Бир мавзуда икки мақола: Математикнинг ўрнига раққосни мукофотлаш нимаси?

Aйтгим келмаганди, бўлмади. Куни кеча “Индиго” финали тугади. (Канал номини айтмайман, сўраманг). Навоийлик “калкулятор бола” финалда чиқди. 2 ва 3 хонали сонни 5 хонага бемалол кўпайтирди, 5-6 хонали сонларни 2-3 хонали сонга хотирада бўляпти! Гиннес рекорди ҳам худди шу натижа экан, кўз ўнгимизда у рекордни янгилади (норасмий, албатта).

Мақола Sof.uz сайтидан олинди. Муаллиф: Исроил Тиллабоев, математика ўқитувчиси

Мен математикман, шу болага курсга қатнасам ҳам бундай хотирага эга бўлиб, бу ишни бажаролмасам керак. Ҳар ҳолда туғма қобилият устунлигини сездим ва ўрнимдан туриб қарсак чалдим! Ҳакамлар билан таништирай (асосийси) – Сардор Раҳимхон, Ҳалимахон ва яна бир “Ниҳол” олган ниҳол…

Ҳакамлар у бола оғзаки ҳисоблаганни калкуляторда ҳисоблаб зўрға улгуришди, 7-8 хонали сонни ўқиб беришолмай доналаб айтишмоқда, жавобни битта-битта рақамлаб текширишмоқда. Aнча саволлар бериб бўлишгач, йигитча қизишиб кетди, 9 хонали сонни 1 хоналига кўпайтираман, айтинглар, деди. Камига қўшимча қилди, “лекин буни калкуляторда ишлаб бўлмайди”, деди. Энди ҳакамлар олдида “ғоят мушкул” вазифа турганди, қўлларига қоғоз ва ручка олиб, миллионлар синфи қаршисида кўпайтиришни, кўпайтириш бўлганда ҳам 4-синф даражасидаги мисолни ечишдек ғоят “мураккаб” вазифа турганди. Иштирокчи-ку, 4-5 сонияда хотирада топади, лекин бизнинг доно ҳакамларимиз атиги 5 дақиқагина олдин математикани заррачаям билмаслигини тан олиб бўлишган эди.

Табиийки, улар қоғозда бажара олмасликларини билгач, “йўқ, ишондик, тан бердик”, дейишди. Тан берди, 1-ўрин нақд, деди мен каби миллионлаб мухлислар телевизор ортида. Танлов якунида, биласизми, бу болага шу “академик”ларимиз нечанчи ўринни беришди?

Ҳушёр туринг, там-тарам-тарарам: Ҳеч қандай ўрин!!!

1-ўринни лезгинка музикасига ўйнаган бошқа бир болага беришди… Йўқ, калкуляторсиз ҳисоблай оладиган, ўзлари айтгандек Гиннеснинг рекордини янгилаб қўйган бола булар наздида қобилиятли ҳисобланмас экан, чунки унинг зеҳни беқиёс ўткир бўлса-да, битта айби – рақсга яхши ўйнолмайди….

Карахт бўлдим, балки мен истеъдод, қобилият деганларнинг ўлчовини нотўғри тушунаманмикан. Хўп, мен кабилар нотўғри тушунсак, нега ҳакам ва ташкилотчиларнинг ўзлари изоҳ бериб тушунтирмади?! “Ҳой, халқ, Индиго деб мана бундай илм-фанни ўрганган ва ёки туғма ҳисобдонлик қобилияти билан туғилганларга айтилмайди, Индигоман деган ёшга биринчи талаб жаҳон мусиқаларига қойиллатиб рақсга тушиш”, дейишмайдими? ИНДИГО сўзининг маъносини гуглдан сўрадим: “…дети индиго обладают высоким интеллектом, необычайной чувствителностью. И телепатическими способностями”, деган таърифни топдим.

Ўйлаб ўйимга етолмадим, бу ерда айб кимда? Аслида бундай катта аудиторияни қамраб олган танловни баҳолаш учун бу соҳада бирор илми йўқ ашулачиларни ҳакамликка тайинлаб қўйган телеканалдами ёки математикани билмаслигини ўзи тан олиб туриб, бу соҳада Гиннесни рекордини янгилаб қўйган 12-14 ёш норасида қатнашчини бир четга отиб, рақсга тушган болани иқтидор деб ўринни бериб юборган “ҳакам”лардами?

Йўқ, менимча, айб ўша иштирокчи “калкулятор бола”да: бало борми, шуларга илмингни хор қилиб, фанни тушунмаган одамларга уқтиришга ҳаракат қилиб. Улар сен қилган ишни калкуляторда бажара олади-ку, сенинг жажжи миянгда миллиардлаб функциялар ўтиб кетаётганлигини улар тасаввур қилармиди? Тузсиз кўрсатувига чиқиб паст кетгандан кўра биратўла Гиннесга ҳаракат қилганингда бўлмасмидия болагина?!

Aфсус, минг афсус.

