Уч асрни кўрган она: Замонлар, давронлар, султонлар алмашди кўзим ўнгида

 Фотима эна Мирзоқулова уч аср – XIX, XX ва XXI юз йилликлар ҳамда уч тарихий давр – пошшолик, социализм ва мустақилликда, уч давлат – Рус империяси ҳукмронлиги пайтида Туркистон генерал-губернаторлигида, Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи пайтида Тожикистон ССРда ва ҳозир мустақил Тожикистонда яшаб келмоқда.

dav

 Отаси Бозорбой Фотима Мирзоқуловани 20 ёшида Аҳмадали исмли ҳамқишлоғига турмушга беради. Бу никоҳдан Рўзибой, Ойсулов ва Роҳатой исмли фарзандлари туғилади.

1941 йил умр йўлдоши Аҳмадали Улуғ Ватан урушига юборилиб, дом-дараксиз кетгач, Фотима эна болаларини ёлғиз катта қилади. Эрининг хат-хабарсиз кетганидан ўн йил ўтгач қариндош уруғлари қўярда қўймай уни Маҳкамбой исмли ҳамқишлоқларига турмушга беришади. Бу турмушдан Анорхон, Неъматулло, Чинорой, Хуморой ва Саксонбой (кейинчалик Иззатулло деб аташади) номли фарзандлари.

Фотима эна иккинчи марта турмуш қуришини шундай эслайди:

 Оғир замонлар эди, қариндошлар қўярда қўймай турмушга беришди. Маҳкамбой билан турмуш қурганимизда мен 58, у киши 72 ёшда эдилар. 36 йил бирга яшадик. Беш фарзанд кўрдик. Кенжамни туққанимда мен 66 ёшда, хўжайиним 80 ёшда эдилар. Шунинг учун ҳам ўғлимизнинг номини Саксонбой қўйганмиз. Ўттиз йил олдин Саксонбойнинг отаси ҳам вафот этди. Шундан бери болаларим, невара, эвара, чеваралар билан яшаб келяпман…

bty

Фотима эна жами саккиз фарзанд кўради. Ҳозир энанинг тўнғич фарзандлари Ойсулув 90 ёшда, ундан кейингиси Рўзибой 86 ёшда, учинчи қизлари Роҳатой эса 78 ёшда. Фотима эна саккиз фарзандини болалари – 56 невараси, 180 эвараси борлигини айтади. Чевараларининг нечталигини аниқ айтолмайди. Биз ҳам кўп қистовга олмадик.

Аммо Фотима энанинг невараси Муҳаммаджон Қобилов чеваралар сони ҳам

Невараси Муҳаммаджон Қобилов

невараларникидан кам эмаслигини айтади:

– Энамнинг  чеваралари неча нафарга етганлигини мен ҳам аниқ билмайман. Аммо бир ҳисоб-китоб қилиб чиқиш керак. Ҳамма қариндош-уруғларни рўйхатини туздириб чиқиш ниятим ҳам бор, дейди Фотима энанинг учинчи қизи Роҳатойнинг 37 ёшли ўғли Муҳаммаджон.

 

Фотима эна Мирзоқулова айни пайтда Тожикистон Республикаси фуқароси эканлигини тасдиқловчи А2455609 серияли миллий паспортини 2003 йил 110 ёшида олган.

 Ҳаммани қизиқтирган савол ёхуд узоқ умр кўришнинг сири меҳнатда!

Фотима Мирзоқулова ҳақида эшитган кишининг хаёлига биринчи бўлиб “Узоқ умр кўришларининг сири нимада экан?”, деган савол келади. Биз ҳам энага шу савол билан мурожаат этарканмиз, ўз табиатларидан келиб чиқиб содда ва самимий жавоб қайтардилар.

– Колхозга ишлаганмиз, умримиз қоп кўтариш билан, замбар кўтариш билан ўтган. Фарғона каналига борганмиз, ундаям замбар кўтарганмиз. Умримиз меҳнат билан ўтган.

