Тожикистон – ЎЗбекистон: Ҳамжиҳатлик сари

Жаҳоннинг бирор мамлакатида тарихий бирлик ва дўстлик ҳақида тожик ва ўзбек халқларидек фахр билан гапира олмайдилар. Сўзлашув тилидагина фарқланувчи ўзбек ва тожик халқлари орасидаги тарихий дўстлик ришталари то халқ бор экан сақланиб қолажак. Орани ажратувчи ҳеч қандай кўриниш ҳам, куч ҳам йўқ. Бу икки миллатни икки тилда сўзлашувчи бир халқ деб, бежиз айтишмайди.

Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари орасидаги иқтисодий-маданий алоқалар аввал бошданоқ бири-бирига қаттиқ боғланиб, чатишиб кетган эди. Мамлакатимизда бўлган фуқоролик уруши ва унинг сабаблари туфайли икки дўст мамлакат орасидаги алоқаларда кўп йиллик узилиш содир бўлди. Аммо минг йиллар давомида чегара билмаган абадий дўст ва биродар халқ учун бу ҳақиқатдан ҳам бегона бир кўриниш эди.

Икки қардош халқ ва мамлакат орасидаги дўстона алоқаларни қадрдон эски ўзанга қайтаришни аслида вақт ҳам, энг оддий талобот ҳам тақозо этарди.  Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кейинги бир йил орасида дўстона қўшничилик ва ўзаро алоқаларни янада тараққий топтириш учун қатъият билан қадам ташлай бошладилар. Ўзбекистонда янги президент сайланганидан сўнг ўтган бир йил орасида ўзаро муносабатлардаги ижобий кўриниш ҳар икки халқ истакларига тўла мос бўлиб, умумий манфаатларга хизмат қилиши табиийдир.

Барчага маълулмки, ўтган яқин бир йил орасида Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам тарихий бирликни қарор топтириш ва ўзаро алоқаларни ривожлантиришда бир қатор амалий ҳараракатлар қилинди.

Душанбеда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўргазмаси ташкил этилиши, икки республика тадбиркорлари орасида тез суръатларда ўсиб бораётган ўзаро савдо-сотиқ давлатлар орасидаги алоқалар ривожининг ижобий томонга қанчалар ўсиб бораётганини кўрсатади.

Бутунжаҳон савдо ташкилоти маълумотларига қараганда, мустақилликнинг илк йилларида икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар 1999 йилда қарийиб 500 миллион долларга етган. Бу собиқ советлар давридагидан ҳам бир неча баробар ортиқ бўлган.  Объектив ва субъектив сабабларга кўра кейинги 10 йил орасида бу кўрсаткичлар ўта пасайиб кетди ва баъзи соҳаларда умуман тўхтаб қолдики, бу нарса халқ турмуш тарзида ўз аксини топмай қолмади.

Баъзилар тожик ва ўзбек алоқалари ўртасидаги илиқлик шабодаларини Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги билан боғлаётган бўлсада, аслида бу илиқлик бундан 3 йилча муқаддам, 2014 йил ёзиданоқ кузатилган, ўшанда ШҲТ саммити баҳонасида икки давлат президентлари  келажак алоқалар ривожига илк ғиштларни қўя бошлаган эди.

Ўша учрашувдан сўнг, икки малакат орасидаги алоқалар ижобий томонга силжий бошлади. Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан сўнг ижобийлик янада кенг равнақ олди.

Шу йилнинг баҳорида Душанбеда ташкил этилган Ўзбекистон халқ истеъмоли моллари кўргазмасида қўшни мамлакатнинг 160 корхоналари ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, унда 50 миллион АҚШ доллари ҳажмида шартномалар имзоланди. «Пойтахт-90» савдо марказида Ўзбекистондан келтирилган 1500 дан ортиқ хилдаги маҳсулотлар халқ учун тортиқ этилди, тожик ва ўзбек тадбиркорлари ҳамкорлиги учун кенг йўл очилди.

Ёз ойида эса Хўжандда «Водий имкониятлари» шиорида ўтказилган «СУҒД-2017» халқаро кўргазмасида икки давлат тадбиркорлари орасида икки ярим миллион доллардан ортиқ суммада 73 шартнома имзоланиб, ҳамкорликнинг янги пағонасига тамал тоши кўйилди. Амалий яна бир ҳаракат шу бўлдики, Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон Савдо маркази очилди.

Ўзбекистондаги “Ideal-Nur” масъулияти чекланган жамият вакили Тоҳиржон Ҳомидов ўзаро ҳамкорликка қизиқиш катталигини таъкидлар экан, тожик биродарларининг муомоласи аъло даражада бўлганини таъкидлайди.

– Худо хоҳласа, ўзаро шартномалар имзоладик, бизларда маҳсулотларимизни экспорт қилишга, ҳамкорлика истак бор, буни биродар дўстларимиз ҳам истайди. Асосийси, барчамизда ягона истак, ягона интилиш бор, бизларни жуда яхши кутиб олишди, буёғи энди яхши бўлади. Хўжандлик дўстларимиз Ўзбекистон билан яхши бўлайлик деган фикрларни билдиришмоқда, президентларимиз ҳам қўллаб-қувватламоқда, бундан яхшиси бўладими, ҳаммаси аъло даражада,-дейди кўтаринкилик билан ўзбек тадбиркори.

