Йилнинг мурувватли аёли

Куни кеча 21.12да Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида  турли йўналишдаги ўн беш хил номинация бўйича “Йил аёли” кўрик танлови бўлиб ўтди.

Синфдошларимни, мактабдош дўстларимни ҳозиргача  соғинаман. Эсимга тушиб қолишганларида  жуда  қумсайман. Кўришиб қолган пайтларимизда  эса  озгина бўлсаям  беғубор болалик йилларимизга, мактаб бағридаги ўқувчилик  даврларимизга қайтгандек бўламиз. Бир – биримиз ҳақимизда яхши гаплар эшитсак қувонамиз.

Яқинда оиласи билан пойтахтда ишлаб, яшаб келаётган синфдош қизларимиздан бири телефон қилиб қолди ва синфдошларимизга оид янгиликлар сифатида Нодира исмли қизимизнинг “Йил аёли” номли  вилоят миқёсидаги кўрик танловда қатнашишга лойиқ топилгани ҳақидаги янгилик билан мени таништирди.

Ўша куни кечки пайт ютуқлари билан табриклаб қўйиш учун Нодирага телефон қилдим. Аммо бафуржа гаплашишимизнинг иложи бўлмади. Нодира менга уйида эмаслигини, қишлоқлар бўйлаб,кам таъминланган оилаларга  мурувват ёрдами сифатида ўзи етиштираётган паррандачилик маҳсулотларидан тарқатиб юрганини айтди. Бу нарса бир неча кунлаб давом этди. Ҳар сафар Нодира менга ё ўзининг болалар уйида эканлигини, ё бўлмасам, бирон кам таъминланган оиладан эндигина уйига қайтаётгани ҳақида гапирарди.

Куни кеча ва ниҳоят ўзи телефон қилиб қолди ва менга “Йил аёли” кўрик танловининг “Мурувватли  аёл” номинацияси бўйича ғолиб деб топилганини сўзлади. Очиғи, синфдошим билан жуда фахрландим ва у ҳақда мақола ёзмоқчи эканлигимни билдирдим.

Нодира менга Бирдамлик Халқ Демократик Ҳарактининг  “Мулкдор”  саҳифасидаги мақолаларни қизиқиш билан кузатиб боришини айтиб, ўз фаолияти ҳақида гапириб бериш билан бирга, кўрик танловда сўзлаган нутқининг матнини ҳам Интернет орқали жўнатиб юборди.

Кўпчиликка ўрнак бўлишга арзийдиган тадбиркор синфдошим Нодира Нортошованинг нутқини Сизларга тўлиқ баён этишни жоиз деб билдим. Мана ўша ҳаяжонли дамларда сўзланган нутқ:

“Ассалому алайкум, азиз юртдошлар, ҳурматли тадбиркорлар, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш йўлида элим деб, юртим деб, ёниб ишлаётган, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев фармон ва қарорларини сидқидилдан қўллаб – қувватлаётган, демакки, халқимиз фаровонлиги йўлида виждонан меҳнат қилаётган ташкилотчи ходимлар, юртимиз раҳбарлари!

Авваламбор, шу бугунги муҳим тадбирда қатнашиш, Сизлар билан дийдорлашиш, кўпчиликнинг ичида ўз сўзларимни айтиш бахти берилган мана шу дақиқа ва лаҳзалар очиғини айтсам, мен учун жуда ҳаяжонли…

Менга билдирилган бундай ишонч ва имкониятни бир томондан Яратганнинг саҳовати деб билсам, яна бир томондан эса Яратганнинг синови ҳам деб қабул қиляпман.

Чунки мен ўзимнинг хусусий тадбиркорлик фаолиятимни расман мана шу йили жорий  2017 йилдан бошладим. Гарчи, қарийиб ўн беш йилдан буён ўз оилавий муҳитимда паррандачилик билан шуғулланиб келаётган бўлсамда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг йил бошида вилоятимизга ташриф буюриб, воҳада аҳоли ўртасида тадбиркорликни янада  ривожлантириш, айниқса, аёл тадбиркорлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб – қувватлаш ҳақидаги таклиф ва ташаббуслари мени бениҳоя руҳлантириб юборди. Шунга кўра мен ўз хусусий корхонамни очдим.

Ушбу фахрли фаолиятга киришишимда туманимиз Хотин-қизлар Қўмитаси раиси Фотима Кароматованинг кўрсатган йўл-йўриқлари, қўллаб-қувватлашлари муҳим масъулиятларни зиммамга олиб, иш бошлашимда менга яқиндан ёрдам берди.

Ўз уй шароитимда етти юздан ошиқ курка, етти юздан ошиқ товуқ етиштириб, боқиб, кўпайтираётган бўлишимга қарамасдан, туманимизда жорий йилда бошланган муҳим жараён пиллачилик соҳасида ҳам фаолият юритиш, ўзимни синаб кўришга қарор қилдим.

Буни қаранки, “Иш бошловчиларга омад ҳамиша ёр бўлади”, деганларидек, пиллачилик соҳасида илк бор иш бошлаган бўлишимга қарамасдан, режани туманда биринчилардан бўлиб, муддатидан олдин бажардим.

Менинг пилла ғумбакларим йигирма тўрт кунда эмас, йигирма икки кунда пилла ўрашни бошлашган эди. Ушбу жараён туманимиз ҳокимияти раҳбарлари учун кутилмаган зўр қувончли воқеа сифатида қабул қилинган бўлса, мен учун эса чинакам мўъжиза эди.  Чунки, гарчи ўзим пилла етиштираётган бўлсамда, пилла етиштирилиши жараёни билан биринчи бор танишишим эди. Ушбу соҳага меҳрим ва қизиқишим янаям ортди.

