Юлдузли тунлар-27

ТОШКEНТ, НАМАНГАН, АНДИЖОН ЧИНГИЗИЙЛАР ЯНА ҲУКМРОН БЎЛМОҚЧИ

1

Қирчиллама қишда самур* пўстин ва қундуз телпак кийган Маҳмудхон хонаи хосда эшик оға Тилба Султон билан яккама-якка суҳбатлашмоқда. Осмонни қуюқ булут қоплаган. Кундуз куни бўлишига қарамай, хонайи хосдаги қандилларда шамлар липиллаб ёнмоқда.
Маҳмудхон шам ёруғида Тилба Султоннинг юзига тикилиб қаради-ю, унинг озиб кетганини пайқади.
Одоб билан чўкка тушиб ўлтирган Тилба Султон хонга томон қаддини букиб, қўлини кўксига қўйиб сўзламоқда:
— Шу совуқ кунларда довон ошиб Фарғона водийсига икки марта бориб келдим, хон ҳазратлари. Арчакент довони пастроқ экан, ундан ошиб ўтиб, Косонсойга қишда ҳам борса бўлар экан.
Қорли довонлардан қайта-қайта ошиб ўтиш осон бўлмагани Тилба Султоннинг совуқда қорайиб кетган кўсанамо юзидан, қалин лабларининг у ер-бу ерини изғирин ёриб юборганидан билиниб турарди:
— Иним Аҳмадбек бутун нажотни сиздан кутмоқда, хон ҳазратлари! Ахир сиз бугунги Чиғатой улусининг энг қудратли ҳукмдорисиз. Бизнинг етти пуштимиз Чингизхон наслига содиқ хизмат қилиб келмоқда. Ўзимиз ҳам аслан ҳазрати Чиғатойхоннинг қиз авлодларидан туғилганимиз сизга маълумдир.
— Рост, сиз билан бизнинг узоқ қариндошчилигимиз бор.
— Шунинг учун иним Аҳмадбек Фарғона водийсини Бобурга эмас, сизга топширмоқчи!
— Аммо Бобур ҳам бизга жиян-да.
— Хон ҳазратлари, бу жияннинг сизга бирон фойдаси теккани йўқ! Отаси Умаршайх мирзо сиздан Тошкентни тортиб олмоқчи бўлиб қанча урушлар қилди? Пайтини топса, Бобур ҳам сизга қарши қилич яланғочлагай!
— Унчалик эмасдир, жаноб вазир. Бобур Тошкентга келганда жуда одобли, меҳру оқибатлик кўринган эди.
— Ташқи кўринишдан шундайдир. Аммо қилаётган ишлари батамом сизга қарши! Мен буни ўзим бориб кўрдим, эл-юрт орасида айтган гапларини ўз қулоғим билан эшитдим, хон ҳазратлари!
Тилба Султон ёлғонни ҳам ростдай қилиб гапиришга уста эди. У Бобур айтмаган сўзларни ичидан тўқиб чиқара бошлади:
— Бобурнинг ўзи ҳам, тарафдорлари ҳам чингизийларни «жете»* деб камситади. «Йўқолсин чингизийлар! Фарғона водийси темурийлар мулкидир! Жетеларни қир!» деган бақириқларни Фарғона водийсининг кўп жойларида мен ўзим эшитдим!
— Наҳотки Бобур бизга жиян бўлатуриб шундай гапларни айтса?!
— Айтиш ҳам гапми?! Бобур Амир Темурнинг қиличини тақиб олган. Бу қилични Тўхтамишхон тор-мор бўлган пайтларда Темурбек ўғли Мироншоҳга инъом қилган экан. Энди Бобур бошқа чингизийларни ҳам худди Тўхтамишга ўхшатиб шу қилич билан тор-мор қилмоқчи эмиш! Маҳмудхон аччиқ истеҳзо билан кулди:
— Бу ҳаммаси бекорчи хомхаёл! Темурийлар Чиғатой улусида юз йилдан ортиқ ҳукм сургани етар! Энди уларнинг даври тугади! Бир йилда катта ёшлик, тажрибали темурийлардан учтаси кетма-кет оламдан ўтди. Яна Бойсунқур мирзо деганини Хисорда Хисравшоҳ ўлдириб, тахтини эгаллади. Бухорода Султон али мирзо деган бўш-баёв бир ўсмир ҳукмрон эди. Шайбонийхон Бухорони осонгина ундан тортиб олди.
