Носир Фозилов: Тил бойлиги – Эл бойлиги

90
Дунёнинг ишларига ҳайрон қоласан киши. Шўролар даврининг охирги йиллари бўлса ҳам, адабиётимизнинг софлиги учун талабларимиз анча баланд экан. Тўғриси, бу борада ҳозиргига нисбатан анча қаттиққўл эканмиз. Буни мен ўша кезларда ёзиб, бисотимга ташлаб қўйган тақризларимда, адабий-танқидий мақолаларимда кўриб, ўша даврдаги талабларимизни ҳозирги талабларимиз билан қиёслашга ҳаракат қилдим. Бу талаблар бир-биридан жуда фарқ қилди. Виждонан айтганда, ҳозирги талабни талаб демаса ҳам бўлар экан. Бунинг боисини мен баъзи бир нашриётларнинг таҳририятларида ишлаётган, таъбир жоиз бўлса, ночор ва нотавон, “чаламулла” муҳаррирларда, ноширларнинг адабиётимизга қўйиладиган талаб ва мезонларни унутиб, қўлбола муаллифларнинг чўнтагига тикилишларида кўраман.

09

Носир ФОЗИЛОВ
ТЎҒРИ ВА ОДИЛ ТАШХИС КЕРАК

Дунёнинг ишларига ҳайрон қоласан киши. Шўролар даврининг охирги йиллари бўлса ҳам, адабиётимизнинг софлиги учун талабларимиз анча баланд экан. Тўғриси, бу борада ҳозиргига нисбатан анча қаттиққўл эканмиз. Буни мен ўша кезларда ёзиб, бисотимга ташлаб қўйган тақризларимда, адабий-танқидий мақолаларимда кўриб, ўша даврдаги талабларимизни ҳозирги талабларимиз билан қиёслашга ҳаракат қилдим. Бу талаблар бир-биридан жуда фарқ қилди. Виждонан айтганда, ҳозирги талабни талаб демаса ҳам бўлар экан. Бунинг боисини мен баъзи бир нашриётларнинг таҳририятларида ишлаётган, таъбир жоиз бўлса, ночор ва нотавон, “чаламулла” муҳаррирларда, ноширларнинг адабиётимизга қўйиладиган талаб ва мезонларни унутиб, қўлбола муаллифларнинг чўнтагига тикилишларида кўраман.

Муҳаррир дегани бу муаллифлар билан асар ҳақида тенг мулоҳаза юрита оладиган, асарга тўғри ва одил ташхис қўя оладиган, баъзи бир мажруҳ жумлаларни ўринлатиб тузата оладиган билимдон ва зукко одам бўлиши керак. Баъзи бир ўрнига тушмаган сўзларни топиб, асарни ярақлатиб юборадиган, керак бўлса, битта сўз учун талаша оладиган одам бўлиши керак. Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Ваҳоб Рўзиматов ва бошқалар нафақат етук ижодкорлар, балки етук муҳаррирлар ҳам эдилар. Уларнинг олдига баъзи бир муаллифлар, нима деркин, деб тиззалари қалтираб келишарди. Ҳозир техника ўсган, муаллиф асарини компьютерда кўчириб, таҳририятга фақат электрон вариантни олиб бориб берадиган бўлди. Пулнинг кетига тушган баъзи бир нодавлат нашриётлар ўша муаллиф ваъда қилган сармояни олса бас, китобини чиқаради-беради. Қарабсизки, у китоб ғиж-ғиж хатолари билан ўқувчининг қўлига тегади.

Бунақа номаъқулчиликларга барҳам берадиган, нашриётларнинг ишини марказлаштириб, назоратга оладиган пайт келмадимикин, деб ўйлаб қоласан киши. Ахир китоб ёзиш ва китоб чиқариш чаламуаллиф билан нафси ҳакалак отган нодавлат нашрларнинг иши эмас-ку. Муаллиф ёзса ёзгандир, ҳалигиндақа ноширлар чиқарса чиқаргандир, аммо китоб чиққандан кейин у халқ мулкига айланади. Халққа эса бунақа китоблар, гапнинг очиғи, асқотмайди.
Мен ўша пайтларда ёзилган “Тил бойлиги – эл бойлиги” деган мақоламни сиз талабчан ўқувчиларга тавсия қилишга журъат этдим. Зора, бадиий адабиётимиздан талаб қилинадиган адабий мезон юқорида айтилган “муҳаррир”ларни инсофга чақирса.

