Туркий халқларнинг виждони

Ер аталмиш бизнинг Сайёрамизда Вақт саналмиш буюк Ҳакам, буюк Суворий анчадан бери янаям жадалроқ, аввалгилардан кўраям янаям тезроқ елиб бормоқда. Олам аҳлининг кўпчилиги буни аллақачон пайқаган бўлсада, бунга ҳар ким ўзича ҳар хил тус ва таъриф бермоқда.

Эврил Турон дўстлар даврасида туғилган кунини нишонлади

Гоҳида шошқалоқлик, гоҳида эса, асосан, сабр-бардошларга сингиб кетган Вақтнинг беором елишларида ва ниҳоят энди қандайдир кечиктириб бўлмас бетоқатлик, қандайдир муштоқлик ва қандайдир буюк бир ички ҲАЙҚИРИҚ бордек, назаримда.  Бетоқатликки, адолатсизликларга бўлган, муштоқликки, Ҳаққа бўлган, ҳайқириқки, Асл Ҳақиқатга бўлган интилиш, интилиш ва яна интилиш…

Мен Эврил Турон асарларида Вақтнинг талаб эҳтиёжларига мос, Вақтнинг иштиёқ ва интилишларига хос юксак руҳий ҳамоҳангликни, ҳайқириқни ҳис қиламан.

Асл ёзувчи ҳақиқатни ёзади, жумладан кучли ёзувчилар ҳам. Зеро, Эврил Туроннинг севимли адиби, ўзбек халқининг фахри ва атоқли шоири Шукрулло айтганларидек, “Ҳақни айтмаслик — Хиёнат”.

Ўтган асрнинг 1981 йилида “Шарқ юлдузи” журналида Эврил Туроннинг  миллий руҳ ва  миллат дардига йўғрилган “Ўлмас қоялар” асари эълон қилинади. Ўша даврларда бундай руҳдаги асарни ёзиш учун ҳар қандай ёзувчидан аввало кучли жасорат, чинакам миллатпарварлик, билим ва маҳорат талаб қилинар эди.

Эврил Туронда буларнинг барчаси бор эди. Аммо айрим жиҳатлар ҳатто  бир оз ошиғи билан. Шулар сабаб, асар эълон қилингач, ёзувчининг ҳаёти турли таъқиб ва хавф-хатарлар остида қолади.  Ўша пайтлардаги юрт раҳбари, атоқли миллатпарвар арбоб Шароф Рашидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Одил Ёқубов ва яна адибнинг бир қанча дўстлари кўмаги, сайъи-ҳаракатлари туфайли асарни қайта ёзиш шарти билангина ёзувчининг ҳаёти сақлаб қолинади.

Аммо ўз юрти ва халқи дардида ёниб ёзадиган Эврил Туроннинг кўргуликлари бу билан тугамайди. Таъқиблар давом этади… Ноҳақ туҳмат ва буҳтонлар туфайли эса узоқ йиллик  қамоқ жазоларини ҳам ўташга мажбур бўлади. Эврил Туроннинг қамоқхонада кечган йиллари ҳақидаги асарларини ўқир экансиз, гўё ўлим лагерлари кўз олдингизга келади. Аммо ана шундай зулм, зўравонликлар ҳам ёзувчини ўзининг чин эътиқодидан қайтаролмайди. Аммо инсон дегани буюм эмас, унинг жони темирдан ҳам эмас. Қамоқхона зулмлари Эврил Турон соғлигига жиддий шикастлар етказади. Бироқ қамоқхонада бир амаллаб йўлини қилиб ёзган асарлари адибга куч берар эди.

Ўша асарлардан бири ёзувчининг “Бўз бўри” тарихий романидир. Ушбу роман қўлёзма вариантлари бир неча бор тортиб олингани учун адиб томонидан қайта-қайта ёзилган. Асар ҳам насрий, ҳам  шеърий услубда ёзилган бўлиб, соф турки руҳдаги буюк асардир.

