Манқуртликка етаклайдиган иллат ёки муштумзўр раҳбарлар Ойдан тушганми?

Президент Шавкат Мирзиёев жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселекторда одамларга қўпол муносабатда бўлаётган, уларга ҳатто қўл кўтараётган ҳоким ва раҳбарларга муносабатини билдирди.

Мақола daryo.uz сайтидан олинди

Фото: Delfi

Сентябрь ойи бошида интернетда Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактаблар директорларини турғазиб қўйиб, уларни ҳақоратлаётгани ва калтаклаётгани акс этган видео пайдо бўлганди. Давлат раҳбари айтганидек, «қонунларимизда бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилангани, жазо муқаррар эканлигини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ». Шундай экан, бундай ишга қўл урганлар энг камида лавозимидан айрилишини кутишга ҳақлимиз.

Ҳокимлар, катта-кичик раҳбарларнинг бундай қилмишларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Чунки бу на мусулмончилик, на ўзбекчиликка тўғри келади. Аксинча, халқнинг руҳини синдириб, ҳар қандай зулмга тоқат қиладиган ғурурсиз манқуртларга айлантириш учун хизмат қилади. Шу ўринда савол туғилади: ҳокимлар, раҳбарларни бундай йўл тутишга нималар ундаяпти? Отаси тенги одамни сенсираётган, аёллар олдида бепарда сўзлардан тап тортмаётганлар Ойдан тушмаган-ку?

Муаммонинг шу тарафларини мулоҳаза қилиш ва бунга туртки бераётган айрим омилларни таҳлил этиш фойдадан холи бўлмасди. Уларни «ўта катта ваколатлар», «ўта юқори босим» ва «ўта кучли зўриқиш» каби жумлалар билан ифодалаган бўлардим.

Ўта катта ваколатлар. Ҳокимларнинг ваколатларини кўз олдига келтириш учун биргина улар жойларда ҳам ижро, ҳам қонун чиқарувчи ҳокимиятга бошчилик қилаётганини тилга олиш кифоя. Фермерлар ва тадбиркорларга ер ажратиш, турли қурилишларга рухсат бериш, лавозимга қўйиш ва олиш… Санайверса, бу рўйхат узоққа чўзилади. Бундай ваколатлар унча-мунча одамнинг бошини айлантириб, оёғини ердан узиши ҳеч гап эмас.

Ўта катта босим. Истаймизми-йўқми, ҳоким турли-туман режалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради. Бу пахта, ғалла, обуна, металлолом, уй-жойлар қуриш ва ҳоказо режалар бўлиши мумкин. Виртуал ва халқ қабулхоналари, шахсий қабуллардаги мурожаатлар ҳам ўз вақтида бажарилиши зарур. Ҳудудларда белгиланган тушумлар ўз вақтида йиғилиши, инвестициялар келиши, экспорт амаллари бажарилиши, инфраструктура созлиги, коммунал тизим бир маромда ишлаши учун ҳам бевосита ёки билвосита, биринчи раҳбар жавобгар.

Ўта кучли зўриқиш. Зиммасидаги юқоридаги кўпдан-кўп вазифаларни бажариш учун ҳокимга вақт етмаслиги табиий (бу ҳокимлик аппарати – ҳоким ўринбосарлари ва мутахассисларга ҳам тегишли). Дам олиш, уйқу учун кунига 3-4 соат вақт ажратса ҳам катта гап. Қолган умри топшириқларни бажариш ва бажартириш, турли мажлисларда иштирок этиш ва ўзи йиғилишлар қилиши билан ўтади. Бундай зўриқиш ҳар қандай кишининг асабини таранг қилиши ва саломатлигига панд беришини тахмин қилиш учун Афлотун бўлиш шарт эмас. Шу ўринда яқинда бевақт вафот этган Андижон вилоятининг Улуғнор тумани ҳокими Асилбек Юсуповни ёдга олиш ўринли. У мияга қон қуйилиши ташхиси билан касалхонага ётқизилганди…

Юқоридаги ҳолатларга барҳам бериш учун Президент томонидан кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Жумладан, улардан бироз бўлса-да, «нагрузка»ни олиш учун ёшлар сиёсати билан шуғулланадиган ўринбосар штати жорий этилди, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиқларига ҳоким ўринбосари мақоми берилди. Энг асосийси, ҳудудлар 4 та секторга бўлиниб, прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбари ҳоким билан теппа-тенг жавоб бермоқда.

Бу йўналишдаги ишлар яна давом этиши, уларни амалга оширишда юқоридаги омиллар инобатга олиниши, раҳбарлар муштумзўрлигидек хунук, миллатга ярашмайдиган иллат ўтмишда қолишидан умидвормиз. Зеро, Шавкат Мирзиёев бунга бериладиган баҳони лўнда қилиб айтди-қўйди: бундай ҳаракатлар давлат ва Президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланади.

Муаллиф :Азизбек Абдувалиев

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Икки ўзбекистонлик россия чегарасини автобус юкхонасида ноқонуний кесиб ўтди

Ўзбекистонлик икки йигит Россия Федерациясига автобус юкхонасида, чегара назоратини четлаб ўтган ҳолда киришга уринди. Бу ҳақда   «Nuz» нашрига таяниб “7news.uz” сайти ...

Бир ҳамшира қиёфасида ўзбек андишаси

  Жамият 17:45 12509 Иллюстратив фото Кун.uz ижодий жамоаси ташриф билан Наманган вилоятига ташриф буюрганимизда, туманлардан бирида жойлашган ҚВПда бўлдик. Шанба куни ...

Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай сувга тушиб, кесак кўтариб машқ қилиб юрган фермерга чиновник эмас нодавлат ҳимоячи керак

Депутат Расул Кушербаев Facebook’даги саҳифасида Савдо-саноат палатасини кескин танқид остига олди. Қуйида унинг матни келтирилади. Расул Кушербаев   “Йирик ...