Шовруқ Рўзимуродни ким ўлдирди?

  (  Сўз  боши  ўрнида  ) 

 “Кимки қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак…” (Қуръон ояти).

«Раҳматли  отам (Ислом   Каримовнинг акаси  Арслон  Каримов Э.Т) узоқ вақтлар судялик  қилиб, жуда  кўп  одамларни оқлаган бўлса, укаси Ислом Каримов эса аксинча, миллатимиз  ойдинларини узоқ  йилларга  қамаб  юборди.Кўпчилигини  вахшийларча  қийнаб ўлдирди. Қолганларини эса  ватандан бадарға  қилди».

Жамшид Каримов, журналист, ёзувчи (Ислом  Каримовнинг жияни)            

Юртда  энг  севиб  ўқиладиган  газета: “Дунё  ўзбеклари“.  Айрим  каслар  уни  кунилайдилар…  Тулки  шохга  илинган  қуйриққа    етолмай  :” Пуф  сассиқ  !”  дегани  каби.  Аммо  ҳақ  -ҳақлигича  қолади .

Кечган  йилнинг  октябр  ойи  сўнгида  ана  шу  сайтда  тўғри  сўз  Жаҳонгир  Муҳаммаднинг    Шавруқ  Рўзимурод  ҳақида  ёзган  мақоласи  чоп  этилди. Мақола  бошида битилган ушбу сатрлар тошбағир  кишини  ҳам жунбушга  келтиради :

“2001  йилнинг 6 июн куни Ўзбекистон Инсон  Ҳуқуқлари   жамиятининг    Қашқадарё  вилоят  кенгаши  раиси,  Ўзбекистон  Халқ  депутати,  “Бирлик“ фаоли    Шавруқ  Рўзимуродов  ўлдирилди “.

“Дунё  ўзбеклари“  30. 10.2017.

Муаллиф Эврил Турон

Мен  бу  машъум  хабарни биринчи  марта  зонада  полковник  С…дан  эшитганман .   У  гўё  менга  раҳми  келгандек бўлиб  деган :

“Қамоқда  бўлсангиз  ҳам  тириксиз,  шукур  қилинг,  режимга  бўйсиниб,  тилга  эҳтиёт  бўлиб  юрсангиз, озодликка  чиқиб  кетасиз. Шавруқнинг  ўзида  айб,  халқ  томонидан  сайланган президентга  осилиб  нима  қиларди ?  “Сизники  маъқул “  деб  юравермайдими? Президент  -президент-да!…  Подшо  Худонинг    ердаги  сояси.  Ўйнашиб  бўладими?  Оғзидан  чиққан  сўз:  Қонун.  Уни  бажармасликка  кимнинг  ҳадди  сиғади?  Йўқса,  ўзини  “террористга  шерик”  деб  зиндонга  ташлайди. Ҳатто ,  қаҳри  келса “ Убрать!!! “деб  юбориши  ҳам  мумкин .

  • Мабода  сизга :  “ Маҳмудовни  йўқот!  “деб  буйруқ берса, сиз…
  • Бу гўл  одамнинг  саволи,  –  палковник  жавоб  беришдан  қочиб, гапимни  бўлди  .
  • Тушинарли.
  • Шунга, маслаҳатим, эҳтиёт  бўлиб  юринг. Отамиз  яхши  ишлар  қилаяпти. Кечирим  хати  ёзинг.  Сиз  тўғрингизда  яхши  характеристика  берамиз. Мен  сиздан  бошқа  ҳеч  бир  маҳкум  билан  очилиб  гаплашмаганман. ” Ўлмас қоялар”ни  ўқиганман. Сизнинг  жойингиз  зонамас .

Полковник  С…нинг  сўзидан  кейин  мен  Шовруқ  тўғрисида  ўйлай  бошладим  :

        “  Нега  қамалган ? “

        “  Нега  ўлдирилган ? “

         “Қандай  гуноҳи  учун ? “.