Ҳурматли телеканал ходимлари, сизлар Ўзбекистонни ривожлантиришга ўз ҳиссангизни қачон қўшасиз, ўзбек халқини илм-маърифатли қилишга ўз улушини қўшадиган танловларни ўтказиб, зеҳни ўткир, билимли ёшларни олди-қочди қўшиқчи, раққослар олдида ўкситишни қачон бас қиласиз. Қачон телеканалларингиздаги артистлару отарчилардан вақт орттириб, олимлар, зиёлилар, маърифатпарварларга ҳам телеканал орқали ўз ибратли пурмаъно сўзларини айтишга имкон берасизлар? Президент юритаётган сиёсатда ақл-заковатли, ватанпарвар кадрларга эҳтиёж туғилаётган вақтда ёшлар онгини саёзлаштирувчи, илмли бола қолиб енгил-елпи соҳаларни танлаган ёшларни тақдирлайверсангиз, олимнинг қадрини бир пул қилишга ҳисса қўшасиз-ку? Ёки шунга ҳам Президент аралашиб, “етар”, дейиши шартми сизларга? Ростдан ҳам ўртоқлар, етар-а?

 Бу кўрсатув бизга кўзгу бўлди, аксимизни ўзимизга кўрсатди

 Кўрсатувда математик боладан раққос устун қўйилгани катта шов-шув бўлди. Одамлар ажабланди, норози бўлди. Мен ажабланган одамлардан ажабланаман. Нега? Чунки, бу кўрсатув бизга кўзгу бўлди, аксимизни ўзимизга кўрсатди.

Муаллиф: Беҳзод Аҳмадалиевнинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Одамлар ўзларининг қандайлигини кўриб ажабланишмоқда. Ахир, бу бизнинг ҳақиқий юзимиз-ку! Сиз норози бўлганингиз тилда холос, амалингиз рози эканлигингизни кўрсатиб турибди.

Болангизнинг илми учун сарф қиладиган пулингиз артисларга сарф қиладиган пулингиздан неча баробар кўп! Тўй учун 10-20-30 минг доллар ишлатганларни эшитдим, фарзандининг таълими учун мактабдан ташқари минг-икки минг доллар ишлатган оилаларни ешитмадим (бор бўлса керак, лекин анқонинг уруғидек кам бўлгани учун мен эшитмадим). Контракт нархи баландлигидан нолиган одамларнинг нечтасини кўрдим, аммо артисларнинг қимматлигидан нолиган одамларни умуман кўрмадим, эшитмадим.

Атрофга қаранг, ҳамма томонда артистлар: телевизорда, радиода, газетада, тўйда, келин-саломда, рекламада, ҳакамликда (жури), тадбирларда…

Маслаҳат берадиганлар ҳам, муҳокама қиладиганлар ҳам, кийинишни, ҳаттоки овқат пиширишни ўргатадиганлар ҳам артистлар…

Нега? Чунки бизга ана ўшалар керак, шуларнинг ҳаёти бизга қизиқ, кийиниши қизиқ, очилиб қолган жойи қизиқ, фикри қизиқ, иши қизиқ, ҳаттоки шуларнинг “ити” (кучуги) қизиқ.

Артисларни номма-ном биламиз, олимларимизни, ихтирочиларимизни билмаймиз, танимаймиз.

Шерали Жўрайевни билмайдиган ўзбек борми? Бор бўлиши мумкин, у ҳам бўлса енди тугъилган чақалоқ, ерта-индин у ҳам таниб олади. Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Тамарахонимларни биламиз.

Ўша даврда ўтган академикларимизни билмаймиз. Олимлар билан уларни солиштиришнинг ўзи хато, лекин, юзимизни очиб бериш учун айтдим. (Юқорида номи келтирилган одамларга шахсий адоватим йўқ, уларнинг обрўсини ҳам тўкмоқчи эмасман, ёмон ибораларни ҳам ишлатмадим).

Четдан катта-катта телевизорлар кўтариб келаётганларни кўрдим, китоб кўтариб келаётганларни кўрмадим. Ваҳоланки, математикага оид (ва шунга ўхшаган) китоблар уларда ҳам кўпроқ, ҳам арзонроқ, ҳам сифатлироқ.

Бизга раққосларни, артистларни кўриш учун телевизор керак, ўқиш учун китоб керак емас.

Телевизор, радио, газета, интернет нашриётларимиз артисларнинг ҳаётини ёритади, уларни ибрат қилиб кўрсатади.

Агар Стив Жобс ёки Илон Маск биздан чиққанида эди, улар дунёга танилмай ўтиб кетишарди. Мабодо, адашиб чиқиб қолишса, демоқчи эдим. Шунинг учун ажабланманглар, дўстлар, бу бизнинг ҳақиқий юзимиз, бизга раққослар керак, математиклар эмас!

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкент-чимкент автобуси йӯлга қӯйилажак

Тошкент Чимкент шаҳарлари ӯртасида автобус қатнови йўлга қўйилади, дея хабар бермоқда Озодлик радиоси. (more…)

Volvoдаги ўзбекистонлик: “электромобиллар – автосаноатнинг янги давридир”

Volvo Group корпорацияси молиявий мутахассиси Шерзод Жалилов автомобиль гигантидаги фаолияти ҳақида сўзлаб, Ўзбекистонда электромобилларни ҳамда европача иш юритишни жорий ...

Ашхабодда киши бошига ярим кило шакар берилмоқда, ҳукумат эса серобгарчилик ҳақида айтмоқда

Туркманистонда яна озиқ-овқат ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларининг берилиш меъёри камайтирилди, дўконларда узундан узун навбатлар кузатилмоқда. Шунга қарамай давлат ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400