Фуқаролиги йўқ шахслар қачонгача ўгай ҳолда яшайди?

Ислом Каримов ўлгунича ўзининг коммунистик ғояларга қалбан содиқ эканини мамлакатда собиқ СССР фуқароларини сақлаш орқали намойиш қилди. Унинг бу каби тутуриқсиз, бетайин, беўхшов сиёсати айниқса, қозоғистонлик, қирғизистонлик, тожикистонлик, туркманистонлик ва бошқа давлатларда яшовчи ҳамда ана шу давлатлардан она ватанига қайтган ўзбекларнинг ғазабини тамомила жунбушга келтирди. Унга нисбатан нафратларини жўш урдирди.

ИАК СССР парчаланиб кетишига қарамасдан 1987 йилдан кейин Ўзбекистонга ҳар хил мақсадларда – доимий яшаш, ишлаш, ўқиш мақсадларида келган (асосан ўзбеклар) совет иттифоқи фуқароларига гарчи иттифоқ тугатилган ҳамда улар доимий Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бўлса-да, Ўзбекистон фуқаролигини бермай ҳар томонлама сарсону саргардон қилди.

У ўзича паспорт ўрнига “Фуқаролиги йўқ шахснинг Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси”ни жорий этиб, ўзига хос уй қамоғини яратди. Бундай шахсларнинг эркин ҳаракатланишига, ўзлари туғилиб ўсган ўз уйи – ўлан тўшагига эмин-эркин бориб қайтишига тўғаноқ бўлди. Шу тариқа, фуқаролиги йўқ шахслар, ҳатто ўзлари туғилиб ўсган давлатларга ҳам фақат Ўзбекистоннинг чиқиш визаси (ОВиР) ҳамда ўзлари бориш истагида бўлган давлатдан келган махсус таклифнома ва ўша давлатнинг кириш визасини олиш ҳисобигагина минг машаққатлар эвазига бориб-қайтишга эришди.

Табиийки, чиқиш ва кириш визалари бепул эмас. Масалан, фуқаролиги йўқ шахслар Қозоғистонга бориш учун даставвал 10 доллар тўлаб, бир марталик виза олган бўлса, 2006 йиллардан кейин бу сумма кўрсаткичи 30 долларга ошди. 2017 йилнинг 1 декабридан эса фуқаролиги йўқ шахслар Қозоғистонга бориш учун бир марталик визага (Қозоғистон ҳудудида 10 дақиқа бўлса ҳам) 80 доллар тўлашга мажбур бўлмоқда. Гарчи, бундай тўловлар Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланган бўлса-да, бундай кўргуликларнинг пайдо бўлишига бизнингча, бевосита ва билвосита И. Каримовнинг сиёсий тутуми сабабдир.

Миллат хоини И. Каримов даврида фуқаролиги йўқ шахслар ўзларининг бутун топган даромадларини “Фуқаролиги йўқ шахснинг Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси” муддатини вақти-вақти билан узайтириш, икки йиллик муддатга бериладиган “Фуқаролиги йўқ шахснинг хорижга чиқиш ҳужжати”ни расмийлаштириш ҳамда туғилиб ўсган юртига бориб-қайтиш учун чиқиш ва кириш визалари, шунингдек, иккинчи давлат томонидан таклифномалар олиш учун сарфладилар.

Гарчи хорижга чиқиш ҳужжати 2014 йилдан 5 йил муддатга берила бошланган бўлса-да, бу омил фуқаросизларнинг оғирини енгил қилишга заррача туртки бера олмади. Чунки улар ушбу 5 йил ичида барибир 3 марта (2 марта 2 йиллик ва 1 марта 1 йиллик) ОВиР олиш учун пешана тери эвазига ойлаб, йиллаб топган даромадларини атиги беш дақиқа ичида давлат ғазнасига қўш қўллаб топширишга мажбур бўлдилар.

Бундан ташқари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг тинка-мадорини тамомила қуритишга ИАК асос солган коррупциялашган ички ишлар органлари ходимлари “баҳоли қудрат” ҳисса қўшди. ИИБ ва унинг ҳузуридаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш ходимлари ўтган йиллар мабойнида фуқаролиги йўқ шахсларни ҳар хил кўйга солиб, ҳар хил ваҳималар уюштириб, пўписалар йўли билан улардан мўмай даромад ундирган ҳолатлар ҳам кўп бора учради.

