Сиз бунга нима дейсиз?!

 Болалик йилларим, Оламни илк англаш даврларимда хаёлот дунёйим шу қадар чексиз, ҳайрат ва ҳаяжонларга тўлиқ бўлар эдики, ўзим учун муҳим бўлган, муҳимларнинг муҳими бўлган масалани ҳал этиш йўлида ҳали у касбни ҳали бу касбни танлар эканман, мурғак қалбим ва шууримда пайдо бўлаётган ғоя, мақсад, орзу ва ниятлардан гоҳ энтикар, гоҳ узоқ ўйларга чўмиб қоларканман, бу ҳолатларим билан баъзида ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилсам, баъзида эса асл  Олам билан ўзимни бир бутунликда ҳис этар эдим.

Толиққан, ёки қувватим ошиб кетаётгандек бўлиб туюлган пайтларимда  илинж ахтариб, Илк  Устозларим Отам ва Онамга гоҳ сўз билан гоҳида сўзсиз мурожаат этиб ёндошарканман, фикрларим ва туйғуларимга бир оз тин берар, ўзим англаётган борлиқ билан кўз ўнгимдаги оддий воқеликларни уйғунлаштиришга ҳаракат қилар эдим.

Ҳар сафар ўзим учун янги касбни кашф қилганимда эса, ўқиш, билим олиш, китоб ва дарсликларга нисбатан иштиёқим шу қадар ошиб кетар эдики, мактабдаги Устозларим энг яқин инсонларимга айланиб улгуришган эди. Ўта қизиқиб қолган соҳам ва танлаган касбларимдан яна бири археология соҳаси, археологлик касби эди. Археологияга бўлган қизиқишим космонавтикага бўлган қизиқишим, интилиш ва иштиёқимдан кам бўлмаган.

Тўғри, тарихий китобларни ўқиганимизда ҳам хаёлан ўзимизни ўша даврларга тушиб қолгандек ҳис қиламиз. Тарихий фильмларни кўрганимизда  эса ўтмиш кўз ўнгимизда  “яққол” гавдаланади, аммо барибир нимадир етишмайди, чунки воқеалар экран ортида.

Археологлик жараёнидачи?! Археологлик жараёнида Сиз қадим ўтмиш билан ҳақиқатан ҳам учрашасиз(!), қўлларингиз билан ушлаб кўрасиз(!), буюмларнинг, тупроққа қоришиб кетган,  ўзингиз кашф этган қадим шаҳар ва обидаларнинг ҳақиқий ўзлигига дуч келасиз, руҳиятини  руҳиятингиздан ўтқазасиз(!)… Жудаям ҳайратланарли, ҳаяжонли дамлар, шундай эмасми?! Илмий асослар яратасиз, тарихий ҳақиқат ва билимларга ойдинлик киритасиз, энг муҳими — излаганингиз – ўзингизни, ўзлигингизни топасиз.  Инсон деган мавжудотнинг моҳиятини,  унинг нақадар қадимий ва муъжизавий эканини янада теранроқ англаб етасиз.

Бу гаплар албатта вақт силсилалари давомида тупроқ остида қолиб кетган, неча неча замонлар ўтиб, археологлар томонидан қайта кашф этилган қадим ўтмиш ҳақиқатларига тегишли гаплар. Дунё ҳамжамияти олимлари ва халқаро мутассади ташкилотлар  археологик қазилмаларга, ноёб топилма ва осори атиқаларга жиддий муносабатда бўлиш, уларни тиклаш, ўрганиш ва асраб авайлашга алоҳида эътибор қаратиши аллақачон халқаро  илмий сиёсатга ва илмий анъанага айланиб улгурган.

