Видео: Ҳовлисида кафансиз кўмилган эр ёхуд қотилликни “яширган” лапарлар…

Инсон ҳаёти ҳақида сўз олган адабиётларда кишилик жамиятида мавжуд иллатлар мудҳиш жиноятларга йўл очиб беради, деган жумлаларни кўп бора ўқигансиз. Бадиий асарларда ушбу фикр ҳикоя-қиссалар баёнида тасвирланади. Суратга олинган ҳужжатли ва бадиий фильмларда у ёрқин тасвирларда акс эттирилади.

Хўш, нима учун?

Хулоса чиқариш учун!

Тегишли хулосалар чиқариб олиш учун!!!

Яратиладиган ижод маҳсулларининг аксариятида тўқима образлар орқали ҳаётий воқеа-ҳодисалар тилга олинади. Унда ичкиликбозлик ҳам, фоҳишалик ҳам, қотиллик ҳам “таҳлил” этилади, ўқувчи-томошабин айнан ўша ҳаётий хулосани чиқариб олиши учун! Акс ҳолда бундай “саҳналар” уларни тарғиб қилиб қўйиш учун “хизмат қилган” бўларди…

Кўхна Хоразм воҳасида содир этилган қотиллик жинояти, аниқроғи мудҳиш жиноят содир этилишига сабабчи бўлган иллат — ичкиликбозлик ҳақида “Ўзбекистон” телеканалининг мухлислари ўзларича хулоса чиқаришганликлари аниқ. Бироқ соғлом турмуш тарзига эга бўлмаган оиланинг икки устуни: эркак ва аёлнинг аянчли тақдирига сабаб бўлган унсур нима?

Тўқликка шўхликми?!
Йўқ! Улар Россиядан осон пул топиб келишмаганди…

Очкўзликми?
Йўқ… Аёл эрини ўлдириб, унинг пулларига, мол-давлатига эга бўлишни кўзламаган бўлса керак. Ахир турмуш ўртоғи иккаласи фарзандларининг бахт-камолини ўйлаб, тўй қилиш арафасида турган эдилар-ку!

Қасдми? Ички исёнми? Оилавий ҳаётидан норозиликми?!

Хонадон соҳибини ҳовлисининг хандақига кўмган бека қандай қилиб эрининг “қабри” устида тўй қилди?! Элга ош бериб, қиз чиқарди? Лапар айтиб, рақсга тушди…

Энг оғир жиноятлардан бирини содир этган аёлни қотиллик яширилган ҳовлида тўй қилиб, рақс тушишига ундаган “куч” — йиллар давомида йиғилиб келаётган НАФРАТ эмасмиди?

Нега бир йил мусофирчиликда қийналиб пул топиб келган ота сафардан қайтибоқ уйларни таъмирлаш ишларига ўзини урмади? Ахир у бўйи етган қизларини узатмоқчи, айнан шу мақсадда узоқ ўлкаларда меҳнат қилиб, пул топиб келмаганмиди?

Ўша ароқ деганлари ва унинг ортидан сояда эргашиб юрадиган “ҳамтовоқлари” сафардан қайтган танишининг соғлиғидан хабар олиш, тўй остонасида турган хонадон соҳибининг юмушларига қарашиш учун келишганмиди?

Йўқ, улар ароқ ичиб, маишат қилиш учун келишганди! Акс ҳолда сафардан қайтган кишини ичкиликдан тўхтатиб, хайрли ишларга бошлаган бўлишарди. Жилла қурса ўша заҳри қотилни тўйдан кейин ичамиз, деган бўлишарди…

Эр-хотин келишмовчилиги, сурункали ичкиликбозлик ўша НАФРАТ деб аталмиш қопқоқнинг очилиб кетишига сабаб бўлган бўлса не ажаб…

Хуллас, қотиллик ва уни яширишга уриниш жинояти содир этилди. Ўз ҳовлисида кафансиз кўмилган хонадон эгаси ўлди-кетди… Заифа ҳам қонун олдида жавоб беради.
Бунга шубҳа йўқ!

Бўлиб ўтган воқеа энди оиланинг юзидаги ўчмас қора доғ, бу доғ ювилиши учун йиллар, балки авлодлар керак…

Энди бу оиланинг фарзандлари энг яхши фарзанд, энг яхши ота-она, энг яхши аёл бўлиш билангина бу юкнинг залворини йиллар мобайнида тўкиши, ўзи унутиши ва бошқаларни “унуттириши” мумкин…

Муҳими, қуйида ҳуқуқ-тартибот органлари ва “Ўзбекистон” телеканалининг ижодкорлари томонидан тайёрлаган видеолавҳани томоша қилган томошабин ўзи учун тегишли ХУЛОСАНИ чиқариб олиши керак.

Токи, бундай жиноятга қўл уриш тугул, унга элтувчи барча эшиклар беркилсин!

Мақола qalampir.uz сайтидан олинди

Аудиолар