Kun.uz: 2017 йилнинг асосий воқеалари нималар бўлди?

2017 йил поёнига етмоқда. Бутун дунё тарихида из қолдириб ўтаётган бу йилда энг яхши кунлар ҳам, энг ёмон кунлар ҳам бўлиб ўтди. Бу йилда ҳам катта сиёсий воқеалар, қарорлар ва оқибатларни кузатдик. Kun.uz ўз нуқтаи назари бўйича йилнинг энг асосий воқеа-ҳодисаларни ёдга олади.

Истанбулдаги қирғин

Фото: Milliyet

Йил жуда ёмон воқеа билан бошланди. 2017 йилнинг биринчи кунига ўтар кечаси Истанбулдаги Reina номли тунги клубга қуролли ҳужум уюштирилди. Ушбу хунрезлик оқибатида 39 киши ҳалок бўлди ва 69 киши жароҳатланди. Кейинроқ бу теракт ижрочиси Ўзбекистон фуқароси Абдулқодир Машарипов экани маълум бўлди. У 1983 йилда Ўзбекистонда туғилган, ИШИДга аъзо бўлиб, Афғонистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтган, 2016 йилда Туркияга борган.

Февраль ойида Туркияда уни суд қилишди, у ўз қилмишидан афсусда эмаслигини билдириб, ўзи учун ўлим ҳукми сўради. Туркия махсус хизматлари унинг кўрсатмалари асосида ўнлаб кишиларни ҳибсга олди.

Ким Чен Намнинг ўлдирилиши

Фото: ТАСС

13 февраль куни Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг акаси Ким Чен Нам Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда шубҳали тарзда ўлим топди. У Макаога учаётганида ҳушсиз йиқилди. Кейинроқ маълум бўлишича, у ёлланма қотиллар бўлган икки аёл томонидан заҳарланганди. Малайзия ҳукумати бу қотиллар шимолия кореялик агентлар эканини айтгач, КХДР ва Малайзия муносабатлари ёмонлашди. Қотилликда гумонланганлар ўзларига қўйилган айбларни тан олишмади. Бу иш юзасидан суд жараёни якунланмаган.

Трампнинг миграцион фармони

Фото: ABC News

7 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп ўз ичига 6 та давлат фуқароларига АҚШга вақтинчалик киришни тақиқловчи иммиграция ҳақидаги янги фармонни имзолади. Бу фармон орқали Эрон, Ливия, Сурия, Сомали, Судан ва Яман фуқаролари АҚШга кириши тақиқланди. Трампнинг муҳожирлар бўйича танлаган қатъий сиёсати жаҳон ҳамжамияти томонидан қораланди.

Туркия ва Нидерландия зиддияти

Фото: Milliyet

11 март куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу Нидерландияга киритилмади. Нидерландия ҳукумати бу қарорини Туркиядаги конституцион ислоҳотлар бўйича референдум арафасида мамлакат ҳудудларидан ташқарида бошлаган ташвиқот ишларига қарши қабул қилди. Тақиқловга қарамай, шанба куни Фатма Бетюл Сайян Кайя Германиядан бу мамлакатга келди. Бироқ полиция унга турк диаспорасига мурожаат қилиш имконини бермади, шу билан бирга консулликка киришни блоклаб қўйди. Бир неча соат ўтгач, вазир “номақбул хорижлик” дея эълон қилинди ва Нидерландия полицияси ҳамроҳлигида Германияга қайтариб юборилди. Шундан сўнг, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Нидерландия раҳбариятини фашистларга тенглаштирди, Туркия Нидерландияга қарши санкциялар жорий этди.

Петербург теракти

Фото: ТАСС

3 апрель куни Санкт-Петербург метросининг «Технология институти» бекатига «Сенная площадь» бекатидан кириб келган поездда портлаш содир бўлди. Портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 нафарни ташкил қилди, 49 киши жароҳатланди. Ушбу ҳодиса теракт сифатида баҳоланди ва уни худкуш ижро этгани маълум қилинди. Теракт ижрочилигида қирғизистонлик ўзбек Акбаржон Жалилов айбланди. Ушбу теракт ташкилотчиси сифатида Аброр Азимов, кейинроқ унинг акаси Акрам Азимов қўлга олинди.

Идлибда кимёвий қурол қўлланди

Фото: РИА Новости

4 апрель куни Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази Хан-Шайхунга заҳарли газ тўлдирилгани тахмин қилинган бомбалар ташлангани, бунинг оқибатида камида 100 киши, шу жумладан ўнлаб нафар бола ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Бу ҳужум Башар Асад ҳукумати томонидан содир этилгани иддао қилинди. АҚШ, Франция ва Буюк Британия БМТ Хавфсизлик кенгашига Идлиб вилоятида кимёвий қурол қўллангани бўйича резолюция лойиҳасини тақдим этди, Россия Сурияни асоссиз айбламасликка чақирди.

