Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери “Давлат тўнтаришга уринишда” гумонланиб ҳибсда қолаëтган журналист Бобомурод Абдуллаевни тергов қилаëтган Ўзбекистон МХХ тергов бошқармаси терговчиси¸ адлия подполковниги Нодирбек Дилмуродович Тўрақулов ишдан четлаштирилган.
Ундан ташқари, айни бошқарма терговчиси адлия майори Веселов Александр ҳам ишдан четлаштирилган. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Икромовнинг айтишича¸ МХХ расмийлари ўзига бу икки МХХ зобити “маҳбусни тергов пайтида қийнаш¸ жиноят ишини сохталаштириш¸ ноқонуний ҳибсга олиш каби қонунга зид ҳаракатлари боис ишдан четлаштирилган.
Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларидаги бир-биридан мустақил икки мулозим ҳам айни маълумотни тасдиқладилар.
Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларида ишлайдиган мулозимга кўра¸ Бобомурод Абдуллаевни ҳибсга олишда қатнашган барча МХХ зобитлари ишдан четлаштирилган ва улардан шаҳарни тарк этмаслик ҳақида тилхат олинган. Суҳбатдошга кўра¸ МХХ терговчиси Нодирбек Тўрақуловга нисбатан эҳтиëт чораси сифатида ҳибс қўлланган.
Сурхондарë вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган зобитнинг айтишича¸ Нодирбек Тўрақулов республика МХХсининг Сурхондарë вилоят бошқармаси тергов бўлимида бошлиқ бўлган пайтидаги қилмишлари юзасидан сўроқ қилинмоқда. Суҳбатдош таъкидича¸ Тўрақулов президент жорий йил 19 январь куни Қизириқ тумани ҳокимлиги биносида Сурхондарë вилояти фаоллари билан ўтказган учрашувида айни вилоят МХХ бошқармаси фаолиятини танқид қилгани ортидан қўлга олинган.
Айни йиғинда президент Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Сурхондарё вилояти талон-тарож қилингани ҳақида айтиб ўтган эди.