Юлдузли тунлар-16

6

Оқиш сувли жўшқин Бурасой Ўш қалъасининг тош ётқизилган пойдеворига бош уриб, кўпириб ўтади. Сойнинг ўнг бетидаги сердарахт маҳаллада мавлоно Фазлиддин бултурдан бери истиқомат қилаётган пешайвонлик мўъжаз бир уй бор. Унинг олдидаги беш-олтита нок ва беҳи дарахтлари ҳозир оппоқ бўлиб гуллаб турипти. Ҳовлининг четидаги бостирмага иккита от боғлаб қўйилган. Бериги ёқдаги оёқлари узун тўриқ қашқа отни анжомлари билан Бобур мирзо инъом этган эди. Мавлоно Фазлиддин подшоҳнинг хос меъмори қилиб тайинланган, унга яхшигина улуфа* белгиланган эди. Бунинг ҳаммасидан мавлоно Фазлиддин ўзида йўқ хурсанд бўлиб юрган эди. Бироқ кейин баъзи бир нохуш хабарларни эшитиб, кўнгли ғаш торта бошлади.
Мавлоно Фазлиддин Андижонда қурмоқчи бўлган катта иморатларини шу бу йил ёздаёқ бошлаш орзусида эди. Бобур мирзо кўрсатган марҳаматлар бу орзунинг рўёбга чиқишига йўл очгандай бўлган эди. Ҳатто Бобур мирзонинг ўзи уни боргоҳда қабул қилиб, қанақа мадраса, қандай хонақоҳ ва кутубхоналар қуриш ҳақида гаплашган, мавлононинг бу ҳақдаги таклифларини маъқуллаган, «Хонзода бегим биз йўғимизда мутасадди бўлурлар, режаларни бутун тафсилотлари билан тузиб, бегимга кўрсатурсиз», деган эди. Иш устида яна Хонзода бегим билан учрашишини ўйлаганда, мавлононинг қалбида қўрқув аралаш ширин бир ҳаяжон қўзғалар эди.