Стокҳолм теракти

Фото: ТАСС

7 апрель куни Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида юк машинаси одамларни босиб ўтди. Ушбу террорчилик ҳужуми оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳат олди. Теракт ижрочиси сифатида ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов қўлга олинди. Расмий Тошкент Раҳмат Оқилов ИШИД аъзоси бўлганини, у февраль ойида қидирувга берилганини тасдиқлади. Оқилов устидан суд жараёни давом этмоқда.

АҚШнинг Сурияга зарбаси

Фото: apnews

7 апрель кунига ўтар кечаси АҚШ Суриянинг Хомс вилоятидаги ҳукумат ҳарбийлари назоратида бўлган Шайрот аэродромига зарба берди. Бу суриялик ҳарбийлар томонидан Идлибда кимёвий қурол ишлатилганига жавобан юз берди. АҚШ ўзининг ҳарбий кемаларидан 59та “Томагавк” қанотли ракеталарини учирганди. Америка қанотли ракеталари ёрдамида қилинган ҳужум туфайли Сурия ҲҲК базаси бутунлай вайрон этилди.

Эрдўған – суперпрезидент

Фото: Reuters

16 апрель куни Туркияда Конституцион ислоҳотларга бағишланган рефередум бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, сайловчиларнинг 51,41 фоизлик қисми Туркияни парламентар республикадан президентлик республикасига айланишини ёқлаб овоз берди. Эндиликда, мамлакатнинг амалдаги президенти яна икки муддатга сайланиши ва 2029 йилга қадар ҳокимият тепасида қолиши мумкин.

Францияда президентлик сайлови

Фото: AFP

23 апрель куни Францияда президентлик сайловларининг биринчи тури ўтказилди. Унда 11 номзод иштирок этди. Биринчи турда икки нафар асосий номзод – «En Marche» («Олға») ҳаракати етакчиси Эммануэль Макрон ва Миллий фронт раҳбари Марин Ле Пен ажралиб қолиб, иккинчи турга ўтишди. 7 май куни ўтказилган иккинчи турда Эммануэль Макрон мутлақ устунлик билан ғолиб чиқди.

Хитойдаги форум

Фото: ЎзА

14-15 май кунлари Хитой ташаббуси билан Пекин шаҳрида «Бир макон – бир йўл» форматидаги форум ўтказилди. Форумда 29 мамлакат раҳбари қаторида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Бу форум орқали Шарқий Осиё мамлакатларини Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий жиҳатдан яқинлаштириш назарда тутилган.

Трамп Яқин Шарқда

Фото: НТВ

АҚШ президенти Дональд Трамп 19 май куни ўзининг илк хорижий сафарига чиқди. Унинг турнеси 9 кун давом этди. АҚШ раҳбари аввал ислом дини маркази – Саудия Арабистонида бўлди ва қироллик билан 100 миллиард долларга қурол сотиш бўйича келишувга эришди. У шунингдек, АҚШ ва Араб давлатлари форумида иштирок этиб, 40та араб давлати раҳбарлари қаршисида чиқиш қилди ва терроризмга қарши курашда бирлашишга чорлади. Унинг кейинги манзили яҳудий дини ватани – Исроиль бўлди. Трамп сафарини христианлик дини маркази – Ватиканда якунлади.

Венесуэлада танглик

Фото: Reuters

1 апрелда президент Николас Мадурони қўллаб-қувватловчи Венесуэла Олий суди Миллий ассамблея (парламент) ўрнига ўзини қонунчилик органи деб эълон қилиб, депутатларни иммунитетдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарганидан кейин мамлакат намойишлар гирдобида қолди. Инқироз чуқурлашиб, мамлакатда очлик ва ҳарбий ғалаёнлар бошланди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Венесуэлаликлар овқат излаб қўшни мамлакатларга кета бошлади. Мадуро ҳукумати эса ҳар қандай норозиликни шафқатсизлик билан бостириб келмоқда.

ИШИД Филиппинда

Фото: Reuters

Май ойида ИШИД таъсири остидаги жангарилар Филиппинда халифалик тузгани ҳақида эълон қилди. Марави шаҳрини ўзига марказ қилган жангарилар бир ойга яқин вақт давомида Филиппин қуролли кучларига қаршилик кўрсатди. Тўқнашувлар вақтида тинч аҳоли вакилларидан юзлаб кишилар ҳалок бўлди.

