Ўзбекистон пахта сиёсати: Шўролар ва Каримов давридан мерос “қўшиб ёзиш” тугамаган

Ўзбекистон пахта сиёсати тарихида илк маротаба режани бажарган деб топилган вилоятларнинг ютуғи бекор қилинди. Хоразм, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикаси пахта топширишда қўшиб ёзишларга йўл қўйгани учун режани ҳали бажармаган, деб топилди. Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги 4 вилоятдан ташқари қолган барча вилоятлар бу йилги пахта теримида қўшиб ёзган.

Мақола  BBC сайтидан олинди.

Кун.уз нашрининг ёзишича, 30 октябр куни тонгда Бош вазир Абдулла Арипов иштирокида ўтказилган йиғилишда пахта йиғим терими вақтидаги қўшиб ёзишлар “фош қилинган”.

“Натижада, Тошкент ва Жиззах вилояти ҳокимлари қўшиб ёзишга йўл қўйилгани учун ишдан олинди, Хоразм вилояти ҳокими ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари жиддий огоҳлантирилди”

Кун. уз қўлга киритган 28 октябр ва Бош вазир йиғилишидан сўнг 30 октябрдаги ҳисоботларда пахта йиғим теримига қўшиб ёзган вилоятлар фош бўлиб қолган.

Унга кўра, фақатгина Қашқадарё, Сирдарё, Наманган ва Фарғона вилоятлари пахта теримиджа қўшиб ёзмаган. Қолган 8 вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси оз ё кўп миқдорда қўшиб ёзган.

Пахта топшириш бўйича 30 октябр кунги ҳисоботда режани илк бўлиб “бажарган” Хоразмнинг 5 чи ўринга тушиб қолганини кўриш мумкин.

13 октябр куни республикада биринчи бўлиб Хоразм вилояти давлатга пахта сотиш режасини бажаргани ҳақида хабар берилганди.

14 октябр куни Хоразмга сафар қилган Президент Мирзиёев вилоятликларни пахта режасини бажаргани билан “чин қалбидан самимий” табриклаганди.

“Бугунги кунни “ажойиб”, “шукуҳли кун” деб айтганим, албатта, бежиз эмас. Куни кеча Хоразм воҳасининг миришкор деҳқон ва фермерлари мамлакатимизда биринчи бўлиб пахта бўйича шартнома мажбуриятини бажардилар”.

Президент хоразмликларни ҳалол меҳнати учун олқишлаганди.

“Ҳалол ва самарали меҳнатингиз учун сизларга, бутун Хоразм элига чуқур миннатдорчилик билдириб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файзу барака тилайман”

У ери шўрланган ҳудудда мўл ҳосил ундириш ҳар кимнинг қўлидан келавермаслигини урғулаган.

” Шунинг учун хоразмлик деҳқонларни бир эмас, икки марта қаҳрамон, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди”, деган президент.

“Пахтага қўшиб ёзиш Каримов даврида ҳам тўхтамаган”

“Пахта иши” деб ном олган ва кўплаб раис ҳамда мутасадди раҳбаларнинг қамалишига олиб келган республика бўйлаб суриштирув ишлари Ўзбекистон СССР таркибида бўлган вақтларда авж олганди.

Кейинчалик Ислом Каримов пахта иши бўйича қамалганларнинг аксариятини оқлади, терговни ўзбек миллатига қарши қаратилган Москванинг “ўйинлари” сифатида талқин қилди.

Бироқ кузатувчилар пахта йиғим теримида қўшиб ёзишлар Ислом Каримов даврида ҳам тўхтамаганини айтишади.

Ислом Каримов бошқарув даврида пахтада қўшиб ёзишлар ҳақида ҳеч қачон очиқ гапирилмаган. Пахта ва буғдойга масъул мутасаддилар давлат мулкини талон-тарож қилиш айби билан қамоққа ҳукм қилинган.

Фарғонадан журналист Муҳаммаджон Обидовнинг айтишича, талон-тарож билан ҳукм қилинганлар аслида қўшиб ёзишлар туфайли қамалган. Бироқ бу нарса очиқ гапирилмагани учун уларни бошқа нарса билан айблашган.

Мирзиёев Каримов ўлимидан сўнг Ўзбекистонда муваққат Президент бўлгач Ўзбекистондаги пахта ва буғдой қабул қилиш тизимини электронлаштирган. Тарозиларда қанча пахта ва буғдой ўлчанаётгани онлайн равишда кўриниб турган. Бу пахтадаги қўшиб ёзишларнинг кескин олдини олишга олиб келган.

Журналистга айтишича, ўтган йилги пахта мавсумидан сўнг бу каби қамалишлар бўлмаган. Каримов даврида пахта режасини биринчилардан бўлиб бажарган вилоятлар Мирзиёев даврига келиб режани бажаришда ортда қола бошлаган.

Бунинг ҳаммаси қўшиб ёзишлардан “хабардор” бўлган Мирзиёевнинг унинг олдини олишга қилган ҳаракатлари самараси сифатида баҳоланмоқда.

Бироқ қўшиб ёзишларнинг олди олинишига шунча ҳаракатга қарамасдан республикада қўшиб ёзишлар ҳамон давом этаётгани маълум бўлган.

Кузатувчилар қўшиб ёзишлар қайд этилгани учун фақат икки вилоят ҳокими эмас, балки унга жавобгар бўлган Бош вазир истеъфога кетиши керак эканлигини айтишади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда пахта етиштириш давлат монополияси остида қолишда давом этаркан, қўшиб ёзишлар ҳокимларнинг ишдан олингани билан тўхтамайди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Fergana.ru сайти президент мирзиёевнинг куёвига оид ўз хабарини рад этди

Президент Мирзиёевнинг катта куёви Ойбек Турсунов шу кунда Тошкентда, деб хабар қилди fergana.ru сайти 7 сентябрда эълон қилган раддиясида.“Ўзбекистон президентининг куёви ...

Нега кўпчилик давлат хизматчиси бўлгиси келмайди?

Ростдан ҳам, нега? Ҳамма эмас, кўпчилик нега давлат хизматчиси бўлгиси келмайди? Халқ тилида айтганда, «давлатнинг иши»да ишлагиси йўқ? Бирон мутахассисликни эгаллаш учун ...

Қашқадарё вилояти раҳбариятининг «тўртлиги» ишдан олиниши мумкин

Қашқадарё вилояти ҳокими, прокурори, ИИБ ва ДСИ бошлиқлари ишдан олиниши кутилмоқда. Бу ҳақда “Kun.uz” хабар берди. Ушбу тўртта сектор раҳбарининг ўрнига кимлар тайинланиши ...