Бироқ Бобур яқинда яна Самарқандга қўшин тортиб бормоқчи эканлиги, давлатнинг бутун кучи шунга кетиб, қурилишлар номаълум вақтга кечиктирилиши маълум бўлди. Агар Бобур Самарқандни ололмай, урушда енгилса, унда мавлононинг барча орзулари ўз-ўзидан пучга чиқади. Агар Бобур Самарқандни олса, табиий, ўша ерда подшоҳ бўлиб қолади. Кейин у Фарғона водийсида катта қурилишлар қиладими, йўқми? Одатда, подшоҳлар қаерни пойтахт қилсалар, ўша ер кўпроқ обод бўлади. Андижон яна пойтахт бўлиши гумон. Демак, мавлононинг бу ерда қилмоқчи бўлган ишлари, барча режалари қум устига қурилгандай омонат.
Ҳозир айвонда эски ҳандаса ва риёзиёт китобларини титкилаб, керакли бир жадвални ахтараётган мавлоно мана шу нарсаларни ўйлаб, таъби тирриқ бўлмоқда эди.
Бир пайт дарвоза устма-уст тақиллади. Бостирмада отларнинг тагини тозалаётган кекса хизматкор ёғоч курагини деворга суяб қўйиб, дарвозага қараб ўтди. Бирпасдан сўнг хизматкор айвоннинг олдига қайтиб келди-ю:
— Мавлоно, бир кимса ҳузурингизга кирмоқчи.
— Ким?
— Кийими увада, ўзи баҳайбат бир йигит. «Жиянлари бўламан», деди, аммо мен сиздан берухсат киргазмадим.
— Жияним? Шошманг-чи! — деб, мавлоно ўрнидан турди. Яланг оёғига чарм кавуш кийиб, ярим очиқ дарвозанинг олдига борди.
Олача тўни ҳам, оёғидаги чанг босган чориғи ҳам йиртилиб кетган новча бир йигит кўзлари ялтираб, кулимсираб унга қараб юрди. Қадам олиши, қараши жуда таниш. Йигит:
— Мулла тоға! — деб қучоқ очганда мавлоно унинг овозини таниди-ю:
— Тоҳир! Тоҳиржон! — деб у билан қучоқлашиб кетди. — Шунча ўлимлардан омон қолган жияним, сени зўрға танибмен. Бу қадар ўзгариб кетибсен! Юзингга не бўлди?
— Э, сўраманг, мулла тоға…
— Майли, юр, аввал дамингни ол. Кейин айтиб берурсен…
Улар айвонга чиқар эканлар, мавлоно Фазлиддин бундан салкам уч йил олдин Қувасой бўйида бўлиб ўтган қонли воқеаларни яна бир эслади. Ўшанда Тоҳирга найза санчган самарқандлик босқинчи уни ўлдирганига шубҳа қилмай кетган эди. Онаси ёлғиз ўғлининг қонига беланиб, жонсизланиб ётганини кўриб, уни «ўлди» деб ўйлаган ва шайтонлаб йиқилган эди, бечора она шу ётганича қайтиб туролмай, эртаси куни вафот этди. Тоҳир эса отаси топиб келган табиблар ва дору дармонлар таъсирида уч кундан кейин ҳушига келди. Найза ўпканинг бир четини кесиб ўтган бўлса ҳам юрак ва жигар каби нозик аъзоларга тегмаган. Тоҳирнинг ёшлиги ва бақувватлиги устун келиб, аста-секин тузалиб кетган эди. Қўни-қўшнилар: «Тоҳирга келган ўлимни онаси ўзига олди-ю, бу тирик қолди», дейишарди. Мавлоно Фазлиддин ўшанда опасининг қирқини ўтказиб келганича, қайтиб Қувага бормаган эди.
— Отанг қалай, бардамми? — сўради мулла Фазлиддин Тоҳирни юқорига таклиф қилиб. Тоҳир чанг босган чориғи билан кўрпачага чиқишдан ибо қилди-ю, пойгаҳдаги шолча устига ўлтирди:
— Отам сизга салом айтиб юбордилар. Мен бир йилча қишлоқда бўлмадим… Қариндошлар «чолнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб турсин», деб бир бева кампирни олиб берибдилар…
