Бозордаги босқин

Бозорларда ноқунуний савдолар  юзасидан  рейдлар ўтқазилиши табиий ҳолат. Харидор сифатида  ўзимиз  ҳам бу каби жараёнларнинг кўп марта гувоҳи  бўлганмиз. Агар гап озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлса, ушбу назоратлардан ҳатто кўнглимизда бир оз хотиржамликни ҳам ҳис қилганмиз. Аммо савдонинг турлари кўп.

Деҳқон бозорларидаги сар хил мева-чевалар расталаридан ташқари бозор атрофи, бозор дарвозаси ёки ичкарисидаги харидорлар юриши керак бўлган йўлаклар бўйлаб ҳам ўзларига амал-тақал қилиб жой ҳозирлаганча, мева-чева сотаётган  бозори чаққон бозор аҳлига ҳам  неча бор дуч келганмиз ва ҳатто маҳсулотларидан харид ҳам қилганмиз.

Бозор майдони бундай савдогарларга тўла бўлсада, аммо бу тарздаги савдо тури ҳам ноқунуний ҳисобланади: чора кўрилади, жаримага тортилади, маҳсулотлари мусодара қилинади. Ҳар сафарги рейд чоғида бозор бундай савдогарлардан “тозаланиб”, рейд тугагач, ҳаммаси яна жой-жойига қайтади. Қизғин бозор муҳити ана шу тахлид яна давом этаверади. Нима ҳам қила олардик, ахир бозорнинг ҳам ўз қонунлари бор. Мана масалан: Талаб ва Таклиф. Ноқунуний савдогарларнинг ҳам ўз харидорлари, талабгорлари бор.

Шунга қарамасдан таъқиқлар барибир қонуний кучда. Улар вақти вақти билан савдогарларга буни эслатиб туришади.

Шунчаки эслатиб қўйишадими, ижобий чора ва ечимлари излаб топиладими ёки баъзида таъмагирлик, акс жавоб берганларга нисбатан эса дўқ-пўписа, зўравонлик  ҳолатлари ҳам кузатиладими?! Ҳамма гап шунда. Таъқиқ ва қувғинлар, мусодара этишлар  муттасил давом этаверса, бозор аҳлининг бундан албатта тинкаси қурийди. Келишувга ўтишга ҳаракат қилишади, бунинг уддасидан чиқа олишмаса, яшаш учун кураш тариқасида ҳимояланиш, маҳсулотларини қандай бўлмасин сақлаб қолиш учун бир мунча тажаввузкор ҳам бўлиб қолишади.

Тошкентдаги ТТЗ “Ширин” бозорида 20017 йил 17 ноябр куни солиқчи ва милиционерлар томонидан уюштирилган навбатдаги рейд чоғида  мазкур ходимлар ва савдогар Манзура Боқиева ўртасида бўлиб ўтган куч ишлатиш ва зўравонлик туфайли келиб чиққан жанжалга ҳам айни ана шу сабаблар ҳам асос бўлган эди.

Аммо бу ҳаммаси эмас. Ҳурматли етакчимиз “Бирдамлик” ҲДҲ Лидери Баҳодир Хон Туркистоннинг топшириғига кўра мазкур жанжал ва зўравонлик ҳолатини  атрофлича ўрганиш учун  ТТЗ “Ширин” бозорига борганимда бозор бўйлаб сочилиб кетган ноқунуний савдогарларни оралаб Манзура Боқиева савдо қилаётган жойни бир амаллаб топиб бордим.

“Милиционерлар ва солиқ ходимлари томонидан сизга нисбатан куч ишлатилгани ростми”, дея саволга тутаман Манзурани.  “Жисмоний етказилган талофат ва жароҳатларни исботловчи суратлар, тиббиёт хулосалари, ёнимда савдо қилаётган бозорчилардан ҳам гувоҳларим бор,”дея жавоб берди Манзура.

Гувоҳ бозорчиларни ҳам саволга тутаман. “Илгари ҳам бунақа рейдлар бўлиб турар эди. Аммо ўша кунгиси кечга яқин, қўққисидан, форма кийган ва формасиз бир гуруҳ ходимлар томонидан шафқатсизларча амалга оширилди. Бозорни бир пасда қий-чув, тўс-тўполон босди. Айниқса, Манзуранинг ўзига ҳам, молларига ҳам қаттиқ ёпишишди. Қаршилик кўрсатган эди, аямасдан силкилашга, уришга ва ҳатто тепишга ҳам ўтишди. Мева-чевалар ҳар ёққа сочилиб, ер билан битта бўлди. Заҳирадагилари тортиб олинди. Ўзини эса ҳозироқ биз билан маҳкамага борасан, дея мажбурлашга тушишди.

