Ўзбеклар учун қандай: Улуғ Ватан урушими ёки Иккинчи Жаҳон уруши?

Ўзбеклар учун қандай:   Улуғ Ватан урушими ёки Иккинчи Жаҳон уруши?

       Толиб Ёқубов                                             

            ВВС радиоси сайтида юқорида келтирилган мавзуда сўров ўтказилганини ўқидим ва 1990 йилда мен айни масалада мақола ёзганимни эсладим. Чамамда у мақола“Бирлик” халқ ҳаракатининг нашрида чоп этилган эди. Афсус, ўша пайтларда компьютеримиз бўлмаганлиги ва “Бирлик” газетаси сақланмагани сабабли мақолани тиклашнинг иложи йўқ. Бироқ мен мақоладаги асосий ғояни яхши эслайман. Мен қуйида ўша ғояни келтирмоқчиман.

            Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР) 1924 йил 27 октябрда тузилган ва у 1925 йил 13 майда СССР таркибига киритилган. Мен “кирди” эмас, “киритилган” демоқдаман, чунки бу икки сўз орасида ер билан осмонча фарқ бор. Жиноят содир этмаган одам узоқ йиллар ётиш учун ўз хоҳиши билан қамоқхонага кирмайди, уни суд адолатсиз ҳукм чиқариб қамоқхонага жўнатиши мумкин. Давлатлар ҳам шундай. Бир давлатни иккинчи давлат куч ёрдамида босиб олиши мумкин, бироқ бу бир давлат босқинчи давлатга ўз хоҳиши билан кирди, дегани эмас. Марказий Осиё, шу жумладан ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди ҳам 19-асрнинг иккинчи ярмида Россия томонидан босиб олинган. Бу – тарихий факт. Бу босқинчиликни 1917 йилда рус большевиклари давом эттиришди.

             Бирор давлат бошқа бир давлат таркибига кирмоқчи бўлса, бу масалани кирмоқчи бўлган давлат халқи ва раҳбарлари ҳал қилади. 1925 йилда ЎзССР СССР таркибига киритилар экан ҳеч ким ўзбек халқининг фикрини ва иродасини сўраган эмас, яъни ҳозирги замон тили билан айтганда, референдум ўтказилган эмас – ўша пайтда Ўзбекистон тўлиқ рус большевиклари таъсирида бўлган. Мамлакатда босқинчилар томонидан обрўсизлантириш мақсадида “босмачи” дея аталган, моҳиятан миллий озодлик, миллатни руслаштирмаслик, ислом динини сақлаб қолиш учун кураш олиб бораётган халқ қатлами ўз олдига нафақат СССРга кирмасликни, балки босқинчиларни Марказий Осиёдан батамом қувиб чиқаришни мақсад қилиб қўйган эди. Бу кураш ЎзССР СССР таркибига “киритилгандан” кейин ҳам анча йиллар давом этди.

              Ўзбекистон СССР таркибида колониал ҳудуд бўлгани учун СССР ўзбеклар ва Ўзбекистон ҳудудида яшовчи бошқа халқлар вакиллари учун ВАТАН ЭМАС. Салкам 300 йил Буюкбританиянинг мустамлакаси бўлган Ҳиндистон халқлари учун Буюкбритания ватан бўлмаган. Худди шундай жазоирлик араблар учун Франция ватан ҳисобланмаган. Бирорта қуриялик (корейс) Японияни ватаним деб ҳисобламаган, ваҳоланки Қурия 35 йил Япониянинг мустамлакаси бўлган. Баъзи сотқин ва маддоҳ тарихчиларни ҳисобга олмаганда бирорта одам ўзбеклар (тожиклар, туркманлар ва б.) учун СССР (Россия) ватан бўлганини исботлай олмайди. Сотқин ва маддоҳ тарихчиларнинг “исботи” эса ёлғондан ва “катта ака” олдида қулларча эгилишдан бошқа нарса эмас.

               Ким бошлаганидан, нима сабабдан бошланганидан қатъий назар 2-чи Жаҳон уруши ХХ-асрда бири рус коммунистлари, яна бири немис нацистлари томонидан тузилган икки тоталитар давлат –  СССР ва Германия – урушдир. СССР таркибидаги рус бўлмаган барча халқлар, шу жумладан ўзбеклар ҳам, табиий, СССР томонда туриб бу урушда қатнашган. Қизиғи, турли ғоялар (коммунистик ғоя ва национал-социалистик ғоя)га асосланган бу икки тоталитар давлатлар раҳбарияти ўз халқларига келажакда бир хил ижтимоий-сиёсий тузумни – социализмни – ваъда қилишган. Фарқи ягона: СССР раҳбарлари кўпмиллатли жамият учун, Германия раҳбарлари эса бирмиллатли жамият, яъни фақат немис миллати учун социализм қуриш ниятини намойиш қилишган. Ҳар иккала ғоя ижроси иккала давлатда ҳам зўравонликка асосланди, ҳар иккала давлатда тарихда биринчи марта ўзгача фикрлайдиган одамлар, биринчи навбатда мухолиф сиёсий кучлар вакиллари учун концентрацион лагерлар барпо этилди. Германияда бундай лагерларда юзминглаб инсонлар ўлдирилган бўлса, СССРда йўқ қилинган одамлар сони бир неча миллионга етган. Бу икки тоталитар давлат орасидаги уруш эса салкам 100 миллион инсоннинг умрига зомин бўлди.

              Аслида мазкур уруш бутун дунёда 2-чи Жаҳон уруши, дея тан олинган. Бироқ СССРда шу мудҳиш урушдан ҳам СССР раҳбарлари ва пропагандаси ўзининг мустамлакачилик моҳиятини мустаҳкамлан ва кўпсонли рус бўлмаган ҳалқларни (рус халқининг ўзини ҳам) лақиллатиш учун фойдаланган, яъни бу урушни “Буюк Ватан уруши” деб атаганлар, уни улуғлаб минглаб китоблар ва мемуарлар ёзилган, кинофильмлар яратилган, орден ва медаллар таъсис этилган, “Қаҳрамон шаҳар” атамаси ўйлаб топилган, беҳисоб ҳайкаллар ўрнатилган, дарсликларга киритилган, диссертация ва дипломлар ёқланган ва ҳоказо. Бу узлуксиз, тинимсиз ва борган сари кучайтирилган пропаганда ёшларнинг онгига сингдирилди, урушнинг асл моҳиятини тушунган ва гапирганлар эса концлагерларга ташланган ва ўлдирилган. Шундай қилиб …

             ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ЎЗБЕКЛАР УЧУН  ИККИНЧИ ЖАҲОН  УРУШИДИР!

 31 декабрь 2013 йил.        Франция

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

57 ёшида 1717 нафар фарзандли бўлган султон

Марокаш тарихида Султон Мулай Исмоил ибн Шариф ўзининг жасорати учун “Жангчи подшоҳ”, душманга нисбатан шафқатсизлиги учун “Золим” ҳукмдор сифатида тарихга кирган. OLYMPUS ...

Афсона ва ҳақиқат: «пахтакор» ҳалокатининг сири

Бугун 11 август. Ўзбек футболи оғир жудоликка учраган кун. Роппа-роса 38 йил муқаддам – 1979 йилнинг 11 август куни Украина осмонида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси ...

Рублнинг тушиши 9 ўлка иқтисодига жиддий таъсир кўрсатади

"Рублнинг қадрсизланиши Россияда ишловчиларнинг пул ўтказмаларига боғлиқ бўлиб қолган тўққизта мамлакатнинг иқтисоди учун жиддий таҳдид туғдирмоқда", дея ёзади Британиянинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400