Онам раҳматли эсимга тушди-ю, уйда тургим келмади.
Фақат онасининг мусибати эмас, босқинчилар боғлаб олиб кетаётганларида Тоҳирдан нажот кутиб қичқирган Робия ҳам унинг хаёлидан нари кетмайди. Қизнинг ўшандаги нидоси ҳали ҳам Тоҳирнинг қулоғига эшитилиб тургандай бўлади. У бурноғи йили Самарқандгача пиёда бориб келди, йўлларда ўроқчилик қилиб, карвонларга қўшилиб юриб, иложи бўлган жойдан Робияни қидирди, «синглим эди, Султон Аҳмад мирзонинг навкарлари олиб қочиб кетган эди», деб сўроқлади. Аммо ҳеч қаердан дарагини тополмади.
Султон Аҳмад мирзо ўша йилиёқ ўлиб, қўшини тарқаб кетган, бир йил давомида Самарқанд тахтида икки марта подшоҳ алмашинган, кўп тўполонлар бўлиб, ит эгасини танимайдиган аҳволга келган эди. Жиззахлик бир киши Тошкент томонларга чўрилар кўп сотилганини айтиб қолди. Бултур кузда Тоҳир пиёда Тошкентгача борди, яна ҳар жойларда мардикорлик билан кун ўтказиб Робияни сўроқлади, аммо ҳеч натижа чиқмади. Замона нотинч, юрт алғов-далғов, ҳаёт ҳамма жойда худди лойқалатилган дарёга ўхшаб оқади. Робияни топиш — лойқа дарёга тушиб кетган гавҳарни топишдек қийин эканини Тоҳир ич-ичидан сезар эди-ю, барибир умидини узолмас эди. Мавлоно Фазлиддин Тоҳирнинг гапларидан шуни пайқаб:
— Жияним, сен ўша бечора қизни ҳали ҳам унутолмай икки йил излаганинг —жуда ажойиб бир дилинг борлигидан далолат берур. Мен сенинг садоқатингга тан бердим! Аммо сен энди ўзингга ҳам жабр қилмаслигинг керак. У қиз тақдирида борини кўргай. Агар тирик бўлса, балки… биров унга уйлангандир. Балки фарзандлик ҳам бўлганлар. Ахир уч йил уни тек қўйишлари мумкинми? Сен ўзинг бир ўйлаб кўргин…
— Мен бунинг ҳаммасини аллақачон кўнглимдан ўтказганмен, мулла тоға… Фақат мен у қизнинг олдида ўз гуноҳимни ювмоқчимен, холос.
— Қайси гуноҳингни?
— Ўшанда Робияни Андижонга қочирмоқчи бўлганларида мен Қувада олиб қолганмен. Агар Андижонга кетганда бу фалокат бўлмас экан.
— Сен нима бўлишини қайдан билибсен, жияним?
— Ҳар қалай, мен уни топиб, шу гуноҳимни ювмагунимча тинчиёлмаймен. Робия, сиз айтгандек, уйлик-жойлик бўлиб, тинчиб кетган бўлса, унда… майли… Тақдирга тан берурмен.
Агар ҳали ҳам нажот излаб, мени кутиб юрган бўлса-чи? Ахир мен уни унутолмай юрибмен-ку? Унга ҳам мен керак бўлсам-чи?
Мавлоно Фазлиддин бош чайқаб:
— Дил дардига даво йўқ экан-да, — деди ва мавзуни ўзгартирди: — Йўқлаб келибсен, энди меҳмон бўл. Қани, дастурхонга қара…
Тоға-жиян бирга ўлтириб ширчой ичдилар. Кейин мулла Фазлиддин Тоҳирнинг кийим-бошларига яна бир кўз югуртирди-ю:
— Жияним, тоғанг ҳозир хийла бадавлат, — деди қўйнига қўл солиб, боғичи попукли қора чарм ҳамён олди. У ҳамённи очиб, жиянига бир нечта олтин танга олиб бермоқчи эди. Ҳамён тезда очилавермагач, мавлоно уни очмасдан жиянига узатди. — Ма, Ўшнинг расталарига чиқ, бугун жума, мол кўп, ўзингга керакли кийим-кечак ол.
Тоҳир ҳамённи олмай туриб деди:
— Йўқ, мулла тоға, менга ўзингиз санаб, қарз беринг.
— Ҳа, хўп, қарз! Ўзинг керагича ол, пулдор бўлганингда қайтарурсен.
— Ундай бўлса, майли.

