Ўзининг қонуний мулки учун бозорга ижара тўлаётган тадбиркор қисмати

Фото: flickr.com

Азалдан халқимизда пурмаъно бир нақл бор: «Отанг – бозор, онанг – бозор». Негаки, мана шу масканда минглаб кишининг юмуши осонлашади, яна шунча инсоннинг қора қозони қайнайди. Савдо расталарини тўлдириб турган, бозордаги жўшқин ҳаётни тўлқинлантириб бораётган тадбиркорлар эса бозорнинг ажралмас жисми ҳисобланади. Шунга қарамай, Чорсу мавзесидаги «Эски жува деҳқон бозори» АЖда ўзига тегишли бўлмаган хусусий мулк майдонида фаолият олиб бораётган ишбилармонлардан катта тўловлар талаб қилинмоқда.

Мақола kun.uz сайтидан олинди

2010 йил «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор эълон қилинганди. Қарорнинг 4-бандида «бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатилган хизматлар қиймати миқдорларини тасдиқлаш» белгиланган. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида, 2010 йили тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланган.

Бозор ҳудудида умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар учун алоҳида ставкалар жорий қилинган. Аслида бундан тўловлар кўрсатилган хизмат учун бозор маъмурияти ва мулк эгалари ўртасида қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган шартномага асосан оширилиши аниқ қилиб кўрсатилганига қарамасдан, «Эски жува деҳқон бозори» АЖ тадбиркорлар олдига юқорида таъкидланган тўловларни тўлаш мажбуриятини шартнома тақдим этмай амалга оширмоқда.

Мантиқан фикрлаб қаралса, тадбиркор бозор ҳудудидаги қайси умумий фойдаланишдаги объект ва уни сақлашга қанча маблағ сарф бўлаётганини билишга ҳақлими? Бу рақамлар ўзаро тузилган шартнома акс этиши лозим.

«Эски жува деҳқон бозори» АЖ эса бундай таклифдан бош тортиб, бир квадрат метр учун ҳар ойда 4800 сўм этиб белгиланган ягона ставка бўйича тўловларни амалга оширишни талаб этган.

Майли, шартнома масаласи ўз йўлига, лекин шу бозор билан боғлиқ бошқа бир қизиқ ҳолатга эътибор қилсак.

Масала жуда жўн: «Эски жува деҳқон бозори» АЖ ҳудудидаги бир нечта иншоот айрим тадбиркорларга авваллари мулк ҳуқуқи қилиб берилган. Яъни, ушбу ер ва биноларда бозорнинг ҳаққи йўқ, улар расман МЧЖларнинг мулки ҳисобланади. Фақат уларнинг биргина айби, бозорнинг ичида жойлашиб қолганида. Тасаввур қилишингиз учун айтамиз, улар худди Италия ичида жойлашган анклав Ватикан давлатига ўхшайди. Қўшимча маълумот сифатида айтиш мумкинки, ушбу МЧЖлар барча коммунал тўловлари учун мустақил шартнома қилишган ва давлатга тегишли ҳақни тўлаб келишмоқда. Бозорнинг электр, сув ва газидан фойдаланишмайди.

«Эски жува деҳқон бозори» АЖ эса ушбу тадбиркорлик субъектларини судга берди. Мақсад кўрсатиладиган мажбурий хизматлар учун улардан ҳам тўловни ундиришдир.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси И.Б. Ражабов даъвогар «Эски жува деҳқон бозори» АЖнинг жавобгар «Олтин гумбаз» МЧЖдан 123.033.600 сўм ундириб бериш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантирмади. Негаки, «Олтин гумбаз» МЧЖ ўзига тегишли ер майдонида қурилган шахсий мулкида ўз фаолиятини амалга ошириб келган. Масала жуда оддий тартибда ҳал қилинди.

Бироқ, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг бошқа бир судьяси худди шунга ўхшаш иш бўйича «Эски жува бозори деҳқон» АЖнинг талабларини қаноатлантирди. Қарордан норози бўлган «Тоҳир-зуҳра сервис» МЧЖ жорий йилнинг 28 сентябрь куни апелляция инстанция тартибида судга қайтадан шикоят қилди, лекин бу шикоятдан ҳам наф чиқмади. Биринчи инстанция суди чиқарган қарор ўз кучида қолди.

Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастри корхонаси маълумотига кўра, «Тоҳир-Зуҳра сервис» МЧЖга тегишли бино бозор ҳудудида эмас, балки ўзининг ерида жойлашган. Давлат солиқ қўмитасининг Kun.uz`га маълум қилишича, жамият ўзига тегишли 432 кв.м ер майдонидан келиб чиқиб солиқларни тўлаб келади.

