Нўноқ ҳокимлар билан қаергача борамиз, жаноб президент?!

Бир пайтларда “Агар ҳаёт достон бўлса сўзи муаллим, Агар ҳаёт узук бўлса кўзи муаллим” деган ажойиб қўшиқ бўларди. Бундан ташқари, муаллимларга бағишланган сон-саноқсиз қўшиқлар радиою оинаижаҳонларимизда деярли кунора янграб турарди. Устозларга, ўқитувчиларга бағишланган бундай қўшиқларни эшитган ҳар бир инсон қалбида “достоннинг сўзи”, “узукнинг кўзи” бўлган мураббийларга нисбатан муҳаббат янада жўш урарди.

Ўқитувчиларни ўқувчилар тугул жамиятнинг буткул аъзоси, барча қатлами ниҳоятда ардоқлашар, эъзозлашар, уларни сал кам пир тутишарди. Ўқитувчи-мураббийларнинг ҳурмати юқори бўлишига, бизнингча уларга бағишланган сермазмун ва сержило қўшиқлар ҳам туртки берарди.

Бугун бундай қўшиқлар анқонинг уруғига айланган. Уларнинг ўрнини “ўлдим, куйдим, севдим, жоним, ягонам, малагим, капалагим, фариштам, ўпаман, сепаман, қучаман, осмонга олиб кетаман, арслоним, бегим” ва бошқа ҳиссиётни ўлдирадиган, ҳирсиётни жунбушга келтирадиган, ҳамиятга тегадиган, қадриятни хўрлайдиган, миллийликни топтайдиган жумлалар аралаш-қуралаш “қўшиқлар” забт этган.

Устозларга, мураббийларга аталган қўшиқлар эса 1-октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни ва шу кунлар арафасида, аниқроғи, ўқитувчию мураббийларнинг ярми пахтада қўллари тимдаланган кўйи пахта териб юрган чоғлардагина куйланади.

“Ўпаман, қучаман, севдим-куйдим” жумлалари аралаш қўшиқлар эса деярли ҳар куни янграйди.

Бундай қўшиқлар эса ёш авлод вакилларининг онггу шуурини заҳарлабгина қолмасдан, дидини ўтмаслаштиришга, қалбини қалбакилаштиришга, зеҳнини нўноқлаштиришга, фикру зикрини чўлоқлаштиришга, хулқ-атворининг бузилишига, ёш қизларимизнинг ҳали тўлиқ вояга етмасдан ҳомиладор бўлиб “она”га, ўғилларимизнинг “ота”га айланишига, ўзларини оқ ювиб оқ тараган ота-оналарини, ўзларига сабоқ бераётган ўқитувчи-мураббийларини менсимасликка, ҳаётга енгил қарашга ва ҳакозо салбий унсурларнинг кенг кўламда урчишига олиб келаётгани, таъбир жоиз бўлса, айни ҳақиқат…

Зўравон ҳокимлар Дилмурод Раҳматуллаев, Неъматулла Абдуллаев, Носиржон Эгамберидиевлар қонуна жазолансин!

Сўнгги пайтларда бевосита ва билвосита ўқитувчилар ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ гап-сўзлар кўпайгандан-кўпайди. Бундай гап-сўзлар, айниқса, мустақиллик байрамини нишонлаш арафасида, пахта терими мавсумида янада жонланди. Масалан, жорий йилнинг август ойи охирида Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг тумандаги мактаблар директорларини бир қаторга турғазиб қўйиб мустақиллик байрамига етарлича одам олиб бормаганликлари учун уриб-тепканлиги, калтаклаганлигига доир видео кенг тарқалди.

Ҳоким томонидан калтакланган ўқитувчиларга доир гап-сўзлар ҳовури босилмасдан туриб Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокими Неъматулла Абдуллаевнинг шов-шувга сабаб воқеаси овоза бўлди. Ҳокимчанинг ўзи раҳбарлигида 1-ноябрь куни ўтказган йиғилишда пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни, жумладан, таълим маскани директорларини ҳақорат қилгани, уларга дўқ-пўписа уюштиргани, турлича сўкишлари ёзилган аудиофайл ижтимоий тармоқларни босиб олди. Тадқиқотчилар ҳатто “ўзи хон, кўланкаси майдон” ҳокимнинг оғзидан 45 минут давомида 126 марта уятли сўз чиққанини ҳам тадқиқ қилишди.

