Жамшид Каримов: “Қабоҳатнинг чегараси йўқ экан” (2-қисм)

Улуғбек Бакир суҳбатлашди

Улуғбек Бакир: Хуршид Каримовнинг қамоқдан кейинги ҳаёти қандай кечди?

Жамшид Каримов: Кенжа амаким Хуршид Каримов (1941-2010) қамоқдан озод бўлиб келганидан кейин қаттиқ аламзада бўлиб қолганди. Тўғри, у ноҳақдан қамалган, сиёсий маҳкум эмасди. Лекин, у ҳаммадан хафа эди. Онамни эса, ҳурмат қиларди. Умуман, Санобар бувимдан ташқари ҳамма амакимлар ва аммам онамни яхши қабул қилишарди. Фақат бувим онамни ёқтирмасди.

Улуғбек Бакир: Онангиз рус бўлгани учунми?

Жамшид Каримов: Ҳа, ҳа, айнан шундай. Отам қайнонаси, яъни онамнинг онаси, бувим билан бирга яшарди. Евгения бувимнинг қўли гул аёл эди. Болаларга энагаликда ҳам устасифаранг эди.

Хуршид амаким қамоқдан қайтиб, иккинчи марта уйланди. Уни шу хотини боқарди. Биринчи тожик хотини Илмиядан бир қизи бор. Улар биргаликда икки йил яшаб, ажрашганди. Аслида Хуршид амакимнинг характери жуда оғир  бўлган. Уни устига маъшуқабоз ҳам эди. Кўп ароқ ичарди, кўп тамаки чекарди. Ўпкаси ҳам чириганди. Ўзи азалдан сурункали ўпка ялиғланиш касаллиги билан оғрирди. Боз устига, олти йиллик қамоқ мадорини қуритиб бўлганди. Қамоқдан қариб-қартайиб, бир оёғи ишламай, чол бўлиб келди. Қолаверса, болалигида дарахтдан йиқилиб, умуртқаси синган. Шундан кейин букри бўлиб қолганди. Шунга қарамай, қамоқдан аввал бақувват ва анча-мунча нарсага синадиган одам эмасди. Руҳи жуда тетик эди. Лекин, баджаҳллиги ҳам ўзига яраша бўлган. Кўп китоб ўқирди. Катта кутубхонаси бўларди.

Умуман, Каримовлар хонадонида китобга меҳр ўзгача бўлган. Китоб кўп ўқишарди. Фақат аммам ўқимишли бўлмаган, оддий ишчи эди. Оиланинг асосий бойлиги бу китоб эди. Биргина отамнинг шахсий кутубхонасида ўн мингга яқин китоб бўлган. Афсуски, отамдан мерос қолган бу китобларни тутқунликда бўлганимда хотиним пуллаб юборибди. Ҳозир менда жуда оз китоб қолган. Бир қисми Алишер акамнинг уйида ҳам сақланиб қолган.

Китобларнинг аксарияти қадимги ноёб китоблар эди. Ҳозир ёнимда “Анна Каренина” (Лев Толстой романи – У.Б.)нинг 1878 йилда босмадан чиққан биринчи нашри турибди. Иш столим устида онамнинг отаси, бобомдан мерос қолган 1893 йилда Санкт-Петербург матбааси рухсати билан Тошкентдаги Коменский нашриётида босилган “Қуръон” ҳам бор. Фирдавсийнинг 1925 йилда нашрдан чиққан “Шоҳнома” асари ҳам бор эди. Ҳатто, 1936 йилги Зиновьев таҳриридаги “Шоҳ Никколо Макиавелли” ҳам кутубхонамизнинг кўрки эди. 1910 йилда академик Венгеров таҳрири остида нашр этилган “Пушкин” ҳам бор эди…

Улуғбек Бакир: Каримовлар оиласидаги саккиз фарзанднинг ҳаммаси олий маълумот олганми?