— Шайбонийхонга сиз ёрдам бердингиз-да, хон ҳазратлари! Бу одам аввал темурийзода Султон Аҳмад мирзо хизматида уч юзтагина навкари билан понсот даражасида хизмат қилиб юрган эди.
— Ёрдам бердик, чунки Шайбонийхон билан илдизимиз бир. Биз соҳибқирони аъзам, хоқони муаззам Чингизхоннинг ўртанча ўғли Чиғатойхондан тарқаган хонлармиз. Шайбонийхон Чингизхоннинг катта ўғли Жўжихондан тарқаган хонлар авлодидандир. Буни би-лурмисиз?
— Яхши билурмен, хон ҳазратлари. Аммо Жўжихоннинг ўғли Ботухон Чиғатой улусини Олтин Ўрдага бўйсундирмоқчи бўлиб, сизнинг боболарингизга кўп жабру ситамлар ўтказган! Қанча-қанча чиғатойларни Ботухон бегуноҳ ясоққа етказган!
— Лекин Шайбонийхон — Ботухон авлодидан эмас, Шайбон улусидандир, шуни унутманг, жаноб вазир! Шайбон — Жўжихоннинг бешинчи ўғли бўлган, Ботухонга қарши турган.
— Бунисини билурмен, хон ҳазратлари. Шайбон улуси Ёйиқ билан Иртиш дарёлари орасидаги яйловларда кўчиб юрган. Шайбонийхоннинг невара-чевараларидан бири Абулхайрхон номи билан шуҳрат қозонган. Ҳозирги Муҳаммад Шайбонийхон ана ўша Абулхайрхоннинг невараси экан. Отаси Шоҳбудоқ султон хонлик маснадига етишолмай ўлиб кетган.
— Ҳа, рост, Шайбонийхоннинг асли оти — Шоҳбахт экан. Уни болалигида Абулхайрхон ўзи тарбиялаган экан. Бобоси ўлгандан кейин алғов-далғов бошланиб, Шоҳбахтхон кўп азоб тортади. Ахийри Дашти Қипчоқдан Бухорога кўчиб келиб, жон сақлайди.
— Тасанно, хон ҳазратлари! Бухорода темурийлар хизматида бир бек бўлиб юрган Шоҳбахтхон сизнинг кўмагингизда қаддини тиклаб, кимсан, Шайбонийхон бўлди-я!*
— Лекин Шайбонийнинг ўзи ҳам калласи яхши ишлайдиган, пишиқ, довюрак одам эканда. Чирчиқ дарёси бўйидаги жангда жонини гаровга қўйиб бизга қандай кўмак бергани ёдингиздами?
— Нега ёдимда бўлмасин, хон ҳазратлари? Ўзим кечаси дарё бўйларига бориб воситалик қилган эдим-ку.
Хон билан вазир икковлари учун ҳам ёқимли бўлган ўша воқеаларнинг тафсилотларини эслаб кетдилар.
Бу воқеаларнинг орасида қуда-андачиликнинг алоҳида ўрни бор эди. Маҳмудхоннинг отаси Юнусхон бир эмас, уч қизини ака-ука темурийларга узатган эди. Улардан ўртанчаси Аҳмад мирзо — Самарқанд подшоси, иккинчи куёв — Маҳмуд мирзо — Ҳисор ҳукмдори, учинчи куёв — Умаршайх мирзо — Фарғона тождори. Хонлар удумига биноан, Юнусхон ҳар бир қизига мингдан ортиқ мўғул беклари, навкарлари, каниз ва хизматкорларидан қўшиб юборган эди.
Улар куёвнинг даргоҳига ўрнашиб, келиннинг хизматини қилишар, айни вақтда, темурийларнинг ички ишларига аралашиб, уларнинг ораларида низо чиқишига сабаб бўлар эдилар.