Тоҳир ҳамённи қўйнига солиб чиқиб кетганича пешин кечроқ оёғига янги аскарий этик, бошига мўғулча бўрк кийиб, чакмонга ўхшаш дағал юнгли дағалани елкасига ташлаб келди. Унинг қўлида қини эскириб кетган арзон бир қилич ҳам бор эди. Мавлоно Фазлиддин ҳайрон бўлиб:
— Нечун бундай кийимлар олдинг? — деди. — Қилични не қилурсен?
— Мулла тоға, ёлғиз саргардон бўлиб юриш менинг жонимга тегди. Энди Самарқандга Бобур мирзонинг қўшини билан бирга бормоқчимен.
— Сарбоз бўлибми?
— Ҳа, тавочилар аскарликка одам олаётган эмишлар…
Жияни Ўшга ҳам шу ният билан келганини мавлоно Фазлиддин энди сезди-ю, ундан қаттиқ ранжиди.
— Жинни бўлибсен, Тоҳир! Ҳамма урушдан қочса, сен бу аждаҳонинг комига ўз ихтиёринг билан бормоқчисен! Бир марта найза еб, ўлимдан қолганинг озмиди?
— Мулла тоға, ундан кейин мен яна неча ўлимлардан қолганимни сиз билмайсиз. Тошкентда бир мўғул беги бечора косибнинг қизини зўравонлик билан тортиб олмоқчи бўлганда мен чидаб туролмадим. Орага тушганим учун мана, юзимда ўша бекнинг ханжа-ридан чандиқлар қолди.
— Замона зўрникилигини ҳали ҳам билмайсенми?
— Билганим учун мен ўшандай зўрлар билан зўр қўшиннинг сафида туриб олишмоқчимен, мулла тоға. Мен кўп юртларни кўрдим, турли одамлар билан бирга ишлаб, бирга юрдим. Бобур мирзонинг табиати покиза, кўнгли тийрак эканини кўп одам билар экан. «Атрофдаги подшоҳлардан яхшилик чиқмаса ҳам Бобур мирзодан бир ёруғлик чиқар», деб умид қиламен.
Мавлоно Фазлиддин ерга қараб:
— Қайдам, — деди. — Бобур мирзо ҳали ёшлар. Мен ҳам шу зотга умид боғлаган эдим… Лекин яна уруш, қон… Ҳаммамиз тун зулматидай интиҳосиз бир қоронғилик ичида юрибмиз.
Мамлакат пароканда, золим тождорлар қон устига қон тўкурлар. Бобур мирзонинг атрофидаги беклар ҳам раҳм-шафқатни унутмишлар. Муҳит шундоқ ғаддор бўлгач, сен ҳам ёмон беклар хизматида юриб, ўзингга ўхшаш жабрдийда заҳматкашларнинг кушандасига айланмасмикинсан, жияним?
— Ишонинг, мулла тоға, мен ёмон бекларнинг зулмига иложим борича қарши тургаймен!
— Бобур мирзо ҳукмдор бўла туриб даф қилолмаган адолатсизликларни сен нечун даф қилурсен?
— Балки Бобур мирзонинг мендек навкарлари бўлмагани учун даф қилолмагандирлар? Балки у зотга мен керакдурмен, мулла тоға! Мен ўзим учун шундан маъқул йўл тополмадим. Ёлғиз яшашимнинг маъноси қолмади. Не қилай?
Мавлоно Фазлиддин жиянининг юзига тикилиб қаради-ю, уни ниятидан қайтариб бўлмаслигини сезди. Тоҳир бундан уч йил олдин Қувасой кўпригини бузиб, ёв қўшинига катта талафот келтирган пайтларда тарих дарёсининг қудратли оқимига тортилмаганми-ди? Энди умрбод ўша оқимдан чиқолмасдан, тарихий воқеаларнинг ичида юришга маҳкум этилганмикин? Ҳар қалай, жиянининг сўнгги гаплари мавлонони ўйлантириб қўйди. У бирпас жим тургач:
— Тавочига учрадингми? — деди.
— Учрадим. «Отинг йўқ экан, пиёда қўшинга оламиз», деди. Мен пиёда юриб ўрганиб қолганмен, мулла тоға.
— Аммо жангда энг кўп талафот пиёдалар орасида бўлур, буни билурсенми?
— Майли-да, қирқ йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўлгай.
— Бас!
Мулла Фазлиддин бу ҳақда бошқа гаплашмади. Эрталаб нонуштадан кейин хизматкорига айтиб, бостирмада турган ҳар иккала отни ҳам эгарлатди. Тоҳирга оёқлари узун жийрон отни кўрсатиб:
