Меҳмонлар дивизияси ёхуд бир кеча минг кеча эмас

Фото: «Tafsilot.uz»

Шаҳарда яшасанг зўр-да, сира зерикмайсан. Гап кинотеатр, музейларнинг мавжудлигида эмас, йўқ. Уйингда ҳам зерикмайсан. Уйинг гавжум бўлгач, қаёқдан ҳам зерикардинг?! Гап болаларда ҳам эмас, балки меҳмонларнинг ўз болалари билан келишида. Ишқилиб, меҳмон бор бўлсин! Эрталаб сенинг қариндошларинг келади, туш маҳали хотинингники, кечга яқин эса иккала томон ҳам қўшилиб ташриф буюради.

Мақола xabar.uz сайтидан олинди

Меҳмонлар, айниқса, болалари билан келишса, мазза: деворда акс этадиган янги санъат асари, дейсанми ёки эмаклаб юрадиган гўдакнинг гиламинг устига «бомба» қўйганими, хуллас, сира эсдан чиқмайдиган воқеалар бўлади-да! Шифохонага йўлланма олган тоғанг ҳам шу ерда, ўқишга киришни мақсад қилгани опангнинг ўғлиям, меҳнат таътилида айлангани келган дўстинг ҳам, яна сен аллақачон унутиб юборган, бироқ сира сени ёдидан чиқармаган қариндошинг…

Сотиболди гоҳо ўйланиб қолади: эшик кўзчаси аслида қариндошларнинг ташрифини билиш учун ўйлаб топилган бўлса керак, деб. Э-ҳе, унинг қариндошлари ҳам қариндош-да: улар шунақанги бемалол, тараллабедодки, Сотиболди бечора ўзи билмаган ҳолда ташвишларни сотиб олиб, ўз уйида ўзини бегонадек сезади.

Бугун ҳам у, тарки одат – амри маҳол, деганларидек, эшик кўзчасидан пойлаб, ташқарида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ичкарига кирди-да, диванга чўзилди. «Наҳотки, уйда биттагина меҳмон қолган бўлса? – деди ҳайрон бўлиб. – Бунақаси оила тарихида бўлмаган». Тўғри, ҳадемай янгаси келади, аммо унгача нафас ростлаб туриш мумкин.

Сотиболди бироз тиржайиб ётиб, кейин хушнуд ҳолда ўрнидан турди-да, ошхонага йўл олди. Хотини Баҳора кечки овқат тайёрлаш билан овора эди.

— Нима қиляпсан? — деб сўради у.

— Манти дейишди-ку! — бурнини тортиб жавоб берди Баҳора. — Болалар қани, пастга тушириб юбордингизми?

— Ҳа. Кичик қариндошларни зериктиришмасин. Анови Иноғоммиди, худди альпинистнинг боласидай стенканинг устига чиқиб кетганини қара!

— Секинроқ, — деди Баҳора ваннахонага ишора қилиб.

Эр-хотин пичирлашиб гаплаша бошлашди. Улар дастлаб бир-бирини кўнгилчанликда айблашди, кейин кутилмаганда… бир-бирига меҳри ийиб кетди. Муҳаббатларини эслаб, ширин хотираларга берилишди. Баҳоранинг овқатга уннаган қўллари муаллақ қолиб, ширин ўйга чўмди. Сотиболди хотинининг кўз қорачиқларига тикилиб, юзини силаш учун қўл чўзган эди, эшик қўнғироғи жиринглаб, унинг қўли ҳам ҳавода қолди. Ташқаридан ғўнғир-ғўнғир овоз келарди.

— Ким? — деди иккаласи бараварига.

— Иссиқ сувдан келишган бўлса керак, — деди Сотиболди. — Илойим шундай бўлсин.
У оҳиста юриб бориб, аввал ташқарига қулоқ тутди, сўнг эшик кўзчасидан пойлади.

— Э, оч-ей, — деди Хидир кўзчага салкам бурнини теккизиб, — оёғим толиб кетди.

Сотиболдининг ичи шувиллаб кетди. Энди ўзига келган эди-я! Юрагининг ҳовури босилиб, хотиржам тортган эди-я! Начора, жўраси келибди. У ҳам меҳмон! Уйингда кимлар борлигини қаёқдан билсин?!