Чолим ўладиған касал бўлиб қолди, шундан ишдан қолдим, бўлмасам ҳеч ишдан қолған эмасман. Биринчи бўлиб пахтадаям, пахта терганмиз, кўрак қилганмиз. Ҳамма эллик кило, ўттиз кило терса мен юз кило терардим…

Эна билан бирга яшайдиган саксонга яқинлашиб қолган қизлари Роҳатойнинг айтишича, оналари ҳозир пахта терадиган, қоп кўтарадиган аҳволда бўлмасалар-да, ҳовли бўйлаб қўл таёқ билан айланиб юрадилар. Бир ерда ўтириш у кишига хос эмас. Яқин йилларда ҳам уй ишларигақўл урардилар. Илгарироқ эса, тиним билмасдилар. Ҳаммадан кеч ухлаб, ҳаммадан эрта турардилар. Тунлари ҳам жуда ором ухлайдилар. Ҳеч қачон соғлиқларидан шикоят қилмасликларини ҳам айтади, қизлари.

 Китобхон эмас, аммо пул санаш ва ёзишни билади

 Бугуни кунда тожирлик билан шуғулланаётган Муҳаммаджон Қобиловнинг айтишича, эналари фақат далада ишлаш билан чегараланиб қолмай, тирикчилик ўтказиш, бола боқиш учун Ашт туз конидан Хўжанд, Қўқон шаҳарларига туз олиб бориб сотишган ҳам. Ўша пайтларда ўрганган бўлсалар керак, пул санашни ҳам яхши биладилар, дейди суҳбатдошимиз. Аммо Фотима энанинг хат-саводи билан қизиқар эканмиз, неваралари ҳеч қачон китоб ўқиганларини кўрмаганлигини айтади. “Бундан бир-неча йил олдин қўлларига қоғоз, ручка бериб, ёзишларини сўраганимда лотин графасида ёзганларининг гувоҳи бўлгандим”, дейди суҳбатдошимиз.

Шундан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, эна 1929 -1940 йиллар оралиғида, яъни Ўрта Осиё минтақасида араб ёзувидан сўнг лотин ёзуви жорий қилинган пайтда ёзишни ўрганганлар…

Эна билан суҳбатлашарканмиз, у кишининг жуда теран фикрлашларига амин бўламан. Содда, лўнда, айни пайтда аниқ ва бехато гапирадилар. Тўғри, президент сўзини талаффуз этолмадилар. Аммо азиз ўқувчим, бунда қуйидаги икки жиҳатга алоҳида  эътибор қаратишингизни истайман. Биринчидан, энанинг қарийб чорак аср умрлари подшоҳлик даврида ўтган.

Иккинчидан, эна жуда яхши биладиларки, бугун давлат бошлиғи президент ва шунинг учун ҳам қайта-қайта “президент” деб аташга уринадилар, аммо тил қурғур айланмай, мақсад амалга ошмагач онг оний лаҳзада муамонинг ечимини топади ва келиб чиқиши мумкин бўлган ноқулай вазиятнинг олдини олади. Қуйида бу ҳолатнинг гувоҳи бўласиз.

 “Дунё тургунча туринглар”

Шарқ халқларига хос удум омин қилишда давранинг энг улуғи Фотима эна дуо қилишларини сўрарканмиз, эна дуога қўл очадилар:

–Ҳаммасини умри узоқ бўлсин, прези… прези… (Фотима эна ҳар қанча уринмасинлар “президентимиз” сўзини талаффуз қилолмай, “пошшамиз” деб атайдилар – муалллиф) пошамизни ҳам умри узоқ бўлсин.  Сизларни ҳам умрларинг узоқ бўлсин. Дунё тургунча туринглар. Олинглару олдирманглар, ишларингни барору корини берсин. Тупроқ ушласаларинг олтин бўлсин, Йигитпирим қўлласин, Хўжаи Хизирбовом ҳамиша йўлларингда бўлсин. Ўйнаб-кулиб, хурсандчилик билан… Юртимиз тинч бўлсин, пошшамиз тинч бўлсин, пошшамизгаям инсоф берсин Худойим, умри узоқ, ризқи баланд бўлсин. Ёшларга умр берсин, биздақа қариларга имон берсин.

