“Қўшиб ёзиш” қоидаси (Ҳажвия)

 

Бу воқеа қаерда бўлганлигини “ҳеч кимга айтмайман”,  деб қасам ичсангиз ҳам айтмайман. Хўжалик номини эса, шартли равишда “Гулрез” деб атаймиз. сўзларимга хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, буёғи ихтиёрингиз. Лекин пиримнинг арвоҳини ўртага қўйиб айтсам, бундай воқеа бўлмаган жойнинг ўзи бўлмаса керагов.

Бирданига қуйиб берган ёмғирдан ҳосил бўлиб келган сел оқими сой бўйидаги ғуж-ғуж бўлиб турган қўй-қўзига ҳужум қилди. Қирқ йиллик чўпонлик тажрибасига эга бўлган Ризоқул ота фарзандлари билан елиб-югуриб қўтонни сел ҳамласидан четга чиқаришга улгурди.

Аммо янгигина туғилган икки бош қўзичоқ сел комига кетди. қанчалик ҳаракат қилинмасин, қутқаришнинг иложи бўлмади. Ризоқул ота жуда афсусланди. Бўрига ем бўлмаган бечора қўзичоқлар селга кетса-я, аттанг, деди ўкинч билан. Ана шу ўй-хаёл билан ферма мудирига икки қўзичоқнинг ўлимидан хабар берди.

–Икки қўзичоқ денг, отахон… қўзи эмас, қўй ёзамиз қўямиз, – деди мудир яқин орада тиғ тегмаган томоғини ишқалар экан. Яхшиси тўрт бош деб ёзамиз. Эрта-индин яна ўлиб қолса билинмайди.

Чўпон қўрага кетгач,  мудир хўжалик зоотехнигига саккиз бош қўйни сел оқизиб кетганини хабар қилди. Зоотехник бўлса ветврачга ўнта нобуд бўлганини етказди. Аксига олиб на тери, на калла қолганини таъкидлади. Ветврач бўлса ўн беш қўйни сел олиб кетганлигидан афсусланиб раисни хабардор қилди.

– Яхши бўлмабди-да. Лекин биз худодан зўр эмас-ку. Келган бало тилсиз жониворга урсин. Чўпон омон қолди, шу бас бизга, шунисига ҳам шукр, – деди раис қаламини тиқ-тиқлатиб. –Ҳимм… ҳар куни меҳмон, ревизор, бензин, запчаст… шунинг учун 20 бош ёз қўй, акт қил. Шошма, шошма, ноҳияга аввал бир хабар қилай.

Раис ноҳия қишлоқ хўжалик бошқармаси телефонини тера бошлади. Ҳайтовур бошқарма раиси ўз ўрнида экан.

–Алло, алло қишлоқ хўжалик идорасими? Э, э, раис, сизми? Танимабман, бой бўласиз. Яхши, яхши, ҳимм… иш салгина чатоғ бўлиб қолди. Кеча бизда катта сел ёмғири бўлиб анчагина ташвиш келтирди. Ариқ зовурлардан нишона қолмади, дарахтлар ҳам селда қолди. Хўп… гапни қисқа қилсам, алло, алло, хуллас 25 та қўй ҳам селга кетди. Бутун хўжалик оёққа турди, бўлмади. Жонивор экан, буёққа чиқ, деганингни тушунмаса…

–Алло, тушунмадим, баландроқ гапиринг…

–Катта сел бўлиб 25 та қўй селга кетди деяпман…

–Нима, нима, 35 та қўй дедингизми?

–Ҳа, ҳа, 45 та қўй ўлди, терисиям, туёғиям йўқ…

Раис гўшакни жойига қўяр экан, ветврач билан акт ёзишга киришди. Қишлоқ хўжалик идораси раҳбари эса ноҳия бош ветврачига 50 бош қўй селга кетганини хабар қилди. Бош ветврач яна бешта қўшиб суғурта идорасига ҳисобот берди. Бу хабар СЭС-га ҳам етди, лекин яна беш бош қўшилган ҳолда…

Ой охирида ноҳия статистика идораси “Гулрез” хўжалигида 80 бош қўй табиий офат туфайли нобуд бўлганлиги ҳақида ҳисобот берилди.

Шу хабар сабаб қоғозлик қўзилар менинг қаламимга дучор бўлди. Лекин, қасам ичиб айтаманки, мен ўзимдан бирор бош қўшганим йўқ…

 Муаллиф: Э. Соҳибназар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожикистонда сўғдлик аёл тўрт эгизакли бўлди

Сўғд вилоятининг Бобожон Ғофуров туманида яшовчи 35 ёшли аёл - Назокат Ходибоева тўрт нафар эгизак фарзандни дунёга келтирди. Чақалоқлар Хўжанддаги вилоят туғруқхонасида 13 ...

Ўзбекистонда 2022 йилда аҳоли рўйхатга олинади

Президент Мирзиёевнинг 5 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида бу ...