Жамшид Каримов: Ҳа, фақат Меҳринисо аммамдан бўлак ҳамма оға-инилар олий маълумотли бўлишган. Улар жуда камбағал оиладан бўлишларига қарамай, ўз кучлари билан ҳеч бир порасиз, жуда оғир иқтисодий қийинчиликлар билан ўқишган. Масалан, отам Арслон Каримов (1931-1989) 1950-йилларнинг бошида жуда қийинчилик билан ўқиган. Шу даражада қийналганки, ҳатто пойабзали чириб, йиртилиб кетганидан уни сим билан боғлаб олган. Шу тарзда ўқишни битириб, 36 йил судья лавозимида ишлади. Ислом Каримов (1938-2016) ҳам шундай қийинчиликлар билан таҳсил олган. У Тошкентда ўқиб юрган пайтида, 50-йилларнинг охирида онамга телеграмма юборган.

“Қадрдоним Маргарита! Илтимос, кўмагингизга муҳтож бўлган, ночор талабага ёрдам беринг! Очликдан жуда қийналиб кетдим. Ислом.” (Рус тилидан эркин таржима – У.Б.).

Онам ўша пайтларда Каримовлар хонадонига янги келин бўлиб тушганди. Ўзи ҳам талаба бўлишига қарамай, қайнукаси Ислом Каримовга пул юборган эди.

Улуғбек Бакир: Ҳа, у пайтларда ҳаммага қийин бўлган, оғир дамлар эди. Жамшид ака, суҳбатимизнинг 1-қисмида Ислом Каримовнинг опаси, акалари ва укаси ҳақида атрофлича гаплашган эдик. Келинг, энди уларнинг оиласи ва фарзандлари тақдири ҳақида суҳбатлашсак. Каримовлар оиласининг тўнғич фарзанди Меҳринисо Каримовадан бошласак.

Жамшид Каримов: Меҳринисо (1921-1986) аммамнинг биринчи турмуш ўртоғи Мустафоқул Эшонқулов 1941 йили урушга кетиб, Украина фронтида ҳалок бўлади. У “политрук” (ҳарбий қисм қўмондонининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари- У.Б.) бўлган. Уларнинг ягона фарзанди Илҳом Эшонқулов 1939 йилда туғилган. У Россияга ўқишга кетиб, Надежда исмли рус қизига уйланиб, Волгоград (1925 йилдан 1961 йилгача Сталинград -У.Б.)да қолган. Унинг икки ўғли бор, Владимир ва Темур. Мен улар ҳақида жуда оз биламан. Володя 1961 йилда туғилган, у нейрожарроҳ шифокор. Темур эса, замонавий технологиялар бўйича етакчи мутахассис.

Илҳом акам билан баъзан учрашиб турардик. У ҳам менга ўхшаб ўрислашиб кетган. Умрининг охирги йилларида жуда қаттиқ оғриган. Ошқозонида яраси бор эди. Кейин инфаркт ҳам бўлди. 1986 йили 47 ёшида шу дард билан вафот этди. Унинг вафоти аммамнинг ҳам ўлимига сабаб бўлган. Аммам бир ўзи ёлғиз яшарди. Кутилмаганда ўғлидан инфарктга чалингани ҳақида хат олганидан кейин ҳеч қанча ватқ ўтмай, ўша йили қазо қилади.

Меҳри аммамнинг иккинчи тожик эри, профессор Бобохўжа Қорахўжаев Самарқандда машҳур педиатр шифокор бўлган. Институтда дарс ҳам берарди. Бобохўжа поччам самимий, меҳрибон инсон эдилар. Болага бир боқиб, касалини шу заҳотиёқ айтиб берадиган даражадаги малакали доктор эди.

Поччам биринчи оиласидан ажраб, 40 ёшлардан ўтган бева аммамга уйланган. Бу никоҳдан уларнинг фарзанди бўлмаган. Улар Самарқанднинг Регистон яқинидаги Комаров кўчасида яшашган.

Улуғбек Бакир: Ҳа, айтганча, Каримовлар яшаган бобонгизнинг уйи қаерда жойлашган?

Жамшид Каримов: Регистон майдони ёнидан торгина йўллар билан борадиган “8 март” кўчасида. Бу қадим ҳовлидан Ислом Каримовни сўнгги манзилга кузатишди.