022

ТИЛ БОЙЛИГИ – ЭЛ БОЙЛИГИ

Ёзувчи бамисоли асаларига ўхшайди. Асалари учиб-қўниб, заҳмат чекиб турли-туман гуллардан, доривор гиёҳлардан нектар тўплаб, уни одамларга асал қилиб ҳадя этади. Ёзувчи эса олам кўриб, одам кўриб, улар билан муомалада бўлиб, ўзи яшаб турган замон ва заминнинг сиру асрорини одамлар билан баб-баробар ҳис этиб, унинг нозу неъматларини татиб кўриб, топган гапини ижодий лабораториясида қайта сайқаллаб, яна одамларнинг ўзларига улашади. Баъзан содда ўқувчилар ёзувчиларга ҳайрон қолиб юришади: “Шунча гапни қаёқдан топди экан-а!”, деб. Ҳа, қидирган топади. Халқ бамисоли бир дарё! Халқ доно гапларга бой улкан бир файласуф! Унда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Одамларнинг муомаласидаги – тилидаги яхши, “Тил бойлиги — эл бойлиги” гапларни танлаб олган ва ўша гапларни ўз асарларида узукка кўз қўйгандай ўрнида ишлата билган ёзувчигина ўқувчини қувонтира олади.

Ёзувчи учун жумла грамматика дарсликларида таъриф қилинганидай: “Эгаси, кесими ва иккинчи даражали бўлаклари”… ўз ўрнида бўлган жумлалар, тил эса одамларнинг бир-бирлари билан муомала қиладиган восита қуроли эмас. Ёзувчининг гапи бошқача, яъни, ёзувчининг гапида характер, ўй, фикр, истеҳзо, ўхшатиш, жонлантириш ва ҳатто керак бўлса, ўйлатиб қўйиш қобилияти ҳам бўлади. Шундай бўлгандагина биз уни бадиий тил деймиз.

Баъзан топиб айтилган биттагина сўз бутун бир асарни безаб туради. Масалан, устоз Абдулла Қаҳҳорнинг “Тўйда аза” деган ҳикоясини эсланг.  Ундаги мешчанка аёл бошига қизил беретка кийиб юради. Ёзувчи хўрозқандга ўхшатади.  Шунинг учун бўлса ажаб эмас, ўқувчилар орасида у ҳикоянинг номи  “Хўрозқанд” бўлиб кетди. Ёки Саид Аҳмаднинг  “Ханка ва Танка” деган ҳикоясида Ханка лабини қизил лаб бўёғи билан бўяб юради. Уни ёзувчи помидор тишлаб юрганга ўхшатади. Қаранг, шу биргина ўринда ишлатилган сўз, ибора ҳикоянинг бадиий қимматини яна ҳам кўтариб юборган.

Кейинги пайтларда тилга эътиборсизлигимиз шу даражага бориб етдики, бадиий сўз усталари ким-у, уларни ўринлатиб ўқиганлар ким – бунинг фарқига боролмай қолдик. Катта анжуманларда, радио ҳамда телевидениеда ўринлатиб шеър ёки монолог ўқиган дикторларимизни тўғридан-тўғри “бадиий сўз устаси Қодир Махсумов”, “Муҳсин Ҳамидов” деб сўз берадиган бўлдик. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, қотириб ёзган сўз устасими ё уни ўқиганми? Бизнингча, сўз усталари – Абдулла Қодирий, Ойбек, ўафур ўулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Саид Аҳмад!.. Ўқиладиган асарларни яратган ёзувчилар булар. Ёзувчининг асарини қотириб ўқиш бошқа гап. Уни бадиий ўқиш устаси, деса бўлади, аммо бадиий сўз устаси эмас.