Ҳа, ИАК Ўзбекистонга четдан ўзбекларни киритмаслик ва унинг бош шаҳри Тошкентда ўзбеклар сонини кўпайтирмаслик ғоясига Ўзбекистон Республикаси Конституциясини бузиш эвазига бўлса-да, умрининг охиригача содиқ қолди. У “Тошкент пропискаси” муҳрини ўзбеклардан қизғанди. Шу тариқа, бош қомусимизга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида, пойтахти бўлмиш Тошкент шаҳрида доимий яшаш, ишлаш ҳуқуқидан мосуво қолди. Бунинг натижасида миллион-миллион миллатдошларимиз ҳар хил азоб-уқубатларга гирифтор бўлди. Маҳаллийчилик авж олди. Қўшнилар билан алоқаларга дарз кетди.

Бугун муносабатлар ўзгармоқда. Ўтган бир йил давомида давлат раҳбари Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон давлат раҳбарлари билан бир неча марта учрашди. Бунинг натижасида на қўни-қўшниларни ҳурматлаш, қадрлашни билган, яккаҳокимликка ҳаддан ташқари ружу қўйган миллат душмани, марҳум Ислом Каримов ташаббуси билан ёпилган тошйўллар, бир пайтларда тўхтатилган поезд қатновлари, учоқлар парвози, маданий алоқалар қайта йўлга қўйилмоқда. Бу йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” дея эълон қилинди. Бу эса, икки азалий қардош халқларни бир-бири билан янада яқинлаштиришга баракали ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

Шавкат Мирзиёев 26 йил давомида жилла қурса 20 нафар фуқаролиги йўқ шахсга Ўзбекистон фуқаролигини бермаган, беришга ор қилган устози ИАКнинг хатосини тўғрилашга интилмоқда. Шу кунга қадар бир неча юз киши Ўзбекистон фуқароси паспортини олиш бахтига мушарраф бўлди. Аммо, бизнингча, амалдаги президент ҳам чорак асрдан бери фуқаросизликдан азият чекиб келаётган шахслар тақдирига сидқидилдан ёндошмаяпти. Бунинг натижасида фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳали ҳам ҳар хил қийинчиликларга рўбаро келмоқда, ҳуқуқлари поймол бўлмоқда. Ўзлари орзу қилган касбларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қолмоқда. Агар Президент Шавкат Мирзиёев фуқаролиги йўқ шахсларнинг муаммоларини сидқидилдан ҳис қилганида эди, ХХI асрда улар билан рўй бераётган аянчли кўргуликларга тез орада барҳам берарди. Айбсиз айбдор бўлмиш фуқаролиги йўқ шахслар эса ҳозирги уйидан болалиги ўтган уйига бориш учун 80-100 долларлаб маблағ сарфлаб ўтирмасди. Бизнингча, Ш. Мирзиёев одамларни умидвор қилиш ниҳоятда оғирлигини яхши билади. президент буни ўз нутқларида ҳам ошкоралаяпти…

Хўш, мен буларни яна нега эслаяпман?! Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва республика, шаҳар, тумандаги Хорижга чиқиш-кириш ва миграция бошқармаларию бўлимларида яна сансоларликларга, боқибеғамликларга йўлиқаётганим учун эслашга мажбур бўляпман. Ажаб эмас, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақидаги ушбу мақолам энг сўнгги мақолам бўлиб қолса!

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда ўтган ойда мева-сабзавот маҳсулотларининг нархлари 4,0%га қимматлашган

2018 йилнинг февраль ойида мамлакат истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1,6%га ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабарига таяниб “Халқ сўзи” нашри ...

Электр ва газдан фойдаланиш тартибига ўзгартиришлар киритилди

Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарорига ўзгартиришлар (182-сон, 28.02.2019 й.) ...

Диплом ишини ёзиш нархи қайси олийгоҳда қанчалигини биласизми? 

АУДИТОРИЯ. Ҳамма навбатдаги дарс бошланишини кутаяпти. Бир ўқитувчимизнинг тоби қочган экан, дарс битирувчи курс билан қўшиб ўтказиладиган бўлди. Орқа ўриндиқда ўтирган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400