Шовруқ  тўғрисида  билишни  истадим.  Уринишларим  зое кетди .   У  ҳақида  ёзилган  бир  нима  топмадим.  Тутқинлардан  ҳам  тайинли  гап  эшитмадим. Фақат  ўлим  билан    туговчи  қийноқларда   ҳам  ўз  сўзларини  айтгувчи  айрим  диний, сиёсий  қисматдошларим бундан айродирлар.  Уларнинг  шу  фикрларини  мен  Тангри  олдида  чин  деб  билдим:

“Каримовни фош  этган“, “Тўғри  сўзга  “доҳий” чидолмаган“. “Тилини  тиёлмаган“. “Тили  ўлимига  сабаб  бўлган “…

  Шеър,  ҳақиқат  нурига  йўғрилган  шеър :

  Чайнаб -чайнаб  едим тилимни,

   Кабутар этини егандай, 

  Тиллиларни  севмас дунё бу …

  Яна… тирикчилик  дегандай …

  Чап  кўксимда  ачишар  недир   

  Тамоғимга  келар тиқилиб.

  Ютинаман,

  Тилайман  – 

  Тилим  ҳазм  бўлиб  кетсин,

   Ишқилиб !

   Ич  –  этингни  ейишни  билсанг 

   Демак, яшаш  мумкин 

  бемалол.

  Бошқаларнинг  бошидан  кўра 

  Ўз тилингни  еганинг  ҳалол . 

  Фақат …

   Кўксинг  бўлади  нотинч, 

  Чидасанг  бас  оғриққа  бир зум…

  Тил ўрнида  тирқираб  оқар 

  Лабларимга  аччиқ табассум. 

  Чайнаб  –  чайнаб  едим 

  тилимни  …  

  (Дилфуза  Комил) 

Мусибатга    ғарқ    йиллар  кечди. Шавруқни  унита  бордим.   Бунга  инсоннинг    ЭРК,  ЭЪТИҚОДИНИ  синдирувчи  режим  ,  диндан  ,  Худодан  қайтган  оғзи  ҳаром  полисларнинг  бўкиришлари  ,  ота  –  оналарини  ҳам  сотишдан  тоймайдиган  қ у л о қ л а р н и н г   х и р и л л а ш- л а р и     ва  яна      ўз  –  ўй  , ғам  ,  ташвишларим  сабаб  бўлди  .

Жаҳонгир  Муҳаммаднинг  мақоласи    “  Дунё  ўзбеклари”да  босилгач  ,   Шовруқ  Рўзимурод  яна  хотирамда  жонланди  .   Мақоланинг  қизғин  ўқилиши    ва  тортишувларга  сабаб    бўлиши  мени  қувонтирди  .    Эл  орасида  қанот  ёзган  гапдан  бир  мисол  :