Эврил Туроннинг қамоқхонада ёзган ижод намуналаридан яна бири унинг “Оқ гул” романидир. Асарни ўқир экансиз, унда тасвирланган воқеалар асносида сезгир ўқувчи яна бир муҳим ҳақиқатни ҳам англаб етади. Ўтган асрнинг бошларидан  бошланган  қатағон сиёсати маҳаллий зўравонлар, айғоқчиликка ёлланган, “фақат ўзим бўлай” дегувчи ғаламис, ғайир кимсалар  учун ҳам қурол вазифасини ўтаган ва  ўтаб келмоқда.

(Соф миллий руҳ ва услубни эстрада йўналишига олиб кириб куйлаётган севимли хонандамиз Ҳосила Раҳимованинг ўттизинчи йиллар қатағонларига бағишланган қўшиғини(!), қўшиққа ишланган клип ва қўшиқ матнидаги дастлабки сатрларни эсланг.)

Эврил Турон асарлари енгил ва равон ўқилади. Аммо ундаги турки миллатлар тарихи ва дарди билан қоришиб кетган ҳақиқатлар баёни кишини чуқур ўйга, мушоҳадаларга чорлайди.

Элини манқуртликдан, бутун инсониятни ғафлат ва хавфдан сақлаб қолиш йўлида  бонг уриб ижод қилган ёзувчи Чингиз Айтматов ҳам Эврил  Турон асарларидаги буюк ғояларга катта умид боғлаган эди.

Эврил Турон бадиий асарлар ижодкори бўлиши билан бир қаторда тарихий, фалсафий ва сиёсий мавзулардаги оғир тош босадиган, бир қанча залворли эсселар муаллифи ҳамдир. Шу ўринда мен адибнинг айрим фикрлари билан келишолмай, у билан баҳсга ҳам киришаман…

Аммо кўпчилик эсселаридаги бой билимга эга маълумотлар, мушоҳадалар ҳар сафар менинг адибга бўлган ҳайратимни оширади. Шу ўринда унинг “Афсона ва ҳақиқат” деб номланган эссесига мурожаат этсак.

Эсседа ёзувчи турки халқлар халқ оғзаки ижодига, айнан, унинг бебаҳо намунаси ҳисобланмиш “Алпомиш” достонининг яратилиш асослари ва даврларига ўзгача талқин ва таҳлил билан ёндошади.

Эссе қадим Қўнғирот уруғининг афсонавий фарзанди, ботир ва ёвқур ўғлони Алпомишга ўхшаб кетадиган, Америкада яшаб, ўз юрти Ўзбекистон, янаям тўғрироғи Туркистон ўлкасининг равнақи йўлида жиддий иқтисодий, сиёсий ва маърифий изланишлар, эзгу ҳаракатлар олиб бораётган, замонавий алп қомат йигитлар “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Етакчиси Баҳодир Хон Туркистон ва унинг етти оға-иниси ҳақидаги ҳикоялар билан бошланади.

Эссенинг яратилиш тарихи ҳам Баҳодир Хон Туркистоннинг ташаббуси билан боғлиқ бўлиб, унинг бир мунча баҳсли, мунозарали аммо ўта асосли янгича тарихий версиялари шов-шувга сабаб бўладиган даражада эссенинг тарихий қиймати ва баҳосини ошириб юборган.

Донишмандликка йўғрилган бой сўзлари, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашлар жараёнидаги  мардлик ва ҳалолликдан, хиёнат ва содиқликдан, муҳаббат ва нафратдан, меҳр ва илоҳийликдан куйловчи оҳанглари, гоҳида шўх, гоҳида эса маҳзун термалари билан қалбимнинг қат-қатларигача сингиб кетган “Алпомиш” достонини кўп ҳолларда кўзларимда ёш билан тинглар эканман, ўзимнинг афсонавий Алпомиш элидан, Қўнғирот уруғидан эканлигимни бутун дунёга фахр ила баралла айтгим келади. Ана шунинг учун ҳам эссени ўта қизиқиш ва меҳр билан ўқиб чиқдим. Ундаги янгича фикр ва талқинлар ҳайратимни ва ўзлигимга бўлган фахримни янада оширди.