Сотиболди эшикни очиб, ўлганининг кунидан тиржайиб қулочини ёйди. Кейин жўрасини қучоқлаб олди-да, қўйиб юбормади. Очиғи, уни куч билан қисиб… бир бало қилмоқчи эди. Жўраси қучоғида питирлади. Шу пайт орқа тарафдан Хидирнинг хотини ҳам кўринди-ю Сотиболди беихтиёр ошнасини қўйиб юборди.

— Э, қойил, қадамларига ҳасанот, — деди Сотиболди сохта мулозамат билан иршайиб.

— Сиз яхшимисиз, Нигора? Болалар тузукми?.. Баҳора, қара, (яна) меҳмонлар келишди.

Баҳора ҳам худди эри каби тиржайиб чиқди. Дугоналар, «бормисиз, омонмисиз», дея кўришдилар.

— Келдик, ошна, — деди Хидир. — Бугун, эрта деб қани вақт бўлса!

«Бугун-эрта эмиш, ҳар ярим соатда шу ердасан-ку!» — деб қўйди Сотиболди ичида.

— Ие, болаларинг қани? — деб сўради у. — Ташлаб келдингми?

— Нега ташлаб келаман, жиннимисан? Пастда, сенинг болаларингни кўриб, ўйнаймиз, деб қолишди… Ўзинг яхшими, жўра, а бу қишлоққа бормайсан ҳам? Одам бундай меҳр-оқибатли бўлади-да!

— Албатта, меҳр-оқибатли бўлади, — деди Сотиболди меҳмонхонани кўрсатиб. — Қани, ичкарига марҳамат.

Жўраси уни тўхтатди:

— Олдин ваннангга бир кириб-чиқай. Этажингга чиққунимча терлаб кетдим, пастроқда яшасанг бўлмайдими, а? Бешинчи қаватда пишириб қўйибдими? Арзонроқ деб шу уйни олгансан-да, а? Одам деган меҳр-оқибатли бўлади.

Сотиболди ваннахонага ишора қилди:

— Ванна банд, тоғам чўмиляпти.

— Ия, Ҳасан акаям келганми? Айтдим-а, қишлоқда кўринмай қолди, деб.

— Йўқ, Ҳусан тоғам бу, — деди Сотиболди. — Ҳасан тоғам туш пайтида кетган эди.

— Ҳа, яхши-яхши, — Хидир шундай деб меҳмонхонага қадам қўйди. Унгача аёллар ичкарига кириб олишган эди. — Э, Баҳора, шу дугонангиз ҳам зерикиб кетади-да! Юр, шаҳарни бир айлантириб келай, дедим. Тўғри қилибманми?

— Вой, албатта! — деди Баҳора яна тиржайиб.

«Нақадар тилёғламалик», – ўйлади Сотиболди хотинига қараб.

— Қани, чойдан суз, жўра, — деди Хидир Сотиболдига. — Шаҳарнинг суви зўр-да, олти чойнак ичсанг ҳам тўймайсан… Менга қара, Пўлатни кўрмадингми яқин орада?

Сотиболди унга чой узатар экан, жавоб берди:

— Кўрдим, икки кун олдин келган эди. Ишим яхши, дейди.

— Аҳмадали-чи, уям кеп турибдими? Ярим йил бўлди кўришмаганимизга. Тағин битта гузарданмиз.

— Аҳмадали ўтган ҳафта шу жойда ўтириб, сени сўраган эди.

— Бу сафар келса, айтиб қўй: божасининг укаси болтамни келтириб берсин. Тўйга деб олган, ҳалиям бергани йўқ.

— Хўп, — деди Сотиболди.

Подъездни гупирлатиб болалар чиқишди. Сотиболди уларнинг нечталигини ҳам била олмай қолди. Ўзининг болаларини ошхонага ҳайдади. Меҳмон чурвақалар мезбонларга салом беришяпти-ю иккала кўзлари ҳам дастурхонда. Кенжатой чидай олмай, ликопчадаги конфетларга чанг солди.

— Ҳой, уят бўлади, — Нигора унга дакки берди.