Тожикистонга илк бор ташриф буюрган Тошкентлик ёш ўзбек мутахассиси Азизбек Исроилов икки республика тадбиркорлари энди пойтахт Душанбеда ҳам, Тошкентда ҳам янги кўргазмаларга қатнашиш режалари борлигини, ҳар икки давлат раҳбарияти бунга кенг йўл очаётгани, ўзаро янги ва янги лойиҳалар амалга татбиқ этилаётганини тилга олади.

-Яратилаётган имкониятлар учун кўргазмалар ташкилотчиларига, қолаверса Тожикистон прездентига миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бизларни концертлар билан кутиб олишди, мезбонлик жуда зўр, таассуротларимиз ҳам жуда катта, бунчалик бўлади деб кутмагандик. Кутиб олишлар, мезбонлик эҳтироми, меҳмонларга ҳурмат-эътибор жуда ёқди.

Тожикистонда ҳам ишлаб чиқариш ривожланаётганини, барқарорликни ўз кўзимиз билан кўрдик, жуда хурсандмиз. Бу ерда ўзаро 40-50 минг еврогача шартномалар имзоланди, келгусида бу билан чегараланиб қолмаймиз, яна Душанбега бориш ниятимиз бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлашлари билан яна қирқдан ортиқ ўзбек тадбиркорлари Душанбега алоҳида кўргазмага боради дейишган, унга бошқа корхоналар қатори бизлар ҳам таклиф этилганмиз, худо хоҳласа янада катта натижаларга эришамиз,-дейди тошкентлик Азизбек.

Айтиш жоизки, кейинги бир йил орасида Тожикистон – Ўзбекистон орасидаги ижобий алоқаларнинг ривожи халқаро оммавий ахборт воситаларида ҳам урғу бериб таъкидланмоқда. Бу минтақада яхши қўшничлик ва интеграция ривожидан далолатдир.

Мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси расмийларининг билдиришича, яқин кунларда Ўзбекистон пойтахти Тошкентда Тожикистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиб, унда юзлаб тожик тадбиркорлари иштирок этди. Кўргазма давомида икки қардош давлатлар бизнес форуми ҳам ўтказилди.

Айтиш жоизки, икки мамлакат орасидаги муносабатлар ривожи ортидан кейинги ойларда Тожикистонда қурилиш, электротехника, тўқимачилик  соҳалари бўйича аллақачон Ўзбекистоннинг 56 корхонаси фаолият юрита бошлади. Тожикитон расмий маълумотларига қараганда, қўшни икки давлат орасидаги савдо алоқалари шу йилнинг беш ойи орасидагина икки баробарга ортган, Тожикистон Ўзбекистонга қарийб 21 миллион долларлик  маҳсулот экспорт қилган бўлса, қўшнилардан бизга импорт 26 миллион долларлик кўрсаткичга яқинлашган. Агар йиллик кўрсаткичларга эътибор берилиб, қиёс қилинса, ўтган йилнинг шу даврига қараганда ўзаро мол айирбошлаш 46 миллион доллар қийматдан ошиб кетган.

Биз яхши тушунамизки, минтақа бирлиги ва аҳиллигини истамаётган ташқи кучлар йўқ эмас. Улар аввало ичкаридан туриб бизнинг дўстлигимизга рахна солишга интилишади, ичдан айричилик қўзғатишга ҳаракат қилишади.  Таъкидлаш лозимки, халқимиз Миллат пешвоси раҳнамолигида ҳамжиҳат бўлса, идрок ва тушунчалар яхлитлигига эришилса, ҳеч қандай куч, хоҳ ташқаридан, хоҳ ичдан тотувлигимизга рахна сололмайди. Сен тинч – қўшнинг тинч, деганларидек, ҳар икки давлат тинч бўлар экан, икки давлатнинг муносабатлари ҳам тинчлик ва тараққиёт йўлида бўлади.

 Муаллиф:  Р.Қосим, тожикистонлик зиёли.  

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“прокурорларнинг ӯзи энг катта ӯғри”

Рузибай Азимий "Прокурорларнинг ӯзи энг катта ӯғри". Бу Ӯзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг эътирофи. Аммо жуда кеч тан олинган эътироф. Оддий халқ ...

Тирик товуқлар қайноқ сувга ташлаб овқат қилинадиган ошхона устидан жиноят иши очилди

Сўғд вилоят прокуратураси Бобожон Ғофуров туманидаги тирик товуқларни иссиқ сувга ташлаб овқат тайёрланадиган “Муҳаммад” ошхонаси мудири устидан жиноят иши очди. ...

Эҳтиёт бўлинг, соқол!

Ўзи сериал деганини камдан кам кўраман. Телеканалларимиздан бирида намойиш қилинадиган телесериалга қизиқиб қолиб, уни мунтазам кўра бошлагандим. Аммо кейинги пайтларда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400