  • Шавруқ    Рўзимуродни  ўлдиришга  ким  бўйруқ  берган?
  • Э,  шунча  содда  бўласанми? Ўша-да…  Ундан  бошқа  ҳеч  ким  бундай  буйруқ  бермайди .
  • Ким? Отини  айт .
  • Оғзингга  чайнаб  солайми, ғалча.
  • Мавҳум гапни  жиним  суймайди. Ёки  қўрқаяпсанми ?
  • Ўлган-ку.
  • Издошлари тирик, амалда.
  • Қаерда  ўлдирилган?
  • Қамоқхона-да
  • Тоғдек йигит. Ишонгингим келмайди.
  • Ўшанда  ким  Ички  Ишлар  вазири  бўлган?
  • Зокир  Алматов .
  • Шовруқни ўша  ўлдирган.
  • Жўн  фикрлайсан.  Алматовнинг  боши  ўнтамас. Ўзбекистон  бўйича  “Убрать!!!“ деб  бир  одам  айтган,  фақат  бир  одам!  У  ғазабга  минганда: “Убрать!!!”  дейишдан  ўзини  тиёлмаган.
  • Худди кўргандек  сўзлайсан.
  • Бу гап  эл  орасида  юрибди, ёзишаяпти  ҳам.
  • Қулоғимга чалингандай…  Бўйруқни  ким  бажарган  ?
  • Зокир  Алматов  билан  унинг  қўл  остидагилар.  Ботир  Турсуновга  ўхшаш  … Сайфулла  Асадовга  ўхшаш…  Алишер  Шарофиддиновга  ўхшаш…  Агар  улар  Халқаро   судга  тортилса,  хақиқат  юзага  чиқади .
  • Яқин ўртада  тортилади, деб  ўйлайсанми?
  • Қийин-ов…  Ҳозирча  қотиллар  кучда .
  • Ҳаммасимас…
  • Об –ҳаво қилишга  етарли.  Бундан  чиқди  ёпиқлик  қозон  ёпиғлигича  қоларкан-да.
  • Қолмайди, вақт  керак .
  • Лекин ижрочилар  хамелионлар  каби  Мирзиёев  сиёсатига  мослашаяптилар.  Аввалгидек  элни  қон   қақшатиб, пул  қилишаяпти.  Мослашиш  –  жуда  хавфли. Ёлғондан  мослашадилар-у зимдан  нонтепкилик  қиладилар. Яъни  ишни  орқага, Каримов  ўзанига  тортадилар. Ҳаромерлардан  ҳар  қандай  ёмонликни  кутиш  мумкин…

Бойликка  келганда, улар олдида Америкалик миллиардерлар   ҳам  ип  эшолмайдилар.

Қават –  қават  қасрларда  қутуриб  яшаяптилар. Тагларида  қўша-  қўша “  ЖИП”лар  .  Ўғил,  қиз,  набираларида  ҳам. Қариндош-уруғларида ҳам. Тағин Оврўпа  зангинлари  беллашолмайдиган  тўйхоналар,  “Супер  маркет”лар…  Гектар  –  гектар  ерлар  …

Агар  юрт  миқёсида  шаффоф  декларация ўтказилса, ким  ўғри,  ким  тўғрилиги  аён  бўлади.  Миллиард  –  миллиард  долларлар давлат  ғазнасига  тушади. Декларация  зарур.  Ҳаво  каби.  Шу  нарса  амалга  ошса , дунё  миқёсида расман  тан  олинган  89 миллиардер (ўзбекистонлик) қаторига  яна  юзлаб  қўшиладилар. Асл  жиноятчилар  шулар Узоқ  йиллардир  қамоқда  ўтирган  сиёсий, диний  маҳкумлар  эмас. Бу  тўғриларнинг  бошларига  шулар  етганлар.  Ҳақ  талаб  Шавруқ  ҳам  шуларнинг  қурбони  бўлган.