Тилга эътибор – элга эътибор, деган гап бекорга айтилган эмас. Баъзи ёзувчиларимиз мавзу топилса бас, бўёғини уриб ёзаверса бўлади, энг муҳими қоғозга тушгани қолади, камчиликларни таҳририятдагилар тўғрилашади, деб тушунишади. Очиғини айтганда, шундай ўйлайдиганлар кўпайиб бораётгани учунми, бунга этимиз ўлиб, кўникиб қолдик, назаримда. Тўғри, мавзу бош масала, аммо асарнинг бадиий хусусиятлари, тили ҳамиша муҳим, ҳамиша замонавий масала бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Баъзи бир ёшларга ўрнак бўладиган отахон ёзувчиларимиз мавзу кетидан қувиб, унинг бадиийлигига, тилига чунонам эътибор беришмайдики… ёқа ушлаб қоласан. Улар ёзган асарни ўқиёлмайсан. Ўқисанг ҳам, шу таҳририятда ишлаётганинг учун, мажбурият юзасидан ўзингни ўзинг чимчилаб ўтириб ўқийсан. Нима ҳам дердик, катта одам, бир нима деб бўлмайди. Тарафкашлари топила қолади.

Ҳатто бир маҳаллар шундай бўлди: таҳририятга “Тинимсиз шаҳар” деган ёстиқдай роман келди. Тошкентда зилзила бўлиб ўтган кезлар эди. Ҳали одамларнинг зилзила ҳақидаги хотиралари тинмай туриб, зилзила кезларидаги воқеалар тиниқлашмай туриб, бунчалик катта асар ёзиш ҳазилакам гапми? Бунинг устига долзарб мавзу. Қани, босмайман, деб кўр-чи!  Босдик. Асар бадиий жиҳатдан ниҳоятда бўш, жумлалари тишга тегадиган даражада ғализ эди. Таҳририятдагилар ўйлаб-ўйлаб шундай қарорга келишди: асарни чоп этишни ҳам бошладик, шу билан бирга ўша соннинг ўзида мазкур асардаги тишга тегадиган жумлаларни териб, “Гул қайчи”да берадиган бўлдик. Афсуски, ёзувчи бунга ҳам миқ этмади. Гўё, билмаган киши бўлиб юраверди.

Яна бир мисол. Ҳозирги кунда оқсоқол аталиб юрган бир кекса ёзувчимизнинг янги қисса қўлёзмасидан баъзи мисоллар келтирмоқчиман:

“Мунсирабгина бақирган салом берди.”

“Яноқлари қўланса ўтда куйгандай.”

“Пиликдай бўлиқ қошлари бир сакраб жойига тушди.”

“Уялганимдан писмиқланибгина боқаман.”

“Кўзлари писмиқланиб пармалашни қўймайди.”

“Шўх-шўх кулиб қичиқичилик қиламан” (қиз боланинг гапи!)

“Ердан бичиб олинган танаси.”

“Кроватим ғичирлаб вайсайди.”

“Лабларида хасис табассум кўринди.”

“Бухоролик Тоир бобо иш вақтида бурнини шимгираётганида бурни кесакдай учиб кетди.”

“Китоб ўқийвериб, кўзларининг шўрваси чиқиб кетган профессор.”

“Силлиқ яноқларида табассум рақсга тушади.”

“Бир гала кўзлар (?) Холмат акага тикилди.”

“Елкаси гоҳ баландга, гоҳ пастга сакради” (Бу йиғи тасвири)

“Бутун бағримдан табриклайман.”

“Налатигина ичаклар.” (Дутор торини айтяптилар.)

“Тансиқ туш кўрди.” (Ажабо, тушнинг ҳам тансиғи бўладими?) ва ҳоказолар.

Ана энди шу муаллифнинг тасвирда ишлатган гапларига эътибор беринг:

“Юзи жарғак теридай дағал.”

“Кўзлари шилпиқ қулоқчин кийган чол.”

“Тўрва соқол.”

“Сохи Сохиевич бурнини бигиз қилди.”

“Бақаникига ўхшаган кўзлар тиржайди.”  Ва ҳоказо.

Бу киши оригинал бўлгилари келади, шекилли, “йўтал”ни “ютал”, “шапалоқ”ни шаллоқ, “секингина”ни “қитиғина”, “алам қилди” деган сўзни “дард қилди”, “чўлоқ” деган сўзни “мўнтоқ”, “бир даста пул”ни “бир гала пул” деб ишлатадилар. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, шу тилда ёзиб бўладими? Тилчи олимларимиз, танқидчиларимиз нега индашмайди?