Сиз ҳам эссени ўқиб чиқинг, азиз замондошим, сизни буюк тарихий кенгликлар кутмоқда!.. Таассуротларимизни эса сўнг яна давом этдирамиз…

Ёзувчининг  энг қадимги Шумер ёзувлари ва маданияти топилмаларига бағишлаб, яқингинада ёзган “Дунё цивилизациясининг бешиги” номли эссеси ҳам том маънода шов-шувга лойиқ асар.

Эссе фақат Эврил Туронгагина хос услубда ўта маҳорат билан ёзилган бўлиб, ундаги бадиий ва фалсафий мушоҳадалардан ташқари, ўта бой тарихий маълумотлар ҳар қандай ўқувчининг билим даражасини оширибгина қолмасдан, уни қадим ўтмиш ҳақиқатлари билан ҳам таништирар экан, ўқувчини инсоний ўзликни англашга чорлайди.

Асар ёзишдан олдин унга пухта тайёргарлик кўриш, ғояларига ва асарига ўзини меҳр билан бағишлаш Эврил Туронга хос маҳорат ҳам фазилатдир. Шу эътиқоди ва хусусияти унинг “Бўз бўри” романида  яққол ўз ифодасини топган.

Асар ақлни шоширадиган даражадаги дунё тарихи, динлар тарихи миқёсидаги, тарихий шахсларга оид  турли билим ва маълумотларга шу қадар бойки, ҳар қандай ўқувчи асарни  ўта қизиқиш билан ўқиши билан бир қаторда ўзининг билим савиясини ҳам оширар экан,  адиб бунча маълумотларни қандай тўплади экан деган савол уни ҳайратлантириши табиий.

Шулардан келиб чиқибми, кўпчилик Америка ва Европалик мухлислари Эврил Туронни ярим ҳазил, ярим чин қилиб “ўзга сайёралик” деб ҳам аташади. Бу гапларда ҳам қандайдир жон бордай.

Ҳа, айтганча,  номи Халқаро Нобель мукофотига тавсия этилган ёзувчилар қаторидан жой олган Эврил Турон асарларининг мухлислари ўз юртидан кўра, асосан, Европа ва Америка мамлакатларида янаям кўпроқ.

Бунга сабаб адиб асарлари ҳали ҳануз ўз юрти Ўзбекистонда, Марказий Осиёдаги қардош элларда чоп этилмаяпти. Зеро, адиб асарлари турки эллар дарди, тарихи ва равнақи йўлидаги буюк ғоялар билан ҳам чамбарчас боғланиб кетган.

Шу ўринда мен Эврил Туронни “Ҳиндистон халқининг виждони” дея эътироф этилган, ҳинд халқининг фахрли фарзанди, ўз миллати дарди йўлида ёниб ижод қилган атоқли шоир ва ёзувчи, Халқаро Нобель мукофоти совриндори Робин Дранат Тагорга қиёслаб, ўзбек халқининг виждони, нафақат ўзбек халқининг, ТУРКИ ХАЛҚЛАРНИНГ ВИЖДОНИ дея атагим келади.

Турли даврларга доир, кенг мазмундаги мавзуларда ижод қиладиган адиб яқингинада бўлиб ўтган таваллуд айёмини ўзининг Ўзбекистондаги дўстлари ва мухлислари иштирокидаги чоғгина, самимий  даврада ўтқазди. Зеро, адибнинг таваллуд айёми нафақат ўзи туғилиб ўсган юрти Ўзбекистон миқёсида, балки Марказий Осиёда ҳам  кенг нишонланишига муносибдир.