Кеча эса ўқитувчининг ҳурмати топталган, қадри хўрланган, машаққатли меҳнати оёқ ости қилинган яна бир воқеа тафсилоти сал кеч бўлса-да дунё аҳли ҳукмига ҳавола этилди. Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг 200 дан кўп одам иштирок этган, шаҳардаги 50 та мактаб, 12 та коллеж ва лицей директорлари ҳамда 70 та боғча мудиралари, имомлар, тиббиёт муассасалари раҳбарлари, ички ишлар органи бошлиқлари ва прокурорлари олдида сўзлаган “нутқи” омманинг қаҳрини келтирди. Ҳокимнинг Андижондан Тошкент вилоятига поездда пахта теримига кам одам жўнатган коллеж ва академик лицейларнинг эркагу аёл директорларини “шакал”, “тварь”, “эшак”, “ҳайвон” дея сўккан, илм маскани раҳбарларининг падарига ланъат ёғдирган аудиофайлини эшитган халқ нафратга бурканди, десак хато бўлмаса керак.

Йиғилиш жараёнида гумроҳ, сўкоғич ҳоким Дилмурод Раҳматуллаевнинг ўз ўринбосарига берган буйруғи, яъни пахта теримига кам одам жўнатган раҳбарлар устидан молия бўлими ходимларини, санитария-эпидемиология станцияси, солиқ идораси, электр тармоқлари идораси нозирларини юбориб, жиддий текширув ўтказишига доир топшириғи одамларнинг ҳокимчага нисбатан нафратини юз чандон ошириб юборди. Бу президент ишониб тайинлаган ҳокимнинг ғирт саводсизлиги, омилиги, зўравонлиги, ўз ишининг устаси эмаслигидан, муомала маданияти бўйича саводга эга бўлмаган нонкўрлигидан далолатдир.

Қуйида ҳоким Дилмурод Раҳматуллаевнинг андижонлик директорларга қарата айтган сўзларининг аудиофайлга туширилган намуналарини келтирамиз.

“Шакални шакал дейиш керак. Хапа бўласанми, бошқа бўласанми, тупурганман сенларга!”

“Ҳокимиятни кучини кўрсатиб қўяман сенларга. Бир жойимни қисиб юрувдим, очиғи. Бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаганманда, она товуққа ўхшаб буларни ёнимда олиб юровурганман. Булар, қўйинг, бошқармаси билан юровурсин, бошқармасини айтганини қилсин, десам булар бошқача қилди, тварлар”.

“Иқтисодиёт коллежи, ифлос, падарингга ланъат сенларни.

“Педагогика коллежи, ифлос, гадай, сен гадайсан, кўтингга тиқиб юбор, бешта одамингни. Эй ифлос, нечта одаминг бор, нафас оладиган ўзингга ўхшаган нечта шакал бор, эй ифлос?”

Машинасозлик коллежининг шакали ким? Сен ҳам ифлоссан, сен одам эмассан, сен маҳлуқсан! Маҳлуқсан! Сен Андижон шаҳри фидойисимассан! Анаву вилоят ҳокимининг раҳматига сени нима ҳақинг бор, эй ифлос, кўзимга қара. Сен ифлос қаерликсан, қаерни коллежисан, эй ифлос, ҳайвон. Эй эшшак! Сени нима ҳақинг бор шаҳарга қарсак чалишга, кимсан сен, эй ҳайвон? Эй ифлос, кеча сен билан одамдай гаплашмадимми?! Нега мени топшириғимни игнорировать қилдинг, эй ҳайвон?! Кўзимга қара, эй ифлос! 50 та одам дедимми? Бир жойингни гапиртириб юборайми, эй ифлос! Сен шим кийиб юрибсанми ёки лозим, эй ифлос. Эй, шимни ҳамма ҳам киёлмайди, ифлос, ваъдани ҳамма ҳам беравермайди. Мард одам беради, раҳбар одам беради, эй ҳайвон! Ҳайвонсан сен. Ричаг менинг қўлимда, истаганимни қиламан”.

Компьютер коллежи директорига қарата айтган сўзлари: “Эй, ифлос, падарингга ланъат сени, шакал! Кеча гаплашдикми, нега қилмадинг, қайси шакал қилма деди? Эй ифлос, ишдан бўшаб кетсанг ҳам шаҳарда яшайсанми? Кўрасан, ҳозир солиқни жўнатаман уйингга, электросетни жўнатаман, водоканални жўнатаман, қани Хумоюн? Коллежингга ҳам тегишли ташкилотларни жўнатаман. Мана кўряпсанми, бешта одам учун нима бўласан энди! Ўша жойингга тиқивор одамингни!”.