Ҳа, дарвоқе, танқидчилар ҳақида. Мен ҳатто “танқидчи” деган сўзнинг ўзига қаршиман. Биринчидан, бу сўз жуда хунук эшитилади. Иккинчидан, бу сўз русчадан “критик” сўзининг айнан таржимасидир. Ахир, улар нуқул танқид қилишмайди-ку! Улар ёзувчининг дўсти, маслаҳатгўйи, йўл-йўриқ кўрсатувчиси ҳамдир. Шундай экан, нега бу соҳанинг фақат соя томонини ифодалайдиган сўзни танлашимиз керак? Бизнингча, биронта муносиб ном топмоғимиз лозим. Маълумки, илгарилари шу тоифа кишиларни “синчи”, яъни “синовчи” деб ишлатишган. Улар одамларнинг феъл-атворини синаган, отларнинг фазилатларини синаган. Шундан бўлса керак, баъзи туркий тилларда гаплашадиган қардошларимиз танқидчиларни “синчи” деб аташади. Ёки “адабиётшунос” десак ҳам бўлаверади, фақат бунга ўрганиш керак, холос. Ҳозирча қулоққа эриш туюлади. Хуллас, биронта силлиқроқ атама топиш керакка ўхшайди.

Модомики, гап танқидчиларга келиб тақалган экан, уларнинг тили ҳақида ҳам икки оғиз гап айтишни лозим, деб биламан. Танқидчиларнинг шу бугунги тили мақтанарли даражада эмас. Буни рўй-рост айтиш керак. Баъзи мақолаларини, тақризларини шунақа қуруқ, шунақа жўн тилда ёзадиларки, ё қийналиб ўқийсан, ё мутлақо ўқигинг келмайди. Бунинг устига кўплаб унсур сўзларни ишлатишади. У сўзларнинг баъзиларини ўқувчи тушунади, баъзиларини тушунмай луғат қидириб қолади. Мана улар: абстракционизм, диалектизм, провинциализм, идеаллаштириш, карикатура, призма, коллизия, композиция, контекст, кульминация, метод, натурализм, пафос, пейзаж, персонаж, тавтология, текстология, тематика, фантазия, экспромт ва ҳоказо. Бу сўзларнинг кўпларига қулоғимиз ўрганиб кетган. Аммо шу сўзларнинг маъносини тўла берадиган, англатадиган сўзлар ўзимизда йўқ эмас-ку, ахир. Йўқ бўлса, қидириш керак, топиш керак, ўрнини топиб ишлатиш керак. Тағин бир гап, баъзан бутун бир атамаларни шундайлигича қабул қилиб олганмиз. Масалан, “Традиция ва новаторлик”. Шуни “Анъана ва янгилик” десак бўлмайдими? Бўлади. Фақат буни ўқувчининг қулоғига сингдириш, уларни кўниктириш керак, холос.

Танқидчиларимиз сўнгги пайтларда “кашфиёт” деган сўзни кўп ишлатадиган бўлиб қолишди. Шу сўз негадир менга ҳеч “ҳазм” бўлмаяпти. Негаки, бу сўзнинг вазифаси, назаримда, ҳозирги ишлатилаётган даражадан бирмунча юксакроқ бўлса керак. Фан ва техникадаги фавқулодда топилган замон янгиликларига, асримиз яратган улкан, халқ хўжалигимиз учун ниҳоятда муҳим ҳисобланган нодир ва ноёб янгиликларга нисбатан “кашфиёт” сўзини ишлатсак ярашади. Энди ўша сўзни пастга олиб тушиб, битта ўхшатиш ёки битта шакл топган адибга кашфиёт қилдингиз, деб ўтирсак, унда бу сўзнинг қадри Арши аълодан то ер қадар тушиб кетмайдими?