Эҳ… Ҳаёт жуда ажойиботларга бой! Ислом Каримов аслида бу ҳовлини ёқтирмасди. Жуда кам келарди. Уни асосан, бобомдан кейин бувим тарбиялаб, вояга етказган. У эса, онасини унутганди. Каримовнинг онаси, Санобар бувим ўлимидан аввал тўшакка михланиб қолди. Иситмада куйиб ётарди. Аввал айтганимдек, бу бемеҳр Ислом Каримов шунда ҳам онасидан хабар олгани келмаган. Мен бир рус муҳандисини биламан. У Ўзбекистондан жуда олисдаги Нижний Новгородда яшарди. Унинг кекса опаси Самарқандда қаттиқ бетоб бўлиб, ётиб қолди. У Россиядаги барча ишини ташлаб, икки ой опасига қаради. Опаси вафот этганидан кейин маросимлари ўтгунча Ўзбекистонда бўлди. Шуларни кўриб, ҳайратдан ҳар гал ёқамни ушлайман.

Ислом Каримов 80-йилларда Андропов,Черненко, Горбачёв (СССР раҳбарлари – У.Б.) замонларида Самарқандга, отамаконига келмаган. Шундай нақл бор: “Инсон кўкка бўй чўзган сари совиб бораверади”. Ислом Каримов ҳам юқори поғоналарга кўтарилгани сайин йилдан-йилга яқинларини унутиб бораверди…

Улуғбек Бакир: Меҳринисо аммангиздан кейинги Омон амакингиз оиласи ҳақида нималарни биласиз?

Жамшид Каримов: Катта амаким Омон Каримов (….-194?)нинг хотини ҳақида ҳеч нарса билмайман. Унинг бир ўғли бор Азим Каримович Омонуллаев. У аслида Азим Омонуллевич Каримов бўлиши керак. Билмадим, негадир исмлари ўрнини алмаштириб олган. Азим акам 1953 ёки 1954 йилда туғилган. Самарқандда яшайди. Эшитишимча, ҳозирги янги ҳукуматда ҳам унинг обрўси баланд. Бир қарашда у пок одамдек… Улуғбек, яхшиси, у ҳақда ҳозирча гапирмаганим маъқулроқмикан?

Улуғбек Бакир: Ўзингиз биласиз, Жамшид ака, истасангиз гапиринг, истамасангиз йўқ.

Жамшид Каримов: Амакиваччам Азим Каримович ҳақида айтишим мумкинки, 1992 йилда Ислом Каримов Самарқандга келганида унинг елкасига қоқиб “бу менинг севимли жияним”, деган. Азим ака ҳам мутахассислиги бўйича савдогар (товаровед). Охирги иш жойи Самарқанд “облпотребсоюз” (вилоят истеъмолчилар уюшмаси – У.Б.) бўлган. Ҳозир нафақада, сокин, осойишта ҳаёт кечирмоқда. Унинг ҳам хотини тожик.

Азим ака ота-онасидан эрта ажраб қолган. Уни Меҳри аммам ва онам тарбиялаганлар. Ҳеч қачон безори, тўполончи бўлмаган. Покиза, одобли бола бўлиб ўсди. У ўқимишли, тўғрисўз инсон. Менга ҳам кўп китоблар берарди. Унинг икки ўғил ва бир қизи бор. Хотини тўғрисида билмайман. Улар билан алоқамиз узилган.

Улуғбек Бакир: Тушунарли. Айтганча, Самарқанддаги ҳовлида ҳозир ким яшайди?

Жамшид Каримов: Каримовларнинг ота ҳовлисидами?

Улуғбек Бакир: Ҳа, айнан ўша ҳовлида.

Жамшид Каримов: Билишимча, Ислом Каримов вафотидан кейин бу ҳовли уй-музей бўлган. Мен бу уйда 1995 йилдан бери бўлмадим. Ўша пайтларда кенжа амаким Хуршид Ғаниевич нуроталик хотини Муҳаббат келинойим билан бу ҳовлида яшарди. У Наманган турмасидан қайтиб келганидан кейин, аввал айтганимдек, иккинчи марта шу аёлга уйланади. Ислом Каримов вафотигача ҳам у ерда Хуршид амакимнинг оиласи яшарди. Улар 90-йилларнинг ўрталарида ўғил фарзанд кўришади. Исмини бобомнинг шарафига Абдуғани, деб қўйишади. Ҳозирда бу кичик Абдуғани Каримов 22-23 ёшларда. Лекин, Муҳаббат келинойи анча совуқ аёл, уйига меҳмон келса, хушламайди. Ўзбекча меҳмондўстликни билмайди.