Ана шу тарзда чиққан низолар туфайли Аҳмад ва Умаршайх мирзолар бир-бирлари билан Тошкентни талашиб кўп урушдилар. Қайноталари Юнусхон уларни яраштириш баҳонаси билан Мўғулистондан Тошкентга келиб-кетиб юрди, ахийри бу шаҳарга ўрнашиб олди.
Юнусхоннинг вафотидан сўнг, унинг катта ўғли Маҳмудхон Тошкентни бутунлай мўғул хонларининг қароргоҳига айлантирди.
Чингизийлар ҳукмронлигининг қайта тикланиши кўпчилик туронликларни норози қилмоқда эди. Самар-қанд подшоси Аҳмад мирзо шу норозилар орасидан олтмиш минг қўшин тўплаб, Тошкент бўсағасида, Чирчиқ дарёси бўйида ҳал қилувчи жангга тайёрлана бошлади.
Жанг арафасида Шайбонийхоннинг уч юз кишилик навкарларига Бухоро ҳокими Абдуали Тархон бошчилигида жуда масъулиятли вазифа юкланди. Уларга қўшин марказида бўлиш ва Аҳмад мирзонинг туғларини, байроқдорини қўриқлаш топширилди.
Ўттиз олти ёшлик Шайбонийхон жанг пайтида байроқ ва туғлар қанчалик улкан аҳамият кашф этишини яхши биларди. Унинг дили — ўзи мансуб бўлган сулоланинг вакили Маҳмудхон томонида эди. Жанг арафасида Шайбонийхон ишончли бир хуфиясини Маҳмудхон қароргоҳига яшириқча жўнатди. Бу хуфияга қуйидаги гапни айтиб юборди:
«Мен ҳам Чингизхон наслиданмен, темурийларнинг ички сирларини билурмен, агар Маҳмудхон ҳазратлари лозим кўрсалар, кечаси яшириқча Чирчиқ бўйига келсинлар, мен бу томондан ўтиб борурмен, эртанги жангда хонга ғалаба келтирадиган бир режанинг маслаҳатини қилурмиз».
Бу хуфиянинг гапи тайинлик эканини тафтиш қилиб билган эшик оға Тилба Султон уни Маҳмудхон билан учраштирди. Сўнг Тилба Султон билан Маҳмудхон ярим тунда дарё бўйига Шайбонийхон тайин этган жойга бордилар. Шайбонийхон дадил йигит экан, отни ҳам оқизадиган Чирчиқ дарёсидан кечаси сузиб ўтиб келди.
— Аҳмад мирзо ношуд саркарда, — деди у Маҳмудхонга. — Унинг ишонган амири Абдуали Тархон эртага бўладиган жангда марказга — ғулга тайин бўлди. Подшо ҳам, унинг туғлари, байроқдори ҳам ғулда бўлур. Сиз қўшинингизни дарё қирғоғидан орқароққа олиб, гўё чекингандай бўлсангиз. Улар дарёдан ўтгунча, ҳаммалари ҳўл бўлиб сафлари анча-мунча тўзғийдир. Шунда мен уч юз навкарим билан уларнинг байроқдорларини уриб йиқитиб, сиз томонга қочиб ўтгаймен. Байроқ ерга тушиб оёқости бўлдими, қўшин енгилган ҳисоблангай!
Шунда сиз ҳужумни кучайтирурсиз. Мен ҳам навкарларим билан сизлар томонда Аҳмад мирзога қарши жанг қилгаймен. Ёғийнинг орқасида тошқин дарё. Қочганларининг аллақанчаси сувга чўкиб ҳалок бўлур.
Шайбонийхоннинг бу режаси Маҳмудхонга маъқул тушди. Эртаси куни жангда ўша режага амал қилган Маҳмудхон Аҳмад мирзо устидан ғалаба қозонди. Шундан кейин Маҳмудхон дадилланиб, Ўратепани ҳам Аҳмад мирзодан тортиб олди-да, у ерга ўзининг қадрдони бўлган мўғул-дуғлат амири Муҳаммад Ҳу-сайнни ҳоким қилиб қўйди.
