Лотин алифбосига қачон ўтамиз?

Кўз очиб юмгунча 2017 йил ҳам ниҳоясига етди. Ўтган йилда мамлакатимизда қатор янгиликлар рўй берди. Давлат раҳбари якунланган йил давомида кадрларни жой-жойига қўйиш масаласи билан жиддий шуғулланди. Мамлакатимиздаги деярли барча ташкилотлар, жумладан, вазирлик ва идоралар, қўмиталар раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлари ўзгарди. Сир эмас, вазиру ҳокимларни ва бошқа раҳбарларни лавозимга тайинлашда қатор хатоликлар рўй берди.

Бундай хатолар сирасига ўтган йиллар давомида эгаллаб турган мансабини суистеъмол қилганликда, порахўрлик ва давлат мулкини талон-тарож қилганликда, йирик коррупция ишларида иштирок этганликда ва бошқа жиноий ишлар билан шуғулланганликда айбланиб, хизматдан четлаштирилган бир неча шахсларнинг қайтадан масъул лавозимларга тайинланганини киритсак бўлади.

Бундан ташқари, ўтган бир йил давомида Президет томонидан қатор соҳалар жиддий танқид остига олинди. Ҳатто чорак аср давомида номига тил текказилмаган Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, суд, прокуратура, соғлиқни сақлаш, солиқ, божхона, таълим ва бошқа соҳалар фаолиятига хўп ва кўп танқидий баҳолар берилди. Бунга Шавкат Мирзиёевнинг “2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари”га бағишланган йиғилишдаги  нутқи далил бўла олади. Тарихда илк бор парламентга мурожаатнома билан чиққан давлат раҳбари унда яқин келажакда бир қатор муаммолар, жумладан, МХХ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, элчихона ва хориждаги ваколатхоналар фаолиятига ўзгартишлар киритиш масалаларини илгари сурди.

Аммо йил давомида бир масала эътибордан четда қолиб келди. Бу ўзбек тили масаласи. Йилдан-йилга, кундан-кунга қўлланилиш доираси кенгайиш ўрнига тораяётган, эътибор пасаяётган ўзбек тили масаласи ҳамда 1994 йилдан буён пайсалга солиниб келинаётган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тааллуқли масала!

Ўзининг бир йиллик фаолияти давомида Президентимизнинг лотин алифбосига ўтишга ва она тилимизнинг нуфузи тушиб бораётганига доир бирон марта жиддий гапирмагани, ҳеч бўлмаса, қарийб 23 йилдан бери пайсалга солиниши сабаби ҳақида тўхталмагани, боиси тушунтирилмагани кишини ташвишлантирмай қўймайди. Айни пайтда ҳукуматимиз томонидан тилимизга эътибор пасаяётгани туфайли рус тили мавқеи ошиб бораётир. Бунга оддий дўконлару минимаркетлар, катта-катта супермаркетларимизнинг номларию рекламаларигина эмас, балки уларнинг пештоқларидаги маҳсулотлар номи ва нархи ҳам лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида қайд қилиниши ўрнига рус тилида берилаётгани, рус тилида чоп этилаётган китобларнинг ўзбек тилида нашрдан чиқаётган китобларга нисбатан анча арзонлиги мисол бўла олади.

Боз устига, ўтган бир йил давомида лотин алифбосига узил-кесил ўтиш тарғиботи йўлга қўйилиши ўрнига кирилл алифбосига қайтиш масаласи илгари сурилганига, энг ачинарлиси, бундай даъватлар сизу биз каби оддий одамлар томонидан эмас, тилшунос, адабиётшунос олимлар томонидан олға тортилганига нима дейсиз?! Бизнингча, бу каби тарғиботларни ўзларини зиёли деб ҳисоблайдиган зиёнли олимларимиз, масалан, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев каби таъбир жоиз бўлса, лаганбардору маддоҳларимиз ўзбошимчалик билан эмас, балки кимларнингдир буйруғи ва кўрсатмаси асосида амалга оширган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Биз ҳукуматимизнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига эътибори кўнгилдагидек эмаслигига, янги алифбога ўтишга асло шошилмаётганига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига борганимизда ҳам ишонч ҳосил қилдик. Аслида биз мазкур билим даргоҳига машҳур сиёсатчи, таниқли мухолифатчи, “Бирдамлик” ХДҲ етакчиси Баҳодир Хон Туркистон яратган янги лотин алифбоси хусусида соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазаларини билиш мақсадида борган эдик.

Исми-шарифи сир сақланишини илтимос қилган биз учрашган олим лотин алифбосига ўтиш ҳаракатлари айнан ҳукуматдагиларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли илгаригидан кўра анча сустлашгани ҳақида гапириб берди. Ўз навбатида, лотин алифбосига оид ҳар қандай фикрларни сидқидилдан қабул қилишни билдирган олим айни пайтда чала муомаладаги алифбога университет олимлари томонидан ҳам бир қатор янги ўзгартиришлар киритганликларини, алифбога доир бир неча ғояларни олға сурганликларини, аммо ҳеч қандай қўллаб-қувватлов йўқлиги туфайли янги ғоялар “ухлаб ётганини” куюнчаклик билан тилга олдилар.

Ўзбекистондан 23 йилдан кейин лотин алифбосига ўтишга чоғланган қўшни қардош қозоқ халқининг тилшунос олимлари эса айни пайтда ушбу иш устидаги ишларини ниҳоясига етказмоқда. Қозоқлар ўзларининг янги алифболарини жон-жаҳдлари билан қўллаб-қувватлашмоқда.

Қарор қабул қилингандан ҳеч қанча муддат ўтмасданоқ бир неча қозоқ тилли газеталар янги алифбо негизида чоп этила бошланди. Бизнингча, қозоқларнинг лотин ёзувига асосланган қозоқ алифбосига ўтиши ҳукуматимизнинг кирилл ёзувига қайтишга доир фикрларини ўлда-жўлда қилиб юборди. Кирилл ёзувига қайтиш илинжида бўлган ва ора-сирада қармоқ ташлаб турадиганлар сукунат ичида қолди. Бундан шу нарса аниқ бўлмоқдаки, биз энди кирилл алифбосига қайтмаймиз.

Лекин шундай бўлса-да, ҳукуматимиз нега лотин алифбосига узил-кесил ўтишни пайсалга соляпти! Ахир Ўзбекистонимизнинг келажагини 50-60 ёшдан ошган собиқ коммунистлар, коммунистча ғояларга содиқ русийзабон ўзбеклар эмас навқирон ёшлар бунёд этадику. Ёш авлоднинг савиясини, билимини пасайтирмайлик десак, жорий йилдаёқ лотин алифбосига ўтишимиз шарт, деган фикрдамиз.

Муаллиф Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Россиялик сиёсатчи ва депутат владимир жириновский вафот этди

Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) асосчиси, Давлат думаси депутати Владимир Жириновский 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Давлат думаси спикери Вячеслав Володин маълум ...

«гранд» радиоси гулнора каримованинг эри рустам мадумаровга тегишли эканлигини рад этмоқда

«Гранд» радиостанцияси Гулнора Каримованинг эри Рустам Мадумаровга тегишли эканлиги ҳақидаги маълумотларни рад этди, деб ёзади “Дарё” нашри. «20 йиллик фаолиятимиздан сўнг ...

Украинадаги портлашдан ишчилар ҳалок бўлди

Украина шарқидаги Авдиевка шаҳридаги заводга ҳужум уюштирилиб, оқибатда камида 10 нафар ишчи ҳалок бўлди. Маълумотларга кўра, заводда иш вақти тугаганидан сўнг автобус бекати ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400