Тинчлик омонликни берсин, хотиржамликни берсин.

 Фотима эна қўлларини юзлари узра кўтараркан, бармоқларидаги узук диққатимни тортади. Бундан 66 йил муқаддам тақилган никоҳ узуги – садоқат рамзи ҳали-ҳамон бармоқларида. Меҳнатда қотган бармоқларнинг эса бироз суви қочган, аммо ҳали ҳам бақувват кўринади. Ҳеч бир титроқ сезилмайди. Юрагим ўз-ўзидан тўлиб, вужудимни ҳаяжон босади. Кўз ўнгимда уч аср, уч тарихий давр айлана бошлайди…

 “Мен ҳеч нимани ўзгартирмадим”

Фотима эна Мирзоқулованинг хонадонидан чиқиб, тупроқ кўча бўйлаб кетиб борарканман, у кишининг бир сўзлари шууримга қаттиқ ўрнашиб қолганлигини сезаман: “Мен ҳеч нимани ўзгартирмадим, ўз ҳаётимни яшадим…”

Тўғри, 124 йиллик умрлари давомида Фотима эна ҳаётларидаги ҳеч нимани кескин ўзгартирмадилар. Палахмон тоши отган ерда тош қотдилар, ҳаёт ташвишлари кўрсатиб, белгилаб берган йўлдан юрдилар, тақдир зарбаларини қабул қилдилар…

Аммо Фотима энанинг ҳаётларига параллел тарздаги дунёнинг ўзгариб кетганлигини қаранг. Николай пошшо давридан бери қанча-қанча сувлар оқиб ўтди. Миллион-миллион одамлар келиб-кетди.

Эски муаммолар ҳали тугаб битмай янги-янги ғам-ташвишлар пайдо бўлиб, ҳаммани ўз домига торта бошлади… Эна эса, кенг дунёга бепарво, чекка бир туманнинг чекка бир қишлоғида хоксор ва мағрур яшаб келмоқдалар.

Айни пайтда дунёнинг ҳам эна билан иши йўқ, ўз ёғига ўзи қоврилиб ётибди…

 Шу хаёллар оғушида борарканман, руҳимда бир маҳзунлик сезаман. Бу ҳолат бутун вужудимга тарқалади.

Бир неча йил олин кеч куз фасли, хазонлар тўшалган йўлкада туғилган бир шеъримда “Фасллар алмашди, менинг кўнглимда, Кеч кузак жилмайди юзлари ажин” деган мисралари бўларди.

Тўсатдан шу оҳанг, шунга яқин бир ҳолат пайдо бўлганлигини ҳис этаман. Фақат шуурга келган сўзлар у эмас, бошқа. Сўзлар тақрибан шундай: “замонлар” алмашди, “давронлар” алмашди, “султонлар” алмашди кўзим ўнгида…

 Ҳа, ҳақиқатдан ҳам сўнгги 125 йил ичида дунё қанчалар ўзгариб кетди. Келгуси 125 йилда яна қанчалар ўзгарса?! Ишқилиб, одамзотга Фотима эна дуоларида айтганларидек, “дунё тургунча туриш” насиб этсин.

Мен беихтиёр тарихни Фотима эна Мирзоқулова умри билан ўлчаётганлигимни англайман.

Муаллиф: Озод МЕЛИБОЕВ,

Тожикистон журналистлар Иттифоқи ва Халқаро журналистлар Конфедерацияси аъзоси.

Аудиолар