Чирчиқ бўйидаги жангда катта хизмат кўрсатган Шоҳбахт — Шайбонийхон Маҳмудхондан мукофот кутмоқда эди. Маҳмудхон уни ўз ҳузурига чақириб шундай деди:
— Туркистон шаҳри ҳамон темурийлар илкида. Ҳолбуки биз, чингизийлар, бу жойларни Чиғатойхондан мерос олган эдик!
— Хон ҳазратлари, менинг бобом Абулхайрхон ҳам Туркистон шаҳрини ўзига мулк қилган эди.
— Чунки пўлат вараққа битилган аҳдномага биноан, хонлик маснадига фақат Чингизхон авлодлари муносиб кўрилган. Темурнинг бобокалони Қорачор нуён бу аҳдномага имзо чеккан, илоҳий тангри олдида хонлик даъвосидан воз кечган. Доим хонлар хизматида лашкарбоши амир бўлиб хизмат қилишга сўз берган. Амир Темур ҳам ўзини хон деб атамаганку!
— Ўзини хон деб атамаган-у, лекин хонларни қўғирчоқ қилиб ўйнатган! — деди Шайбонийхон алам билан. — Чингизхон наслидан бўлган Суюрғатмишхон, Маҳмудхон деганларни хўжакўрсинга оқ кийгизга солиб хон кўтарган. Аслида бу хонлар унинг хизматини қилган. Фақат Тўхтамишхон Темур билан дадил олишган, аммо омади келмай енгилган. Олтин Ўрда ер билан яксон қилинган. Темур Мўғулистон хонларига қарши бир эмас, етти марта юриш қилиб, Чингизхон авлодларини Чиғатой улусидан бутунлай сиқиб чиқарди. Унинг ўғли Шоҳруҳ билан невараси Улуғбек чингизийларни Туронга йўлатмай қўйди. Мана энди, орадан юз йил ўтгандан кейин темурийлар давлати парчаланиб, ўзаро урушлардан батамом заифлашди-ю, сизу бизга омад келди.
— Гапингиз тўғри, жаноб Шоҳбахтхон, Чиғатой улусидан темурийларни сиқиб чиқариб, чингизийлар ҳукм-ронлигини қайта тиклаш сиз билан бизнинг зиммамизга тушадир. Сайраму Туркистонлар ҳам икки юз йил давомида чингизийлар тасарруфида бўлган. Кейин Амир Темур Яссавий мақбарасини қуриб, бу ерларга эга бўлиб олди. Ҳозир ҳам Туркистон темурийларга садоқат сақлаб турибдир. Мен сизга уч минг кишилик сара қўшин берай. Бобонгиз Абулхайрхоннинг мулкини темурийлардан қайтариб олинг!
— Миннатдормен, хон ҳазратлари! Туркистонни темурийлардан тортиб олиб, сизнинг давлатингиз таркибига қўшиш — менинг орзуйимдир! Сиз барча чингизийларга раҳнамо бўлгайсиз! Менинг эзгу ниятим — сизнинг йўлбошчилигингизда чингизийларнинг улуғ салтанатини қайта тикламоқдир!
— Мана бу ният — таҳсинга сазовор, жаноб Шоҳбахтхон. Аммо замонлар ўзгарди. Сиз билан биз ҳам Чингизхон давридаги мўғуллар эмасмиз. Исломни қабул қилдик. Туркий тил — она тилимизга айланди. Мана, сиз мадрасада ўқидингиз. Биз ҳам форсча, арабча ўргандик. Кийим-кечак, озиқ-овқат, уй тутиш, ҳаёт тарзи — ҳаммаси ўтроқ туркий аҳолиникидан фарқ қилмагани яхши бўлди. Чунки бу ҳаммаси бизнинг Туронзаминга отган янги илдизларимизга айланди.
— Аммо ўқ илдизимиз — Чингизхон наслидан эканлигимиздир! — гап қўшди Шоҳбахтхон.