— Сен мана шуни мин, — деди. — Мен сенинг пиёда аскар бўлишингни ўзимга муносиб кўрмасмен.
Мулла Фазлиддин ўзи Бобур инъом қилган тўриқ қашқани минди. Сўнг икковлари Бобурнинг қароргоҳига отлиқ йўл олдилар.
Одатдагидай, Бобур ҳузурига кириш учун эшик оғадан рухсат олиш керак. Тоға-жиян саккиз бурчакли улкан оқ ўтовдан берироқда отлиқ келаётган Қосимбекни кўрдилар ва унинг ҳурматига отдан тушиб қўл қовуштирдилар.
— Жаноби амирул умаро, жияним ҳам Бобур мирзога содиқ хизмат қилиш орзусида келди, — деди мавлоно Фазлиддин. — Ижозат берсангиз, амирзоданинг ҳузурига кирсак.
— Амирзодам ҳозир беҳад банддир, мавлоно. Балки илтимосингизни менга айтурсиз?..
— Жияним Тоҳир… амирзодамнинг хос навкарлари қаторига олинишини ўтиниб сўрамоқчи эдим.
Қосимбек Тоҳирнинг барваста гавдасига ва юзидаги чандиққа қаради-ю:
— Йигит, аскарий хизматда бўлганмисен? — деди.
Қосимбекнинг «сенсираб» гапиргани Тоҳирга унча ёқмади. Лоқайд товуш билан:
— Ҳали бўлган эмасмен, — деди.
Мавлоно Фазлиддин орага тушди:
— Жаноби амирул умаро, жиянимиз асли деҳқон бўлса ҳам, лекин табиатида жанговарлик бор. Эсингизда бўлса, Қуванинг кўпригида ёғийларимиз жуда катта талафот кўриб, ўзлари сулҳ таклиф қилган эдилар. Ўшанда бизга ғалаба келтирган азамат йигитларнинг бири — мана шу Тоҳир!
— Ғалаба келтирган?! — ишонқирмай сўради Қосимбек. — Қандай қилиб?
Мавлоно Фазлиддин Қувада ўз кўзи билан кўрган воқеаларни Қосимбекка қисқача сўзлаб берди. Унинг ҳикоясига қараганда, жанговар беклар ва навкарлар эплай олмаган ёвнинг белини оддий «ялангоёқлар» синдирган бўлиб чиқарди. Қосимбек бунга ишонгиси келмади.
— Қувада ғалабани тангрим ўзи бизга инъом қилган, мавлоно! — деди Қосимбек.
Бу гапга қарши чиқиб бўлмас эди.
— Албатта, буларнинг кўнглига шу ишни худо ўзи солган. Лекин ўшандаги жасорати учун ёғийлар Тоҳирга найза санчиб, уни оғир ярадор қилдилар. Жияним нақ бир ўлимдан қолди, жаноб Қосимбек!
— Шундоқми? — деб Қосимбек энди Тоҳирга илиқроқ назар билан қаради. — Самарқанддаги ёғийларимизда қасдинг борми, йигит?
— Ҳа, ўчим бор.
Қосимбек кетида сукут сақлаб турган тавочига ўгирилди:
— Бу йигитни Чилмаҳрам тоғи этагида аскарий машқ ўтказаётган навкарлар қаторига қўшинг!
— Сўнг у мулла Фазлиддинга изоҳ берди. — Жиянингизнинг машқи етилсин, ҳарбий муомалани ўргансин. Ундан сўнг амирзодам лозим кўрсалар, хос навкарлари қаторига олурлар. Тоҳир мавлоно Фазлиддин билан қучоқлашиб хайр-лашди-да, отига минди ва тавочининг кетидан Чилмаҳрам тоғига қараб йўл олди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* У л у ф а — маош ва тураржой.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ёзувчи эврил туроннинг “ой нури” асари ҳақида

Мен "Ой нури" номли воқеавий романни куни кеча ўқиб тугалладим. Она юртга тенгсиз муҳаббат, чексиз, ҳатто, баланд тоғлар каби виқорли садоқат билан ёзилган ушбу асари учун ...

Юлдузли тунлар-59

Мавлоно Фазлиддин саркор бўлиб, Боғи Майдоннинг кўмилган ариқларини қайта кавлатишда, қуриган дарахтларни олиб ташлаб, ўрнига майса ва гуллар ўстиришда, Чиннихонани таъмирлаб ...

Қоронғи кунлар

2. ҚОРОНҒИ КУНЛАР Отабек Марғилондан қайтиб келгандан кейин ўн кунлар ўтказиб уста Алимдан бир хат олған эди. Уста Алим хатида қутидорға учрашқанини ҳамма ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400