Азиз ҳамюртлар, ҳурматли туманимиз раҳбарлари! Фурсатдан фойдаланиб, яқин келажакдаги ўз мақсад ва режаларим билан ҳам Сизларни қисқача таништирсам.

Мен паррандачилик, пиллачилик билан бир қаторда чорвачилик, деҳқончилик ва боғдорчилик билан ҳам шуғулланмоқчиман. Бунинг учун менга биринчи навбатда ер керак бўляпти. Шу пайтгача уч ярим гектарь қаровсиз, ташландиқ ерни олиб, унга меҳр билан қайта ишлов бердим, арпа, буғдой экиб, ҳосил етиштирдим ва олдинги эгалари томонидан ҳеч нарса етиштириб бўлмайдиган унумсиз ер дея ташлаб кетилган ерни аслида серҳосил, унумдор ер эканлигини исботлаганимда эса олдинги эгалари яна қайта даъво ҳам қилиб чиқишди. Суд натижаларига қарамасдан ушбу ерлар ҳалигача менинг номимга расмийлаштирилмаган.

Ҳурматли туманимиз раҳбарлари, ташкилотчилари! Фаолиятимни янада кенгайтиришим, янги иш ўринлари очишим, юртимизда олиб борилаётган   иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш йўлида ўз ҳиссамни қўшишим учун менга зарур шарт – шароитларнинг яратилишида яқиндан кўмак беришларингизни илтимос қиламан.

 Шу ўринда, юқорида таъкидлаганим туманимиз Хотин-қизлар Қўмитаси раиси Фотима Кароматовага ва ташландиқ ерни менга ишлов бера олишимга ишониб  топширган туманимизнинг собиқ раҳбари  Рашид Муҳаммадиевга  ва  ҳозирги туман ҳокимимиз Фахриддин Дўстмуродовга ҳам  шу пайтгача эришган ютуқларимда менга яқиндан ёрдам беришганлари ва қўллаб –  қувватлаганлари учун ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман.

Шунингдек, оғир кунларимда менга ҳамиша елкадош бўлиб келган, доимо мени тушуниб, мени қўллаб ва менга суянчиқ бўлиб келаётган турмуш ўртоғимга, яъни, суюкли фарзандларимнинг отасига, айниқса, ўз дуолари ва меҳри билан менга доимий руҳий мадад бериб келишаётган ота – онамга ҳам ўз таъзим ва ташаккуримни изҳор этаман!

Қадрли юртдошлар, мустақил Ўзбекистонимиз иқтисодий тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлида,  ўтиш даврининг турли зиддиятли қийинчиликларини ҳам бошидан кечирмоқда.

 Аммо юртимиз худо назари тушган юрт. Тўрт фасл ҳам мужассам мамлакатимизда, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган албатта муваффақиятга эришади.

Ўзга юртларда ватан соғинчи, оиласи меҳрининг етишмовчилигидан қийналиб юрган ватандошларимга, ёки ишсизлик ва пулсизликдан ночорликда кун кечираётган юртдошларимга қарата ҳеч қачон умидсизликка тушманг ва вақтингизни, умрингизни беҳуда ўтказманг, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар мақсад ва мазмунига қулоқ тутинг ва жараёнларда фаол қатнашинг дегим келади. Зеро, халқимизда шундай нақл бор: “Интилганга толе ёр”.

Президентимиз фармон ва қарорларидан оқилона фойдалана билсак, аввало Худо ва сўнг юртбошимизнинг ўзи бизни қўллайди. Биз ҳам ўз таклиф ва ташаббусларимиз билан чиқиб, янгиликларга интилиб меҳнат қилсак,   ҳам оиламиз, ҳам юртимиз фаровон бўлиб, гуллайди.

Ҳурматли ва азиз ватандошлар, фурсатдан фойдаланиб барчангизни кириб келаётган янги 2018 йил билан чин қалбдан самимий қутлайман ва янги йил юртимизга фаровонлик ва файз барака олиб келишини тилаб, тадбиркорлик фаолиятининг юртимиз бўйлаб, янада кенг қулоч ёйиб ривожланишини ният қилиб қоламан. Зеро, “Тадбиркор —- элга мададкор”.

Жамики эзгу ният ва амалларимизда муваффақиятлар ёр бўлсин! Қадрли юртдошлар, азиз инсонларим, Сизларга барчаси  учун ташаккур!..”

 Ҳа, юртимизда Нодира Нортошова  каби тадбиркорлар  янаям кўпаяверсин…

  Муаллиф: Дилфуза ЛАНГАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мирзиёев: “қора рўйхатдан чиқарилганларга уй берилсин”

Президент Шавкат Мирзиёев қора рўйхатдан чиқарилган диндорларга муносиб иш, арзон кредит ва уй-жой билан таъминлаш кераклигини айтган. Урганчда гапирган Президент "йўлдан ...

Орландода дарахт экиш хизмати

Тасодифан жуда қизиқ нарсага дуч келиб қолдим. Орландо шаҳри расмий сайтида “Tree Programs” (Дарахтлар билан боғлиқ дастурлар) деган бўлимча бор экан. Бу бўлим шаҳар ...

Дурадгор келиннинг оиласи

Эрта  тонгдан телефоним жиринглади. Ҳамкасбим Малоҳат Абдуллаева телефон қилаётган экан. У икки кун олдин айтган сўзини такрорлади: ”Илтимос, Жиззах шаҳар судига келиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400