  • “Гектар-гектар ерлар …” деб,  тўғри  айтдинг. Алматовники  ҳам  кўп,  дейишади.
  • Амалдалигида  ғамлаб  олган-да. У  пайтларда  дегани-деган бўлган… Ҳатто   МХХдан  ҳам  баланд  юрган.
  • Каримовнинг  соясида …
  • Балки,  ерга  ишқибоздир?
  • Э, хом калла, ёмон  кунларда  асқатади, деб  олган.
  • Амалдорлар шунақа.
  • Катта  арава  қаердан  юрса, кичик  арава ҳам шу  ердан  юради-да.
  • Генерал Мустафоевники  Алматовникидан  кам  дейсанми?   Унинг  ўмармаси  етмиш  авлодига  етади.  Элда  шу  гап.  Шуҳрат  отли   ўғли   Ўзбекистон  Бош  прокуратурасининг“  Судларда  Қонунлар  ижросини  назорат  қилиш“ Бошқармаси бошлиғи.  Бу  ҳам  етмагандек,  яна “Ички  назорат  Бошқармаси“  раҳбари  ҳам. Ундан  оқил  кадрлар  иш  тополмай  юрибдилар. Шавруққа  ўхшаш  минглаб  одамларни  қамаган  Бўритошнинг  ўғли  эса  икки  улкан  лавозимни  эгаллаб  турибди.  Бу  –  порахўр  отасининг  ҳурмати  учунми?  Ёки  порахўр  отасининг  ўмармасидан  олган  АҚШ  доллари  кучи  эвазигами?    Менимча,  ҳар  икковига  ҳам.  Айниқса  кейингиси  тўғрими  дейман.  Бўритошдан  қолган  мол-мулкларни  ипидан-игнасигача  тафтиш  қилиш  лозим. Бир  йўла  ўғлини  ҳам  …
  • Бунинг  ижросини  янги  ҳукуматдан  кутамизми ?
  • Ўлмаган жондан  умид.
  • Ўғли  отасидан  қолишмайди, шекилли?
  • Отасининг боласи-да. Мисол: Ишбилармон  Мамаёқуб Ҳамроев Бўри… йўқ,  Бўритошнинг  қинғирлигини  сайтларда  фош  этган.  Аниқ  фактлар  асосида.  Бунга  унинг  корчалон  ўғли  чидаб  туролмаган.

Президентнинг  чақириғига  биноан (Хориждаги  ўзбек  йигит –қизларини  юртга  таклиф  этган) Самарқандга  қайтган  Мамаёқубни  қамоққа  олдирди.  Мирзиёевнинг  сиёсатига  қарши  ўлароқ. Ўз  лавозимидан  фойдаланиб,  қонунга  оёқ  босиб.

  • Қонун  қаерда  қолди?
  • Қонунннинг  тили  борми?   Ким  кучда  бўлса,  ўша  қонун-да. Каримов  қонун.  Алматов  қонун.  Мустафоев  қонун.  Рашид  Қодиров  қонун.  Бари  генерал… Эҳе,  уларнинг  уруғлари  кўп. Улар  нима  десалар, шу  бўлган.
  • Каримов  ҳам  генералми?
  • Шуниям  билмайсанми?  Бош  қўмондон  эди-ку  армияга.

Генерал  Рашид  Қодиров  ўмармаси  олди-да  давлат  ғазнаси  пучайиб  қолади. У  ҳам  ҳаром  бойлигини  Ўзбекистонга  сиғдиролмаган. Шунга  Болтиқ  бўйида  ботмон  –  ботмон  ерларга  шаҳар  қурдирган  …

Қазоқ  хўжаси  (хўжалар уч Жузга кирмайдилар) генерал Турсунхон    Худойбергановнинг  ҳам  юзлаб  гектар  ери бор. Минглаб  қўй, минглаб туя,  минглаб  қорамол, отлари бор. Яна  миллиардлари…  Чинозда  буни  ҳамма  билади. –  Ўзбекистон  –  Қозоғистонда  ҳам  …

  • Генерал   Шуҳрат  Ғуломов    Турсинхондан ҳам  бойроқ  эмиш
  • Бойликда ака-ука генералларга: Ҳаёт, Ибот Шарифхўжаевларга  тенглашолмайдилар.
  • Генерал Каримовникига  дегин.  Ўлмай  турганда  у  генералсимус бўларди.    Яна  қанча  ўзбекни  қон  қақшатарди.  Яна  қанча  Шовруқларнинг  ўлимига  сабабчи  бўларди. Ҳали “Йўлбошчи”нинг  мингдан  бир  кирдикори  очилмаган. Ўлмасак  кўрамиз: очилади …
  • Омийн!
  • Аммо ер  масаласидаги  қинғирликни очиш    қийин.
  • Нимага ?