— Нега уят бўларкан, индаманг, — деди Баҳора, кейин конфет солинган ликопчани болаларнинг олдига қўйди. — Мана, олинглар.

Ана шунда тўрт (ёки беш, балки олтитадир) бола ҳам ликопчага ташланди. Катталари пишиқлик қилиб, ҳамма ширинликни олиб қўйишди. Кенжатойга эса ҳеч вақо қолмади, унинг алами келиб бўш ликопчани деворга қарата отди-я!.. Ликопча ундан қутулганига шукр қилгандек чил-чил синди.

— Вой, шарманда, — Нигора ўрнидан туриб, ликопча синиқларини йиғиштира бошлади.

— Ҳали шошмай тур…

Ваннахонадан Ҳусан ака чиқиб келди:

— Нима тарақлаб кетди?.. Ие, Хидирбой, қачон келдинг?

Қишлоқдошлар қучоқлашиб кўришдилар. Ҳусан ака Сотиболдига қаради:

— Жиян, кофе ичгим келяпти. «Три вадном»!

Сотиболди хижолат тортди:

— Йўқ эди-я, тоға, узр.

Ҳусан ака бош чайқади:

— Э, опкеб қўйсанг бўлмайдими, жиян? Бир ичгим келганди. Айтгандай, янганг келмадими ҳалиям? Бозор деса, ўзини томдан ташлайди. Эриям эсидан чиқиб кетади. Ишқилиб адашиб кетган бўлмасин. Жиян, айтдим сенга, хотинингни у билан бирга юбор, деб.

— Кўрдингиз-ку, Баҳора аммасини кузатишга кетган эди, — деди Сотиболди.

Ҳусан ака яна диққат бўлди:

— Агар янганг ростдан ҳам адашиб кетган бўлса, нима қиламан, жиян? Хотинсиз қандай яшайман? Бор, топиб кел, қоронғи тушиб қолди.

Сотиболдининг бахтига шу пайт янгасининг ўзи кириб келди. Эр-хотин бировнинг уйи демай, бироз айтишиб олишди. Мезбонлар уларни яраштирган бўлишди. Ҳусан ака қошларини чимириб, жойига ўтирди.

Хидир Сотиболдига тиржайиб қаради:

— Бу уйда овқат-повқат борми?

Баҳора ўрнидан турди. Сотиболдининг телефони жиринглаб, у ҳам ошхонага ўтди. Бу пайтда Хидирнинг болалари билан ўзиники қоришиб кетиб, бутун бошли Кутузов дивизиясини ташкил этган эди.

— Уйинг қайси томонда? — ўдағайлади Сотиболдига телефондан кимдир, салом-аликсиз. — Мен Питерга кетяпман, икки кундан кейин учаман. Унгача шаҳарни айлантирасан.

— Кимсиз? — сўради Сотиболди қўрқа-писа.

— Ана шу-да, қариндошларингни танимайсан, амакингди хотинини овсинини қайсинглисининг тоғаси бўламан. Ўзи аввалдан қариндошмиз сизлар билан. Толибман. Эсингдами, сени боғчага олиб борардим? Менга қара, ҳозир такси тўхтатаман, ҳайдовчига уйингни тушунтирасан!

— Хўп, — деди Сотиболди.

— Ким экан? — сўради унинг ортидан чиққан Ҳусан тоға. Сотиболдидан билиб олгач, уни койиди: — Сен ҳам, жиян, бировга осилмасдан вақтида боғчага ўзинг борсанг бўлмасмиди… — кейин Баҳорага қаради: — Пишдими манти, жа пишиши қийин экан-да бу уйда.

Бироздан сўнг Сотиболди Толибни кутиб олиш учун пастга тушиб кетди. Кўп ўтмай, унинг шундоқ ёнига «Матиз» келиб тўхтади. Ундан хўппа семиз Толиб думалаб тушгандек бўлди. У ўзидан ҳам катта сумкани кўтариб олган эди. Сотиболди билан кўришиб, унинг қовурғаларини қисирлатиб юборди.

— Шу «дом»да яшайсанми? Яхши-яхши, — деди Толиб ҳарсиллаб. — Тўхта, анови дўконга кириб чиқайлик, уйингга қуруқ кирмайин.