Форс кўрфази инқирози

Фото: SANA

Июнь ойи бошида Саудия Арабистони Қатарни терроризмни қўллаб-қувватлашда айблади ва дипломатик алоқаларни узди. Бошқа кўплаб араб давлатлари ҳам, хусусан, Баҳрайн, Миср, БАА кабилар Саудия Арабистони ортидан Қатар билан алоқаларни тўхтатди. Блокада қилувчи давлатлар Қатарга ўз талабларини билдиришди. Вазият ноябрь ойига келиб юмшай бошлади.

Остонада ШҲТ саммити

Фото: ЎзА

8-9 июнь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ШҲТ давлатлари раҳбарлари иштирокида ташкилотнинг 17-саммити ўтказилди. Унда Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга аъзо бўлиб киргани асосий воқеага айланди. Саммитда қатнашган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида саммит иштирокчилари эътиборини Афғонистондаги вазиятни яхшилаш зарурлигига қаратиб, у ерда содир этилаётган давомли терактлар дунёнинг барча мамлакатлари учун хавф солаётганини алоҳида таъкидлади. Ушбу таҳдидларга ҳамкорликда, жаҳон ҳамжамияти ҳаракатларини бирлаштирган ҳолда қарши курашиш зарурлигини қайд этди.

Трамп ва Путин Ҳамбургда учрашди

Фото: Reuters

7-8 июль кунлари Германиянинг Ҳамбург шаҳрида G20 саммити бўлиб ўтди. Ҳар йили ўтказиладиган саммитда «Катта йигирматалик» давлатлари раҳбарлари халқаро кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишди. Эътиборли жиҳати саммит доирасида АҚШ ва Россия президентлари Дональд Трамп ҳамда Владимир Путин илк марта юзма-юз учрашди. Улар илк учрашувда Сурияда ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама этишган.

Шарлотсвилл воқеалари

Фото: AFP

АҚШ тарихида 12 август санаси тунд қиёфадаги кишиларнинг ҳайқириғи, ирқлар кураши ва қотилликлар юз берган кун сифатида ном қолдирди. Шарлотсвиллдаги намойишчилар устига машина билан бостириб борган Жеймс Алекс Фильдс Кичкинанинг ҳаракатига нисбатан мамлакат раҳбари жиддий муносабатда бўлмагани масалани чигаллаштириб юборди. Америка яна расизм билан тўқнашди.

Мьянма роҳингялари

HANNAH MCKAY/ REUTERS

Август ойида аҳолиси буддизмга эътиқод қилувчи Мьянмада истиқомат қилувчи кам сонли мусулмон-роҳингя жамоалари яшайдиган 2,5 мингдан ортиқ уйга ўт қўйилди, юзлаб кишилар ўлдирилди. Натижада, ўн минглаб роҳингялар қўшни Бангладешга қочиб ўтди. Жаҳон ҳамжамияти бу воқеаларни қаттиқ қоралаб чиқди, Мьянма ҳукуматига санкциялар таҳдиди пайдо бўлди.

Шимолий Кореянинг ядровий синовлари

KCNA/ REUTERS

Шимолий Корея йил давомида ракета синовларини ўтказиб турди, баҳорда Жанубий Корея разведкаси шимолликлар янги ядровий қурилмаларга эга бўлганини аниқлади. Сентябрь ойи бошида эса КХДР 120 килотонна тротил эквивалентига тенг водород бомбасини портлатиб синовдан ўтказди. Бу бомба 1945 йилда Хиросимага ташланган бомбадан кўра 8 марта кучлироқдир. Кўп ўтмай қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракета муваффақият билан синовдан ўтказилгани маълум қилинди. Бу эса дунё ҳамжамиятининг қаттиқ ташвишини келтириб чиқарди. АҚШ ва Жанубий Корея бунга жавобан ҳарбий машғулотларни жадаллаштирди, ҳарбий экспертлар уруш бошланишидан хавфсирай бошлашди.

Мексикадаги зилзила

Фото: Reuters

19 сентябрь кунининг иккинчи ярмида Мексика жанубида кучли – 7,4 магнитудали зилзила юз берди. Бу Мексикада кейинги 30 йилдан ортиқ вақт ичидаги энг ҳалокатли зилзила бўлди. Табиий офат қурбонлари сони 300 нафардан ошди.

БМТ Бош Ассамблеяси сессияси

Фото: Скриншот

19-22 сентябрь кунлари Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида Бош Ассамблея 72 сессияси бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятини Орол муаммосига қаратди, шунингдек, терроризм ва экстремизм муаммоси ҳақида гапирди, БМТ фаолиятини яхшилаш учун таклифлар берди.