Қўрқиб кетишганидан чинқириб онасига ёпишишган болалар, жумладан, икки яшар гўдакни ҳам аяб ўтиришмади. Уларни онасидан юлқиб ташлашиб, ўзини дўппослаб, куч билан машинага босишди. Бозор аҳлининг инсофга чақириб айтган сўзларига ҳам қулоқ солишмади.”

Бу гапларни эшитарканман,  важоҳатга тўла давлат назорати ходимларининг  бу тахлид ҳатти-ҳаракатларига жўяли сабаб тополмай, яна ечим излаб, саволларимда давом этаман. “Яхшилаб ўйлаб кўринг, мендан ҳеч нарсани бекитманг, нима сабабдан улар бунчаликка боришди?!”

“Икки ой ичида бир-неча марта товарларим мусодара қилинди, бир марта 900кг, кейин 300кг, яна 180кг , ўзи яқинда иш бошлаган эдим. Менга тегинмаслик шарти билан улар сўраган “доля”ни беролмагандим,”жавоб беради Манзура.

Аммо бу жавоб ҳам мени тўла қаноатлантирмайди. Ўзаро меҳр-оқибатли ва раҳмдил халқимизга хос бўлмаган бу даражадаги  зўравонликка фақат шу нарсагина сабаб бўлганига ишонгим келмасди. Асл воқеликка ойдинлик киритишим керак, деган фикр менга тинчлик бермай, сўраб-суриштиришда яна давом этдим. Ниҳоят калаванинг учи ҳам топилгандек бўлди.

Манзура ўша кечда бўлиб ўтган воқеаларни кучли зўриқиш ҳолатида қайта-қайта ҳикоя қиларкан,  гап орасида қандайдир Дорихона ва унинг хўжайини билан муносабатлари ҳақида ҳам гапириб қолди.

Манзура савдо қиладиган жой бозор ташқарисида, аммо ёнгинасида жойлашган Дорихонага олиб чиқадиган кичкина  йўлакча бурчагида жойлашган бўлиб,  дорихонага ўтиб қайтадиган фуқаролар ва харидорлар биринчи бўлиб Манзура ва унинг ёнидаги савдогарларга дуч келишар экан. Манзуранинг айтишига қараганда, у доимо дорихона савдосининг ҳам жадал кетиши учун аслида дорихонадаги маҳсулотлар бошқа дорихоналарга солиштирилганда нархи анча юқори бўлсада, харидорларга доимий тарзда тинмай тавсия қиладиган дорихонаси ана шу дорихона бўлган.

Аммо дорихона хўжайининг бундан барибир кўнгли тўлмаган эмиш, чунки бозорчилар унинг дорихонасини харидорлардан тўсиб қўяётган экан. Шунга кўра, бозор назоратига масъул ходимларга “ дорихонамга олиб борадиган йўлакни  бозорчи савдогарлардан буткул тозаласанглар, Янги йил байрамида сизлар учун қуюқ зиёфат мендан,” деган эмиш. Бунинг устига дорихона хўжайинининг бозор ичкарисида  турли навдаги тоза спиртли ичимликлар сотиладиган дўкони, шунингдек, прокуратура ва шу тахлид юқори ташкилотларда ишончли одамлари ҳам бор эканки, бундай инсоннинг илтимосини қаноатлантирмасликнинг иложи йўқ экан.

Бу гаплар Манзурага ишончли етқазувчилар орқали етиб келган эмиш. Бу янги маълумотлардан сўнг мен дорихонага йўл олдим.

Дорихона хўжайини Усмон Турақулов кўринишидан оддий, муомулали инсон бўлиб кўринадиган, нафақа ёшидаги киши бўлиб, мени илиқ қарши олди. “Жанжал бўлиб ўтган кунги тасвирлар дорихона камерангиздан  атайин ўчирилганмиш,”деган саволимга “камерам анчадан бери тасвирга олмайди, ўша кунги воқелар  ўчирилмаган, балки умуман тасвирга тушмаган,” деб жавоб берди. “Манзура Боқиевага нисбатан уюштирилган зўравонлик сиз ва сизнинг дорихонангиз туфайли содир этилган деган тахминлар ҳам бор”, деган гапимга  “Манзурага ҳам унинг болаларига ҳам доим яхши муносабатда бўлиб келганман. Гоҳ-гоҳида нон, узум ё бошқа озиқ-овқатлардан  ҳам, қўлдан келганча узатиб ҳам турганман. Болаларини кўриб қолсам, албатта бирон меҳрибончилик қилгим келарди. Қандай қилиб мен уларга бу даражада ёмонлик қилишим мумкин. Ишонмасангиз Манзуранинг ўзини чақириб сўранг”, деб қолди.