Бир куни радиони эшитиб ўтирсам, дўстим Абдувоҳид Мулламуҳамедовнинг очеркини бериб қолишди. Бу очеркда туячиликни ривожлантириш, Ўзбекистонда туя чорвасининг истиқболи ҳақида гап борарди. Кўриб турибсизки, бу мавзу ниҳоятда шу кунимиз учун долзарб масала. Қулоқ солиб ўтирсам, бир жойда “туянинг айрони” деган сўзни ишлатиб юборди. Шунақа ҳафсалам пир бўлдики, радиони шартта ўчирдим. Буни қаранг-а, туянинг “айрони”миш. Туянинг сути бўлади, сутини ачитиб, қимрон (чубот) қилишади. Чорва моллари маҳсулотларига халқнинг ўзи қўйган атамалари мавжуд: сигирнинг сутидан қатиқ, айрон, сарёғ, қаймоқ, пишлоқ қилинади; биянинг сутидан қимиз; туянинг сутидан қимрон. Наҳотки, ўртоғимиз шуни билмаса!

Радио эшиттиришларида, газета ва журналларда чорва ва чорвачилик ҳақидаги эшиттириш ва материалларда чунонам чалкашликлар бўладики, ўқиб тепа сочинг тикка бўлиб кетади. Айниқса, “Ҳар бош она қўйдан…”, “Она чўчқа балчиқда маза қилиб ағанаб ётарди…” каби жумлаларни эшитганингда, ўқиганингда, ўзингни қўярга жой тополмай қоласан.

Дунёда “она”дан ҳам мўътабар зот борми? “Она” деган сўз илоҳий сўз. Шунақа экан, чорва молларининг ўз атамалари турган бўлса-ю, нима учун “она”ни ёнма-ён қўйиш керак? Ахир, халқда баъзи журналистлар тап тортмай айтаётган “она қўй”ни “совлиқ” дейилади-ку! Шунингдек, чўчқанинг урғочисини “мегажин”, итникини “қанжиқ” дейишади (фақат шуниси борки, биз бу атамаларни сўкиш, ҳақорат даражасига кўтариб, бадном қилиб қўйганмиз), отники “бия”, эчкиники “чивич” ва ҳоказо. Борди-ю, чорва молларининг эркакларини ёзиш керак бўлиб қолса, нима қиламиз? “Ота қўй”, “ота чўчқа” деймизми? Йўқ, уларнинг ҳам ўз атамалари бор: қўчқор, серка, айғир, нор ва ҳоказо. Шунақа пайтларда совлиқни “она қўй”, мегажинни “она чўчқа” деб ёзганларга: “Э, садқаи она кет-э!” – дегинг келади.

Гап чорвачилик ҳақида кетаётган экан, бир гап эсимга тушиб қолди: қайсиям бир йили “Алифбе” китобини варақлаб туриб, “т” ҳарфи қисмида бияга суйканиб турган қулунга кўзим тушиб қолди: расмнинг тагига: “мана бу катта той, мана буниси кичкина той”, деб шарҳ берилибди. Буни қаранг, “катта той”, “кичкина той” эмиш! Буни ўқиган бола қандай қилиб отларнинг турини билсин?! Уларни қандай қилиб фарқласин! Шу муносабат билан, менда янги “Алифбе”ни ҳам бир кўрай-чи, қани, унда ўша шарҳни тузатганмикан, деган қизиқиш пайдо бўлди. “Алифбе”ни топиб, варақласам, хайрият уни тузатибди. Аммо, китобнинг ўртароғига бориб ёқамни ушлаб қолдим. Иккита сурат: бирида ариқ устидаги кўприкда иккита улоқ қарама-қарши келиб қолиб, ҳеч қайсиси бир-бирига йўл бўшатмай туришибди; иккинчи суратда эса, улар йўл талашишиб, сузишиб, сувга қулаб тушибди. Бу эртак-суратни ҳамма билади. Энди ўша сурат тагига изоҳ бериб, “эчкилар” деб ёзганига нима дейсиз? Ҳали саводи чиқмаган болага улоқни эчки деб таъриф қилсак, буни ўқиган болалар ҳам ўзимизга ўхшаб чаласавод бўлиб қолмайдими?