Сурия ва Ироқнинг ИШИДдан озод бўлиши

Ammar Safarjalani / Xinhua / Scanpix / LETA

3 йилдан ортиқ вақт давом этган Сурия ва Ироқдаги урушда ИШИД мағлуб этилди. Ёзда Ироқда Мўсул, Сурияда Раққа шаҳарлари озод этилгач, ИШИД давлат сифатида мавжудлигини йўқотди. Айни вақтда кам сонли жангарилар кичик ҳудудларда яширинган ҳолда қолмоқда ва ҳарбий ҳаракатлар олиб бормаяпти. Эндиликда, Ироқ қаршисида Курдистон муаммоси турган бўлса, Сурияда Башар Асад ҳукумати мухолиф гуруҳларга асосий эътиборини қаратади.

Ироқ Курдистонида референдум

Фото: Reuters

25 сентябрь куни Ироқ Курдистонининг мустақил давлатга айланиши юзасидан референдум ўтказилди. Референдумда 3,3 миллионга яқин киши қатнашди. Сайловчиларнинг аксар қисми мустақилликни ёқлаб овоз берди, аммо ҳукумат натижаларни тан олмади.

Лас-Вегасдаги фожиа

Фото: Reuters

1 октябрь оқшомида Лас-Вегасдаги кантри-фестиваль қатнашчиларига қарата ўт очилди. Жиноятчи «Мандалай Бэй» меҳмонхонасининг 32-қаватидаги хонада бўлган ва ойнадан туриб ўт очган. 59 киши ўлими ва 500дан ортиқ киши жароҳатланиши билан якунланган бу қонли ҳодиса Қўшма штатлар тарихидаги энг йирик оммавий қотиллик бўлди. Бу хунрезлик руҳий муаммолари бўлган 64 ёшли пенсионер Стивен Пэддок томонидан содир этилди.

Каталония референдуми

Фото: AFP

Испаниянинг шимолий-шарқий ҳудудида, Каталония автономиясида, истиқомат қилувчи аҳоли 1 октябрь каталонларнинг мустақиллик масаласини ҳал этиш учун кўчага чиқди. Испания ҳукумати бу референдумни ноқонуний деб топди ва сайловчиларга қарши куч ишлатди. Каталония раҳбари Карлес Пучдемон ва унинг тарафдорлари бўлган бошқа раҳбарлар Бельгияга қочиб кетишга мажбур бўлди.

Қирғизистонда янги президент

Фото: kabar.kg

15 октябрь куни Қирғизистонда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Сайловда собиқ бош вазир, собиқ президент партияси бўлмиш Қирғизистон социал-демократик партиясидан илгари сурилган номзод, Алмазбек Атамбоевнинг вориси Сооронбой Жээнбеков ғалаба қозонди. У асосий рақиби «Республика Ата-Журт» партияси фракцияси раҳбари Омурбек Бабановни ортда қолдирди – 54,2 фоизга 33,4 фоиз.

Хитойда қурултой

THOMAS PETER/ REUTERS

Пекинда 18 октябрда дунёдаги энг кўп сонли партия – Хитой Коммунистик партиясининг навбатдаги 19-қурултойи очилди. Ҳар 5 йилда бир ўтказиладиган қурултой натижаларига кўра давлатнинг янги олий раҳбарияти сайланди ва партия низоми қайта кўриб чиқилди. Хитой раиси Жинпинг Хитой Компартияси марказий қўмитаси бош котиби лавозимига қайта сайланди. Хитойда компартия олий раҳбарият ҳисобланади ва барча соҳаларда – халқаро сиёсатдан тортиб, ишлаб чиқариш соҳаларигача назорат қилади. Айнан шу туфайли компартия съезди йилнинг муҳим сиёсий воқеаларидан бири бўлди.

Нью-Йоркда теракт

Фото: AP Photo

31 октябрь куни Манҳэттенда юк машинасини бошқарган шахс одамларни қасддан уриб юбориши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, 12 киши жароҳатланди. Теракт келиб чиқишига кўра ўзбекистонлик Сайфулло Соипов томонидан содир этилди. Унга 22та ҳолат бўйича айблов қўйилди. ИШИД аъзоси бўлган Соипов судда ўз қилмишидан афсусда эмаслигини билдирди.