Аммо маълум қолдиқ ва кўринишлари билан бўлсада, ер юзида сақланиб келаётган, яқин ўтмиш тарихий обидалари ва ёдгорликларига нисбатан муносабатимиз бугун қай аҳволда?! Бугунги ва узоқ келажак авлодларга тарихий ҳақиқатларни иложи борича бус бутун ва “жонли” тарзда етказиб беришимиз борасидаги ишларимизга, бурч ва вазифаларимизга илмий, тарихий, сиёсий, мафкуравий ва маънавий асосда  тўғри ёндошаяпмизми?

Ана шу жойда диққатингизни инсоният цивилизациясида ўта муҳим ўрин тутган буюк тарихий шахс, ҳарбий маҳоратда тенгсиз саркарда,  улуғ бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур ва у қурдирган Оқ сарой тарихий мажмуасига қаратмоқчиман.

Ҳар сафар ушбу  тарихий обида жойлашган ҳудудга  яқинлашар эканман, Сизни даставвал қарши оладиган, Сарой атрофини ўраган, тасаввурларингизни замонавий воқеликдан ўтмиш воқеликларига кўчирадиган кўҳна тарихий деворлар ўз салобати ва  ўтмишга хос руҳияти билан мени ҳаяжонга солади. Ичкарига янада ҳаяжон билан мўралайман. Гўё  Амир Темур  даври ҳаёти мени қарши оладигандек, илҳақликни туяман ўзимда…

Аммо деворлар аро ичкарига кирар эканман, ўзим хоҳлагандек ва ўзим кутгандек ўтмиш манзаралари, тарихий дунёга эмас, яна замонавий дунё ва замонавий кенгликларга дуч келаман.

Афсус билан атрофга боқаман. Тангри хоҳиш, иродаси билан сақланиб қолган, Оқ сарой мажмуасининг бизгача етиб келган  қисми ва қолдиқлари, тўрда савлат тўкиб турган Темур бобомнинг пур виқор ҳайкали  замонавий дунёда  ўз элининг бугунги ҳаётидан фахр ва ифтихорга тўлиб тургандек бўлсада, ўз даври шон – шавкати ва салтанатини ҳам  қўмсаб, соғиниб бир оз зерикаётгандек, қани сипоҳийлариму, қани Бибихоним, қани мен қурдирган шаҳар ва йўллар, қани ўз давримнинг руҳи ва руҳияти  деётгандек ҳам бўлиб туюлади менга.

Бундан бир қанча йиллар бурун Ўзбекистондаги шов-шувли янгиликлардан бири кўҳна Шаҳрисабзда Оқ сарой ҳудуди архитекторлар томонидан қайта таъмирланаётгани, мақсад Шаҳрисабз ва Оқ саройни сайёҳлар оқими энг гавжум бўладиган тарихий шаҳарга айлантириш кўзда тутилгани ҳақидаги, кўпчиликда ўта қизиқиш уйғотган гаплар бўлган эди.

Таъмирлаш ишлари тугатилгач, очилиш маросимидан сўнг мажмуага ташриф буюрган аҳоли янги болалар хиёбонию, бир неча замонавий манзарали дарахтлар ва маиший овқатланиш, муз қаймоқ ейиш шахобчалари билангина танишишади, холос. Буюк Амир Темур даврига хос ҳеч бир янгилик яратилмаган эди.

Маҳаллий халқнинг гапларига қараганда, очилиш маросимига ташриф буюрган Президент Ислом Каримов “Мен Сизлардан буни кутмаган эдим”, деб таъмирчилардан ва ўзининг ташаббус ва таклифига кўра дунё сайёҳларинида  лол қолдирадиган тарихий шаҳар барпо этилиши кўзда тутилган ишларга  масъул бўлган шахслардан қаттиқ хафа бўлган экан.

Амир Темур ўз ҳукмронлик йиллари даврида Ўрта Осиёдан тортиб, то Кавказ халқлари, Россия ерлари ва Европа мамлакатларини ҳам ўз ҳимоя тасарруфига олган буюк марказлашган, қудратли давлат барпо этган эди.