Ҳазрат Алишер Навоий отларнинг ёш жиҳатдан еттита турга бўлинишини ўзининг рисолаларидан бирида аниқ-тиниқ қилиб айтиб кетганлар: қулун, той, ёбоғи, қунон, дўнан, бешлик ва ниҳоят, от. Сигирга нисбатан бузоқ, тана, ғунажин, қочар, буқа ҳўкиз. Чорва молларининг сифатлари ҳақида ҳам чалкашликлар жуда кўп. Масалан, баъзи ёзувчиларимиз отларни тасвир қилганларида оқ от, қора от, қизил от ва ҳоказо деб таърифлашади. Ваҳоланки, уларнинг халқда ўз атамалари бор: човкар, саман, тўриқ, буврил… дегандай.

Эътиборсизлигимиз натижасида баъзи чорвачилик билан боғлиқ нарсаларнинг атамалари ҳам аста-секин истеъмолдан чиқиб кетяпти. Масалан, эгар, тўқим, жазлиқ, айил, қуюшқон, юган, тизгин, сувлиқ, нўхта, узанги, ўмровлиқ, кишан. Мабодо ёзаётган асарларимизда молларнинг тана қисмларини англатувчи ўмров, ёл, қаптал, сағри, тақим деган гапларни ишлатгудай бўлсангиз, албатта, муҳаррирингиз бу сўзларнинг тагига қизларга ўсма қўйгандай қилиб қора сиёҳда йўғон чизиб, ёнига ўроқдай савол қўйиб қўйишади. Қани, тушунтириб кўринг-чи! “Ҳўв биродар, бу ўзимизнинг сўзимиз, шунақа дейилади”, десангиз, барибир тушунмайди. Сизга ўзбек тилининг имло луғатини кўрсатади. Албатта, сиз ундан бунақа сўзларни тополмайсиз. Демак, шундай сўзлар ўзбек тилида борлигини исбот қилолмайсиз.

Ҳатто, қариндош-уруғчилик даражасини билдирувчи сўзларимиз ҳам жуда чалкаш. Ҳозир холанинг ўғлини ҳам, тоғанинг, ҳатто амакининг ўғлини ҳам “жиян” деб атайдиган бўлишган. Бизнингча, холавачча, амакивачча, жиян, бўла; хола, амаки, тоға, почча каби сўзлар ўз ўрнида, тўғри ишлатилгани маъқул. Бизнинг Туркистонда “бўла” деган (холаваччани билдирувчи) бир сўз бор. Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” номли романида шу сўзга кўзим тушиб қолиб, қувониб кетдим. Демак, Фарғона водийсида ҳам шу сўз ишлатиларкан. Хоразмда ҳам холаваччани бўла дейишаркан. Демак, бу сўз ўзбекларда азалдан бор экан. Хўш, нима учун ишлатмаймиз? Ахир, бу бизнинг бисотимиз-ку! Бу сўз йўқ, у сўз йўқ, деб нишхўрдга чиқараверсак, “Ўзбек тилининг имло луғати”га ўхшаб ғариблашиб, камбағаллашиб қолмаймизми? Энса, қовға, кегай, ризвон, канор, қанора, декча, омоч, бўйинтуруқ, гупчак, тоқи, ўмиз, зўғата, танав, бўкса, ханик, четан, мўки, жуволдиз, сўнар, қонжиға, қаптал… Ўҳ-ҳў, бунақа истеъмолдан чиқиш арафасида турган сўзлар жуда кўп! Оддий шамчироқ билан замонавий электргача, оддий уриқдан то ҳозирги замонавий ип йигириш дастгоҳларигача, оддий бўз тўқиш дастгоҳидан то тўқимачилик комбинатигача, чайладан ҳозирги кошона уйларгача, икки ғилдиракли қўқон аравадан то ҳозирги замон учқур машиналаргача, омочдан ҳозирги полвон “Кейс” тракторигача… ўтган давр ичида ишлаб чиқаришга оид қанчадан-қанча сўзлар яратилди. Қани улар? Улар халқнинг тилида. Уларни ўрнини топиб ишлатиш, ишлата билиш керак! Бу сўзлар луғатда йўқ. Демак, луғатда йўқ бўлса, у сўзлардан, бойлигимиздан кечиш керакми? Агар буларни билмасак, бир асарда учратганимдек, асарда тасвирлаётган хўрозимиз “Ку-ка-ре-ку!” деб қичқирадиган бўлиб қолмайдими?