Саудия Арабистонида тахт кураши

Фото: AP

4 ноябрь куни Саудия Арабистонида 11 нафар шаҳзода ва 4 нафар юқори мартабали амалдор коррупцияда айбланиб ҳибс қилинди. Ҳибсга олинганлар орасида Саудия Арабистонининг биринчи қироли Абдулазиз бин Сауд Ол Сауднинг набираси, дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири Ал-волид бин Талал ҳам бор эди. Ҳибсга олишлар кейин ҳам давом этди. Бу ҳодиса валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг ўз рақобатчиларидан қутулиш йўлидаги ҳаракати сифатида баҳоланди. 

Эронда кучли зилзила

Фото: AFP

12 ноябрь куни кечки соат 09:18 да Эрон ва Ироқ чегараси ҳудудида содир бўлган 7,6 балли зилзила Яқин Шарқнинг деярли барча ҳудудларида сезилди. Табиий офат оқибатида 530 киши ҳалок бўлди, ўн мингга яқин киши жароҳатланди, 70 мингга яқин киши бошпанасини йўқотди.

Зимбабведа давлат тўнтарилиши

Фото: Philimon Bulawayo/Reuters

14 ноябрь куни Зимбабведа ҳарбийлар мамлакат пойтахтига кирди. 15 ноябрь куни мамлакатга 37 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Роберт Мугабе ва оиласи қўлга олинди. Бир ҳафта ўтиб Мугабе истеъфога чиқди, унинг ўрнини собиқ вице-президент Эммерсон Мнангагва эгаллади. Роберт Мугабе барча собиқ давлат раҳбарлари каби имтиёзларни сақлаб қолди. Бу тарихдаги энг тинч ўтган давлат тўнтариши бўлди.

Украинада нотинчлик

Фото: .Gazeta.ru

5 декабрь куни Грузиянинг собиқ президенти, Одесса областининг собиқ губернатори, «Движения новых сил» партияси етакчиси Михаил Саакашвилига давлат тўнтаришини амалга ошириш бўйича айб қўйилди. Махсус кучлар уни қўлга олиш учун уйига келди, аммо тарафдорлари уни озодликка чиқаришди. Шундан кейин Киевда президент Петро Порошенконинг импичментини талаб этиб, намойишлар бошланиб кетди. Айни вақтда Донбассдаги вазият ҳам таранглашди.

Трамп Исроил-Фаластин можаросини қўзғади

Фото: Reuters

6 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олди. У АҚШ Давлат департаментига Тель-Авивдаги элчихонани Ал-Қудсга кўчиришга тайёргарлик кўришни бошлаш вазифасини топширди. Шундан сўнг Яқин Шарқда яна вазият жиддийлашди. ҲАМАС антифода эълон қилди, исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида янги тўқнашувлар рўй берди.

Россия Суриядан чиқа бошлади

Фото: РИА “Новости”

6 декабрь куни Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Сурияда ИШИД гуруҳи бутунлай яксон этилгани ва жангарилар қўлидаги ҳудудлар озод этилганини эълон қилди. Россия президенти Владимир Путин 11 декабрь куни Суриянинг Хмеймим шаҳрида жойлашган базага борди. У Суриядаги Россия ҳарбий контингентининг асосий қисмини ортга қайтаришга буйруқ берди. 

Путин яна номзод, Навальнийни қўйишмади

Фото: Meduza

Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин 2018 йилги президент сайловида иштирок этишини маълум қилди. У 27 декабрь куни сайловларда иштирок этиш учун ҳужжатларини топширди. Унинг мухолифи, ташаббускорлар гуруҳи томонидан номзоди илгари сурилган сиёсатчи Алексей Навальнийни эса сайловга қўйишмади. МСК судлангани важи билан унинг ҳужжатларини қайдномадан ўтказмади. Навальний эса бунга жавобан ўз тарафдорларини сайловни бойкот қилишга чақирди. Россияда президентлик сайлови 2018 йилнинг 18 март кунига белгиланган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қайси бири тўғри: oktyabrми ёки oktabr?

Ўзбекистонда охирги 20 йилда Лотин алифбосига ўтиш ёки Кирилл алифбосида қолиш борасида бир қарорга келинмади, деб ёзади BBC. (more…)

Жиззах ҳокими фермерларни режадан ортган ғалласи пулига машина олишга мажбурламоқда

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ғалла топшириш режасини бажарган фермерларнинг ортиб қолган буғдойини давлат нархида сотишга ва уларни Асакада ишлаб чиқарилган ...

Буюк турклар.чингизхон ҳақида бир сўз.

Чингизхонни бизга мактабда босқинчи ,қонхўр деб ўқитганлар.Темурни ҳам шундай ўқитганлар. Биз бунга ишонардик. Ўшанда бу Москва сиёсати эканлигини тушинмаганмиз.Москва ...