— Ҳа, ана шу ўқ илдизни маҳкам тутинг, аммо Туронзаминга отган янги илдизларингиздан ҳам озиқланинг!
— Менинг дилимдаги гапни айтдингиз, хон ҳазратлари. Мен ўз атрофимга Турондан ҳам, Дашти Қипчоқдан ҳам барча турк-мўғул қавмларни йиғмоқдамен. Буларнинг бири қипчоқ, бири найман, бири қўнғирот, бири жалойир, аммо ҳаммаларини «ўзига-ўзи бек — ўзбек» деган чиройли ном билан атасам, кўпчилигига маъқул тушди. Ораларида Қуръонни менчалик яхши қироат қиладиган имомлари йўқ. Шунинг учун ҳаммалари мени «Имоми замон!» деб тан олурлар!
— Кўпчиликнинг бошини қовуштириш учун нимайики зарур бўлса, ҳаммасини қилинг. Энг муҳими, аҳилликдадир. Ўзаро урушлар темурийларнинг бошига етмоқда. Сиз билан биз бир ёқадан бош чиқарсак, Ислом байроғини темурийлардан кўра баландроқ кўтарсак, барча мусулмонлар бизга эргашгай!
— Тўғри айтдингиз, ҳазратим! Ҳозир бобокалонимиз Чингизхоннинг мафкураси билан иш юритиб бўлмагай! Энди фақат исломнинг сунний мазҳаби бизга мос келур.
Маҳмудхон Шайбонийхоннинг бу фикрини ҳам маъқул кўрди. Уларнинг маслакдош эканликлари, айниқса Шайбонийхонга қўл келди. Маҳмудхоннинг ёрдами билан Шайбонийхон аввал Туркистонни, сўнг Бухорони ношуд темурийзода Султон Али мирзодан тортиб олди.
Вазият етилиши билан Шайбонийхон Самарқандни ҳам эгаллайди. Унинг ҳомийси Маҳмудхон бундан мамнун.
Шайбонийхонга раҳнамо бўлиб бутун Туронда, ундан сўнг Хуросону Эронларда ҳам Чингизхон авлодларининг шону шуҳратини, давлату ҳокимиятини қайта тиклаш Маҳмудхоннинг энг улкан орзусидир. Буни яхши биладиган Тилба Султон:
— Илоҳим, ана шу орзуйингиз тезроқ рўёбга чиқсин, хон ҳазратлари! — деб тилёғламалик қила бошлади. — Сиз Соҳибқирон аъзам Чингизхоннинг даҳосини мерос олгансиз. Она томондан Искандар Зулқарнайн авлодларидан экансиз! Муҳтарама волидангиз Шоҳбегим менга сўзлаб бердилар.
— Ҳа, она томондан бобомиз Шоҳ Муҳаммад ҳазратлари буюк юнон подшоси Искандар Зулқарнайннинг Помирда қолиб кетган авлодларидан эканлар. Раҳматлик отамиз Юнусхон Шоҳ Муҳаммад ҳазратлари билан Бадахшонда танишган эканлар.
— Қаранг, хон ҳазратлари, худо суйган бандасига қўша-қўша қилиб берар экан-да! Ҳали келажакда Бадахшон ҳам сизга мерос бўлиб қолғай. Тошкенту, Андижону Фарғоналар сизга буюк Чингизхондан меросдир. Иним Аҳмадбек Фарғона водийсида орттирган бойлигини тўққиз туяга юклаб, сизга инъом қилиб юборгани шу боисдандир. Олтину жавоҳир, кимхобу атлас…
— Кўрдим! Аҳмадбекнинг саховати дуруст. Лекин у ҳалигача норасида бир темурийзода Жаҳонгир мирзо хизматида юргани ғалати.
— Бу ҳаммаси ноиложликдан, хон ҳазратлари. Қани эди, сиз катта ўғлингиз Хоникахонни иним Аҳмадбекка ёрдамга юборсангиз. Биргалашиб темурийзодаларни дафъ қилсак. Ана унда Фарғона водийси сизнинг ўғлингизга тобеъ бўлғай. Аҳмадбек то ўлгунча сизгаю, ўғлингизга содиқ хизмат қилғай.