 Чигаллашиб  кетган . Сабаби  :  амалдорлар ерларни  ўз  номларига  олмаганлар.  Бирда  мен  (У  … исмли  шоир билан)  ёзувчиларнинг  Дўрмон  боғига  борганман.  Катта  сўқоқдан  сўлга  бурулиб,  бироз  юрдик. Шунда  йўлнинг  икки  томонида  адоқсиздай  кўринган  олмазорлар  эътиборимни  тортди .

  • Кимники экан?  – деб  сўрадим  шоирдан  беихтиёр.
  • Бир генералники.
  • Отини биласанми?
  • Отсиз  одам  бўладими?
  • Бўлса айт.
  • Нима қиласан?
  • -Қизиқаяпман-да.
  • Оти…қўй шуни. Бошимга  ғалва  ортириб  нима  қиламан?
  • Қўрқаяпсанми?
  • Ҳар қалай…
  • Қўрқоқдан шоир  чиқадими?  – дедим ихтиёрсиз  бир  тарзда  .
  • Мени тан  олмайсанми?
  • Сен генийсан, – ўз  хатомни  тузатган  бўлдим  сезилар-сезилмас  киноя  билан.  .

Ёлғонимга  ишонди  шўрлик. ”Астра” тутинидан  сарғайган  тишларини  очиб  шивирлади :

  • Алматовга тегишли .
  • Тегишли?
  • Ҳа, шунақа.  Бу  юртда  аҳмоқ  одамгина  ўз  номига  олади. Карчалонлар  жиннимас , қилни  қирқ  ёришади. Бурганинг  кетини  кўрган  кишилар .

Ичимда: “Маймун  миялар  шундай  ўйлайдилар”, дедим. Бироқ  бошқаларни  қўя  турайлик, ҳатто  ўзини  дуруст  билмайдиган  шўрлик  шоирга  шу  сўз  билан  кифояландим:

  • Замон  келиб  текшир-  текшир  бўлса  калаванинг  учини  топадилар .
  • Тополмайдилар.
  • Бу сенинг  талқининг.
  • Сеники-чи ?

Унга  қайта  жавоб  беришни  ўзимга  эп  кўрмадим. Чунки    фойдасиз. Чақага  қиммат  шиғирлар  “битиб”,  буюкликни  даъво  қиладиган “шоир”  баччадан  нима  кутиш  мумкин ?  Сўз  ҳайф.  Шўро  ва  Каримов  замонларида  ундайлар  битдек  урчитилган :  Ғайратий, Акмал, Нормурод, Саййид, Тохир, Иқбол…  Фақат  шаҳоншохлару  шилта  тизимларни  мақтасалар  бас.  Маддоҳлар  ёлғон пропаганда  билан осмонга  кўтарилаверди. Кўтарилаяпти  ҳам.  Рауф  Парпининг  бир  тукига  арзимайдиган  шиғирбозлар…

“Тополмайдилар”миш.  Бу  гапни  ўзингга  ўхшаш  маймунларга  айт .

Балки,  Мустақилликнинг  ёрқин  қаҳрамони  Шовруқ  Рўзимуроднинг  қотиллари  ҳам “тополмайдилар“  деб  ялло  қилиб  юргандирлар.  Бу  вақтинча  кайф – сафо …  Эл  сўзи  билан  жаллодларга  дейман:

“Етти қат  ер  қаърида  бўлсаларинг  ҳам  топадилар!”.  Эзилган  эл  учун, адолат  учун  курашган  Шовруқнинг  қони, Шовруқларнинг қонлари қотилларни  тутади,  кўзларини  кўр қилади,  болаларини  хор  қилади…  Қуръони  Каримда  оят  бежиз  келмаган:  “Ким  қасддан  бир  мўминни  ўлдирса ,  унинг  жазоси  жаҳаннам  бўлиб,   ўша  жойда  абадий  қолажак “.