Манзура ҳам бир пасда етиб келди. “Булар ана шундай иссиққина хоналарда ўтириб ишлашади. Қўш-қўш дорихона дўконлари бор, юқори ташкилотларда ишончли одамлари. Мен каби бозорчилар буларга ким бўпмиз, битта зиёфатга мени шу даражада хўрлашди, сал каттароқ нарса ваъда қилишса, ўлдириб кетишдан ҳам тойишмайди. Мен ҳозир хавотирда яшаяпман,”деди яна асабий зўриқиш ҳолатида Манзура. “Сизга ҳам насиб қилсин, қўрқув ва хавотирга тушманг, дея овутдим уни.

Манзура чиқиб кетгач, дорихона хўжайини  Усмон ака билан яна бир оз воқеа юзасидан суҳбатлашдик. Тўғрироғи, мен уни атайин гапга тутдим. Кўриниши, ўзини тутиши, гап-сўзлари ва ҳолатидан дорихона хўжайинида мен Манзурага нисбатан ачинишни,  бўлиб ўтган воқеага қандайдир даражада сабабчи бўлган бўлсаям, бундан қаттиқ пушаймонликни сездим.

Ҳақиқатдан ҳам, бозордаги савдогарлар ўтиб-қайтиш йўлакчасида шундай жойлашиб олишганки, бу нафақат дорихонага, йўловчиларга, айниқса, уловли йўловчиларга жуда ноқулай  шароитсизликни пайдо қилган. Бозорга маҳсулот ташиётган авто уловлар йўлакчада зўрға ҳаракатланяпти. Бозорчи ва йўловчилар ҳаёти учун ҳатто бир оз хавф ҳам туғдиришаяпти.

Манзура ва бошқа савдогарлар томонидан тўсилиб қолиш эвазига савдо  йўлга қўйилган йўлакни йўловчи ва авто уловлар учун очиқ қолдириш, бунинг учун бозор савдо аҳлига қувғин ва босқин уюштирмасдан  бошқачасига шароит яратиб бериш, мана шулар эди аслида бозорда тартиб-интизомни сақловчи назоратчиларнинг вазифаси, савдогарлардан солиқ ундириб, “давлатимни бой қиламан”, деб юрган солиқчиларнинг ҳам вазифаси, қолаверса, ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам ҳар қанча қийинчилик бўлсаям, бозорга чиқадиган, меҳнаткаш аммо ўз ҳуқуқ ва қонун -қоидалардан бехабар,  фақат бозор қоидаларинигина сув қилиб ёдлаб олган ноқонуний савдодаги бозор аҳлига эркин савдо қилиши учун арзон ва қулай иншоот, бино ва расталар қуриб беришга қурби етадиган, бу билан ўз тадбиркорлигини ҳам кенгайтирса бўладиган Усмон ака Турақулов каби тадбиркорларнинг ҳам вазифаси.

Зўравонликни, тўғрироғи рейднинг зўровонликкача бориб етишини Усмон ака уюштирмагани тадбиркорнинг юз-кўзларидан яққол сезилиб турибди. Аммо оддий халқни менсимайдиган, уларга зўрлик ишлатса ҳам бўлаверади, деб ўйлайдиган давлатимизнинг ишониб топширган вазифаларини  саводсизларча ва калтабинларча суйистеъмол қилаётган бу билан ўзбек милиционерлари шаънига ҳам доғ тушираётган, энг ёмони, давлатимизнинг халқимиз манфаатларини кўзлаб иш тутишига фуқароларда ишончсизлик уйғотаётган бу каби зўравонликлар бизнинг миллатимиз ва жамиятимизга ёт иллатлардир.

Янги Йил байрами арафасида яна Манзура Боқиева билан телефон орқали боғландим. У соғлиғи ёмонлашиб, шифохонага тушиб қолганини, болаларидан хавотирда эканлигини, чунки, ўша кунги жанжал, тўпалонда болалар қаттиқ қўрқувни бошидан кечиришгани учун фарзандларидан бирининг тунда уйқусида босинқираш, қўрқиб деворларга тармашиш ҳолатлари кузатилаётганини айтди.

Иши терговда кетаётган, босқин куни унга куч ишлатиб, зўравонлик қилган бозор назорат ходимларининг унга билдираётган таклифлари билан ҳам мени таништирди:

Уларнингча, Манзура Боқиева агар судда ҳамма айбни ўз бўйнига олса, улар Манзуранинг ҳамма зарарларини қоплаб беришар эмиш, уларнинг ишдан кетишидан Манзурага қандай наф эмиш, агар бу таклифларига Манзура рози бўлмаса, Манзурани айбдор деб топишлари учун барча чораларини ишга солишар эмиш, ўзларини Манзурадан ҳимояланганга чиқазиш қўлларидан келар эмиш.