Ёзувчининг таваллуд айёми тадбири“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Етакчиси ижод аҳлини ўзгача ҳурмат билан қадрлайдиган, адабиёт ва адибпарвар сиёсатчи Баҳодир Хон Туркистон томонидан ташкиллаштирилди. Баҳодир Хон Туркистон ёзувчининг бир қанча асарларининг Америка ва Европа мамлакатларида чоп этилишига ҳам яқиндан кўмак берган ва ҳомийлик қилган.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимида фаолият бошлаган илк кунлариданоқ, китоб чоп этдириш, аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонлик савиясини янада ошириш, турли соҳадаги ижодкорларга, айниқса, бадиий адабиёт соҳасида ижод қилаётган ёзувчи, шоирларга кенг миқёсдаги шарт-шароитларни яратиб бериш борасида муҳим қарорлар қабул қилди ва ушбу қарорлар юзасидан юртимизда улкан ишлар ва ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Умид қиламизки, тез орада ўзбек ўқувчилари, китобхонлари ҳам Эврил Турон асарлари билан яқиндан танишиб борадилар.

Ҳақ гапни айтмасликни ўзига, элига, ўз ёзувчилик бурчига хиёнат деб биладиган Эврил Турон ҳақида гап кетар экан, ўттиз йиллик қийноқларга тўла қамоқ жазосидан ҳам  Ҳаққа, Ҳақиқатга нисбатан ўз имон, эътиқодидан воз кечмай қайтган шоир Шукруллодан адиб севиб такрорлайдиган қуйидаги сатрларни келтиришни, сизларгада ҳавола этишни айни ўринли ва жоиз деб биламан. Зеро, Эврил Турон ҳам ўн етти йиллик мудҳиш қамоқ йилларидан кейин ҳам ҳақиқатни ёзиб, куйлашдан ҳечам тўхтамаяпти.

Мана ўша сатрлар:

Ахир, менга нега тил керак,    

 Яна ёлғон сўзлаш учунми?

Нега ақл ва юрак керак

Турфа буҳтон ўйлаш учунми?

Лаънатларга ботмай дунёда

Бўлай десанг ҳақиқий инсон,

Ҳусн берма, тил берма менга,

Виждон бергил, виждон бер,

Виждон…

Миллат дарди, турки халқлар дарди ва бирлиги йўлида ижод қилаётган буюк ёзувчимиз Эврил Туронни “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг аъзолари, ташкилотчилари, бизнинг фахримиз ва ишончимиз бўлган раҳбаримиз — етук сиёсатчи Баҳодир Хон Туркистон, шунингдек, ёзувчининг барча дўстлари ва мухлислари номидан таваллуд айёми билан яна бир бор чин қалбдан табриклар эканмиз, севимли ва даҳо адибимизга янгидан янги ижодий зафарлар тилаган ҳолда, Яратганнинг Меҳри ва Мададкорлигини ҳам тилаб қоламиз!

Эврил Турон, ижод йўлларингиз янада гуллаб, яшнайверсин!.. Тангри Сизни ҳамиша паноҳида асрасин!..

Муаллиф: Дилфуза ЛАНГАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда дарахтларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаганлик учун жарималар оширилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун ...

Сурияда ислом инқилоби ҳимоячилари командирларидан бири ҳалок бўлди

Эрон матбуоти Сурияда Ислом инқилоби ҳимоячилари корпусининг командирларидан бири ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилишди. Эрон қуролли кучларининг сараланган қўшинлари Сурия ...

Тошкентда ўсмир йигит ўзидан ёши улуғ кишини ўлдириб, жасадини қудуққа ташлаб юборди

Яшнобод тумани, С.Машҳадий кўчаси, 12-уй ҳовлисидаги қудуқ ичидан фуқаронинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган. Бош прокуратура хабарига кўра, 11 апрель куни Тошкент ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400