— Йўғ-ей, шарт эмас, — хижолат бўлди Сотиболди.

— Майли, ўзинг биласан. Қани, бошла, қариндош!

Уйга чиқишгач, Толиб аввал яхшилаб ювинажагини айтди, бироқ ваннахонани энди Хидир банд қилган эди. Дастурхон атрофида учовлон гаплашиб ўтирдилар. Толиб ўзининг кимлигини Ҳусан тоғага ҳам ҳижжалаб тушунтирди. Ростдан ҳам қариндош бўлиб чиқдилар. Қайтадан кўришишди.

Хидир ювиниб чиққач, манти олиб келинди. Сотиболди сездирмай зип этиб ваннага кирди-да, сув ҳисоблагичини кўриб, нафаси ичига тушиб кетди. Кейин ошхонадаги газ устига тўнтариб қўйилган қозонни кўриб, ҳайрон бўлди.

— Тоғангизнинг қозони, янгангиз қўйди, — деди пичирлаб Баҳора. — Эрталабгача оппоқ бўлармиш. Қишлоқда газ паст ёнади, дейди…

Сотиболдининг ёнаётган газни, аниқроғи, ғириллаб айланаётган ҳисоблагични ўйлаб, томоғидан манти ҳам ўтмади.

Овқатдан кейин тоғаси Сотиболдини бир четга тортди:

— А, бу ухлаш қандай бўлади, жиян?.. Уч-тўрт хонали уй олмаган экансан-да!

— Бир амаллармиз, — деди Сотиболди. — Эркаклар бир хонада, аёллар иккинчисида, болалар ошхонада ва балконда ётади.

— Й-ў-ў-қ, — бош чайқади тоға, — мен янгангсиз ухлай олмайман. Иноғом, Ғулом ҳам ошхонангда ётсин. Сен билан келин, анови… қўшнининг уйида ётсаларинг бўлмайдими, нима қиласизлар бу ерда тиқилиб?

Бошқа одам бўлганида ҳозир бақириб юбориши тайин эди, аммо Сотиболди бундай эмас. Худди хотини каби у ҳам кўнгилчан. Қўшнини ташвишга қўйиб нима қилади, рўпарадаги ўрис, юқоридаги карис, пастдагилар билан эса ош-қатиқ эмас. Эр-хотин бир амаллаб ваннахонада ухлашар. Бир кеча минг кеча эмас-ку!

— Ўзинг биласан, — ҳомуза тортди Ҳусан тоға. — Балконинг ҳам кичикроқ-да! Айтгандай, эрталабга кофе келтириб қўй, эсингдан чиқмасин.

Болалар бир-бири билан уришишдими, бақир-чақир, ванғиллаган йиғи бўлиб кетди. Тўнғич меҳмон бола укаси билан «кетка»ни талашибди, кейин аччиқланиб деразадан пастга улоқтирибди. Қани кенжатойнинг «сигнализация»си тинса! Ўзиям 200 децибелга чиқди овози! Ҳеч ким бир-бирини эшитмайди.

Сотиболди хотини билан бирга пастга тушиб, ўша «кетка»ларни қидирди. Нечтасини топди, билмайди, олиб уйига чиқса, эшигининг олдида боя юқорида биз тилга олган ўрис қўшни турибди: «Что за крик, кого-то зарезали, да? Спать дают или нет?» Сотиболди минг тавалло қилиб ундан кечирим сўради.

Кафтига тўртбурчак қоғозлар теккачгина кенжатойнинг уни ўчди. Жойлар солинди. Сотиболди Хидир ошнасининг дийдиёларини эшитганча уйқусираб ўтирар, аёллар ошхонада куймаланишарди. Толиб ваннадан чиқа қолмасди – балиқ ҳам сувда бунча кўп бўлмаса керак. Ҳусан тоғаси билан янгаси кириб кетган хонадан хуррак овози эшитила бошлади.

Хуллас, Хидир, хотини ва болалари бу хонада, Толиб балконда ухлайди. Мезбон болалар ошхонада, Сотиболди билан Баҳорага эса ваннахона! Агар, Худо кўрсатмасин, яна меҳмон келиб қолса, ваннахонани бўшатиб… ҳожатхонага!..