Дарвоқе, луғатлар масаласида гап кетган экан, Тил ва адабиёт институтига ҳам баъзи бир истакларимизни айтиб ўтишни лозим топдик. Бошқаларни билмадим, менга тил билан шуғулланувчи олимларимиз жуда майдалашиб кетишганга ўхшайди. Масалан, битта олимдан “Мана бу сўз қайси турга киради?”, деб сўрасангиз, у: “Бу сўз феълга кирса керак, мен равишдош билан шуғулланаман”, деб жавоб беради. Улар, назаримда, тилни нимта-нимта қилиб, бўлиб олишганга ўхшайди; эга билан кесимни – биттаси, иккинчи даражали бўлакларни – иккинчиси, феълни – учинчиси, келишикларни – бошқа биттаси, ундов гап-у, сўроқ гапларни – бошқалари… Бунақада тилда яхлитлик қоладими?

Яқинда икки жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни чиқариб, газеталарда роса мақтандик. Ён қўшнимиз – қозоқ биродарларимиз индамай юриб, ўн икки жилдли изоҳли луғат чиқарди-ку. Ҳар жилди ўттиз-ўттиз беш босма табоқдан. Эшитишимга қараганда, қорақалпоқ дўстларимиз олти жилдли изоҳли луғат чиқараётган экан. Шундай бўлгач, нима учун бизники фақат икки жилд? Нима, бизнинг сўз бойлигимиз уларникига нисбатан камбағалми? Йўқ, бой бўлса бойки, сира ҳам камбағал эмас. Бу фақат эътиборсизлигимиз, ҳафсаласизлигимизнинг оқибатидан бўлса керак, деб ўйлайман.

Хуллас, айтаверса гап кўп. “Инқилобдан кейин тилимизнинг халқ жонли тили билан яқинлашгани адабиётимизнинг улкан ютуғи бўлди”, деган эди устоз Абдулла Қаҳҳор. Шундай экан, ўша қўлга киритган ютуғимизни ғариблаштириб, жонли тилимиздан узоқлаштириб қўйсак, бу жиноят бўлмайдими? Тилимизнинг софлиги ва бойлиги ҳақида жиддий гаплашадиган пайт келди.

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА

038

Таниқли ёзувчи Носир Фозилов 1929 йили Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон туманининг Қорачиқ қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. У Туркистонда ўрта мактабни тугатгач, 1949—1954 йиллар давомида Ўрта Осиё дорилфунунининг филология факультетида таълим олди. Дорилфунунни тугатгандан сўнг, 1955 йилдан бошлаб «Гулхан» журналида адабий ходим, масъул котиб, «Ёш гвардия» нашриётида бўлим мудири (1960—1963), 1963 йилдан эса «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, сўнгра проза бўлимининг мудири, масъул котиб (1970—1972) сифатида фаолият кўрсатди. Ёзувчи ва ношир Носир Фозилов 1972—1980 ва 1984— 1986 йиллар давомида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида катта муҳаррир ва проза бўлимининг мудири сифатида ишлаб келди.  1985 йилда унинг «Шум боланинг набиралари» китоби учун Ғафур Ғулом номидаги мукофот берилди. 1986 йилда эса қозоқ ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржимаси борасидаги фаоллиги учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси Бейимбет Майлин номидаги мукофотга сазовор бўлди. Шунингдек, унга 1990 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони ҳамда 1991 йилда «Устозлар даврасида» асари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилган.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси, ноябрь,2013 йил

http://kh-davron.uz/nosir-fozilov-til-boyligi-el-boyligi.html#more-5268

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“талабалар кубоги – 2018” ғолиблари аниқланди

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида “Заковат” интеллектуал ўйини доирасидаги “Талабалар кубоги-2018” турнирининг 2-минтақавий ...

Ўзбекистонда ўқитувчиларга ўтган дарси учун соатбай ҳақ тўлашнинг янги миқдорлари белгиланди

Умумий ўрта таълим мактаблари педагог ходимларига ўтган дарси учун соатбай ҳақ тўлашнинг янги миқдорлари белгиланди. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар қилди. Олий, биринчи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400