Мен қамоқдалик пайтимда хотиним айтиб берганди. Муҳаббат опа анчагина пулдор аёл бўлиб, Самарқандда бир нечта дорихонаси бўлган. Хуллас, у ўша ҳовлини бузиб, таниб бўлмас даражада қайтадан қуради. Уйга одамларни ижарага қўя бошлайди. Бу хабар “Оқсарой”га етиб борганидан кейин “буюк доҳий”нинг фиғони фалакка чиқиб, ҳовлини салкам бульдозер билан бузиб ташлаб, аввалги ҳолатига қайтартиради. (Хуршид Каримов оиласи ҳақида навбатдаги қисмларда яна тўхталамиз – У.Б.).

Улуғбек Бакир: Жамшид ака, аслида Омон Каримов оиласидан кейин у кишидан кейинги Ибодулла Каримов оиласи ҳақида гаплашишимиз керак эди. Менинг бошқа саволим туфайли, билвосита кенжа фарзанд Хуршид Каримовга ўтиб кетдик. Чалғитганим учун узр!

Жамшид Каримов: Ҳечқиси йўқ, мана қайтдик-ку.

Ибодулла (1925-2015) амакимнинг аёли Хайринисо Султоновна Азизова-Каримова 1933 йилда туғилган, жуда оқила, билимдон ва ақлли инсон эди. Келиб чиқиши асли Фарғонанинг Қувасойидан, месхети туркларидан бўлиб, уларни Самарқандда “бачақардош” дейишади.

Хайринисо Султоновна кучли педиатр бўлиб, 40 йилдан зиёд то умрининг охиригача Самарқанддаги болалар касалхонасида Бош шифокор лавозимида ишлаб келди. Ўтган 2016 йили “буюк доҳий”нинг вафотидан кейин уч-тўрт ҳафта ўтиб, сентябрнинг сўнггида, 83 ёшида оламдан ўтди. Ўлимидан олдин ўғлига ҳазиллашиб “доҳий мени у ёққа чақиряпти”, деган экан.

Ибод Ғаниевич ва Хайринисо Султоновналарнинг икки ўғли бор, Иззат ва Баҳодир Каримовлар. Иззат 1961 йилда, Баҳодир 1964 йилда туғилган. Уларнинг ҳаёти рисоладагидек. Фақат Иззат акамнинг ёшлигида аёлларидан омади чопмади, 2-3 марта уйланди. У ҳам шароб ичишни яхши кўрарди. Шу сабаб, хотинлари ундан кетиб қоларди. Ҳозир Самарқандда яшайди. У ҳам деярли барча Каримовлар сингари “Кооператив” (ҳозирги Самарқанд иқтисодиёт ва сервис –У.Б.) институтини тугатган. Унинг иккинчи ёки учинчи хотинидан бир қизи бор. Биринчи аёлидан фарзанди бўлмаган.

Баҳодир акам янглишмасам, ҳозир Тошкентда яшайди. МХХ (СНБ)да ёки Божхонада хизмат қилади, аниғини билмайман, қизиқмаганман. Қариндошлар менга унинг хотини рус, дейишди. Қанча боласи борлигини ҳам билмайман. У ҳам гарчи амакиваччам бўлса-да, жуда оз кўришиб, мулоқотда бўлганман. Ёшлигидан спорт билан шуғулланган, яхшигина спортчи.

Ибод амакимнинг ўғиллари ҳам отаси каби камтарона, оддий ҳаёт кечиришади. Данғиллама уйлари йўқ, ўзларини элга кўз-кўз қилишмайди.

(давоми бор)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сурхондарёда ем- хашак муаммоси

Сурхондарёда бу йил ем-хашак нархи ҳаддан зиёд кўтарилиб кетди. Қиш ойлари ва баҳорнинг дастлабки даврида бир дона прессланган сомон нархи 20000 сўмгача кўтарилди. Бу ярим ...

Ёшларни овозини ўчира олмайсиз!

Сўнги пайтларда Ёшлар иттифоқида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатган эдим. Чунки бу ташкилотга "Freshblood" инсонлар кириб келди. Хусусан Алишер Саъдуллаев ташкилотга ...

Ислом каримовни камол отатуркка қиёслаш нотўғри

30-январь куни Ўзбекистонимизнинг марҳум президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимиз миқёсида ўзига хос тарзда нишонланди. Қарши шаҳрида Каримовга ҳайкал ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400