Манзура бу гапларни замон шунчалик “Зўр”ники, Зўравонларникими, дегандек, маъюсланиб гапирди. Аммо ўзига бўлган ишончи етарли эди.

Топшириқ юзасидан аниқлаганлримни Етакчимиз Баҳодир Хон Туркистонга сўзлаб берганимда, у менга шундай мулоҳазаларини билдирди:

“Бозор аҳли тинчликни яхши кўради. Аммо улар ўз тирикчиликлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган, интилувчан,  халақит берувчиларга нисбатан эса кези келганда муросасиз ҳам бўлиб қолишади. Аммо энг муҳими бозор аҳли тинчликни севувчан бўлишади. Шуни ҳамиша ёдда тутишимиз, уларга халақит бериш эмас, аксинча шароит яратиб бериш ҳақида кўпроқ  ўйлашимиз, шунга  ҳаракат қилишимиз керак.”

Ҳа, Манзура Боқиеванинг мақсадиям, кимнидир қаматиш, ишдан олинишига эришиш, ўч олиш эмас. Аксинча, унинг бозорда бехавотир ва эркин  савдо қилиши учун ортиқ унга тўсқинликлар қилинмаса, қонун доирасида савдо қилиши учун жамиятимиз томонидан етарли шарт-шароитлар яратиб берилса, болаларининг ва ўзининг тинчлиги, хавфсизлиги кафолатланса.

Менимча, суд ва тергов ишларининг тўхтатилишидан манфаатдор, аммо ўзи халқнинг кўз ўнгида рейд эмас, фуқароларга нисбатан  зўрлик  “сиёсатини” ўтказган  назоратчилар  аввало ҳукуматимиздан, бозор аҳлидан ва Манзура Боқиева ва унинг оиласидан астойдил кечирим сўрашлари, Манзура Боқиеванинг кўрган моддий, маънавий ва соғлигига етган  жисмоний зарарларнинг  ҳам ўрнини тўлаб ва қоплаб беришлари, бундан кейин Манзура Боқиева ва у каби унинг ёнида савдо қилиб тирикчилик қилаётган бозор аҳлига ҳам эркин савдо қилишлари учун етарли  шарт-шароитлар яратилиб берилиши айни мақсадга мувофиқ ва энг тўғри ечим бўлган бўлар эди.

Яна бир муҳим масала, Манзура Боқиеванинг фарзандларига  руҳшунос  хизматини ҳам албатта йўлга қўйиб бериш керак. Токи, болаларнинг онгида қўрқув, ишончсизлик ва тажаввузкорлик каби носоғлом дунёқарашлар шаклланмасин. Ўз давлати ва ҳукуматига нисбатан ишонч, ҳурмат ва ҳимояланганлик туйғуларини ҳам  ҳис қилишсин.

Бозор маъмурияти, мутасадди ташкилот раҳбарлари  тегишли чора-тадбирларни қўллаб, йўл қўйилган ва бўлиб ўтган тартибсизликларга  тўла барҳам беришнинг уддасидан  чиқа олишса, табиийки, бозорларимиз тинч, баракали, обод, файзли  ва фаровон бўлади.

Зеро, доно халқимизда қадимдан шундай нақл бор:“Отанг — бозор, онанг—бозор”.

Ўзбек бозорларимиздан меҳр-оқибат ҳеч қачон кўтарилмасин, барака ҳеч  қачон аримасин!..

Муаллиф: Дилфуза ЛАНГАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қаҳрамон қуронбоев яхши кадр, лекин тузум қурбони

Бир ҳафтадан буён ижтимоий тармоқларда Ӯзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси, сенатор, Ӯзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев атрофида ...

Францияда вазир бюджет ҳисобидан дабдабали кеча уюштиргани учун ишдан кетди

Франциянинг экология вазири Франсуа де Рюжи давлат ҳисобидан шоҳона кечки овқат уюштиргани можароларидан сўнг учун ишдан кетди. «Дарё»нинг ёзишича, у мамлакат бош вазири ...

Пенсия билан нафақанинг фарқи нимада?

Кўп ҳолларда ОАВларда пенсия билан нафақа тушунчалари ноўрин ишлатилади. Баъзан пенсионер сўзи ўрнига «нафақахўр» сўзини ёки «нафақага чиқдим» ибораси ҳам ишлатиб юборилади, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400