Ниҳоят, Толиб ювиниб чиқди. Балконга солинган ўринга қараб, бироз норозинамо турди-да, кейин индамай ётиб олди. Йўқ, индамади эмас, «меҳмонхонага борсам бўларкан», – деб тўнғиллаб қўйди.

— Менга қара, носимни қаерга туфлайман? — деб сўради Хидир ваннахонага кўрпа-тўшак олиб кириб кетаётган Сотиболдига. Сотиболди деразага имо қилди.

Болаларнинг ғала-ғовурини айтмаса, яна бир соатлардан сўнг тунги осудалик чўкди. Хотини-ку, ваннанинг ичида ухлади, аммо Сотиболдининг ванна ёнидаги бир қават юпқа кўрпача тўшалган кафеллар устида сира уйқуси келмасди. Оёғини чўза олмайди – гоҳ пақирга, гоҳ тоғорага тегиб, даранглаб кетади. Хуллас, бир кунда ўзига шунча меҳмонларни сотиб олган Сотиболди анчагача ухлай олмай, эртанги режалари ҳақида ўйлаб ётди. Қачон кўзи илинган, билмайди, эрталаб хотинининг шивирлашидан уйғонди. Сакраб турди. Баҳора кулиб турарди.

— Ҳамма кетди, — деди у. — Болаларни мактабга, боғчага ҳам қўйиб келдим.

Сотиболди тушунмади. Хотинининг айтишича, ростдан ҳам меҳмонлар бирин-кетин уй-уйларига жўнаворишибди. Сотиболдини шунча уйғотишса ҳам у уйғонмаганмиш (балки жўрттага уйғонмагандир).

Наҳотки, ҳамма кетган бўлса? Сотиболди ишонқирамай, хоналарни бир-бир кўриб чиқди. Ҳувиллаган уйда ростдан ҳам ўзи ва Баҳорадан бўлак ҳеч ким йўқ эди. У хотинига кулимсираб қараган эди, хотини ҳам тиржайиб… қо-о-о-чди! Сотиболди қувди. Иккаласи худди асал ойини нишонлайдигандек, ҳиринг-ҳиринг қиларди. Кейин Баҳора қаерга яширинди, Сотиболди билолмай қолди. Уни қидириб чиқди. Стол тирқишлари, хонтахтанинг таги, жавон, телевизорнинг орқасиям қолмади. Сўнг қадрдон ваннасини тахмин қилиб, ўша ерга кирди. Шунда бирдан сип-силлиқ кафеллар устида сирпаниб кетиб, гупиллаб йиқилди. Кўз олдида қолгани ваннахонанинг шифти бўлди…

— Туринг, шарманда, шунча ётасизми? — Баҳоранинг овозини эшитган Сотиболди кўзларини очиб, яна ваннахона шифтини кўрди.

— Хотинжон, яқинроқ кел, наҳотки ҳамма кетган бўлса?! — деди тиржайииб Сотиболди.
— Туринг, холаларим келишди, — шоширди Баҳора. — Анови жўрангиз, «ваннани бўшатсин», деяпти. Тоғангиз эса кофе сўраяпти… Ҳамма кетган эмиш! Тушингиз ҳам бор бўлсин…

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“zo’r tv”ни судга беришмоқчи

Қорақалпоғистонлик журналист Даўлетмурат Тажимуратов “Zo’rTV” канали бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ариза билан мурожаат этди. Бу ҳақда “EVERYDAY.UZ” сайти ...

Фарғонада 34 ёшли куёв ўз қайн акасини ҳаётига аралашгани учун ваҳшийларча ўлдирди

Жанжалга оилавий келишмовчиликлар учун куёвини “тарбиялаб” қўйиш учун қайн аканинг аралашуви сабаб бўлган. “Jahon.uz”нинг ишончли вакили томонидан қўлга киритилган суд ...

Сизни милиция тўхтатди: нима қилиш керак?

Ички ишлар ходимлари ҳужжатларни текшириш учун кўчада ҳар кимни тўхтатиши мумкин. Бу вазиятдан тезроқ ва иложи борича талафотларсиз чиқиб кетиш йўллари бор. Энг аввало, сизни ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400