  • Қотилбоши    ўтда  ёнаётгандир ?
  • Абадий  ёнади  .
  • Ундан кейин  кетган  жаллодлар-чи?
  • Бари ёнади. Тириклари бу  дунё  азобини ҳам  кўрадилар.  Сўд олдида  жавоб  берадилар. Ўлмай  туриб  тирик  мурда  бўладилар.  Тўнғиз қўпсинлар, томуғ(дўзах)да мангу куядилар.

 Бошқаларни  билмайман,  мен, баъзан, ўз  сўзимдан  ҳам қизийман,  руҳланаман,  қувват  оламан.  Ҳозир  ҳам  ўз  танамда  шу  ҳисни  туйдим.   Туйдим-у  “Шавруқ рўзимуродов  тўғрисида  бирон  нарса  ёзсамми?“ деган  фикр  миямга  урилди.  Кўнглим  ёришди.

Қашқадарёга  боришим  керак. Аммо  имкониятларим  чекланган. 17  йиллик қамоқ  силламни  қуритган. Бунинг  устига  юрак  жарроҳлик  амалиётини  ўтказганман.    Эзгу  ниятли  йўлдошларим  ёрдамларида. Улардан  умр  бўйи  қарздорман .   Тангрим  олдида, виждоним  олдида. Ўзим  таниган,  танимаган, миллатдошларимга ич –  ичимдан : “Раҳмат  азизларим!” дейман. Сўнг  она  тилим  –  буюк  турк  тилида дуо  қиламан: “Бу  ёруғ  очунда  не  истакларингиз  бўлса,  ушалсин,  дўстларим !  Эвирум  элчидек  (  Иброҳим  пайғамғамбар  175  ёшга  кирганлар  ) узоқ  умр  кўришларингни  Яратган  Эгамдан сўрайман!” Шундай  фикр, ўй, хаёл  билан  юрганимда, “Бирдамлик” партияси  бошқони,  ишбилармон  Баҳодир  Хон  Туркистон    (  Боҳодир  Чори ) менга АҚШдан (Миссури штати) сим  қоқиб  қолди.   Бироз  дардлашгаимиздан  сўнг  мақсадга  кўчди :

  • Шовруқ    Рўзимурод  ҳақида  бир  китоб  ёзишга  вақт  тополасизми ?
  • Кўнглимсиз  Баҳодир.
  • Ҳар одамда  телепатия  хусусияти  борми  дейман?  Сизга  телефон  қиловергим  келди.  Бежисмаскан. Фикримиз  бир  чиқди. Тошкентда  Қаҳрамон  Маҳмуд    отли  ёрдамчим  яшайди. Ўзи  китоблик. 2004 йили Қарши  муҳандислик   институтини  битирган. Технология факультетини. Ўн  йил  Москвада  Домодедова  ҳаволанида  ишлаган. Ғайратли    йигит. Истаган  пайтингизда  сизни  Қашқадарёга  олиб  бориб  келади. Муаммо  туғилса  тортингманг.

(Давоми бор)

Муаллиф: Эврил Турон

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Абдулла  қодирий  номидаги  ўзбекистон  республикаси давлат мукофоти

АБДУЛЛА  ҚОДИРИЙ  НОМИДАГИ  ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ -ЎзРнинг  бадиий  ижод  соҳасидаги  илк  олий  мукофоти. 1991 йил  6 февралда  таъсис  этилган. Ушбу ...

Чол ва денгиз (2)

Одатда шу бўй димоғига кирди дегунча, чол уйғониб кетар ва кийиниб, болани уйғотгани жўнарди. Аммо бугун ўша қирғоқ ҳиди жуда эрта димоғига урилди ва бу тушида бўлаётганини ...

От кишнаган оқшом (қисса) 34-қисм

34 Катталар хўжакўрсинга лалми дўқ уриб кетди, деб ўйладим. Йўқ, эртаси куни тағин келди. Искаланиб-искаланиб отхонани қаради, чақалоқли уйни қаради. Катталар қилиғи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400