи оғир ўқиладиган китобларга яхши мисолдир — уни бир ўтиришда тугатиб бўлмайди. “Дафн этилган рўдапо”дан фарқли равишда, унда ҳаяжонли саргузаштлар йўқ.

Роман қарҳамони — Кэти Ш. исмли қиз мактаб-интернатда ўтган ёшлигини эслайди ва ўқувчига босқичма-босқич бугунги турмуш тарзи илдизларини тушунтиради. Ҳикоя матоси унинг узуқ-юлуқ хотиралари ямоқларидан тикилади. Кэтининг ҳаёти сокин, бир тартибда ўтгани боис китобхон ҳикоя давомида кескин бурилишлар ва ихтилофларга дуч келмайди.

Аммо воқеа якунига яқинлашган сайин Кэти ва унинг ҳикоясида иштирок этганларнинг мудҳиш фожиаси, ўтинчсиз қисмат қаршисидаги умидсизлиги аён бўла боради, ўқувчи беихтиёр ўз тақдири, турмуши, мақсад-интилишлари, ўзи яшаётган жамият аъзолари билан калавадай чувалашиб, мураккаблашиб кетган муносабатларини таҳлилдан ўтказа бошлайди.

Ишигуронинг бошқа китобларида бўлгани сингари, “Мен қўйиб юборма”да ҳам деворга осиғлиқ милтиқдан ўқ узилмайди, саволлар жавобсиз қолади, муаллиф нима демоқчи бўлганини ҳам, бундан нима хулоса қилиш кераклигини ҳам бир ҳаракатда англаб бўлмайди.

Нобель қўмитасининг тақдирлаш формулировкасида айтилганидай, “ақлга сиғмайдиган даражада эмоционал қувватга эга” романда “олам билан хаёлий боғлиқлигимиз ортида яширинган тубсизлик” очиб ташланадики, пировардида китобхон тубсизлик лабида синиқ қалб ва мантиқий якунига етмаган бир ҳовуч ўйлов билан ёлғиз ташлаб кетилади.

Асарнинг мавзун руҳи услубий жиҳатдан Хемингуэйнинг “Фиеста”сини, визуал нуқтаи назардан эса Жим Жармушнинг “Патерсон”ини эслатади. Таржимон ва танқидчи Леонид Мотилёв роман поэтикасига қуйидагича таъриф беради:

“Ишигуронинг тили ростанам босиқ, лекин бу босиқликка у китоб оламини кенгайтирувчи унсурларни киритади. Бу ҳақда гапириш қийин, негаки бундай нарсаларни умумий қўллаш тўғри эмас.

Масалан, романда қаҳрамонлар қаергадир кетаётганида кўпинча денгиз образи жонланади, ва натижада улар денгиз олдига келиб қолади. Бу муҳим кўринади, лекин муаллиф бу каби деталларга урғу бермайди. Қаҳрамонлар ҳаётининг сиқиқлиги тескари жиҳатга ҳам эга — улар денгизга қараб, шу тариқа ўзга, кенгроқ оламга ошно бўлади” (https://meduza.io/…/eto-muzyka-stesnennosti-kotoraya-stremi…).

Сўзим якунида яна бир бор “Қачон ўзбек адиби қачон Нобель олади?” саволига диққат қаратмоқчиман.

Юқоридаги тавсифдан келиб чиқиб, сўроққа ўзингиз жавоб беришга уриниб кўринг: ёш ва ўрта ёш адибларимиз орасида (классикларимизни қўшмай турайлик) “ўзбекчилик” панжараларидан бош чиқариб, уфққа умуминсоний назар ташлайдиган, ўзига хос тил, услуб (Буковски каби), ўзига хос китобий олам (Толкин ёки Фолкнер каби) ярата олган, ўзбекни ҳам, инглизни ҳам, африкалик бантуни ҳам инсонийлик, индивидуаллик, жамоавийлик сингари мавзулар устида бош қотиришга ундайдиган етук ижодкорлар борми?

Бор бўлса бордир. Ё улар ҳали истеъдодининг чўққисига чиқа олмади, ё маишийлик ва анъанавийлик ботқоғидан оёқ чиқаролмай сарсон. Таассуфки, менинг бу борадаги прогнозим ҳеч кимга оптимизм бағишламайди.

Нима бўлганда ҳам, ўзбек адабиётининг мухлиси сифатида мазкур талабларга жавоб бера оладиган қаламкашлар тезроқ йўқликдан бош кўтаришига умид қилиб қоламан.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Санжар саид: китобсевар азизбекдан меҳр ва эътиборингизни қизғонманг

Азизбек 2005 йилда туғилган. У Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Сазағон қишлоғида яшайди. Кучайиб борувчи мушаклар дистробофияси касаллиги дюшен формасига чалингани боис ...

Қирғизистонда сиёсатчилар «қуруқ очлик»ка ўтишди

Қамоқда очлик эълон қилган сиёсатчилар сув ичишга ўтишди. Бу ҳақда Жазони ижро этиш Давлат хизмати вакили Элеонора Сабатарова маълум қилди. (more…)

Чой миянинг яхшироқ ишлашига ёрдам беради

Cингапур Миллий Университети тадқиқотчилари катта ёшли чойхўрларнинг мияси чой ичмайдиган одамларга қараганда яхшироқ ишлайди деган хулосага келишди. Бу ҳақда “Сангзор.уз” ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400