Kun.uz мухбири иштирок этган апелляция суди мажлисида Шайхонтоҳур туман ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастри бўлимидан вакил сифатида қатнашган А.Тўйчиев гарчи ҳудуд жамиятнинг ўзига тегишли эканини тан олиб айтса ҳам, «у бозор майдонида жойлашган», деб қатъият билан таъкидлади.

Табиий савол, қандай қилиб битта ҳудуд икки субъектга тегишли бўлади? МЧЖ учун берилган мулк ҳуқуқи унда қаерда қолади? Сўх тумани Қирғизистон ерида жойлашгани билан, Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланади-ку!?

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасидан вакил сифатида суд мажлисида иштирок этган М.Абдуллаев «бозор умумий тушумларидан 50 фоизидан ортиғини маҳаллий бюджет»ҳисобига ўтказишини важ қилиб келтириб, суддан «Эски жува бозори» АЖнинг даъвосини қаноатлантиришни сўраган. Мантиқан ўйлаб кўрилса, давлат бюджетига бориб тушадику, деб тадбиркорнинг қонуний манфаатига зид бўлган талабни қўйиш тўғрими?

Ушбу суд ишида иштирок этган шаҳар прокурори ёрдамчиси Ф.Мустафоев даъвони қаноатлантирмай, ишни қайта кўриб чиқишни сўради. Аммо апелляция ҳайъати ушбу фикрларни инобатга олмади ҳамда тадбиркорни 70 миллион сўмдан ортиқ маблағларни бозор ҳисобига ўтказиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирди.

Барибир айрим саволлар очиқ қолиб кетмоқда: бозор инфраструктурасидан фойдаланмайдиган, бироқ тақдир тақозоси билан бозорнинг ичида жойлашиб қолган МЧЖнинг мулки дахлсиз эмасми?

Яна бир жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Суд қарор чиқарганда Адлия вазирлиги томонидан 2185-сон билан рўйхатга олинган Низомнинг 2-банди бўйича «Тоҳир-Зуҳра сервис» МЧЖ «Эски жува бозори деҳқон» АЖга ижара тўловларини тўлаши лозимлигига асосланган.

Бироқ худди шу низомнинг 8-бандида қуйидагича қоида белгиланган:

«Бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларининг маъмурияти тасарруфида бўлган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа мол-мулкдан ва уларнинг хизматларидан белгиланган тартибда фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар тўловчилари ҳисобланади».

Матннинг қорайтирилган қисмига эътибор берсангиз, бозорлар фақат ўзига тегишли бўлган бино ва иншоотлардангина ижара ҳақи ундириши мумкинлигига амин бўласиз. Лекин суд жараёнида мулкнинг қонуний эгаси бозор эмас, балки «Тоҳир-Зуҳра сервис» МЧЖ эканлигига эътибор қаратилмаганга ўхшайди. Бошқача айтганда, МЧЖ ўзининг қонуний мулки учун бозорга ижара ҳақи тўламоқда.

Хулоса қилиш ўзингиздан. Биз бўлиб ўтган воқеани имкон қадар холисона ёритишга ҳаракат қилдик. Ушбу мақола ортида фуқаролар орасида одил судловга нисбатан ишончсизлик руҳини пайдо қилиш нияти эмас, аксинча ҳақиқатни юзага чиқаришда жамоатчилик назорати сифатида ёрдам бериш мақсади кўзлангандир.

Умид қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ушбу ҳолатга эътибор қаратади ва қонунда назарда тутилган тартибда кўриб чиқади.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоғистонда 45 нафар йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетди

Қарағанда вилоятидаги трассада 45 нафар йўловчиси бўлган, Егиндибулақ – Қарағанда йўналиши бўйича кетаётган рейсдаги автобус ағдарилиб кетди. (more…)

Нукус шаҳрида йўловчи поезди қулоғида наушник бўлган 17 ёшли ўсмирни босиб кетди

Қорақалпоғистон Республикасы Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Нукус шаҳри темир йўл вокзали ёнида бўлган бахтсиз ҳодиса ҳақида маълумот берди, деб ёзмоқда Makan.uz сайти. ...

Пойтахтда миллий боғ бузиб ташланадими? профессор бунга қарши

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарорига кўра, пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ўрнида «замонавий ҳамда юқори технологияли маданият ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400