Боғишамол мавзесида жойлашган ижтимоий-иқтисодий ва педагогика коллежи директори Гулбаҳор Бакировага айтган сўзлари: “Эй, Боғишамол авлиёчаси, Маликаи Турондот. Сени сизламиман, сенсан, сен. Нафас оладиган неча одаминг бор? Ҳей, бир жойингга тиқивор одамингни, тиқивор одамингни бир жойингга. Нечта одаминг бор деб сўраяпман ҳаммаси бўлиб. Хўп, 80 та. Ҳўўв боғишамоллик Ҳожи ака бор, танийсанми? Имом-хатиб. Отасига минг марта раҳмат. Умри узоқ бўлсин, шуларни. Булар эса шакал, булар Андижон шаҳар душмани булар! Мана қори аканинг атиги бешта одами бўлса ҳам теримда ётоққа битта ҳам камайтирмади. Эй, ифлос, сен аёл кишисан. Бу одамга мени ричагим йўқ (имом-хатибга, муаллиф), қилмаса ҳам ҳеч нарса деёлмайман. Имомлар бу жамоат ташкилоти. Сен ифлос бюджет ташкилотисан, эй ҳайвон! Нимага имом қилади, сен ифлос қилмайсан каранда! Бўйнига цепочкалар тақиб оладиган каранда! Кимсан сен ифлос?! А? Шаҳарда яшайсанми? Сенга айтяпман, шаҳарда яшайсанми? Шаҳардан электр олишга сени нима ҳаққинг бор?”.

Хўш, раҳбарларни ифлосдан олиб шакалга, твардан олиб карандага айлантираётган Дилмурод Раҳматуллаев ким ўзи? У ифлос, бир эмас иккита университет — Андижон давлат университети ва Андижон қишлоқ хўжалиги университетларини қандай тугатдийкин? Университетларда унга кимлар таълим бердийкин? Нима учун 2015 йилда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи вазифасидан ҳайдалдийкан? Муомала маданиятини билмайдиган 43 яшар япасқи, гумроҳ Дилмурод Раҳматуллаев қайси кароматлари туфайли 2017 йилда республикамиздаги каттагина шаҳарга ҳоким қилиб тайинландийкин? Унга ўқитувчиларни сўкиш, қарғаш ҳуқуқини кимлар бердийкин? Ўша исқирт ҳокимнинг ўзи Машинасозлик коллежининг “шакали”га қарата ваъдага доир айтган доно сўзига ўзи амал қилдимикин? Ҳа, дарҳақиқат ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев (Дилбузар Ланъаттиллаев) айтганидек, “ваъдани ҳамма ҳам беравермайди. Мард одам беради, раҳбар одам беради”. Афсуски, Дилбузар Ланъатуллаев мард одам эмас, раҳбар одам эмас. Шунинг учун ҳам у жорий йилнинг июль ойида Кун.уз мухбирига берган интервьюсидаги гапларга амал қила олмади, ўқитувчиларни ободонлаштириш ва бошқа ишларга жалб қилмасликка доир ваъдаларини бажармади…

Ўйлайвериб, ўйингга етолмайсан, бироқ гап шундаки, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг директорларга қарата юқорида айтган сўзларининг ўзиёқ уни ҳеч иккиланмасдан судлашга, қонунан жазолашга асос бўла олади. Бундай касларнинг ҳоким бўлиши кишини ажаблантирибгина қолмасдан ғазаблантиради ҳам. Ўқитувчини хўрлаган шахсларнинг бири иккига айланишига йўл қўйилса, ўқитувчиси хўрланган бундай жамият алал-оқибат таназзулга юз тутади!

Жаноб президент! Айтингчи, биз Дилмурод Раҳматуллаев, Неъматулла Абдуллаев, Носиржон Эгамбердиевлар каби нўноқ ҳокимлар билан қаергача бора оламиз?! (Мақолани тайёрлаш жараёнида сайхунободлик дўстлардан Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг ишдан озод этилгани тўғрисидаги хабарни билдик). Ўқитувчиларга паст назар билан қараш қачонгача давом этади?

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Булоқбоши туманидаги яна  бир порахўр директорга суд ҳукми ўқилди

Зулайҳо Мадярова 1969 йилда туғилган. Олий маълумотли ўқитувчи. 2013 йил 11 октябрдан Булоқбоши тумандаги 4-умумий ўрта таълим мактабига директор этиб тайинланган. ...

Мақсуда ворисова:қасам билан ҳосил кўпаядими?

Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, жамиятимизда демократик тамойилларни татбиқ этиш учун изчил, тизимли ишлар олиб борилмоқда. ...

Японияда болалар сони камайишни бошлади

Японияда болалар сони сўнгги 70 йил ичида энг паст кўрсаткичга етди. Ички ишлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда 14 ёшгача бўлган 14,5 миллион ўғил ва қиз ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400