Шерзод Қудратхўжаев: Мўъжизалар остидаги… оғир меҳнат

Яқинда Хитой ва Корея сафаридан қайтдим. Кўп таассуротлар билан қайтдим: завқландим, кузатдим, ўргандим. Бу халқлар, уларнинг яшаши, давлатларнинг гуркираб ривожланишини кўриб менда кўплаб саволлар туғилди – улардан нимани ўрганишимиз мумкин? Ибратли тарафлари нимада? Қандай қилсак, улар сингари жадал ривожланишимиз мумкин?

Корея ва Хитой мўъжизаси замирида нима ётибди?

Мақола Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинди

Яқин 30 – 35 йил ичида Хитой ва Корея ўта қолоқ давлатлар эди. Бугун эса Хитой ЯИМ бўйича Америка билан тенг рақобатлашяпти, Корея иқтисодиёти эса дунёда 15-таликка кирган. Илгари Тошкентда юрганимда Хитойнинг 1,5 миллиард аҳолиси унинг муаммоси деб ҳом ўйлаган эканман. Аслида эса бу унинг бойлиги, катта ютуғи экан. Чунки, 1,5 миллиард одам – бу шиддатли, соғлом рақобат дегани.

Бу илғор ғоялар, олди ташаббуслар рақобати.

Хитой жудаям улкан бозор. Тасаввур қилинг, Сиз битта маҳсулот ишлаб чиқардингиз, масалан, шоколад, йогурт, ёки газета ва унинг нархи атиги 1 доллар бўлсин. Маҳсулотингиз таҳминан 100 миллион одамга манзур бўлса, демак, сиз – мултимиллионерсиз…

Бир хитойликдан сўрадим: “30 йилда бундай натижага эришишнинг сири нимада?”

Хамсухбатим кулганча жавоб қилди: “Бизнинг бошқа иложимиз йўқ эди. Биз оч эдик!”

Ўйланиб қолдим, балки, тўқлик фаровонликка ҳалақит берар. Балки, катта ерларга ега бўлиш, катта ютуқлар дегани эмасдир.

Сингапур, Корея, Япониянинг ҳеч қандай табиий бойликлари бўлмаган.

Ҳа, ҳа, ҳеч қандай: на газ, на нефт, на пахта ва на олтин. Улар бизга ўхшаб фалон нарсамиз бор, деб ўзига маҳлиё бўлиб, бир сидра тўйиб ўтирмайди. Ёки, давлат қилиши керак, деб кимнингдир қўлига ҳам қараб қолмаган.

Икки маротаба Пекиндан Нанкинга тез юрар поездда юришга тўғри келди. Хулосаларим: поездлар Хитойнинг ўзида ишлаб чиқарилган, жуда қулай, йўллари равон, собиқ СССР йўлларига хос бўлган “та-тақ – та-тақ”ларни учратмайсиз. Тезлик ўртача соатига 300-320 км ни ташкил этади. Улкан вокзалларда тартиб-интизом жойида, уларда “хаос” ва тартибсизликни кузатмайсиз. Ҳамма жой саранжон-саришта. Ўнлаб қахвахоналар, дўконлар фаолият юритади. Проводниклар ҳаммага тенг, сифатли, хушмуомала хизмат кўрсатадилар. 7 соатлик йўл асло зериктирмайди. Хитойда қишлоқ хўжалиги ўта ривожланган. Эътибор билан йўлда қараб кетдим. Ҳар бир қарич ер чопилган, қаралган, суғорилган. Кўплаб иссиқхоналар мавжуд. Улар ўтин ва кўмирда ёқилади. Йўл четидаги барча уйлар томида офтоб нуридан фойдаланувчи панеллар ўрнатилган. Хитойда 1,5 миллиард одам борлигини сезмайсиз ҳам. Чунки, ҳамма нарсада тартиб, интизом устун.

Корейснинг кун тартиби

Одатда кун тартиби уйда барвақт бошланади. Кўпчилик йўл-йўлакай нонушта қилиб, қаҳва ичиб кетади. Аксар жойларда иш соат 8 да бошланади. Соат 11 дан 1:30 гача тушлик, кофе ичиш ва озгина дам олиш вақти бўлади. Бу пайт бирор корейсга телефон қилсангиз, ёки безовта қилсангиз, рости, сиз душманга айланасиз. Тушликдан кейин соат 6 гача астойдил ишлаш вақти, инглизча айтганда – hard working time.

Корейслар жуда тиришқоқ халқ. Бу нимада намоён бўлади?!

Барча нарса ҳисоб-китоб билан қилинади, хеч нарса шунчаки қилинмайди. Масалан, Кореяда телевизион трансляция вақтида ҳар бир камеранинг туриш жойи, тасвирчининг юриш маршрути олдиндан белгиланади. Шунинг учун ҳам Корея ТВсини кўрсангиз югур-югур, чоп-чоп, кераксиз одамнинг тасвирга тушиб қолиши каби бизда кўп учрайдиган “хол қўйишлар” кузатилмайди. Офисда ҳар бир одам ўз функционал вазифаларига эга. Ҳеч ким бир-бирининг ишини қилмайди. Рақобат кучли.

Давлат хизматчиларига эса жуда оғир. Чунки улар бу лавозимларига таниш-билишчилик, пул ёрдамида эмас, балки 3 босқичли тестларни топшириб, энг муносиблари танлаб олинади. Хизмат пилла поясидан кўтарилиш ҳам худди шундай. Уларнинг ўртача маоши 3 – 4 минг доллар атрофида. Лекин нархлар қиммат.