— Мана бу режа ҳақида ўйлаб кўрсак бўлади, — деди Маҳмудхон. — Бобурга авом халқ тарафдор бўлиб исён кўтаргани, бизнинг одамларни водийнинг шаҳару қишлоқларидан қувиб чиқаргани менга ёқмайди!
— Сиз минг бора ҳақсиз, хон ҳазратлари! Менинг иним Аҳмадбек ўша авомларнинг йўлини тўсиб турибдир. Агар Аҳмадбек мағлуб бўлса, бу исёнлар шундай тоғдан ошиб, Тошкентга етиб келиши муқаррар! Бу ерда ҳам темурийлар даврини қўмсаб юрган алам-задалар оз эмас. Буни хуфиялар ахборотидан ҳам билурсиз. Худо кўрсатмасин, агар ичкарида пусиб ётган ғанимларингиз бош кўтарса, нарёқдан Бобур Амир Темурнинг қиличини яланғочлаб келса…

— Йўқ, йўқ, бунга мутлақо йўл қўймаслигимиз керак! Айтинг-чи, Аҳмадбек Фарғона водийсини бизнинг давлатимиз таркибига қўшмоқчи экани — шунчаки гапми ёки асоси борми?
— Асоси бор! Мана, Аҳмадбек ўз илки билан сизга мактуб ёзган! Агар уни ҳозирги хавф-хатардан сақлаб қолсангиз, иним умрбод сизнинг хизматингизни қилгусидур. Андижону Ахсини темурийлар номидан эмас, сизнинг номингиздан идора этишга сўз берган!
Маҳмудхон Аҳмад Танбалнинг имзоси қўйилган ва муҳри босилган мактубни ўқиб кўрди-да, ўзининг махсус қоғозлари сақланадиган жуздонга солиб қўйди.
Хоннинг ён бераётганини сезган Тилба Султон қўлини кўксига қўйиб илтижо қилди:
— Хон ҳазратлари, ўн беш минг лашкарингиз кўпдан бери куч йиғиб ётибдир. Катта ўғлингиз Хоникахон ҳам йигит бўлиб қолди. Улкан ғалабаларга эришгилари келур…
— Қиш кунида ўн беш минг қўшинни бошқариш осон эмас. Фармон ҳозирланг, Хоникахон олти минг лашкар билан ҳарбий юришга отлансин. Аммо бу юришнинг бутун масъулияти сизнинг зиммангизга тушадир, жаноб эшик оға!
— Бошим билан жавоб берурмен, хон ҳазратлари!
— Ана шу сўзларингизни аҳднома тарзида ёзиб, имзо чекинг!
— Бош устига!
Мазкур аҳдномага биноан Маҳмудхоннинг олти минг кишилик қўшини Аҳмад Танбални қутқариш учун Арчакент довонидан ошиб, Косонсой атрофларига бос-тириб келди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* С а м у р — собол.
* Ж е т е — босқинчи, талончи демакдир.
* Шайбонийхон ва Маҳмудхон муносабатлари Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашиди» китобида келтирилган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эврил туронни қутлаймиз

Бугун том маънодаги элсевар, атоқли, туғма иқтидорли адиб, закий инсон Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) ӯзининг 75 ёшини қаршилаётир. (more…)

Юсуфбeк ҳожи

17. ЮСУФБEК ҲОЖИ Райимбек додхоҳнинг ёнидаги бизга таниш олабай-роқ тўнлик киши Ҳасаналини кўриши ҳамоно: — Ҳа-а-а, бизнинг Ҳасанали-ку! — деди, — кел, Ҳасан кўришайлик, ...

Унутма халқим, ушбу санани(ва диққат-ла ўқи ҳаммасин)!!

Икки минг-у ўнсаккизинчи йилнинг Ўн бешинчи ноябрь санасида. Ўзбегим, билгин, дунёга келди, Сенинг келажагинг кўзловчи фирқа!             Фирқага “бош” бўлди бир жасур ўғлон, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400