Шаҳарсозлик, архитектура, астраномия, алгебра, геометрия, физика, адабиёт, фалсафа, айниқса, исломий тасаввуф фалсафаси, санъат, мусиқа, деҳқончилик,  боғдорчилик,  тижорат соҳалари, шунингдек ҳарбий соҳа, мамлакатлар аро тинчлик ва тотувликни сақлаш, маҳсулот айирибошлаш, турли жабҳаларда ҳамкорлик юзасидан дипломатик алоқалар  шу қадар ривожландики, Ўрта Осиёни Марказий Осиё деб аташ  атамаси айни мос таъриф бўлиб қолди. Ушбу эътироф мустақиллик йилларидагина  Президент Ислом Каримов томонидан амалга оширилди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг нафақат ўз халқи, ўзга халқлар тинчлиги ва осойишталиги  борасида ҳам эришган шу каби муваффақиятлари ва  буюк ишларини эъзозлаш айни адолатдан эмасми?!

Куни кеча мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қардош Туркия давлатига ташрифи чоғида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан ташкил этилган меҳмонларни буюк турки тарих кўринишлари ва анъаналари асосида кутиб олиш маросимини кўриб, очиғи барча турки халқларнинг қалби ўзгача ҳаяжон, фахр ва ифтихор туйғуларига тўлди.

Тарихий ўзлигимизни яққол намоён этувчи жиҳатларимиз билан  биз ҳам қачон шундай даражаларга эришамиз?!

 Газеталарда ўқиганимга қараганда тарихий фильмлар яратишда ўзининг сермаҳсул ижоди билан дунёда етакчилик қилаётган Корея давлатида  айни фильмлар суратга олиш учун ҳам тарихий шаҳар барпо этилган экан.

Биз ҳам қачон тарихий ўтмишимиз ва дунёга машҳур  буюк алломаларимиз  ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий фильмларни суратга олиш каби ишларимизни бошлаймиз?!

Мен буюк бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган давлатимиз раҳбарларига  Шаҳрисабздаги  Амир Темур даврига мансуб Оқ Сарой мажмуаси жойлашган ҳудудда тарихий шаҳар барпо этиш таклифимни билдираман.

Шаҳар лойиҳаси устида ишлаш ва уни амалга оширишда нафақат ўзбек тарихчи олимлари ва архитекторлари, балки дунёнинг бошқа мамлакатларидан ҳам мутахассислар жалб этилиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларидан ҳам кенг фойдаланиш зарурлиги борасидаги таклифимни ҳам асосли деб ҳисоблайман.

Ҳурматли илғор фикрли, юксак даражадаги инсонпарварлик ғоялари асосида,  холислик асносида сиёсат юрғизаётган, тараққийпарвар раҳбарлар, дўстлар, азиз Сайёрадошлар! Бундан кейин маданий, маънавий ва маърифий ҳамкорликларимизни янада кенгроқ йўлга қўйсак, биргаликда буюк бунёдкорлик ишларини амалга оширсак!..  Менинг таклифларимга  Сиз нима дейсиз?!

 Муаллиф:  Дилфуза Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“бирдамлик” барчангизни янги йил билан қутлайди!

Азиз ва қадрли ватандошлар, муҳтарам юртдошлар! Ер куррасига, жонажон ўлкамизга янги -- 2018 йил кириб келмоқда.  (more…)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси тоҳир малик 73 ёшида оламдан ўтди

Тоҳир Малик «Ленин учқуни», «Гулистон», «Шарқ юлдузи», «Ёшлик» таҳририятларида фаолият юритган. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси котиби бўлиб хизмат қилган. Ёзувчининг биринчи ...

Миб ходимлари қарздор фермерларнинг мулкини куч билан тортиб олмоқда (видео)

1 декабрда Сурхандарё вилояти Музработ тумани Мажбурий Ижро Бюроси (МИБ) ва милиция ходимлари туманнинг Ат-Термизий маҳалласида яшовчи фермер Иброҳим Холназаровнинг бир неча ...