Мўжизанинг бош омили онг ва тафаккурнинг юксалишидадир

Масалан, сиз лойсувоқ уйда туғилдингиз. Болалигингиз, ўспиринлигингиз ҳам шу масканда ўтди. Бу сизнинг айбингиз эмас. Лекин, айнан шу уй деворларини пишиқ ғишт қилиб кўтариш, иморатингизнинг асосини гранит билан безатиш, ота-онангизга қулай, замонавий таҳоратхона қилиш сизнинг қўлингиздадир. Чунки, лойсувоқ уйда ўлсангиз бу айнан сизнинг айбингиз бўлади.

Атайин кузатдим, корейс ёшлари McDonald’s, Starbucks каби қахвахоналарда олдига битта чашка кофе ёки чойни қўйиб дарс қилиш билан банд. Асосийси, у ерда текин Wi-Fi бор. Ҳар бири ақлли, ўз мустақил фикрига эга. Чунки уларни келажакда қанадай рақобатли олам кутаётганини билади.

Инсон миясини мен резинкага ўхшатгим келди: қанчалик тортса, қийнаса, шунча чўзилади, кенгаяди. Ва бу зарарли эмас, аксинча, фойдали. Ҳар биримизнинг ўз тафаккур империямиз бўлиши керак. Унинг нақадар миттилиги ёки бепоёнлиги ўзимизга боғлиқ. Кимдир империя қироллар ва олигархларга хос деса, адашади. Биз уни қандай тасаввур қилишимиз ўзимизга боғлиқ. Қанчалик тафаккуримиз яхши ғоялар, яхши инсонлар, яхши ташуббуслар учун очиқ бўлса, тафаккур империямиз шунчалик бепоён бўлади. Янгилик кишини ўйлантирса-да, ундан қўрқмаслик керак.

Хитойда юрган вақтимда, Тошкентда бензин нархи ошди. Ижтимоий тармоқларда кўплаб пессимистик гапларни ўқидим.

“Шу эски йўллардан юраверардик, бизга янги қурилишлар керак эмас. Бензин нархи ошмаса бўлгани” – деганлар ҳам бўлди.

Бозорларимизда картошка нархи шунча, гуруч нархи бунчага ошди дейишди. Дунёқарашимизни озгина ўзгартирадиган вақт келди деб ўйлайман. Назаримда, биз арзон картошка, арзон гўшт, арзон бензинни ўйлаб, ўзимиз ҳам арзон одам бўлиб қолаётгандекмиз. Бизни кичкина маош ҳам қониқтиряпти. Гўёки, арзончилик бўлса бас. Ваҳоланки, валюта либерелизациясини хоҳладикми, бунинг оғриқли нархини ҳам тўлашимиз керак. Бу танадаги иситмага ўхшайди. Бир чиқиб иммунитетни синаб, қайтиб кетади. Фақат, бу босқичидан, оғриқли ўтиш давридан чиқиб олишимиз керак. Ўзи бу мушкул муолажани 25 йил чўзиб келдик, МДХда охири биз қолгандик.. Аммо энди экспорт-импорт чекловлари бўлмайди.

Бизнинг бошқа фалсафага ўтадиган вақтимиз келди: кўп пул топиш, кўп сарфлаш, катта натижаларга эришиш фалсафаси.

Масалан, Кореяда яшаш даражаси, бензин, электроэнергия, озиқ-овқат жуда қиммат, ресторан, кафелар нархлари жуда баланд. Лекин шунга қарамасдан, улар кўпроқ даромад топишга тинмай интилишади.

Яна бир гап мавриди келганида, мехнат қилиб топилган пул саёхат, ички ва ташқи туризм, билим олиш, ўзига, номоддий интеллектига сармоя қилишга сарфланади. Биз эса шуунча тер тўкиб кераксиз моддий сарпо бисот, тўй маърака ва кибримизни озиқлантиришга маблағ харжлаймиз. Қадриятларни хам ревизия қилиш вақти келди нихоят.., шахсиятни комилликка интилиш йўлида хам моддий харажат миқдорини ошириш лозим.

Вахоланки қанчалик аччиқ бўлмасин, Тошкентдан нари чиқмаган қанча одамлар бор хамон бугунги 21 асрда.. ёки аксинча пойтахтни кўрмаганлар қанча??!

Яна бир маълумот: Хитойда машина сотиб олиш ҳозир у қадар муаммо эмас, аммо одамлар 1-1,5 йиллаб давлат рақамини олишга навбатда туришади. Бу ҳам арзон эмас (20-30 минг доллар экан).

Кейинги хотираларда янада қизиқарли масалаларни кўтарамиз…

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонликлар энди россияда таксичилик қила олмайди

Россия давлат Думасида иккинчи марта ўқилишда қабул қилинган қонунга кўра, бундан буён Россияда чет эл капиталига ёки чет эл капитали билан шерикликда аҳолига такси ...

Хуршид даврон: провакация кимга керак?

Тасаввур қилинг, Қозоғистон сайтларида бизнинг - ўзбек миллатининг қаҳрамонлари ҳақида, масалан, Мадаминбек ёки Иброҳимбек лақай ҳақида ғирт ёлғон, улар ҳақидаги миллий ...

 «риштон—сўх» йўли очилганми?

11 сентябрь, чоршанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат божхона қўмитаси мутасадди вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400